Ҳужжат кучини йўқотган " " 11.06.2004
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТ ВА АХБОРОТ АГЕНТЛИГИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 июндаги 274-сон «Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида» 2002 йил 3 июлдаги ПФ-3103-сон Фармонига мувофиқ ҳамда республика ва ҳудудий матбуот ва ахборот органлари фаолиятини ташкил этишни таъминлаш, нашриёт иши ва матбаанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ташкилий тузилмаси ҳамда унинг марказий аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш марказининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлигининг тузилмаси ҳамда матбуот ва ахборот ҳудудий бошқармасининг намунавий тузилмаси 4, -иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ходимларининг чекланган сони 55 нафардан иборат этиб (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) ва унинг ҳудудий органлари ходимларининг чекланган сони 138 нафар этиб белгилансин.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бош директорига ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида бошқарув тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига бош директорнинг уч нафар ўринбосарига, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган 7 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлишга рухсат этилсин.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бош директори мақомига кўра вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари тегишли равишда — вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларига тенглаштирилсин.
5. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигининг директори ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Матбуот ва ахборот ҳудудий бошқармалари бошлиқлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бош директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:
Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш маркази тўғрисидаги низомни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
республика матбуот ва ахборот бозори қатнашчиларининг ягона умумдавлат реестрлари мунтазам юритилишини таъминласин;
оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги янгиланган низомларни бир ой муддатда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 декабрдаги 454-сон «Матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ва 2003 йил 30 сентябрдаги 418-сон «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қарорларига қаранг.
2002 йил 1 октябргача — Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2005 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида ноширлик ва матбаа фаолиятини ривожлантириш комплекс дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Белгилансинки, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппарати ва ҳудудий органлари таъминоти харажатларини молиялаш давлат бюджети маблағлари, шунингдек унга қарашли ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари ва хўжалик фаолиятидан олинадиган бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ҳар йили республика бюджетини шакллантиришда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, унинг ҳудудий органларининг таъминоти ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин;
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига марказий аппарат учун тўртта енгил автомобиль ва Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги матбуот ва ахборот ҳудудий органлари учун биттадан енгил автомобиль харажатларига лимит ажратсин.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Агентлик фаолиятининг техник базасини мустаҳкамлашга доир таклиф киритсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги икки ой муддатда матбаа саноатининг корхоналари ва ташкилотлари устав жамғармаларидаги давлатга ва меҳнат жамоаларига тегишли акциялар улушлари, пайлари, пакетларини хатловдан ўтказсин ҳамда уларни амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларига мувофиқлаштирсин. Амалга оширилган ишлар натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига матбаа корхоналарини бундан буён акциялаштириш ва хусусийлаштириш юзасидан таклифлар киритсинлар.
10. Миллий китоб палатаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги таркибидан А. Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси таркибига берилсин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига китоб савдосини ташкил этишни такомиллаштириш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсинлар.
12. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг марказий аппарати Тошкент шаҳар, Навоий кўчасидаги 30-уйга жойлаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1990 йил 18 январдаги 39-сон, 1991 йил 12 майдаги 129-сон, 1997 йил 10 апрелдаги 182-сон қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 11 мартдаги 108-сон қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 3 июль,
241-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бошқарувининг ташкилий тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппарати ходимларининг чекланган сони 55 киши
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
3-ИЛОВА
Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш марказининг
ТУЗИЛМАСИ
Марказ ходимларининг чекланган сони 18 киши
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
4-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигининг
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган сони – 13 киши (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
4а-ИЛОВА
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларининг намунавий
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари):
Иш ўринлари сони‎
Андижон вилояти ‎ 9‎
Бухоро вилояти‎ 9‎
Жиззах вилояти‎ 9‎
Қашқадарё вилояти‎ 9,5‎
Навоий вилояти‎ 9,5‎
Наманган вилояти‎ 9,5‎
Самарқанд вилояти‎ 11,5‎
Сирдарё вилояти‎ 9‎
Сурхондарё вилояти‎ 9,5‎
Тошкент вилояти‎ 7,5‎
Фарғона вилояти‎ 11,5‎
Хоразм вилояти‎ 9,5‎
Тошкент шаҳри ‎ 11,5‎
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) матбуот ва ахборот-оммавий ахборот воситалари, ахборотлар алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ва даврий нашрларни тарқатиш соҳасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминловчи давлат ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
3. Агентлик ўз фаолиятини давлат ижро этувчи ҳокимиятининг бошқа органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
II. Агентликнинг вазифалари ва функциялари
4. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолияти соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлар ва қонун ҳужжатларининг сўзсиз бажарилиши, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларининг таъминланиши юзасидан мониторинг олиб бориш;
республика фуқароларининг ахборотларга бўлган эҳтиёжини янада тўлиқ қондириш, аҳолининг, энг аввало, ўсиб келаётган авлоднинг ва ёшларнинг таълим, маънавий ва маданий даражасини ошириш манфаатларини кўзлаб оммавий ахборот воситаларини, ноширлик ишларини ва матбаачиликни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш;
ноширлик ва матбаачилик фаолияти, оммавий ахборот воситалари, даврий нашрларни тарқатиш, шу жумладан кўрсатиб ўтилган фаолият турларини рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;
нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радиоэшиттириш ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;
республика фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
ноширлик фаолиятини лицензиялашни ташкил этиш;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари бозорида тенг мавқени таъминлаш;
ноширлик ва матбаачилик фаолиятида, даврий нашрларни тарқатишда ягона техника сиёсатини ўтказиш;
рекламалар тайёрлаш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш;
ноширлик-матбаачилик фаолиятининг ишлаб чиқариш-техникавий базасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
5. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ноширлик-матбаачилик фаолияти, оммавий ахборот воситалари, ахборот ва реклама агентликларининг ягона реестрларини юритиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш;
ноширлик фаолиятини лицензиялашни ташкил этиш;
нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радиоэшиттириш ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш шартларига риоя этилишини назорат қилиш, огоҳлантириш, рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар ва лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тўхтатиш;
техник ва бошқа нормативлар ва стандартларни ишлаб чиқиш ва техникавий базани ривожлантириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш;
матбуот ва ахборот соҳасидаги фаолиятни, шу жумладан тегишли тартиботларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни бошқариш;
фаолият соҳаларида Агентлик ваколатига алоқадор ижро этувчи ҳокимиятнинг бошқа органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
Агентлик ваколатига кирувчи тармоқлардаги фаолиятни ривожлантириш прогнозлари ва дастурларини ишлаб чиқиш;
Агентлик юритадиган соҳага тааллуқли иқтисодий, ижтимоий, техникавий, ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этиш, шу жумладан тегишли қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Агентлик тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириб бориш, уларнинг моддий-техникавий таъминотига кўмаклашиш;
матбуот ва ахборот соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ташкилотларнинг ўзининг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ишларида қатнашиш.
III. Агентликнинг ҳуқуқлари
6. Агентлик ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикасининг барча жисмоний ва юридик шахслари (мулкчилик шаклларидан қатъи назар) томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўз ҳудудий органларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва тугатиш;
давлат органларидан ва бошқа органлар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслардан зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материалларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда сўраб олиш;
қонун лойиҳаларини тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, тадқиқот ишларини амалга ошириш ва консультациялар учун илмий ташкилотларни, давлат органлари ходимларини, мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан хорижий мутахассислар ва экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш, вақтинчалик ижодий жамоалар ташкил қилиш;
ўз фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда муассасалар ва корхоналар ташкил этиш;
юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган ташқи иқтисодий, маданий ва маърифий фаолият соҳасида олди-сотди шартномалари тузиш;
матбуот ва ахборот соҳасидаги қонунчиликни бузаётган давлат бошқаруви органларига, жойлардаги ҳокимият органларига, хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар (буйруқлар) чиқариш.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида чиқарган қарорлари ва буйруқлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, муассасалар ва ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, уларнинг бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
7. Матбуот ва ахборот соҳасидаги амалдаги қонунчилик оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги нашриётлар ва оммавий ахборот воситаларининг ноширлик фаолиятига лицензияларнинг ҳамда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг амал қилишини суд тартибида тўхтатишга ҳақлидир.
8. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг оммавий ахборот воситаларини цензура қилиши, таҳрир этиши ва уларнинг фаолиятига бошқача шаклларда аралашиши тақиқланади.
IV. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
9. Агентликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошқаради.
10. Агентликнинг бош директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.
11. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг бош директори мақомига кўра вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарига тенглаштирилади.
12. Агентликнинг бош директори яккабошчилик асосида Агентлик фаолиятига раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
13. Бош директор:
Агентликнинг норматив ҳужжатларини тасдиқлайди (имзолайди);
қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда киритади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ходимларнинг сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси ва штат жадвалини, унинг ҳудудий органлари ходимлари сонини, шунингдек маблағ ажратишнинг тегишли даврига давлат бюджетида тасдиқланган доирада улар таъминоти харажатлари сметасини тасдиқлайди;
Агентликнинг мансабдор шахслари, ҳудудий органлар, Агентлик ихтиёридаги ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, шунингдек белгиланган тартибда уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Агентлик марказий аппарати ходимларини ва ҳудудий органлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
Агентлик ихтиёридаги ташкилотлар уставларини тасдиқлайди, уларнинг раҳбарлари билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) белгиланган тартибда тузади, ўзгартиради ва бекор қилади;
Агентлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича Агентликнинг Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини белгиланган тартибда таъминлайди;
Бош директорнинг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди.
14. Агентликда бош директор (ҳайъат раиси) ва лавозимига кўра унга кирувчи бош директорнинг ўринбосарлари, шунингдек бош директорнинг тавсияси бўйича оммавий ахборот воситалари ва оммавий коммуникациялар, матбуот соҳасидаги, нашриётлар ва матбаанинг бошқа раҳбар ходимларидан ҳамда бошқа шахслардан иборат бўлган 7 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъат аъзолари, унинг таркибига лавозими бўйича кирувчи шахслардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ҳайъат Агентлик фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади. Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Бош директор билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан тақдирда бош директор узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради. Ҳайъат аъзолари ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.
15. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Агентликнинг ҳудудий органлари – тегишли равишда Матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги матбуот ва ахборот бошқармалари ташкил этилади.
16. Агентлик ҳузурида эксперт кенгашлар ва комиссиялар ташкил этилиши мумкин. Кенгаш ва комиссиялар тўғрисидаги низомлар ва уларнинг таркиби бош директор томонидан тасдиқланади.
17. Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий органлари таъминоти сарф-харажатлари давлат бошқаруви учун назарда тутиладиган давлат бюджети маблағлари, шунингдек Агентликка қарашли ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари, хўжалик фаолиятидан олинадиган бошқа тушумлар ҳисобига маблағ билан таъминланади.
Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш маркази давлат бюджети маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминланади.
18. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб рақамига ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 13-сон, 104-модда; 2004 й., 24-сон, 272-модда)