Ҳужжат кучини йўқотган " " 13.08.2020
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 481-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 августдаги ПФ-5787-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш тизимини самарали шакллантириш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлинмалари ташкил этилгани;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3583-сон қарори билан тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш ва рухсатномалар бериш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбаларидан бири ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг моддий базасини шакллантириш учун зарур маблағлар ва моддий воситаларни жамлаш;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш тадбирларини, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни, жумладан, ушбу мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлар қопланишини кафолатлаш йўли билан молиялаштириш;
туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари фаолиятини молиялаштириш;
ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, инвесторлар, ҳомийлар ва донорларнинг, шу жумладан чет эллик ҳомийлар ва донорлар маблағларини жалб қилиш;
спортчилар, тренерлар ва спорт соҳасининг бошқа мутахассислари иштирок этадиган спорт тадбирларини молиялаштириш;
спорт таълим муассасалари ва ташкилотларини жаҳон стандартлари ҳамда халқаро спорт ташкилотлари талабларига жавоб берадиган профессионал спорт анжомлари ва ускуналари, шунингдек, спорт экипировкаси ва кийим-бош билан таъминлаш;
спорт таълим муассасалари ва ташкилотларини, бошқа таълим муассасаларини спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда қўшимча жиҳозлаш ишларини ташкил этиш;
истеъдодли ёш спортчиларни, тренерлар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришда иштирок этиш;
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан спорт объектларини қуришда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва республика ҳудудларида қуриладиган объектлар лойиҳаларига татбиқ этиш, шунингдек, спорт объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Жамғарма ҳамда қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг малакали мутахассисларини хорижий давлатларга юборишни ҳамда тажриба алмашиш учун хориждан мутахассисларни жалб этишни ташкил этиш;
спорт таълим муассасалари ва ташкилотлари, бошқа таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Жамғарма маблағларини йўналтириш;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарорига асосан ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, спорт кадрларини тайёрлашнинг ўқув-машғулот жараёнини такомиллаштириш масалаларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мутахассисларнинг (тренерлар, олимлар, ўқитувчилар, шифокорлар, физиологлар, диетологлар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассислар) хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашиш;
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг фаолиятини ва унга юкланган вазифаларни амалга оширишда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги марказий аппаратининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга маблағларни мақсадли ажратиш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 20 нафар бўлган тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳудудий бўлинмаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари паспортини расмийлаштириш ва бериш учун аризани кўриб чиқиш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари паспортини расмийлаштириш ва бериш учун тўловлар миқдорлари 5 ва 5а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирига Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси тузилмасига бошқарув ходимлари чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилансинки:
бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчи ташкилотларнинг жисмоний тарбия-соғломлаштириш ёки спорт иншоотлари паспортини бериш учун аризасини кўриб чиқиш, ушбу паспортни расмийлаштириш ва бериш 100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги қайта ташкил этилаётган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларининг барча мол-мулки, шу жумладан маблағлари тегишли равишда Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилади;
Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича назоратни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Жамғарманинг ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг самарадорлиги юзасидан доимий мониторинг олиб боради.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектларда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифати бўйича давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ушбу объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
6. Жамғарма Кузатув кенгаши Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ҳамда ҳудудий бўлинмаларини малакали мутахассислар билан тўлдиришни, шунингдек, Жамғарма фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳал этилиши таъминлансин.
7. Жамғарма Тошкент шаҳри, А. Қодирий кўчаси, 2-уйда жойлаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х. Исроилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 июль,
507-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиши тартибини белгилайди.
2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Жамғарма Кузатув кенгаши қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига, шунингдек, тижорат банкларида ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.
2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари
4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг моддий базасини шакллантириш учун зарур маблағлар ва моддий воситаларни жамлаш;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш тадбирларини, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни, жумладан, ушбу мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлар қопланишини кафолатлаш йўли билан молиялаштириш;
туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари фаолиятини молиялаштириш;
ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, инвесторлар, ҳомийлар ва донорларнинг, шу жумладан чет эллик ҳомийлар ва донорлар маблағларини жалб қилиш;
спортчилар, тренерлар ва спорт соҳасининг бошқа мутахассислари иштирок этадиган спорт тадбирларини молиялаштириш;
спорт таълим муассасалари ва ташкилотларини жаҳон стандартлари ҳамда халқаро спорт ташкилотлари талабларига жавоб берадиган профессионал спорт анжомлари ва ускуналари, шунингдек, спорт экипировкаси ва кийим-бош билан таъминлаш;
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан спорт объектларини қуришда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва республика ҳудудларида қуриладиган объектлар лойиҳаларига татбиқ этиш, шунингдек, спорт объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Жамғарма ҳамда қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг малакали мутахассисларини хорижий давлатларга юборишни ҳамда тажриба алмашиш учун хориждан мутахассисларни жалб этишни ташкил этиш;
спорт таълим муассасалари ва ташкилотлари, бошқа таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Жамғарма маблағларини йўналтириш;
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарорига асосан саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
спорт таълим муассасалари ва ташкилотларини, бошқа таълим муассасаларини спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда қўшимча жиҳозлаш ишларини ташкил этиш;
истеъдодли ёш спортчиларни, тренерлар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришда иштирок этиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, спорт кадрларини тайёрлашнинг ўқув-машғулот жараёнини такомиллаштириш масалаларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мутахассисларнинг (тренерлар, олимлар, ўқитувчилар, шифокорлар, физиологлар, диетологлар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассислар) хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашиш;
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг фаолиятини ва унга юкланган вазифаларни амалга оширишда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги марказий аппаратининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга маблағларни мақсадли ажратиш.
3-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тартиби
5. Жамғарма Кузатув кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади ва унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Жамғарма ҳудудий бўлинмаларининг ҳудудий Жамоат кенгашлари тузилади ва уларнинг шахсий таркиби тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Жамғарма Кузатув кенгашининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли равишда Жамғарма ҳудудий бўлинмаларининг ҳудудий Жамоат кенгашлари раислари ҳисобланадилар.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
6. Жамғарма Кузатув кенгаши:
Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
чорак якунлари бўйича Жамғарманинг даромадлари ва маблағлари сарфланиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш ва рухсатномалар бериш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш учун тушадиган ва молиявий-хўжалик фаолияти якунларига кўра Жамғармага ўтказиладиган маблағлар ҳажмини белгилайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ва Жамғармани сақлаш учун маблағларни чекланган миқдорини белгилайди;
қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.
7. Жамғарма Кузатув кенгаши Жамғарма ижро этувчи директори тақдимномасига асосан даромадлар ва харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиши мумкин.
8. Жамғарма фаолиятини Жамғарманинг ижро этувчи директор бошқаради.
Жамғарманинг ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан, Кузатув кенгаши раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
9. Жамғарманинг ижро этувчи директори:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда, Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кузатув кенгашига тақдим этади;
қонун ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида Ижро этувчи дирекция штатлар жадвалини шакллантиради, Жамғарма номидан шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолайди;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширишни ташкил этиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;
ҳар чоракда Жамғарма Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларининг сарфланиши ҳақида ҳисобот тақдим этади;
Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғарманинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда Жамғармага юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради;
Жамғарманинг ҳудудий бўлинмаларнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарорига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
10. Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси Жамғарма Кузатув кенгашига ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳисобот беради.
Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари икки томонлама бўйсунади — Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига ва Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига.
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
Жамғарманинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари томонидан тавсия этилади ва Жамғарманинг ижро этувчи директори томонидан лавозимга тайинланади.
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
4-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
11. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
хайрия ташкилотлари, хусусий тадбиркорлар, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан ўтказиладиган ҳомийлик ўтказмалари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3583-сон қарорига мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун 2018 йил 1 июндан киритиладиган йиғимлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
молия-хўжалик фаолият натижаларига кўра 2018 йил 1 июндан бошлаб, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш ва рухсатномалар бериш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағларнинг бир қисми;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
12. Жамғарманинг келгуси йилда режалаштирилаётган чора-тадбирлар бўйича даромадлари ва харажатлари сметаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда, Жамғарма ижро этувчи директори тақдимномасига биноан Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан жорий йилнинг 25 декабрига қадар тасдиқланади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
13. Жамғарма ижро этувчи директори Жамғарма маблағлари тасарруф этувчи ҳисобланади.
14. Жамғарма маблағларидан Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ фойдаланилади.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг давлат ривожланиш дастурларига киритилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси орқали молиялаштирилади.
15. Жамғарма маблағларидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни молиялаштириш (биргаликда молиялаштириш) учун фойдаланилиши мумкин.
Жамғарманинг ҳудудий бўлинмалари томонидан режадан ортиқ йиғилган маблағлар, бўш маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришдан олинган даромад ва бошқа маблағлар Жамғарма билан келишилган ҳолда ишлатилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
6-боб. Жамғарманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
16. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ўз ғазначилик ҳисоб рақамларида, шунингдек, тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларида ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган манбалардан келиб тушадиган маблағларни жамғариш;
Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;
вақтинчалик бўш маблағларни ликвидли молиявий воситаларга (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва шу кабиларга) жойлаштириш;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги аниқ лойиҳалар учун маблағлар ажратилишида шартларни белгилаш;
олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун шартномаларни, шу жумладан хорижий ҳамкорлар билан тузиш;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ташаббусларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига белгиланган тартибда киритиш;
Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:
қонун ҳужжатларида ва мазкур Низомда белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш;
ўз фаолияти тўғрисида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишини назорат қилиш;
Жамғарма даромадларининг истиқболли кўрсаткичларини бажариш самарадорлигини таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш.
Жамғарма қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7-боб. Ҳисобга олиш, ҳисобот ва назорат
18. Жамғарма ҳар йили қонунчиликка мувофиқ молиявий ҳисобот тайёрлайди. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи молиявий йил якунлангандан сўнг аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда текширилади. Молиявий ҳисобот, аудиторлик хулосаси ва раҳбариятга хат ҳар йили 1 майдан кеч бўлмаган муддатда Жамғарма кузатув Кенгашига тақдим этилади. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси Жамғарма кузатув Кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг Жамғарманинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Жамғарма раҳбарияти ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ўзларига юкланган вазифаларни самарали бажариш бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради.
Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш қонунчиликка ва мазкур Низомга мувофиқ назорат қилинади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
19. Жамғарма қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгашининг
ТАРКИБИ

1. А. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Кенгаш раиси

2. А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари

3. Д. Набиев

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири

4. У. Ахмаджонов

Миллий олимпия қўмитаси раиси

5. Б. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири

6. А. Ҳайдаров

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

7. А. Тухтаев

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири

8. С. Бекенов

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

9. Лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг ижро этувчи директори, Кенгаш котиби

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли равишда ҳудудий бўлинмаларнинг Кузатув кенгаши раислари ҳисобланади ва ҳудудий Кузатув кенгаши аъзолари таркибини тасдиқлайди.
(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 20 нафар.
Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар штат бирликлари сони белгиланган меъёрлар асосида белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳудудий бўлинмаларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 7 нафар.
Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар штат бирликлари сони белгиланган меъёрлар асосида белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
5-ИЛОВА
Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари паспортини расмийлаштириш ва бериш учун аризани кўриб чиқиш бўйича
ЙИҒИМ МИҚДОРИ

Хизмат номи

Базавий ҳисоблаш миқдорларида йиғим миқдори

Аризани кўриб чиқиш

1

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда белгиланган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда йиғимнинг 11,25 фоизи — «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУКнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади, йиғимнинг 10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.
Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинганда йиғимнинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.
(изоҳ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги 24-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.01.2020 й., 09/20/24/0053-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
5а-ИЛОВА
Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари паспортини расмийлаштириш ва бериш учун
ЙИҒИМЛАР МИҚДОРИ

Иншоот тоифаси

Базавий ҳисоблаш миқдорларида йиғим миқдори

Олий

36

Биринчи

30

Иккинчи

15

Учинчи

12

Тўртинчи

6 (2*)

Бешинчи

12

* Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳамда республика олий таълим муассасаларининг спорт иншоотлари учун.
(5а-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 507-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2004 йил 29 августдаги 410-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 8-сон, 88-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2005 йил 6 июлдаги 156-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 6-7-сон, 35-модда) илованинг 27-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 7 июндаги 110-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2006 й., 23-сон, 208-модда) 8-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 7 августдаги ПҚ-436-сон қарори) 2006 йил 2 октябрдаги 207-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 10-сон, 73-модда) 1-илованинг 21-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2010 йил 5 июндаги 108-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2010 й., 6-сон, 27-модда) илованинг 53-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» (Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 28 февралдаги 50-сон ҳамда «Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 1 мартдаги 52-сон қарорлари)» 2011 йил 20 июндаги 183-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 6-сон, 55-модда) илованинг 8-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2779-сон қарори)» 2017 йил 16 майдаги 288-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 20-сон, 367-модда) илованинг 7-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2017 йил 29 июлдаги ПҚ-3162-сон қарори)» 2017 йил 13 сентябрдаги 720-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 37-сон 1002-модда) илованинг 1-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон Фармони)» 2018 йил 2 мартдаги 164-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 3-сон, 49-модда) 1-илованинг 2-банди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.07.2018 й., 09/18/507/1465-сон; 16.01.2019 й., 09/19/32/2481-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 15.01.2020 й., 09/20/24/0053-сон)