Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ОЙИМ ТЕКСТИЛЬ» ЎЗБЕКИСТОН-ХИТОЙ ҚЎШМА КОРХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш асосида жаҳон бозорида ва ички бозорда рақобатбардошли пахта калаваси, оқартирилган трикотаж газлама ишлаб чиқаришни ташкил этишни таъминлаш ҳамда маҳсулот чиқаришни кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги Ойим шаҳарчасида Ўзбекистон корхонаси — «Бунёд-М» акциядорлик жамияти ҳамда Хитойнинг «ВИМАКОТ ЛТД» (Гонконг) фирмаси томонидан устав фонди 17379,5 минг еврога тенг бўлган ёпиқ акциядорлик жамияти шаклидаги «Ойим Текстиль» Ўзбекистон—Хитой қўшма корхонаси ташкил этилаётганлиги;
Ўзбекистон томони — «Бунёд-М» акциядорлик жамиятининг улуши устав фондида 8526,7 минг еврога тенг миқдорни (49%), Хитойнинг «ВИМАКОТ ЛТД» (Гонконг) фирмаси улуши эса 8852,8 минг еврога тенг миқдорни (51%) ташкил этиши;
лойиҳага мувофиқ «Ойим Текстиль» қўшма корхонаси 4365 тонна пахта калаваси хамда 4200 тонна оқартирилган газлама ишлаб чиқарилишини таъминлаши;
хорижий муассис ҳамда «Ойим Текстиль» қўшма корхонаси кредитдан фойдаланишнинг бутун даври мобайнида маркетингни ҳамда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг камида 70 фоизи тегишли даврда шаклланган жаҳон нархлари бўйича ташқи бозорда сотилишини таъминлаши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
«Ойим Текстиль» қўшма корхонасининг умумий қиймати 47750,8 минг евро миқдоридаги йигирув-тўқув фабрикаси қурилиши лойиҳаси 1-иловага* мувофиқ схема бўйича 17379,5 минг евро миқдорида «Ойим Текстиль» қўшма корхонаси устав фонди маблағлари хамда 30371,3 минг евро миқдорида хорижий банк кредити, шунингдек, «Пахта-банк» кредитлари ҳисобига маблағ билан таъминланади;
контракт бўйича асбоб-ускуналар қийматининг 15 фоизи (5359,7 минг евро) Хитойнинг «ВИМАКОТ ЛТД» фирмаси 1-иловага* мувофиқ устав фондига қўшган валюта маблағлари ҳисобидан «Ойим Текстиль» қўшма корхонасининг ўз маблағлари ҳисобига тўланади;
асосий қарз, фоизлар ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун бериладиган ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштириладиган хорижий кредитга хизмат кўрсатиш харажатлари «Ойим Текстиль» қўшма корхонасининг ўз валюта маблағлари ҳисобига 2-иловага* мувофиқ жадвал бўйича тузилган кредит битимда белгиланган муддатларда ва шартларда қопланади.
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки контракт қийматининг 85 фоизини (30371,3 минг евро) маблағ билан таъминлаш учун хорижий банк билан белгиланган тартибда қарз битими тузсин ва кредит ресурсларини «Ойим Текстиль» қўшма корхонасига қайта молиялаштирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг хорижий банк олдидаги тўлов мажбуриятлари бўйича, «Ойим Текстиль» қўшма корхонаси мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан белгиланган тартибда кафолат беришга вакил қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг хорижий банкка кафолати бўйича юридик хулосани белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
6. «Пахта-банк»ка Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси бўйича миллий валютада «Бунёд-М» акциядорлик жамиятига кўрсатиб ўтилган объект қурилишини тугаллаш учун зарур бўлган кредит ресурсларини белгиланган тартибда ажратиш тавсия этилсин.
7. Андижон вилояти ҳокимлиги «Ойим Текстиль» қўшма корхонасининг 4365 тонна пахта калава ишлаб чиқариш қувватлари 2002 йилнинг I чорагида хамда 4200 тонна трикотаж газлама ишлаб чиқариш қувватлари 2002 йилнинг IV чорагида ишга туширилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 777-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон)
9 Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З.Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 7 март,
114-сон