|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ МЕТРОПОЛИТЕНИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва пойтахт меҳмонларининг йўловчилар ташишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ҳамда Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунининг 10 йиллигига ишга туширилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2001 йилда 20 та метро вагони ва улар учун эҳтиёт қисмлар харид қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
«Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси Россия Федерациясининг «Метровагонмаш» ёпиқ акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариладиган умумий қиймати 10766 минг АҚШ доллари бўлган 20 та метро вагони ва улар учун эҳтиёт қисмлар етказиб берилиши юзасидан контракт тузганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги мазкур контрактни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.
2. «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2001 йил май-июль ойларида вагонлар етказиб берилишини;
иловага* мувофиқ ушбу контрактни маблағ билан таъминлаш схемасига биноан белгиланган муддатларда тўловлар амалга оширилишини таъминласин.
* Илова берилмайди.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2001 — 2003 йилларда мазкур лойиҳани маблағ билан таъминлаш учун шаҳар маҳаллий бюджетидан зарур маблағлар ажратсин.
4. «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси томонидан кўрсатиб ўтилган лойиҳа бўйича импорт қилинадиган метро вагонлари ва улар учун эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштиришидан ташқари) озод этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С.Азимов ва А.Н.Исаев, Тошкент шаҳар ҳокими К.Н.Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 22 март,
139-сон