|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АҲОЛИ СОНИНИНГ ТАНЛАМА СТАТИСТИК КУЗАТУВИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш учун республика аҳолиси сони ва бошқа демографик кўрсаткичлар ҳисоб-китобларини аниқлаштириш, шунингдек давлат статистик кузатувлари тизимини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2011 йил 21 апрелдан 30 апрелгача республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида аҳоли сонининг 10 фоизини қамраб олган ҳолда аҳоли сонининг танлама статистик кузатуви (кейинги ўринларда кузатув деб аталади) ўтказилсин.
2. Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш учун 1-иловага* мувофиқ таркибда махсус Республика комиссияси ташкил этилсин.
*1-илова берилмайди.
3. Республика комиссияси (Р.С. Азимов):
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек аҳоли сонини кузатишга жалб қилинган бошқа ташкилотларнинг тайёргарлик тадбирларини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажаришга ҳамда кузатувни юқори ташкилий даражада ўтказишга доир ишлари мувофиқлаштирилишини таъминласин;
2011 йил 25 мартгача Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасодифий кенг қамровли танлов асосида шакллантирилган кузатув ўтказиладиган шаҳар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллалар (кейинги ўринларда аҳоли пунктлари деб аталади) рўйхатини тасдиқласин;
2011 йил 1 июлгача кузатув натижаларини пухта таҳлил қилсин ва Вазирлар Маҳкамасига аҳоли сони тўғрисидаги статистика маълумотларига киритиладиган тегишли ўзгартиришлар ҳақида ахборот тақдим этсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
бир ҳафта муддатда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бошчилик қиладиган кузатув ўтказиш бўйича тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этсинлар;
2011 йил 20 мартгача Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда барча аҳоли пунктлари рўйхатини, уларда доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда, тайёрласинлар ва Республика комиссиясига тақдим этсинлар;
2011 йил 31 мартгача Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари, бошқа ташкилотлар билан биргаликда кузатув ўтказиш учун танлаб олинган аҳоли пунктларида манзилларни хатловдан ўтказсинлар, кўчалар номлари кўрсаткичларини, уйлар ва квартиралар тартиб рақамларини тартибга солсинлар;
2011 йил 1 апрелгача Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда статистика органлари ходимлари, олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасидан аҳоли сони тўғрисида маълумотлар тўпловчи шахслар контингентини шакллантирсинлар.
5. Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш ва якунларини чиқариш методикаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, ички ишлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жалб этилган ҳолда кузатувни ўтказиш бўйича масъул орган этиб белгилансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси:
2011 йил 1 апрелгача танлама кузатув сўровномалари ва методологик ҳужжатлар зарур миқдорда тайёрланишини таъминласин;
жорий йил апрель ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда аҳоли сони тўғрисида маълумотларни тўплаш учун жалб этиладиган шахслар контингенти жойларда ўқитилишини ташкил этсин;
2011 йил 20 апрелгача мавжуд компьютер техникаси негизида кузатув сўровномаларини автоматлаштирилган тарзда умумлаштириш бўйича вақтинчалик марказлар ташкил этсин;
кузатув ўтказилгандан (сўровномалар олингандан) кейин бир ой муддатда маълумотларни умумлаштириш бўйича мутахассисларнинг зарур сонини шартнома асосида қўшимча жалб этган ҳолда кузатув сўровномаларини умумлаштирсин;
кузатув натижаларини умумлаштирсин ва таҳлил қилсин, аҳоли сони статистика кўрсаткичларининг узил-кесил ҳисоб-китобини чиқарсин ҳамда якуний маълумотларни 2011 йил 20 июнгача Республика комиссиясига тақдим этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон аҳоли сонининг статистик танлама кузатувини ўтказиш ишларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига 824,2 млн сўм ажратсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоат тартибини ва хавфсизликни таъминлаш учун кузатув ўтказиш гуруҳлари таркибида ички ишлар органлари ходимларининг иштирокини таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 14 март,
71-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 мартдаги 71-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш якунларини чиқариш
МЕТОДИКАСИ
I. Танлама статистик кузатувнинг мақсад ва вазифалари
1. Республикада доимий яшовчи аҳолининг янада аниқ сонини аниқлаш, шунингдек демографик жараёнларнинг жорий ҳисоби маълумотларини аниқлаштириш аҳоли сонининг танлама статистик кузатувининг (кейинги ўринларда кузатув деб аталади) мақсади ҳисобланади.
2. Қуйидагилар кузатувнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
демографик жараёнларнинг жорий ҳисоби маълумотларини баҳолаш;
демография статистикаси бўйича кўрсаткичлар тизимини кенгайтириш;
аҳоли тўғрисидаги маълумотларни тўплашни ташкил этиш усулларини такомиллаштириш;
демографик ҳисоб-китоблар ва таҳлил сифатини жиддий ошириш учун зарур маълумотлар асосини яратиш.
II. Кузатувни ўтказишнинг асосий методологик қоидалари
3. Республиканинг бутун ҳудуди бўйича аҳоли сонининг 10 фоизи кузатув билан қамраб олинади.
Кузатув танлаб олинган шаҳар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларда (кейинги ўринларда аҳоли пунктлари деб аталади) ялпи уйма-уй айланиб чиқиш ва яшаётган шахсларни ушбу Методикага 1-иловага мувофиқ шакл бўйича махсус кузатув сўровномаси (кейинги ўринларда сўровнома деб аталади) асосида сўраб чиқиш йўли билан республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида ўтказилади.
Сўровномаларни тўлдириш тартиби ушбу Методикага 2-иловага мувофиқ белгиланган.
4. Кузатувни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасодифий кенг қамровли танлов усули билан республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида аҳолининг 10 фоизи қамраб олиниши ҳисобга олинган ҳолда кузатувни ўтказиш учун аҳоли пунктларининг аниқ рўйхати белгиланади.
5. Кўрсатиб ўтилган аҳоли пунктлари ҳудудида доимий яшайдиган, шу жумладан вақтинча уйида бўлмаган аҳоли (фуқаролигидан қатъи назар) танлаб кузатишда ҳисобга олиниши керак.
Сўраб чиқилаётган белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган уй ёки квартира доимий яшаш жойи ҳисобланади.
6. Кузатувда шунингдек, қуйидагилар ҳисобга олинади:
сўров пайтида ушбу аҳоли пунктлари ҳудудида вақтинча турган, бироқ чет элда доимий яшайдиган шахслар, фуқаролиги йўқ шахслар ва хорижий фуқаролар;
чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган шахслар, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан сўров ўтказилаётган пайтда ёпиқ ҳудудда бўлган ҳарбий хизматчилар;
дастлабки қамоқ жойларидаги шахслар, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган шахслар;
ижтимоий йўналишдаги институционал муассасалардаги шахслар (Меҳрибонлик уйлари, сақлаш, тарбиялаш, таълим беришнинг алоҳида шароитларига эҳтиёж сезувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари, «Саховат» ва «Мурувват» интернат-уйлари, сурункали касалликлардан азоб чекаётганлар учун касалхоналар ва бошқалар).
7. Кузатиладиган манзиллар (уйлар, квартиралар) бўйича яшаётган хорижий фуқароларнинг қуйидаги тоифалари кузатувда ҳисобга олинмайди:
хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналарида ишлайдиган хорижий фуқаролар, шунингдек уларнинг улар билан бирга яшайдиган оила аъзолари;
халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарида ишлайдиган хорижий фуқаролар;
хорижий давлатлар ёки халқаро ташкилотларнинг делегациялари таркибида Ўзбекистон Республикасига келган хорижий фуқаролар;
туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасида турган хорижий фуқаролар.
III. Кузатувни ўтказишнинг асосий ташкилий қоидалари
8. Кузатувни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, кузатувни ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш ва унинг мониторингини олиб бориш, унинг натижаларини таҳлил қилиш Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан амалга оширилади.
9. Республика ҳудудларида тайёргарлик тадбирларини белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли амалга ошириш ва кузатувни ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан аниқ чора-тадбирлар ва масъул бажарувчилар кўрсатилган ҳолда тайёргарлик тадбирларини ташкил этиш ва кузатувни ўтказиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистика органлари билан биргаликда аҳоли пунктларида доимий яшовчи аҳоли сони кўрсатилган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилади. Бунда доимий яшовчи аҳоли сони тўғрисидаги давлат статистика маълумотлари ҳисобга олинади.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларидан олинган аҳоли пунктларида доимий яшовчи аҳоли сони кўрсатилган барча аҳоли пунктлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан умумлаштирилади ҳамда Республика комиссиясига тақдим этилади.
10. Кузатув аҳоли пунктларида тасодифий кенг қамровли танлов асосида Давлат статистика қўмитаси томонидан шакллантирилган ва Республика комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича ўтказилади.
11. Аҳолини тўлиқ ва ялпи қамраб олишни таъминлаш мақсадида туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда кузатув ўтказиладиган аҳоли пунктлари кўчалари номлари кўрсаткичлари ҳамда уйлар, квартиралар тартиб рақамлари хатловдан ўтказилади ва тартибга солинади.
12. Танлаб олинган аҳоли пунктларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан манзиллар рўйхатлари тузилади, кузатув ўтказилаётган аҳоли пунктида аҳоли сони тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш учун ҳар бир уйда (квартирада) яшовчилар сони кўрсатилади.
13. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикаси ҳудудий органлари билан биргаликда статистика органлари ходимлари, олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасидан маълумотлар тўпловчи (сўровнома ўтказувчи) шахслар контингентини танлаш ташкил этилади. Ходим яшайдиган жой кузатиладиган аҳоли пунктига бориш учун қулай бўлиши керак.
Маълумотлар тўплайдиган шахслар контингенти бир кунда ўртача 50 кишини сўраб чиқиш мўлжалидан келиб чиқиб белгиланади.
Шахслар контингентини танлашда маълумотларни тўплаш жараёнида замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, масъулиятли ва қўйилган вазифаларни бажаришни таъминлашга қодир бўлган шахслар жалб этилишини таъминлаш зарур.
Танлаб олинган шахслар контингенти ҳудудий статистика бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган номи ёзилган белги (гувоҳнома) билан таъминланади.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти томонидан:
статистика органлари ва Ижтимоий тадқиқотлар институти ходимлари орасидан ҳар бир аҳоли пунктида сўровни ўтказиш мувофиқлаштирилишини таъминлайдиган супервайзерлар (назоратчи инструкторлар) тайёрланади;
туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда маълумотларни тўплаш учун танлаб олинган шахслар контингентини ўқитиш ташкил этилади. Ўқув семинарларида сўровномаларни намунали тўлдириш, кейинчалик хатоларни таҳлил қилиш ва юзага келадиган қийинчиликларни тушунтириш бўйича амалий машғулотларни ўтказиш назарда тутилади. Ўқитиш ишга ўқитилаётганнинг ўрганилган материални ўзлаштириб олиши тўғрилигини ва тайёргарлиги даражасини мажбурий текшириш билан тугалланади.
15. Маълумотлар тўплашда иштирок этаётган шахслар контингентига аҳоли сонини кузатиш тадбирларини молиялаштириш учун Давлат статистика қўмитасига ажратилган маблағлар ҳисобидан мукофот пули тўланади.
IV. Кузатувни ўтказиш
16. Аҳоли пунктларида кузатув манзиллар рўйхатлари асосида қатъий белгиланган муддатларда ялпи уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан махсус танланган шахслар контингенти (кейинги ўринларда интервью олувчи деб аталади) томонидан ўтказилади.
Аҳоли томонидан интервью олувчиларга ишончни таъминлаш, кузатув ўтказиш вақтида жамоат тартиби ва хавфсизликка риоя қилиш мақсадида интервью олувчилар томонидан сўров ички ишлар органлари ходими ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органлари вакили иштирокида амалга оширилади.
17. Сўров бошланишидан олдин сўраб чиқилаётганларга ўтказиладиган кузатувнинг мақсад ва вазифалари тушунтирилади, кузатув ўтказилаётган манзил бўйича яшаётган шахслар сони аниқланади.
Сўровни ўтказишда барча жавоблар фақат сўраб чиқилаётганларнинг сўзлари бўйича тўлдирилади, бунда ҳужжатлар текширилмайди.
Сўровнома оиланинг ҳар бир аъзосига алоҳида тўлдирилади. Сўров ўтказилаётганда оиланинг аъзоларидан кимдир ҳозир бўлмаганда, улар учун жавоблар оиланинг бошқа вояга етган аъзоларидан олиниши мумкин.
18. Тўлдирилган сўровномалар интервью олувчилар томонидан ҳар куни сўров тамом бўлгандан кейин супервайзерга тақдим этилади.
19. Супервайзерлар бутун давр мобайнида:
ҳар куни интервью олувчилардан тўлдирилган сўровномаларни қабул қилиб оладилар;
кузатувда ҳисобга олинган аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши ва сонини текширадилар;
интервью олувчи томонидан сўровномалар тўлдирилишининг тўлиқлиги ва тўғрилигини назорат қиладилар, сўровнома саволларига жавобларни мантиқий назорат қиладилар;
кузатув жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича интервью олувчиларга амалий ёрдам берадилар;
сўров усули билан интервью олувчилар томонидан кузатилган уй хўжаликларини танлаб назорат тартибида айланиб чиқадилар.
Интервью олувчилардан қабул қилинган тўлдирилган сўровномалар аҳоли пунктларида кузатув тамом бўлгандан кейин супервайзер томонидан Сўровномаларни автоматлаштирилган тарзда умумлаштириш бўйича вақтинчалик марказларга тақдим этилади.
V. Кузатув натижаларини умумлаштириш ва тайёрлаш
20. Ҳудудий статистика бошқармалари:
аҳоли пунктлари бўйича тўлдирилган сўровномаларни туркумлайдилар;
ҳар бир аҳоли пункти бўйича сўровномаларга тартиб рақами қўядилар;
сўровномаларнинг саволларига сўз билан ёзилган жавобларни кодлаштирадилар;
махсус дастурий таъминлашдан фойдаланган ҳолда кодлаштирилган маълумотларни ҳудудий электрон маълумотлар базасига киритадилар;
материалларни автоматлаштирилган тарзда умумлаштирадилар;
электрон ахборотнинг дастлабки назорати ва таҳлилини амалга оширадилар;
олинган натижаларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича умумлаштирадилар;
умумлаштирилган электрон маълумотларни Давлат статистика қўмитасига тақдим этадилар.
Кузатувнинг тўлдирилган сўровномаларини умумлаштириш учун ҳудудий статистика бошқармалари томонидан умумлаштириладиган сўровномалар сонидан келиб чиқиб маълумотларни умумлаштириш бўйича шартнома асосида мутахассисларнинг зарур сони қўшимча равишда жалб этилади.
Тўлдирилган сўровномаларнинг асл нусхалари улар умумлаштирилгандан кейин ҳудудий статистика органлари томонидан доимий сақлаш учун Давлат статистика қўмитасига берилади.
21. Давлат статистика қўмитаси:
ҳудудий статистика бошқармаларидан олинган ахборот асосида республика бўйича кузатув натижаларининг электрон маълумотлар базаларини шакллантиради;
кузатув натижаларини мантиқий назорат қилади;
кузатув натижаларини таҳлил қилади;
олинган маълумотларни аҳолини жорий ҳисобга олиш маълумотлари билан таққослайди;
аҳолининг узил-кесил статистика кўрсаткичлари ҳисоб-китобини амалга оширади;
якуний маълумотларни Республика комиссиясига тақдим этади.
Аҳолининг узил-кесил статистика кўрсаткичларини шакллантиришда танлаб кузатиш натижалари Давлат статистика қўмитаси томонидан махсус ишлаб чиқилган методикага мувофиқ бутун аҳолига татбиқ этилади.
22. Республика комиссияси:
Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган кузатув натижаларини ва жорий ҳисобга олишни кўриб чиқади;
тушган ахборотни таҳлил қилиш асосида тегишли ўзгартиришларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг статистика кўрсаткичларига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади;
кузатув натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига аҳоли сони тўғрисидаги статистика маълумотларига киритиладиган ўзгартиришлар тўғрисида ахборот тақдим этади.
23. Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар доимий яшовчи аҳоли сонини бундан кейин жорий ҳисобга олиш ва статистика ҳисоб-китобларни ташкил этиш учун асос ҳисобланади.
24. Кузатув маълумотларини тўплаш, киритиш ва умумлаштиришда қатнашадиган шахсларни мукофотлаш пулини ҳисоблаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат статистика қўмитаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш ва якунларини чиқариш методикасига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини ўтказиш ва якунларини чиқариш методикасига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Кузатув сўровномасини тўлдириш
ТАРТИБИ
Сўровнома оиланинг ҳар бир аъзоси бўйича алоҳида тўлдирилади.
Сўров ўтказилаётган оила яшаётган кўчанинг номи ва уйнинг тартиб рақами сўровноманинг тегишли катагида тўлиқ ва аниқ акс эттирилиши керак —
| Истиқлол |
15 |
25 |
01-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг жинси тўғрисидаги маълумотлар жавобларнинг тегишли катагида доира билан белгиланади.
02-савол. Миллати сўраб чиқилаётган шахснинг оғзаки жавобига кўра сўз билан ёзилади.
03-савол. Туғилган санаси катакларда рақамлар билан кўрсатилади —
|
15 |
09 |
1960 |
04-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг фуқаролиги сўзлар билан ёзилади (масалан, Ўзбекистон Республикаси, Туркманистон Республикаси).
05-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг доимий рўйхатдан ўтказилган жойи тўғрисидаги маълумотлар паспорт асосида, 16 ёшга тўлмаган шахслар учун — ота-онасининг сўзлари асосида кўрсатилади, барча катаклар сўзлар билан тўлдирилади. Жавоблар сўраб чиқилаётган шахсларнинг сўзлари асосида тўлдирилади (ҳужжатлар текширилмайди).
06-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг оилавий аҳволи тўғрисидаги маълумотлар жавобларнинг тегишли катагида доира билан қайд этилади (ўн етти ёшга тўлмаган эркаклар ва 16 ёшга тўлмаган аёллар учун 6-савол тўлдирилмайди).
07-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг маълумоти қуйидаги тарзда қайд этилади, агар сўраб чиқилаётган шахс:
олий ёки ундан юқори маълумотга эга бўлса (олий таълим муассасасини тамомлаган бўлса) — доира билан 1 рақами белгиланади;
олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса ёки академик таътилда бўлса — доира билан 2 рақами белгиланади;
ўрта махсус таълим муассасасини (академик лицей, касб-ҳунар коллежи, техникум, профессионал-техника, тиббиёт, педагогика ва бошқа билим юртини) тамомлаган бўлса — доира билан 3 рақами белгиланади;
умумтаълим мактабининг 9, 10 ёки 11-синфини тўлиқ тугатган бўлса — доира билан 4 рақами белгиланади;
умумтаълим мактабини тўлиқ тугатмаган бўлса ёки унда ўқиётган бўлса — доира билан 5 рақами белгиланади;
бошланғич маълумотга эга бўлса (1 — 4-синфлар) ёки умумтаълим мактабида умуман ўқимаган бўлса — доира билан 6 рақами белгиланади.
Мактаб ёшига етмаган болалар учун 7-савол тўлдирилмайди.
Вақтинча уйда яшамаётганлар учун 8-савол тўлдирилмайди.
(Бунда бирор-бир сабабларга кўра қариндошлариникига ёки танишлариникига вақтинча кетган шахслар назарда тутилмайди).
08-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг машғулоти тўғрисидаги маълумотлар жавобларнинг тегишли катагида доира билан белгиланади.
8-савол тўлдирилгандан кейин сўров якунланади.
Вақтинча уйда яшамаётганлар учун 9 — 12-саволлар қуйидаги тарзда тўлдирилади:
09-савол. Агар шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлса, ҳудуд (вилоят, туман, шаҳар) номи кўрсатилади.
10-савол. Агар шахс хорижда бўлса сўзлар билан давлат номи кўрсатилади.
11-савол. Қанча муддатдан бери вақтинча яшаётган жойида истиқомат қилиши муддати кетган вақтидан ҳозирги вақтгача ҳисобланади, рақамлар билан тўлдирилади.
12-савол. Сўраб чиқилаётган шахснинг кетишдан мақсади жавобларнинг тегишли катагида доира билан белгиланади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 10-11-сон, 102-модда)