Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«ЖАСОРАТ» МЕДАЛИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Жасорат» медали таъсис этилсин.
2. «Жасорат» медали тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Жасорат» медалининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 5 май,
1044-XII-сон
1994 йил 5 майда қабул қилинган
Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан
ТАСДИҚЛАНГАН
«Жасорат» медали тўғрисидаги
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. «Жасорат» медали билан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардиясининг ва ички ишлар органларининг ходимлари республиканинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий бурчни ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ва жасоратлари учун мукофотланадилар.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралдаги ЎРҚ-522-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда)
«Жасорат» медали билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар табиий офат, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар вақтида жамоат тартибини сақлашда, одамлар ҳаётини, давлат ва жамоат мулкини сақлаб қолишда кўрсатган жасоратлари учун мукофотланишлари мумкин.
2. «Жасорат» медали билан Ўзбекистон Республикаси Президенти мукофотлайди. Медаль билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Жасорат» медали билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Жасорат» медалини ва бу мукофотга оид тегишли ҳужжатни тантанали вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бошқа шахслар топширади.
(4-банд Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. «Жасорат» медали билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
(5-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Жасорат» медали билан мукофотланган шахслар қонунчиликда белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.
(5-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
6. «Жасорат» медали кўкракнинг чап томонига тақилади.
7. «Жасорат» медали билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда медаль, мукофотлаш тўғрисидаги тегишли ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.
1994 йил 5 майда қабул қилинган
Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан
ТАСДИҚЛАНГАН
«Жасорат» медалининг тавсифи
«Жасорат» медали дастлаб 0,5 микрон қалинликда никель, кейин эса 0,25 микрон қалинликда тилла қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.
Медалнинг ҳаво ранг эмаль билан қопланган олд томонида қуёш ва таралаётган нурлар фонида шон-шуҳрат ва мардлик рамзини ифодаловчи қалқон ва қилич тутган отлиқ жангчи тасвирланган.
Медалнинг қуйи қисмида қизил эмаль фонида қабариқ ҳарфларда «JASORAT» деган ёзув берилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр. Медалнинг четлари икки томонидан ҳам қабариқ доира билан, олд томонидан қўшимча қалинлиги 0,8 миллиметр қизил йўл билан ўралган.
Медалнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Пастда медалнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.
Медалнинг қалинлиги 3 миллиметр.
Медаль уч рангли йўл-йўл шойи мато (лента) сирилган беш қиррали қадағич (колодка)га ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади. Матонинг эни 24 миллиметр. Матонинг ўртасидан эни 4 миллиметрли яшил ранг йўл ўтган. Унинг икки ёнидан эни 1 миллиметрли оқ йўл жой олган. Оқ йўлларнинг ёнидан эни 2 миллиметрли яшил ранг йўллар ва эни 5 миллиметрли қизил йўллар ўтади. Матонинг чеккаларидан эни 2 миллиметрли яшил ранг йўллар ўтган.
Қадағичнинг бўйи 48 миллиметр, эни эса 45 миллиметр.
Медаль тўғноғич билан тақилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 5-сон, 119-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон )