Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Тошкент телеминорасининг узатувчи радиотелевизион комплексини замонавийлаштириш ва ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларини реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий дастурини амалга ошириш, телевизион кўрсатув ва радиоэшиттириш дастурларини тарқатиш сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг «Иточу Корпорейшн» (Япония) корпорацияси билан биргаликда «Тошкент телеминорасининг узатувчи радиотелевизион комплексини замонавийлаштириш ва ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 23 сентябрдаги 328-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 17-18-сон, 139-модда)
2. Қуйидагилар:
кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш мақсадида «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти томонидан «Иточу Корпорейшн» корпорацияси билан 376355,0 минг Япония йени миқдорида асбоб-анжомларни етказиб бериш, ўрнатиш, созлаш ва узатувчи радиотелевизион комплексни ишга тушириш юзасидан контракт тузилганлиги;
контрактни маблағ билан таъминлаш етказиб берувчи — «Иточу Корпорейшн» корпорациясининг қайтариш муддати 5 йил бўлган бевосита кредити ҳисобига амалга оширилиши;
«Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти «Иточу Корпорейшн» корпорацияси кредити бўйича қарз олувчи этиб, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Радио алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение маркази кредит бўйича субқарз олувчи ва лойиҳа буюртмачиси этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 майдаги 215-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 19-сон, 220-модда)
3. Белгилансинки, асосий қарзни, фоизларни, воситачилик ҳақини ва жалб этилаётган кредитга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қайтариш иловага* мувофиқ Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази томонидан унинг ўз маблағлари ҳисобига, шу жумладан «Ўзтелерадио» компаниясига ажратиладиган мақсадли бюджет маблағлари ҳисобига, кўрсатиб ўтилган харажатлар «Ўзтелерадио» компанияси учун алоқа хизматлари тарифларига киритилмасдан, амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 июндаги 262-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 22-23-сон, 263-модда)
*Илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги кўрсатиб ўтилган контрактнинг «Иточу Корпорейшн» корпорацияси томонидан маблағ билан таъминланиши юзасидан белгиланган тартибда кредит битими тузилишини таъминласин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 23 сентябрдаги 328-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 17-18-сон, 139-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамиятининг «Иточу Корпорейшн» корпорацияси олдидаги тўлов мажбуриятлари бўйича кафолатномани Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан белгиланган тартибда имзолашга вакил қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолатномаси юзасидан «Иточу Корпорейшн» корпорацияси талабларига жавоб берадиган шакл бўйича юридик хулоса берсин.
7. «Тошкент телеминорасининг узатувчи радиотелевизион комплексини замонавийлаштириш ва ривожлантириш» лойиҳаси 2001 йилда ва кейинги йилларда хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастурига киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Радио алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение маркази томонидан асосий фойдаланувчиларга кўрсатиладиган хизматларга нархларнинг мазкур контракт доирасида жалб этиладиган кредитни қайтариш сўзсиз таъминланишидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилишини назарда тутсинлар.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 майдаги 215-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 19-сон, 220-модда)
9. «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамияти кўрсатиб ўтилган контракт доирасида импорт қилинадиган технологик асбоб-анжомлар, моддий ресурслар, ишлар ва хизматлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан истисно тариқасида озод қилинсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 6 ноябрь,
440-сон