Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДВОКАТЛАР КОЛЛЕГИЯЛАРИДА АДВОКАТЛИК АМАЛИЁТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ ФУҚАРОЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги амалиёт билан шуғулланувчи шахсларнинг ихтиёрий бирлашиши сифатида адвокатлар коллегияси фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олиб, шунингдек, адвокатларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика фуқароларининг пенсия таъминоти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингунга қадар вақтинча, 1992 йил 1 январдан бошлаб адвокатлар коллегияси Ўзбекистон Республикасининг адвокатураси тўғрисидаги Низомнинг 31-моддасида назарда тутилган коллегиянинг умумий эҳтиёжлари учун зарур бўлган сумма адвокатлардан ушлаб қолинганидан кейин уларнинг иш ҳақи (даромадлари)дан 7 фоиз миқдорида давлат ижтимоий таъминоти ва суғуртасига бадал тўлаши белгилансин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон республика Пенсия фонди бўлими, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимларидан давлат ижтимоий суғуртасига бадал ундириш ва уни ҳисобга олишнинг амалдаги тартибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 23 январь,
27-сон