|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2012/2013 ЎҚУВ ЙИЛИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАБУЛ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика минтақалари иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида талаб юқори бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлашни, умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида аниқ касблар бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига амалдаги эҳтиёжни танқидий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган, 2012/2013 ўқув йилидан бошлаб республика минтақаларида 1-иловага* мувофиқ 23 та касб-ҳунар коллежини касблар ва мутахассисликларни кенгайтирган ва унификация қилган ҳолда қайта ихтисослаштиришга доир таклифлари қабул қилинсин.
*1-илова рус тилидаги матнда берилган
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларга бўлган реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган 2012/2013 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини республиканинг касб-ҳунар коллежларига ва академик лицейларига қабул қилишнинг умумий параметрлари 2 ва 2.1 — 2.13-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
*2 ва 2.1 — 2.13-иловалар рус тилидаги матнда берилган
3. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (А.Н.Арипов), республиканинг касб-ҳунар коллежларига ва академик лицейларига қабул қилишнинг тасдиқланган умумий параметрларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифлари асосида икки ҳафта муддатда 2012/2013 ўқув йилида вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бўйича ҳар бир академик лицей ва касб-ҳунар коллежига умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини қабул қилиш параметрларини тасдиқласин.
Бунда умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини, ўқувчилар ва улар ота-оналарининг танланган, иқтисодиёт тармоқларида эҳтиёж мавжуд бўлган мутахассисликлар бўйича ўқишга талабини, шунингдек таълим муассасаларида зарур моддий-техника базаси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга алоҳида эътибор берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига (А.Н.Арипов), зарурият бўлганда, умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш кўрсаткичларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз тасарруфида ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2012/2013 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилишнинг белгиланган умумий параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласинлар ҳамда шу йил 10 августгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига қамраб олиш натижалари бўйича якуний ахборот тақдим этсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2012/2013 ўқув йилида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилишнинг тасдиқланган параметрларини ҳисобга олган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар таъминоти учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини белгиланган тартибда таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қайта ихтисослаштирилаётган, янгидан фойдаланишга топширилаётган касб-ҳунар коллежларида ва касб-ҳунар коллежлари филиалларида 2012/2013 ўқув йили бошлангунга қадар сифатли ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, уларни юқори малакали ўқитувчи кадрлар билан тўлдириш, уларни кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув ва услубий адабиётлар билан таъминлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.
8. Туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар ҳокимларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олиш бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган умумий параметрларнинг бажарилиши, шунингдек юзага келадиган ташкилий-техник масалаларни ҳал этиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 24 май,
144-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 21-сон, 233-модда)