|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚАРО МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ ИШТИРОКИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН «ТОЗА СУВ, САНИТАРИЯ ВА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ» ЛОЙИҲАСИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Қувайт араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси кредитлари ҳисобига амалга оширилаётган «Тоза сув, санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳасини рўёбга чиқаришда қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши ва хорижий маслаҳатлашув компаниялари фаолияти устидан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги туфайли кредит маблағларидан самарасиз фойдаланишга йўл қўйилган, бунинг натижасида республика манфаатларига иқтисодий зарар етказилган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги Лойиҳани биргаликда амалга оширишда қатнашишдан ўзларини четга олишган.
«Тоза сув, санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳаси бўйича хорижий кредитларни ўз вақтида ва самарали ўзлаштириш юзасидан таъсирчан чора-тадбирлар кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан:
асбоб-ускуналар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган барча контрактлар хатловдан ўтказилганлиги, Лойиҳанинг жорий ҳолати баҳоланганлиги ва якуний ҳисоб-китоб қилишда илгари хорижий маслаҳатчиларга асоссиз тўланган кредит маблағлари ушлаб қолинганлиги;
Лойиҳа бўйича сотиб олинадиган асбоб-ускуналар рўйхати республика корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар импорти чиқариб ташланган ҳолда мақбуллаштирилганлиги;
қарз маблағларининг ҳаракатини молиявий ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг миллий ва халқаро молия ҳисоботлари стандартлари талабларига мувофиқ бўлган тизими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ижрочи агент этиб белгилансин, унга кўрсатиб ўтилган Лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, лойиҳа бўйича тугалланган объектларни фойдаланувчи ташкилотлар билан биргаликда қабул қилиб олиш учун жавобгарлик юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги икки ҳафта муддатда:
1-иловага мувофиқ ходимларининг чекланган сони 15 кишидан иборат бўлган юридик шахс сифатидаги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳини тузсин;
Ўзбекистон Республикаси тижорат банкида Лойиҳанинг махсус ҳисоб рақамини очсин.
4. Қуйидагилар Лойиҳани амалга ошириш гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
молиялаштирувчи халқаро ташкилотлар тартиботларига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Лойиҳани ва кредит маблағларини бошқариш;
кредит маблағларидан қарз битимлари ва Ҳукумат қарорларида Лойиҳанинг белгиланган мақсадларига қатъий мувофиқ равишда фойдаланиш;
қурилиш ишларининг сифати ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, кўрсаткичларда контрактларда назарда тутилган кўрсаткичлар ўртасида тафовутлар аниқланган тақдирда пудрат ташкилотларига ўз вақтида эътироз ва рекламациялар киритиш;
объектларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини назорат қилиш ва малакали маҳаллий мутахассислар — муҳандислар ва гуруҳнинг штатдаги ходимлари томонидан қурилишнинг бориши устидан техник назоратни амалга ошириш;
кредит маблағларининг молиявий ҳисобини юритиш ва амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тузиш;
харид ҳужжатларини тайёрлашда ва таклифларни баҳолашда тендер комиссияси ишида қатнашиш.
Белгилаб қўйилсинки, Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ходимлари Лойиҳа бошқарилиши ва маблағлардан самарали фойдаланилиши, шунингдек қурилиш ишлари техник назорат қилиниши учун шахсан жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 120-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 17-сон, 194-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 120-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 17-сон, 194-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 120-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 17-сон, 194-модда)
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Қизкетган шаҳарчасини сув билан таъминлашнинг кўргазмали лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 29 августдаги 421-сон қарорининг 8-банди ва қарорга 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 13 январь,
17-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 13 январдаги 17-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги
«Тоза сув, санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳининг
ТУЗИЛМАСИ
«Тоза сув, санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳининг
ТУЗИЛМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 апрелдаги 120-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 17-сон, 194-модда)