Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан
2006 йил 21 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда
маъқулланган
2006 йил 21 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда
маъқулланган
I. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонунчилик
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир.
(3-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
4-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
(4-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
5-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қонунчилик палатасида ўзи киритган қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун, шу жумладан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида, қоида тариқасида, маъруза билан сўзга чиқиш учун ўз вакилини тайинлайди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг бошқа субъектлари ҳам (Қонунчилик палатаси депутатларидан ташқари) қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда иштирок этиш, шу жумладан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида, қоида тариқасида, маъруза билан сўзга чиқиш учун ўз вакилини тайинлаши мумкин.
(5-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 августдаги ЎРҚ-631-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.08.2020 й., 03/20/631/1153-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 9 августдаги 2406-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 124-моддаси.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш борасидаги фаолияти
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
1) ўз ташаббуси билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг таклифлари ва тавсиялари асосида қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва хўжалик бошқаруви органларига қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисида топшириқлар беради, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ишини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади;
(6-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
3) қонунлар лойиҳаларини давлат органларига, нодавлат ташкилотларга ва илмий муассасаларга тақриз учун юборади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
4) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг амалдаги қонунчиликнинг қўлланилиш амалиёти ҳамда уларнинг самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотларини эшитади;
(6-модда биринчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
5) қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш борасида бошқа фаолиятни амалга оширади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуни.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили қонун лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибияти таркибий бўлинмаларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг яқин ҳамкорлигини таъминлайди, қонун ижодкорлиги фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигини ташкил этади.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш соҳасидаги ваколати
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1) қонун ижодкорлиги масалаларида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда мазкур фаолиятга услубий жиҳатдан раҳбарлик қилади;
(7-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
2) қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлайди;
3) қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига биноан ва ўз ташаббуси билан қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом 10-банди 1 кичик бандининг тўққизинчи хатбошиси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5) республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича таклифларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;
(7-модданинг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6) қонунлар лойиҳаларини уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;
(7-модданинг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
61) қонунлар лойиҳаларининг улардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароитлар яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асоссиз харажатлар қилишига олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлилини амалга оширади;
(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан 61-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7) қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлаштириш тўғрисида, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлилигини таъминлаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади, қонунчиликни кодификациялаш ишларини амалга оширади;
(7-модданинг еттинчи банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8) республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш заруриятига оид масалаларнинг олдиндан келишиб олинишини амалга оширади.
(7-модданинг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом.
8-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органларининг, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиши
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар қонунлар лойиҳаларини ёки янги қонун қабул қилиниши, қонунга ўзгартишлар, қўшимчалар киритилиши, шунингдек амалдаги қонунни ёки унинг бир қисмини ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти кўриб чиқиши учун киритиши мумкин.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан киритилган қонунлар лойиҳаларини ёки таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ўзи ишлаб чиқаётган қонунлар лойиҳалари учун асос сифатида қабул қилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 98-моддаси.
II. Қонун лойиҳасини тайёрлаш
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий Регламенти.
9-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш тартиби
Қонун лойиҳасини тайёрлаш:
қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилишни;
қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлашни;
зарур материаллар ва ахборот тўплашни;
қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишни;
қонун лойиҳасини тузишни;
ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин унинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилади ҳамда жамоатчилик муҳокамалари иштирокчиларидан келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
(9-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-1054-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)
10-модда. Қонун лойиҳасини бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан биргаликда тайёрлаш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги таклиф билан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига мурожаат қилиши мумкин.
11-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкил этиш
Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ишчи гуруҳи (комиссияси) тузилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ишчи гуруҳи (комиссияси) таркибига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти тегишли бўлинмаларининг вакиллари, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг тегишли тармоқларнинг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вакиллари, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ишчи гуруҳи (комиссияси) таркибига ўз розилигига кўра киритилади.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
Ишчи гуруҳи (комиссияси) аъзолари қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган тегишли билим ва тажрибага эга бўлишлари керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ишчи гуруҳининг (комиссиясининг) фаолиятини таъминлаш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни, статистика маълумотларини ва ўзга маълумотларни олишга, қонун лойиҳаси юзасидан илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, шунингдек экспертларнинг хулосаларини олишга ҳақлидир.
(11-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонун лойиҳасини тайёрлашни давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида топшириши ёки уларга шартнома асосида буюртма бериши мумкин.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонунларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга ўз ваколати доирасида топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, шунингдек энг яхши қонун лойиҳаси учун танловлар эълон қилишга ҳақлидир.
12-модда. Қонун лойиҳасининг концепцияси
Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:
ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;
тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;
қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;
қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;
бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сонли қарори билан тасдиқланган Қонун лойиҳаси концепциясига, қонун лойиҳасига илова қилинадиган тушунтириш хати, таҳлилий ва ахборот материалларига қўйиладиган асосий асосий талаблар.
13-модда. Қонунлар лойиҳаларига қўйиладиган асосий талаблар
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг принциплари ва нормалари ҳисобга олинади. Қонунлар лойиҳалари қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
См.: статью 54 Закона Республики Узбекистан «О нормативно-правовых актах».
14-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда қонунчиликнинг ҳолатини ва ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиётини ўрганиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш қонунчиликнинг ҳолатини чуқур ўрганишга, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлашга, шунингдек амалдаги қонунчиликнинг қўлланилиш амалиётини таҳлил этишга асосланади.
(14-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда тегишли соҳада қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш имконияти кўриб чиқилади ва мазкур ахборот қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида кўрсатилади.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-1054-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)
15-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибани ҳисобга олиш
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинади, шунингдек қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилади.
16-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда жамоатчилик фикрини ўрганиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни, шу жумладан фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари иштирокида ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиби ва шакли қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан белгиланади.
(16-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-459-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 03/18/459/0536-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш улар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгунига қадар амалга оширилади.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 октябрдаги ЎРҚ-721-сонли Қонунига асосан иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.10.2021 й., 03/21/721/0952-сон)
17-модда. Қонун лойиҳасини тақриз учун юбориш
Қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига, шунингдек манфаатдор давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, илмий муассасаларга тақриз учун юборилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси фақат қонун лойиҳаси борасидаги ишлар тугалланганидан ва у бўйича экспертиза ўтказилганидан кейин қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан тақриз учун юборилади.
III. Қонунлар лойиҳаларининг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар.
Қонун лойиҳаларининг экспертизаси
Қонун лойиҳаларининг экспертизаси
18-модда. Қонунлар лойиҳаларининг шакли
Тартибга солинадиган муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда қонунлар лойиҳалари қуйидаги шаклда ишлаб чиқилади:
1) Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ва қонунлари лойиҳалари;
2) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари;
3) Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари.
19-модда. Қонун лойиҳасининг тузилиши
Қонун лойиҳаси, қоида тариқасида, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларга ажратилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси унинг қабул қилиниши зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек унинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берадиган муқаддимага эга бўлиши мумкин.
(19-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 октябрдаги ЎРҚ-796-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2022 й., 03/22/796/0966-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартишлар, қўшимчалар ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари, қоида тариқасида, уларнинг қабул қилиниши зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек уларнинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берувчи муқаддимага эга бўлади.
Ҳуқуқий нормалар муқаддимага киритилмайди.
(19-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 октябрдаги ЎРҚ-796-сонли Қонунига асосан учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2022 й., 03/22/796/0966-сон)
Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳага эга бўлади ҳамда рақамланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни қамраб олиши мумкин. Кодекслар ва бошқа қонунлар лойиҳаларининг моддаларига, қоида тариқасида, сарлавҳа қўйилади.
(19-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар, шунингдек моддаларнинг қисмлари, бандлари ва кичик бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилади.
Қонун лойиҳасининг матнига:
қонун лойиҳасининг ёки унинг айрим қоидаларининг кучга кириш муддати ва тартиби тўғрисидаги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларини ёки уларнинг айрим қоидаларини мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қоидалар киритилиши мумкин.
(19-модда олтинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 2-боби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасида назарда тутилган ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочилар қонун лойиҳасининг ўзида белгиланади.
(19-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-1054-сонли Қонунига асосан тўққизинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунлар лойиҳаларининг матнларида тегишли қонунлар қабул қилинганидан кейин уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини ташкил этиш учун масъул бўлган аниқ давлат органлари кўрсатилади.
(19-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонунига асосан еттинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
20-модда. Қонун лойиҳаси баёнига тааллуқли талаблар
Қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён қилинади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.
21-модда. Қонун лойиҳаси матнида тушунчалар ва атамалардан фойдаланиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасида фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонунчиликда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.
(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Зарур бўлган ҳолларда, қонунлар лойиҳаларида юридик, техник ва бошқа махсус атамалар ҳамда тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умум қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади.
22-модда. Қонун лойиҳасида ҳаволалардан фойдаланиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасининг моддаларида (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида) унинг бошқа моддаларига (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига), бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфларига, шунингдек бошқа қонунларга ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.
(22-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 5-боби.
23-модда. Қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси устидаги иш тугалланганидан сўнг унинг сифатига баҳо бериш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қарорига биноан лойиҳа ҳуқуқий ва бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий, экология коррупцияга қарши ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар қонун лойиҳасининг экспертизаси натижалари бўйича тегишли хулоса тақдим этадилар.
(23-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги ЎРҚ-456-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Экспертлар сифатида қонун лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.
(23-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган ёки экспертларнинг хулосаларида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эгадир. Инобатга олинмаган таклифлар ва мулоҳазалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда маълумотнома тузилади.
(23-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
24-модда. Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Ҳуқуқий экспертиза ўтказилаётганда қонун лойиҳаси нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги текширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.
(24-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
25-модда. Қонун лойиҳасининг молиявий-иқтисодий асослари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Моддий харажатлар талаб қилинадиган қонун лойиҳасини тайёрлашда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади, мазкур асосларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига келишув учун мажбурий тартибда юборади. Жавоб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.
(25-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
Давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлиши зарур. Хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.
IV. Қонунлар лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан
Қонунчилик палатасига киритиш тартиби
Қонунчилик палатасига киритиш тартиби
26-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида муҳокама этилади ва уни Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
(26-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 августдаги ЎРҚ-631-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.08.2020 й., 03/20/631/1153-сон)
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан якка тартибда қабул қилинади.
Бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор ҳар бир қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан алоҳида қабул қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этади. Қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакили ҳам кўрсатилади (бундан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти шахсан сўзга чиқадиган ҳоллар мустасно).
(26-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 августдаги ЎРҚ-631-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.08.2020 й., 03/20/631/1153-сон)
Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади. Бир вақтнинг ўзида уларнинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.
Қаранг: «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддаси.
27-модда. Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:
1) қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;
(27-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
31) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал.
(27-модда биринчи қисмининг 31-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
4) моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;
5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6) халқаро шартнома лойиҳасининг (матнининг) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий экспертизаси натижалари бўйича ушбу вазирликнинг хулосаси — халқаро шартномаларни ратификация қилишни ёки уларга қўшилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари учун;
7) халқаро шартнома лойиҳасининг (матнининг) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий экспертизаси натижалари бўйича ушбу вазирликнинг хулосаси — халқаро шартномаларни ратификация қилишни ёки уларга қўшилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари учун;
8) қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси натижалари бўйича хулоса;
9) қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш чоғида тўлдирилган чеклист;
10) қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси натижалари тўғрисидаги ахборот (келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилган ҳолда), бундан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шарт бўлмаган қонун лойиҳалари мустасно.
(27-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-1054-сонли Қонунига асосан 6 — 10-бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётганда мазкур органларнинг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги тегишли қарори тақдим этилиши керак.
(27-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Қонун лойиҳаси матнининг ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган материалларнинг нусхалари электрон шаклда тақдим этилиши керак.
Қаранг: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 6-моддаси.
28-модда. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси матнини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ўзгартириш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳаси матнини қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар ўзгартиришга ҳақли.
29-модда. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан чақириб олиш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳасини мазкур лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар чақириб олишга ҳақлидир. Агар қонун лойиҳаси бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилган ва мазкур субъектларнинг барчаси лойиҳани чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, қонун лойиҳаси чақириб олинган деб ҳисобланади.
30-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига қайта киритиш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари Қонунчилик палатасининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда маромига етказилган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига қайта киритишга ҳақли.
V. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
31-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(31-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
(31-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон)
32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2006 йил 13 октябрдаги 201 (4100)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 11 октябрь,
ЎРҚ-60-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 406-модда; 2014 й., 20-сон, 222-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон, , 10.01.2018 й., 03/18/459/0536-сон; 11.05.2019 й., 03/19/536/3114-сон; 10.08.2020 й., 03/20/631/1153-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 12.10.2021 й., 03/21/721/0952-сон; 27.10.2022 й., 03/22/796/0966-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон; 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)