Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2014 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, шартномаларни амалга оширишда бозор механизмларини янада жорий этиш ва шартномавий муносабатларни такомиллаштириш, шунингдек маҳсулот экспорти ҳажмларини кўпайтириш мақсадида:
1. 2014 йилда минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ва тақсимлаш баланслари 1 — 4-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзкимёсаноат» ДАК қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига шартнома асосида ва ҳақини 100% олдиндан тўлаш шарти билан, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган минерал ўғитларни 5-иловадаги* жадвалга мувофиқ сотишни амалга оширсин.
* 1 — 5-иловалар берилмайди.
3. Белгилансинки, минерал ўғитларни биржа савдолари орқали сотиш белгиланган тартибда олди-сотди шартномаси «Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» ОАЖ орқали расмийлаштирилиб, кейин харидорнинг хоҳишига кўра, республика вилоятларидаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналардан ёки уларнинг ваколатли омборхоналаридан бериб юборилади.
4. «Ўзкимёсаноат» ДАКнинг минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналарига:
2014 йилнинг 1 майидан бошлаб, белгиланган тартибда, «қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бошқа маҳсулотлар етказиб бериш» балансининг моддаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда «давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун» балансининг моддаси бўйича ҳар ойнинг якунида сотилмай қолган минерал ўғитлар ҳажмини экспортга сотишга;
«Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» ОАЖнинг валюта майдончаси орқали сотишга чиқарилган экспорт маҳсулотига талаб бўлмаган ва жаҳон бозоридаги нархлар пасайган ҳолларда, аввалги биржа сессиясидаги бошланғич нархга нисбатан янги бошланғич нархни қадам-бақадам 1,0 фоизгача, аммо маҳсулот таннархидан кам бўлмаган миқдоргача пасайтиришга рухсат этилсин.
6. 2014 йилда минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган ва сотадиган «Ўзкимёсаноат» ДАК корхоналари етказиб берилган минерал ўғитлар учун қарзларни ундириш тўғрисида хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилаётган даъволар бўйича олдиндан тўланадиган давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзкимёсаноат» ДАК билан биргаликда 2014 йилда минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ва тақсимлаш балансининг тасдиқланган параметрлари бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб борсин, шунингдек етказиб берилган маҳсулотлар учун ҳисоб-китоб қилиниши бўйича тегишли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай тақдим этсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 14 март,
ПҚ-2151-сон