Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
Қарори
Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан суд амалиётида вужудга келаётган масалалар ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи нормаларига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Жиноят ишлари бўйича судга (бундан буён матнда суд деб юритилади) тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар рўйхати МЖтК 245-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган.
Шуни назарда тутиш лозимки, МЖтК 245-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига асосан, жиноят ишлари бўйича судларга қуйидаги ишлар ҳам тааллуқли:
ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этганда, ҳар қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги;
содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги;
ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтК Махсус қисми моддасининг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги;
якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) уларнинг ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ равишда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар мансабдор шахслари ва (ёки) уларнинг ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ равишда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги, бундан МЖтК 60-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида, 601, 65, 68, 681, 99 (қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясига оид қисмида) ва 283-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
бир нечта маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги, агар улардан лоақал биттаси жиноят ишлари бўйича судга тааллуқли бўлса;
қонун моддаси санкциясида жазо сифатида махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, ашёларни мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
3. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида судья МЖтК 303-моддасига мувофиқ қуйидаги масалаларни ҳал этади:
1) мазкур ишни кўриб чиқиш суднинг ваколатига кириш-кирмаслиги;
2) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва бошқа материаллар тўғри тузилган-тузилмаганлиги;
3) ишни кўриб чиқишда иштирок этувчи шахслар уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган-қилинмаганлиги;
4) иш бўйича қўшимча материалларни талаб қилиш зарурияти мавжудлиги;
5) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари ҳамда адвокатнинг иш бўйича илтимосномалари мавжудлиги.
Ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида судья ишни тўғри ҳал этилиши учун зарур бўлган бошқа масалаларни ҳам ҳал этиши мумкин.
4. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш чоғида қуйидагилар аниқланса, судья маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс)га маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради, агар:
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судга тааллуқли бўлмаса;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган орган (мансабдор шахс) МЖтК 281, 282-моддаларида назарда тутилган талаблар бузилганлиги аниқланса.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қайтариш ҳақидаги ажримда қонуннинг қандай талаблари бузилганлиги кўрсатилиши лозим.
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қайтариш ҳақидаги ажрими устидан шикоят (протест) келтирилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 283-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайдиган ҳоллар) 5 — 7-бандларида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи назарда тутилган.
Судларнинг эътибори, мазкур қонун талабларига кўра тақдим этилган ариза (шикоят)лар судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш сифатида мазмунан кўриб тамомланиши, ушбу талабларга мувофиқ бўлмаган ариза (шикоят)лар эса мазкур Пленум қарори 4-банди талаби асосида ажрим чиқариш орқали қайтарилиши лозимлигига қаратилсин.
Судларга тушунтирилсинки, МЖтК ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган айрим шахсларни жавобгарликка тортишда алоҳида тартиб белгиланган.
Хусусан, ҳарбий хизматчилар ва йиғинга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек ички ишлар органларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига мансуб шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун интизом уставларига мувофиқ жавобгар бўладилар (МЖтК 16-моддаси 1-қисми).
Интизом уставлари ёки интизом тўғрисидаги махсус қоидалар татбиқ этиладиган бошқа шахслар, ана шу устав ёки қоидаларда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун интизомий, бошқа ҳолларда эса умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар (МЖтК 16-моддаси 2-қисми).
Прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 сентябрдаги ПҚ-2036-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғриси»да Низом 54-бандининг 2-хатбошиси).
Судья тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас («Судлар тўғрисида»ги Қонун 64-моддасининг, 5-банди).
Судлар юқоридаги шахсларга нисбатан, шунингдек шу каби алоҳида тартиб белгиланган бошқа шахсларга нисбатан келиб тушган ариза (шикоят)ларни ҳам мазмунан кўрмасдан ажрим чиқариш орқали қайтаришлари лозим.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги 39-сонли қарорига асосан киритилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Қонунга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда кўриб чиқилади. Шуни назарда тутиш лозимки, МЖтК 304-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар транспорт воситалари рўйхатга олинган жойда, МЖтК 187-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса, шундай ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳуқуқбузарнинг истиқомат жойида кўриб чиқилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади. Бироқ алоҳида тоифадаги ишларни кўриб чиқиш учун қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилган «(МЖтК 305-моддасининг иккинчи, учинчи қисмлари, 3134-моддасининг биринчи қисми).
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
7. Судларга тушунтирилсинки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор мазмуни, шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар МЖтК 281, 282-моддалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни, агар баённома ёки қарор ваколати бўлмаган мансабдор шахс томонидан тузилган ёки чиқарилган, шунингдек, агар унда қуйидагилар кўрсатилмаган бўлса, уни тузган орган ёки мансабдор шахсга камчиликларни бартараф этиш учун қайтаради:
баённома тузилган вақт ва жой, уни тузган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, мансаби;
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жой ҳамда унинг моҳияти;
ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат;
шахс илгари маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақида маълумотлар;
жабрланувчилар ва гувоҳларнинг фамилияси, яшаш манзили (агарда улар бўлса), ҳуқуқбузарнинг тушунтиришлари, ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни, қуйидаги ҳолларда ҳам қайтаради, агар:
жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан таништирилмаган бўлса;
жавобгарликка тортилаётган шахсга баённома ёки қарор нусхаси топширилмаган бўлса;
жавобгарликка тортилаётган шахсга МЖтК 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлар тушунтирилмаган бўлса.
Мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишга сарфланган муддат МЖтК 36-моддасида назарда тутилган муддатларнинг ўтишини тўхтатмайди.
8. Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг МЖтК 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўриши шарт. Жумладан, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга;
адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга;
ишни кўриб чиқишда қатнашишга, ўз она тилида сўзлашга ёки таржимон хизматидан фойдаланишга;
қарор устидан шикоят беришга.
Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас.
Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс ҳуқуқларининг бузилиши маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш учун асос бўлади.
9. Тушунтирилсинки, қонунга кўра (МЖтК 13-моддаси) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан «Болалар масалалари бўйича комиссиялар тўғрисидаги» низомда кўрсатилган чоралар қўлланилади.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 30-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаган маъмурий ҳуқуқбузарга нисбатан материалларни болалар масалалари бўйича комиссияга юбориш масаласини ҳал этишда шуни назарда тутиш лозимки, ички ишлар органи ходимининг ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик ҳуқуқбузарлиги ҳақидаги ишлар ушбу комиссияга берилиши мумкин эмас (МЖтК 14-моддасининг иккинчи қисми).
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 30-сонли қарори таҳририда)
10. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳар бир ишни кўриб чиқишда суд қуйидагиларни аниқлаши шарт:
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини;
ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни;
ҳуқуқбузарлик содир этишда ушбу шахснинг айбдор-айбдор эмаслигини;
қонунга кўра шахс мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини;
жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини;
ҳуқуқбузарлик оқибатида мулкий зарар етказилган-етказилмаганлиги;
ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни.
Судларга тушунтирилсинки, далилларга, шу жумладан, ишда қатнашувчи шахслар томонидан тақдим этилган фото, аудио ва видео ёзувларга, шунингдек, интернет тармоғидан олинган маълумотларга баҳо бериш учун тегишли мутахассис жалб қилиниши мумкин.
Судлар далилларга баҳо беришда МЖтК 276, 277-моддалари талабларига риоя этишлари лозим.
11. Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бўлган, МЖтК 307-моддасида назарда тутилган барча ҳолатларни аниқлаши зарур.
Ҳуқуқбузарлик факти ҳақидаги ва уни содир этишда шахснинг айбдорлиги масаласини аниқлашда, суд нафақат тақдим этилган материалларни текшириши, балки, зарурат бўлганда, қўшимча далилларни талаб қилиши, хусусан, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган мансабдор шахсни, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, экспертиза тайинлаши ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
111. Судлар томонидан МЖтКнинг 411-моддаси ва 183-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда, қуйидаги ҳолатларга эътиборларини қаратишлари лозим.
Шахснинг ҳаракатларини МЖтКнинг 411-моддаси (шаҳвоний шилқимлик) ёки 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳақоратомуз шилқимлик белгиси билан квалификация қилишда шахснинг ушбу ҳаракатни содир қилишдан кўзлаган мақсадини аниқлаш лозим.
Хусусан шахснинг ҳаракати шаҳвоний шилқимлик қилишдан иборат бўлиб, шахснинг хоҳишига қарши равишда унга нисбатан шаҳвоний тусдаги ҳар қандай мурожаат (масалан оғзаки ёки ёзма мурожаат, интернет орқали электрон хат-хабарлар, ижтимоий тармоқларда шахсга қаратилган шаҳвоний тусдаги хабарлар юбориш ва ҳ.к.) ва (ёки) жисмоний ҳаракат қилиш. Бунга мисол сифатида шаҳвоний имо-ишоралар, яъни жинсий алоқага ишора қилиб чақириш, қадди-қоматни шаҳвоний тусда тавсифлаш, хоҳишига зид равишда уни қучоқлаш, ўпиш, тегиниш, силаш, бошқа жисмоний контакт турлари ва ҳоказо ҳаракатлар тушунилади.
Шаҳвоний шилқимлик нотаниш инсонга қаратилиши билан бир қаторда таниш бўлган, одатда эса бир иш жойида ишлайдиган ҳамкасбга ёки раҳбар томонидан бевосита унинг функционал тобелигида бўлган ходимга нисбатан содир этилиши мумкин.
Ҳақоратомуз шилқимлик деганда шахснинг мақсади фуқароларга ҳақоратомуз тегажоғлик қилишдан иборат бўлиб, бошқа шахснинг обрў-эътибори, иззат-шаънини ҳақоратлаш, камситиш ҳамда уларнинг тинчлигини бузишга қаратилиб, бунга, фуқарони инсон қадр-қимматини ҳақоратловчи суҳбатга зўрлаб тортиш, шилқимлик билан унинг қўлини силташ ёки куч билан қўлидан ушлаш, бош кийимини юлқиб олиш, сигарет тутунини унинг юзига пуфлаш ва ҳоказо ҳаракатлар тушунилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик кўринишидаги уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ЖК 129-моддаси билан квалификация қилиниши лозим.
(111-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 30-сонли қарорига асосан киритилган)
12. Ишни объектив ва холисона ҳал этиш мақсадида у маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилаётган шахснинг иштирокида кўриб чиқилиши лозим. Иш мазкур шахснинг иштирокисиз фақат у суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида ўз вақтида хабар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган, ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш тўғрисида илтимос тушмаган ёки у томонидан ишни унинг иштирокисиз кўришга розилик берилган ҳолларда кўриб чиқилиши мумкин.
Агар содир этилган ҳуқуқбузарлик учун МЖтК муайян моддаси санкциясида маъмурий қамоққа олиш, ашёларни мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чораларини қўллаш назарда тутилган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштироки мажбурийдир (МЖтК 294-моддасининг учинчи қисми).
13. Иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун махсус билимларга зарурат туғилган ҳолларда суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича тегишли экспертиза тайинлаш ёки ишда иштирок этиш учун мутахассисни жалб қилиш ҳақида ажрим чиқаради.
Экспертиза тайинлаш ёки ишда иштирок этиш учун мутахассисни жалб қилиш ҳақидаги ажримда экспертиза тайинлаш ёки мутахассисни жалб этиш асослари, экспертиза ўтказиладиган ёки мутахассис таклиф қилинаётган муассасанинг номи, эксперт ёки мутахассис олдига қўйилган саволлар ҳамда унинг ихтиёрига тақдим этилаётган материаллар кўрсатилади.
Зарур ҳолларда экспертиза ва тадқиқот эксперт ва мутахассис томонидан бевосита маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд мажлисида ўтказилиши мумкин.
14. Судларга тушунтирилсинки, МЖтК 17-1-моддасига асосан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаси эгаси (мулкдори), башарти у юридик шахсга тегишли бўлса — ушбу транспорт воситасини фойдаланишига масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим.
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор устидан келтирилган шикоятни кўриб чиқишда қоидабузарлик қайд этилган пайтда транспорт воситасини унинг эгаси (мулкдори) эмас, балки бошқа шахс бошқарганлиги ёки мазкур транспорт воситаси унинг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, бундай ҳолларда транспорт воситаси эгаси (мулкдори) МЖтК 271-моддасининг 1-бандига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилинади. Бундай ҳолларда, зарур ҳужжатлар тегишли шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги органларига юборилиши шарт.
Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари деганда, махсус техника воситалар, шу жумладан фото ва видео ёзув функциясига эга, автоматик режимда ишлайдиган ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқаруви компьютерлаштирилган тизимининг таркибий қисми ҳисобланадиган фото радарлар тушунилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб кетаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда улар кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади. Бунда тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаб қилинмайди.
Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумот жарима солиш ҳақидаги қарор чиқаришга ваколатли бўлган шахсга йўл қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида юборилмаган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилиши лозим.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги 39-сонли қарорига асосан тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилган)
15. Иш бўйича МЖтК 271-моддасида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор чиқариши лозим.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, МЖтК 271-моддасининг 11-бандига асосан ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этган ёки етказилган моддий зарар ўрнини қоплаган ҳолларда, иш юритиш тугатилиши лозим, фуқаролар ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Судларга тушунтирилсинки, ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятлилиги сабабли шахснинг маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши (МЖтК 21-моддаси) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритишни истисно этувчи ҳолат ҳисобланмайди. Суд бундай қарорга фақат иш мазмунан кўриб чиқилгандан ва шахс ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилгандан сўнг келиши мумкин.
(16-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 10 июндаги 23-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
МЖтКда кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик тушунчаси очиб берилмаганлиги туфайли, содир этилган ҳуқуқбузарликни бундай деб топиш масаласи суд томонидан ишнинг муайян ҳолатлари, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, шу жумладан, МЖтК билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар жиддий тарзда бузилган-бузилмаганлигидан, айбдорнинг шахси, ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ёки қопланган маънавий зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳал этилиши лозим;
(16-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 10 июндаги 23-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар МЖтК билан қўриқланадиган жамоат муносабатларини жиддий бузишини инобатга олиб, бундай ҳуқуқбузарликлар ҳеч бир ҳолда ҳам кам аҳамиятли деб топилиши мумкин эмас. Бундай ҳуқуқбузарликларга, жумладан, МЖтК 54-моддаси иккинчи қисми, 99, 131-моддалари, 135-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари, 136-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар киради;
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 10 июндаги 23-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган)
Маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни ундириш (маънавий зарарни қоплаш) масаласи фуқаролик суд ишини юритиш тартибида ҳал этилади.
17. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришда шахснинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлигини аниқланса, суд ушбу ҳаракатларни МЖтК тегишли, шу жумладан, оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи моддасига қайта квалификация қилишга ҳақли.
Суд ҳуқуқбузарлик ҳолатида шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, суд МЖтК 278-моддасига мувофиқ материалларни прокурорга юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.
18. МЖтК 36-моддасига асосан маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, у аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирилмасдан қўлланилиши мумкин. Жиноят иши қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлиб, аммо ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланганидан бир йил ўтмаган ҳолда маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмасдан қўлланилиши мумкин.
МЖтК 36-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ мазкур муддатлар ашёларни божхонага доир қонун ҳужжатлари асосида мусодара қилиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
19. Шуни назарда тутиш лозимки, суд МЖтК 31-моддасида назарда тутилмаган ҳолатларни ҳам енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топишга ҳақли.
МЖтК 32-моддасида назарда тутилган маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларнинг рўйхати қатъий белгиланган бўлса-да, бироқ суд маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб мазкур ҳолатлардан ҳар қайсисини, қарорда буни асослантирган ҳолда, оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.
20. Судларга тушунтирилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонун санкциясида назарда тутилганидан енгилроқ маъмурий жазо чораси қўлланилганда қарорнинг хулоса қисмида фақат МЖтКнинг 33-моддасини қўллаган ҳолда тайинланган жазо тури ва миқдори кўрсатилиши лозим. Енгилроқ жазо тайинлаш сабаблари, масалан, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволи, оилавий шароити, шахси, ногиронлиги, унинг ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтдаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилганлиги ҳамда жазо тайинлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар суд қарорининг тавсиф-асослаш қисмида кўрсатилади. Судлар жазони енгиллаштириш учун асос бўлувчи маълумотларни олишда Олий суднинг ахборот тизимидан кенгроқ фойдаланишга эътибор қаратишлари, шу билан боғлиқ асослантирувчи ҳужжатларни иш материалларига қўшиш чораларини кўришлари лозим;
(20-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда МЖтК 33-моддаси ҳуқуқбузарликлар мажмуи учун эмас, балки алоҳида ҳуқуқбузарлик учун қўлланилади.
МЖтК 33-моддасини қўллашда, суд қонун санкциясида назарда тутилган қўшимча жазони қўлламасликка ҳақли бўлиб, бу қарорининг баён қисмида асослантирилиши лозим.
21. Судларга тушунтирилсинки, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо тизими МЖтК 23-модасида белгиланган.
Шуни назарда тутиш лозимки, маъмурий жазоларнинг бир-бирига нисбатан оғирлиги даражаси МЖтК 23-моддасининг биринчи қисмида белгиланган кетма-кетлик асосида белгиланади.
22. Суд муайян маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси ва турини белгилашда маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидаларига амал қилиши лозим, унга биноан жазони қўллаш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади (МЖтК 30-моддаси).
23. МЖтК 24-моддасига мувофиқ ашёларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, мусодара қилиш ва махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан) маҳрум этиш ҳам асосий, ҳам қўшимча маъмурий жазо тариқасида қўлланилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
231. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш тариқасидаги маъмурий жазо вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ёхуд ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун қўлланилади.
Бунда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар иш ҳақининг эллик фоизи алимент мажбуриятлари бўйича қарзни тўлашга йўналтирилиши тушунтирилсин.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари пенсия ёшига етган шахсларга (аёллар 55 ёшдан, эркаклар 60 ёшдан), ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, доимий ишга эга шахсларга, ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
(231-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 30-сонли қарорига асосан киритилган)
24. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қамоққа олиш тариқасидаги маъмурий жазо қўлланилишига алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.
Маъмурий қамоққа олиш муддати ҳуқуқбузар баённомани тузиш учун олиб келинган ёки у маъмурий ушлаб турилган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
МЖтК 29-моддасининг иккинчи қисмига асосан маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, шунингдек биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.
25. Тушунтирилсинки, маъмурий тарзда чиқариб юбориш туридаги маъмурий жазо чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан фақат МЖтК 29-1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қўлланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда, МЖтК 291-моддасининг учинчи қисмига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш Ўзбекистон Республикаси фуқаросига алимент тўлаш бўйича мажбуриятларга эга бўлган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 30-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган)
26. Судлар иммунитетга эга бўлган шахсларни жавобгарлик масаласини ҳал этишда чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик ташкилотларининг ходимларига, шунингдек уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага амал қилиши зарур (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Олий судининг 2012 йил 13 февралдаги 7, 5, 22-сонли қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 13 мартда 2338-сон билан рўйхатга олинган).
27. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарор МЖтК 309-моддасида белгиланган талабларга жавоб бериши ва ишни кўриб чиқиш якунланганидан сўнг зудлик билан эълон қилиниши лозим.
Суд маъмурий жазони қўллаш билан бир вақтда айбдор шахс томонидан моддий зарарни ундириш масаласини ҳал этиши лозим.
Агар суд маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарар миқдори тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш учун асослар етарли эмаслиги ҳақида хулосага келса, манфаатдор шахсларга ушбу масалаларни фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этиш тушунтирилади.
28. Судларга фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида суд ҳужжатини эълон қилгандан сўнг суд ҳужжатининг мазмунини ва уни қабул қилишга асосларини тушунтириш тавсия этилсин.
29. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, МЖтК 313-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитлар аниқланганда суд уларни бартараф қилиш юзасидан ҳуқуқбузарнинг ўқув, иш ёки яшаш жойига тақдимнома киритиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар:
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тўғри ва муддатида кўриб чиқилиши устидан назоратни кучайтирсин;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда судлар томонидан маъмурий жазо чораларини тайинлашга доир қонун нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминласин;
қуйи судларга амалий ёрдам кўрсатиб, мазкур тоифага оид ишлар, шу жумладан, маъмурий жазо чораларини тайинлаш бўйича суд амалиётини мунтазам умумлаштириб борсин ва йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрсин.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 10 июндаги 23-сонли қарори таҳририда)
31. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 22-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси К. КАМИЛОВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси И. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 30 ноябрь,
35-сон