Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИШЛАМАЁТГАН, БЎШ ТУРГАН ВА ҚУРИЛИШИ ТУГАЛЛАНМАГАН ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИ НЕГИЗИДА НООЗИҚ-ОВҚАТ ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Саноатни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳисобига республика минтақаларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда шу асосда аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг негизида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун аниқ инвестиция мажбуриятлари остида бепул бериладиган ишламаётган, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектлари рўйхатини иловага мувофиқ* тасдиқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари бошчилик қиладиган ҳудудий танлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда инвестиция мажбуриятлари остида бепул бериладиган, ушбу қарорга иловага киритилган объектларни сотиш шартлари бўйича тендер шартларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказиш Давлат комиссиясига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу қарорга иловага киритилган объектлар сотилиши ва инвесторлар ўз зиммаларига олган мажбуриятлар бажарилиши устидан қатъий мониторинг олиб борсин.
4. Қуйидагилар:
инвестиция мажбуриятлари остида бепул берилган объектларга мулкчилик ҳуқуқини берадиган давлат ордери Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан реконструкция қилиш, қурилишни тугаллашни ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутадиган қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари инвестор томонидан бажарилгандан кейин белгиланган тартибда берилиши;
объектларни инвестиция мажбуриятлари остида бепул беришда инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, тузилган олди-сотди шартномалари белгиланган тартибда бекор қилиниши, объектлар кейинчалик илгари тасдиқланган тендер шартларида инвестиция мажбуриятлари остида янги мулкдорларга сотилиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 июль,
141-сон