Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДА БЕҒАРАЗ КЎМАКНИ ЖАЛБ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ички ва ташқи ҳомийларнинг оммавий ахборот воситалари фаолиятига беғараз кўмагини жалб этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида беғараз кўмакни жалб этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Н. Арипов ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 8 ноябрь,
232-сон
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида беғараз кўмакни жалб этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситаларининг (кейинги ўринларда «ОАВ» деб юритилади) иқтисодий мустақиллигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасига беғараз кўмакни жалб этиш тартибини белгилайди.
2. ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида беғараз кўмак (кейинги ўринларда «беғараз кўмак» деб юритилади) дейилганда:
юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий эҳсонлари ва бошқа эҳсонлари;
ташкилотларнинг молиявий маблағлари ва техник кўмаклашиш доирасидаги мол-мулки, грантлари ва бошқа беғараз ёрдами, шу жумладан сафарлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва чет элда ўтказиладиган тренинглар, семинарлар, конференциялар билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш;
беғараз хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш тушунилади.
Оммавий ахборот воситаси дейилганда оммавий ахборотни даврий шаклда тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ва олти ойда камида бир марта босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) чиқариш ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, кино-, видеодастурлар, Интернет-нашрлар ва бошқалар) эфирга бериш шакли (кейинги ўринларда «чиқариш» деб юритилади) ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари тушунилади.
Оммавий ахборот воситаси таҳририяти дейилганда оммавий ахборот воситасини чиқарувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси тушунилади.
II. Маблағларни жалб этиш қоидалари
3. ОАВ таҳририятлари юридик ва жисмоний шахслардан беғараз кўмак олиш ҳуқуқига эгадир, мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
4. ОАВ таҳриятларига:
хорижий давлатлар;
халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари;
чет эллик қатнашчининг улуши 30 фоиздан ортиқ бўлган хорижий инвестициялар жалб этилган корхоналар;
хорижий фуқаролар;
фуқаролиги бўлмаган шахслар;
диний ташкилотлар, улар юридик шахс — ОАВнинг таҳририяти устав фондида қатнашган ҳоллар бундан мустасно;
номи яширилган шахслар ёки тахаллус остидаги шахслар томонидан тўғридан-тўғри беғараз кўмак берилишига йўл қўйилмайди.
Кўрсатиб ўтилган тоифалар ОАВ таҳририятларига Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди орқали кўмаклашиш ҳуқуқига эгадир.
5. ОАВ таҳририятлари томонидан бир йил мобайнида кўмакнинг бир манбаидан олинган беғараз кўмак маблағлари суммаси (натура ифодасида кўмак берилган тақдирда — пул ифодасида қайта ҳисоблаб чиқилади) таҳририятнинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ йиллик харажатлар умумий суммасининг 35 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
ОАВ таҳририятлари беғараз кўмак олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида белгиланган миқдордан ортиқча суммани кўмаклашган шахсга қайтариши шарт.
Белгиланган миқдордан ортиқ маблағлар суммасини қайтариш кўмаклашган шахснинг ҳисоб-китоб рақамига ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда ушбу сумма Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг ҳисоб-китоб рақамига ўтказилади.
Натура ифодасида олинган беғараз кўмакнинг бир қисмини (пул ифодасида қайта ҳисоблаб чиқилгандан кейин) қайтариш зарур бўлганда, таҳририят тегишли мол-мулкни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига беради. Фонд ундан ўз устав фаолиятини амалга ошириш мақсадида фойдаланади.
ОАВни чиқариш учун зарур бўлган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.
6. ОАВ таҳририятлари беғараз кўмакдан қатъий равишда ўз устав фаолиятини амалга ошириш мақсадида фойдаланадилар.
Беғараз кўмакдан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
7. Беғараз кўмаклашаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг ОАВни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга, таҳририятларнинг ижодий фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
8. Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари пул маблағлари шаклида эҳсон бераётганда ушбу пул маблағларини юридик шахслар учун нақд бўлмаган ҳисоб-китоблар қоидаларида назарда тутилган реквизитларни кўрсатган ҳолда ОАВ таҳририятларининг ваколатли банкдаги ҳисоб-китоб рақамларига ўтказадилар.
9. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари пул маблағлари шаклида эҳсон бераётганда ушбу пул маблағларини фуқаронинг паспортини ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжатни кўрсатган ва тўлов ҳужжатида ўзининг фамилияси, исми, отасининг исми ва паспортдаги бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда ОАВ таҳририятларининг ваколатли банкдаги ҳисоб-китоб рақамларига ўтказадилар.
10. ОАВ таҳририятларига нақд пул маблағларини бевосита бериш йўли билан беғараз кўмаклашишга йўл қўйилмайди.
III. Ҳисобга олиш ва назорат қилиш
11. Ўзбекистон Республикаси жамоатчилиги ва давлат органларининг ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида беғараз кўмак олиниши ва фойдаланилиши тўғрисидаги ахборотга эркин эга бўлишини таъминлаш мақсадида тегишли ОАВ таҳририятлари:
йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикасининг даврий босма нашрларида беғараз кўмак олиниши ҳажми ва манбалари (беғараз кўмак олинган тақдирда) тўғрисидаги маълумотларни эълон қиладилар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда белгиланган муддатда ва тартибда давлат солиқ хизмати органларига ҳисобот даврида тушган ва сарфланган беғараз кўмак тўғрисида белгиланган шакл бўйича ҳисобот тақдим этадилар.
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Беғараз кўмак пулдан бошқа шаклда (натура ифодасида) олинган тақдирда олувчи (ОАВ таҳририяти ёки Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди) қонунчиликка мувофиқ уни пул ифодасида баҳолайди ва тегишли маълумотларни, шу жумладан кўмаклашиш манбалари тўғрисидаги маълумотларни матбуотда эълон қилинадиган ва ваколатли органларга тақдим этиладиган ҳисоботларга киритади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
13. ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида беғараз ташқи кўмакни ҳисобга олиш ва назорат қилиш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро, хорижий ҳукумат ташкилотларидан ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлардан олинадиган техник кўмак, грантлар ва мурувват ёрдами молиявий маблағларини ҳисобга олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 4 февралдаги 56-сон ва «Инвестиция лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш мониторинги механизмларини такомиллаштириш, мурувват ёрдами юкларини ва техник кўмаклашиш маблағларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 15 ноябрдаги 251-сон қарорлари билан белгиланган тартибда тартибга солинади.
IV. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Мазкур Низомга риоя этилиши устидан назорат қилишни қонунчиликка мувофиқ тегишли ваколатли давлат органлари амалга оширади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
15. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб беради.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг IХ боби (Cаноатдаги, қурилишдаги ва иссиқлик ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 45-сон, 447-модда; 2012 й., 44-сон, 507-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)