|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 29.04.2022
|
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг
Қарори
Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 05 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3075]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил 27 апрелдаги 2022-14-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3364, 29.04.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:
1. Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 август,
2018-68-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 28 августдаги 2018-68-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомга асосан солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизими давлат солиқ хизмати органларида амалиётга жорий этилган «Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти (бундан буён матнда дастурий маҳсулот деб юритилади) орқали тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини автоматик тарзда инсон омили аралашмаган ҳолда таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.
2. Дастурий маҳсулот хавфни таҳлил этиш тизимини давлат солиқ органларидаги мавжуд ички ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ташқи маълумотларга, веб саҳифалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган ахборотларга асосан қуйидаги йўналишларда:
тадбиркорлик субъектларининг шахсий карточкаларида солиқ қарздорлиги мавжудлигини;
тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ мажбуриятларини бажарилишида солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботларига мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) қайта ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлигини;
тадбиркорлик субъектлари ҳисобот даври мобайнида дастлаб рўйхатга олинган юридик манзилини бир ҳудуддан бошқа бир ҳудудга мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ марта) ўзгартириб борилганлигини;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларига тегишли бўлмаган тўлов терминаллари билан фойдаланилганлигини;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан айнан бир тадбиркорлик субъекти фаолиятидан норозилиги ҳақидаги мурожаатларни ва бошқа йўналишларни таҳлил қилади.
3. Дастурий маҳсулот мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган йўналишларга асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўлиқ таҳлил қилади ҳамда якуний натижаларни баллик тизим орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолайди.
4. Дастурий маҳсулот орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баллик тизимда баҳолаш аниқланган камчиликлар суммаси ва ҳолатидан келиб чиқиб амалга оширилади.
5. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан дастурий маҳсулотдан шакллантирилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси таҳлили чорак давомида бир маротаба ҳар чоракдан кейинги ойнинг 25 санасида ўтказилади, бундан банкдан ташқари йирик миқдордаги пул айланмаларни амалга оширган тадбиркорлик субъектларини доимий солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилиш муддати мустасно.
6. Аниқланган ҳолатлар юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига ташаббус билан мурожаат қилинади.
7. Дастурий маҳсулот орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфининг баллик тизими натижаларига кўра солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси қуйидаги уч тоифага бўлинади:
а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;
б) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
в) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари.
2-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш
8. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантирилади.
9. Дастурий маҳсулотдан шакллантирилган рўйхатда келтирилган тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқорилиги тўғрисида тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда камерал назоратдан ўтказилади.
10. Камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқлаштирилган қайта ҳисоботлар ёхуд асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкин.
3-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш
11. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантирилади.
12. Дастурий маҳсулотдан шакллантирилган рўйхатда келтирилган тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртачалиги тўғрисида тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда камерал назоратдан ўтказилади.
13. Камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқлаштирилган қайта ҳисоботлар ёхуд асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкин.
4-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш
14. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектларида камерал назорат ўтказилмайди.
15. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган солиқ тўловчиларга текшириш ўтказиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилинмайди.
5-боб. Якуний қоидалар
16. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
17. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
18. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О. МУРОДОВ
2018 йил 29 август,
Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ
2018 йил 29 август,
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.10.2018 й., 10/18/3075/2006-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)