Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
БОШҚАРУВ ТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА МАЪМУРИЙ БОШҚАРУВ АППАРАТИ ХОДИМЛАРИ СОНИНИ ҚИСҚАРТИРИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ва маъмурий-бошқарув ходимлари иш самарадорлигини ошириш, улар сонини хўжалик юритишнинг бозор усуллари шартларига мувофиқлаштириш, шунингдек бошқарув ходимлари таъминотига давлат бюджети харажатларини қисқартириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ва маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сонини қисқартириш бўйича иловага мувофиқ таркибда Республика комиссияси ташкил этилсин.
2. Республика комиссияси:
бошқарувнинг амалдаги тузилмасини ва унинг профессионал ходимлар билан таъминланганлигини, шунингдек маъмурий-бошқарув аппарати таъминотининг самарадорлигини республика даражасида ва ҳудудий даражада танқидий ўрганиб чиқсин;
ўрганиб чиқиш асосида кенгайтириб юборилган, ортиқча, бир-бирига ўхшаш тузилмаларни, уларни маблағ билан таъминлаш манбаларидан (бюджет, бюджетдан ташқари фондлар, хўжалик фаолиятидан ажратмалар) қатъи назар, тугатиш, бирлаштириш, қайта ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин;
табақалаштирилган ёндашишни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг таклифлари асосида шу йил 15 декабргача бўлган муддатда бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотларнинг маъмурий-бошқарув ходимларини 20 фоизгача қисқартириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари ўз таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, корпорациялар, компаниялар ва бирлашмалар билан биргаликда маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сонини 20 фоизгача қисқартириш ҳақида 2000 йил 1 ноябргача Республика комиссиясига таклифлар тақдим этсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 12 октябрь,
398-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 октябрдаги 398-сон қарорига
ИЛОВА
Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ва маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сонини қисқартириш бўйича Республика комиссияси
ТАРКИБИ
Азимов Р.С.‎ —‎ Бош вазир ўринбосари, Молия вазири, комиссия раиси‎
Халилов Б.Х.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бош инспектори, комиссия раисининг ўринбосари (келишув бўйича‎

Комиссия аъзолари:

Голишев В.А.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (келишув бўйича)‎
Саидова Г.К.‎ —‎ Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи‎
Абдуқодиров Р.В.‎ —‎ Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Раҳбари ‎
Иброҳимов Ш.Ғ.‎ —‎ Меҳнат вазири‎
Полвон-зода А.А.‎ —‎ Адлия вазири
Хўжаев Б.А.‎ —‎ Давлат солиқ қўмитасининг раиси‎
Шоабдураҳмонов Р.М.‎ —‎ Макроиқтисодиёт ва статистика вазири вазифасини бажарувчи‎
Дурнов Г.Г.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бош консультанти (келишув бўйича)‎
Гуськова Т.Н.‎ —‎ Молия вазирининг биринчи ўринбосари‎
Қудратов Ғ.С. ‎ —‎ Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари‎
Абдуллаев Ш.Ю.‎ —‎ Молия вазирининг ўринбосари‎