Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ГУРЛАН» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ БАЗАСИДАГИ «MURUVVAT-TEKS» ХОРИЖИЙ ШуЪБА КОРХОНАСИНИНГ ЎЗ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ЧЕТДАН КЕЛТИРИЛГАН ВА БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИГАН ТЕХНОЛОГИК ВА ЁРДАМЧИ АСБОБ-УСКУНАЛАР, ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАР ҲАМДА ТЕХНОЛОГИК ЖИҲОЗЛАР РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2006 — 2008 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини модернизация қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида» 2006 йил 13 ноябрдаги ПҚ-510-сон қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Гурлан» акциядорлик жамияти базасидаги «MURUVVAT-TEKS» хорижий шуъба корхонаси тўқимачилик комплексини ташкил этиш» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2006 — 2008 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини модернизация қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида» 2006 йил 13 ноябрдаги ПҚ-510-сон қарори 1-иловасига киритилганлиги;
ушбу лойиҳа доирасида «MURUVVAT-TEKS» хорижий шуъба корхонаси билан «Zeromax GmbH» (Швейцария) компанияси ўртасида умумий суммаси 12526846 АҚШ доллари бўлган технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ҳамда технологик жиҳозлар етказиб бериш юзасидан 2006 йил 17 ноябрдаги № ZM/MТ-001 рақамли импорт контракти тузилганлиги;
Енгил саноат корхоналарини қуриш, қайта ихтисослаштириш ва модернизация қилишга доир таклифларни кўриб чиқиш бўйича идоралараро эксперт кенгаши томонидан ушбу контракт доирасида четдан келтирилган ва божхона тўловлари тўлашдан озод қилинадиган технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ҳамда технологик жиҳозлар рўйхати юзасидан ижобий хулоса берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Мазкур контракт доирасида олиб кириш вақтида «Гурлан» акциядорлик жамияти базасидаги «MURUVVAT-TEKS» хорижий шуъба корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2006 — 2008 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини модернизация қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида» 2006 йил 13 ноябрдаги ПҚ-510-сон қарорининг 5-бандига мувофиқ божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинадиган технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ҳамда технологик жиҳозлар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси бўшаб қоладиган маблағлардан «Гурлан» акциядорлик жамияти базасидаги «MURUVVAT-TEKS» хорижий шуъба корхонаси томонидан ишлаб чиқаришни техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш, тайёр маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш, ўз айланма маблағларини тўлдириш учун мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар. Ушбу маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилмаган тақдирда улар корхонага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкциялари қўллаган ҳолда тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига ундирилади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 9 октябрь,
223-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 40-41-сон, 413-модда)