toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 23.11.2024
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 6 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1515]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 17 октябрдаги 184-сон, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024 йил 10 октябрдаги 2024-21-сон, Марказий банки бошқарувининг 2024 йил 8 октябрдаги 364-Б-сонли «Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3577, 20.11.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 51-сон, 512-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 июндаги ПҚ–110-сонли «Жамғариб бориладиган пенсия тизимини такомиллаштириш ва техника билан жиҳозлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 25-26-сон, 179-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 595-сонли «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 51-сон, 516-модда) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки Бошқаруви қарор қиладилар:
1. Илова қилинаётган Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач амалга киритилсин.
Молия вазири С. РАҲИМОВ
Тошкент ш.
29 август 2005 й.,
76-сон
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.
29 август 2005 й.,
2005-47-сон
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.
29 август 2005 й.,
267-B-сон

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки Бошқарувининг 2005 йил 29 августдаги 76, 2005-47, 267-В-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 51-сон, 512-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 июндаги «Жамғариб бориладиган пенсия тизимини такомиллаштириш ва техника билан жиҳозлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-110-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 25-26-сон, 179-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 595-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 51-сон, 516-модда) мувофиқ ишлаб чиқилган ва иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига (бундан кейин матнда ШЖБПҲ деб юритилади) мажбурий бадалларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш тартибини белгилайди.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари бўйича амалга ошираётган фуқаролар (улар жумласига ишловчи пенсионерлар, ўриндошлар ҳам киради), шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарадиган фуқаролар, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланса, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланадилар.
Қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган бошқа фуқаролар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар.
2. Фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий бадаллари бюджетга тўланадиган солиқлар ва мажбурий тўловларга тенглаштирилади.
3. Фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий бадаллари ходимнинг ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи (даромади) солиқ солинадиган суммасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳисоблаб ёзилади, ушбу сумма жисмоний шахсларнинг даромадига қонунчиликка мувофиқ ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасидан тегишинча чегирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
4. Иш берувчи юридик шахслар ўз ходимларининг ШЖБПҲига, мазкур юридик шахс ходим учун асосий иш жойи ҳисобланиши ёки у ўриндошлик ёхуд фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишлашидан қатъи назар, мажбурий бадаллар киритишга мажбурдир.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсий ҳисобда турган (ШЖБПҲ ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга бўлган) фуқаролар иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузиш чоғида, бунга ўриндошлик ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси шартларида тузишлар ҳам киради, иш берувчига ўз ШЖБПҲлари тўғрисида маълумотларни тақдим этадилар.
5. Даромадлари қонунчиликка мувофиқ ҳар бир тўлиқ ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида умумий асосларда иштирок этадилар, яъни иш берувчи ходим иш ҳақи солиқ солинадиган қисмидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдордаги бадални ШЖБПҲга ўтказади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимо яшайдиган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва халқаро шартномаларида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳолатда жамғариб бориладиган пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқдан фойдаланадилар.
II. УШЛАНГАН МАЖБУРИЙ БАДАЛЛАРНИ ШАХСИЙ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ҲИСОБВАРАҚЛАРИГА ЎТКАЗИШ
7. Иш берувчилар фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни бюджетга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш билан биргаликда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш учун белгиланган шакл ва муддатларда ажратадилар. Бунда мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ўтказиш тўлов топшириқномаси воситасида амалга оширилади, унда омонатчининг реквизитлари, ўтказиш мақсади, ўтказилаётган жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг суммаси, иш берувчи жойлашган ердаги Халқ банки филиалига юборилган реестрнинг рақами ва санаси кўрсатилади.
Белгиланган тартибда натурада тўлайдиган ёки маҳсулот сотилиши, ишлар бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилишидан олинган тушумдан тўловни амалга оширадиган иш берувчи тўлов амалга оширилган ой тугаганидан кейин беш кун мобайнида бадаллар суммасини ўтказиши шарт.
8. Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритишни иш берувчи пул маблағларини, кейин ушбу маблағларни фуқароларнинг ШЖБПҲига қайд этиш учун, Халқ банки филиалидаги махсус транзит ҳисобвараққа ўтказиш йўли билан амалга оширади.
III. ШАХСИЙ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ҲИСОБВАРАҚЛАРИГА КИРИТИЛГАН МАЖБУРИЙ БАДАЛЛАР БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБ ВА ҲИСОБОТ
9. Жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг омонатчиси бўлмиш иш берувчи ўзи жойлашган жойдаги Халқ банки филиаллари билан ШЖБПҲга мажбурий бадаллар бўйича ҳисоб-китоблар ҳисобини юритади.
10. Иш берувчи ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар ўзи жойлашган жойдаги Халқ банки филиалига жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ўтказилганлиги тўғрисида тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхасини, белгиланган тартибда ШЖБПҲ рақамлари, ҳар бир ходимнинг фамилияси, ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи ва жамғариб бориладиган пенсия бадаллари суммаси кўрсатилган ҳолда ходимлар реестрини (бундан кейин матнда реестр деб юритилади) тақдим этади.
11. Юридик шахс — хўжалик юритувчи субъект қуйидаги бухгалтерия ёзувларини қайд этади:
а) қонунга биноан ҳисоблаб ёзилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ушбу суммани тегишинча чегирган ҳолда ходимнинг ҳисоблаб ёзилган иш ҳақидан ШЖБПҲга ушланган мажбурий бадаллар суммалари бухгалтерия ҳисобида очилаётган 6530-«Шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга тўловлар» ҳисобварағи кредити бўйича бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олиш (турлари бўйича) ҳисобварағи (6400) билан корреспонденцияда акс эттирилади;
б) ушланган мажбурий бадаллар суммаларини ходим ШЖБПҲига ўтказиш бухгалтерия ҳисобида 6530-«Шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга тўловлар» ҳисобварағи дебети ва пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари кредити бўйича акс эттирилади.
Юридик шахслар — хўжалик юритувчи субъектлар томонидан юқорида айтилган операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришга мисол:
а) 50000 сўм миқдорида ходимга ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи суммасига:
Харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварағи (2000; 2300; 2500; 9400) дебети;
Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш ҳисобварағи (6700) кредити;
б) 7888 сўм миқдорида жисмоний шахслардан ушланган даромад солиғи суммасига:
Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш ҳисобварағи (6700) дебети;
Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олиш (турлари бўйича) ҳисобварағи (6400) кредити;
в) 500 сўм миқдорида ходимнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағининг ушланадиган мажбурий бадал суммасига:
Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олиш (турлари бўйича) ҳисобварағи (6400) дебети;
6530-«Шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга тўловлар» ҳисобварағи кредити;
г) 7388 сўм (7888-500) миқдорида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ўтказилишида (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ушланган мажбурий бадаллар чегирилган ҳолда):
Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олиш (турлари бўйича) ҳисобварағи (6400) дебети;
Пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварағи кредити;
д) 500 сўм миқдорида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ушланган мажбурий бадал суммаси ўтказилганида:
6530-«Шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга тўловлар» ҳисобварағи дебети;
Пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварағи кредити.
12. ШЖБПҲга ўтказиладиган ушланган мажбурий бадаллар суммаларини бухгалтерия ҳисобида транспарент акс эттириш учун давлат бюджетидан молияланадиган иш берувчилар учун 190-«Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи жорий этилади.
13. Жисмоний шахслардан ушланган даромад солиғининг умумий суммасини бюджет ташкилотининг бухгалтерияси қуйидаги бухгалтерия проводкалари билан акс эттиради:
180-«Ишчилар ва хизматчилар билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи дебети;
173-«Бюджет билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи кредити.
Қонунга мувофиқ жисмоний шахслар даромадидан ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасини тегишинча камайтириш ҳисобига жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ушланган мажбурий бадаллар суммасига қуйидагича бухгалтерия проводкаси берилади:
173-«Бюджет билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи дебети;
190-«Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи кредити.
Жисмоний шахслар даромадидан ушланган солиқ суммаси ўтказилаётганида (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ушланган мажбурий бадаллар чегирилган ҳолда) қуйидаги бухгалтерия проводкаси берилади:
173-«Бюджет билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи дебети;
090, 100-«Ташкилотнинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи» илова ҳисобварағи кредити.
ШЖБПҲга ушланган мажбурий бадаллар суммаси бюджет ташкилоти томонидан алоҳида тўлов топшириқномаси билан ўтказилади ва бухгалтерияда қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан акс эттирилади:
190-«Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» илова ҳисобварағи дебети;
100 (090)-«Ташкилотнинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи» илова ҳисобварағи кредити.
Бюджет ташкилотининг бухгалтерия ҳисобида юқорида кўрсатилган проводкаларни акс эттиришга мисол:
Бюджет ташкилоти 2005 йил январи учун ходимга 50000 сўм миқдорида иш ҳақи суммасини ҳисоблаб ёзган.
Ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи суммасига бухгалтерияда қуйидаги бухгалтерия проводкаси берилади:
200-илова ҳисобварақ дебети ва 180-илова ҳисобварақ кредити — 50000 сўм.
2005 йил январь учун жисмоний шахслар даромадидан ҳисоб-китобга кўра солиқ ушланди (энг кам иш ҳақи миқдорининг 5 бараварига қадар ставка 13% (6530 х 5 = 32650 х 13% = 4244,50 сўм; энг кам иш ҳақи миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача суммада 21%лик ставка қўлланади (50000 — 32650 = 17350 х 21% = 3643,50), 2005 йил январь учун ушланган солиқ суммаси (4244,50 + 3643.50 = 7888 сўм)ни ташкил этди.
Ушланган солиқ суммасига бухгалтерия проводкаси берилади:
180-илова ҳисобварақ дебети ва 173-илова ҳисобварақ кредити — 7888 сўм.
Мазкур мисолда солиқ солинадиган база 50000 сўмни ташкил этганлиги сабабли 2005 йил январь учун ходимнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиладиган мажбурий бадаллар суммаси (50000 х 1% = 500 сўм) аниқланади ва бухгалтерия проводкаси билан акс эттирилади:
173-илова ҳисобварақ дебети ва 190-илова ҳисобварақ кредити — 500 сўм.
Жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ суммаси ўтказилади (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ушланган мажбурий бадаллар чегирилган ҳолда, 7888 сўм — 500 сўм = 7388 сўм) ва қуйидаги бухгалтерия проводкаси берилади:
173-илова ҳисобварақ дебети ва 090, 100-илова ҳисобварағи кредити — 7388 сўм.
Ушланган мажбурий бадал суммаси (500 сўм) алоҳида тўлов топшириқномаси билан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади ва бюджет ташкилотининг бухгалтериясида қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан акс эттирилади:
190-илова ҳисобварақ дебети ва 100 (090)-илова ҳисобварақ кредити — 500 сўм.
14. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаларини ушлаш ва ўтказиш тартиби бюджет ташкилотларининг бюджет маблағлари учун белгиланган тартибга ўхшайди, бунда 090 ва 100-илова ҳисобварақлар ўрнига 110 — 115-илова ҳисобварақлар қўлланади.
15. Тўлов топшириқномасига асосан бюджет ташкилотларида фуқароларнинг ШЖБПҲларига ўтказилган мажбурий бадаллар суммалари касса харажатлари ҳисобланади ва ойлик ҳамда чораклик ҳисоботларда «касса харажатлари» устунида акс эттирилади (Давлат бюджети харажатларини иқтисодий таснифлаш харажатларининг 01-тури, 1-объекти, 00-кичик объекти, биринчи гуруҳи бўйича).
IV. ХАЛҚ БАНКИ ФИЛИАЛИ ТОМОНИДАН ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИГА АХБОРОТ ТАҚДИМ ЭТИЛИШИ
16. Халқ банки филиали ҳар куни ўзи жойлашган жойдаги давлат солиқ инспекциясига транзит ҳисобвараққа келиб тушган суммалар тўғрисида кўчирма тақдим этиб, унда юридик шахснинг СТИРи, номи ва ШЖБПҲга киритилган бадаллар суммасини кўрсатади.
17. Халқ банки филиали ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-кунига қадар, давлат солиқ хизматининг тегишли ҳудудий органига, мазкур Низомга иловага кўра шаклда фуқароларнинг ШЖБПҲига бадаллар киритган юридик шахслар тўғрисида маълумотларни тақдим этади. Бунда маълумотлар қоғозли ва электрон шаклларда тақдим этилади.
18. Маълумотлар Халқ банки филиалининг раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.
V. ШАХСИЙ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ҲИСОБВАРАҚЛАРИГА МАБЛАҒЛАР КЕЛИБ ТУШИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ
19. Иш берувчи томонидан ШЖБПҲга мажбурий жам-ғариб бориладиган пенсия бадалларининг тўғри ва тўлиқ ҳисобланиши ҳамда ўз вақтида киритилиши устидан назоратни давлат солиқ хизмати органлари амалга оширади.
VI. ЖАВОБГАРЛИК
20. Жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг омонатчиси бўлмиш иш берувчи амалдаги қонунларга мувофиқ Халқ банки филиалига тақдим этиладиган, ШЖБПҲга ҳисобга қўйиш учун зарур маълумотларнинг, шунингдек фуқароларнинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ барча ўзгаришлар (меҳнат шартномасини тузиш ёки бекор қилиш, паспорт маълумотларини ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини юритиш учун зарур бошқа маълумотлар) тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ШЖБПҲга бадалларни ўз вақтида киритиш ҳамда уларнинг талабларига кўра фуқароларга ҳисоблаб ёзилган ва киритилган жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисида маълумотларнинг тақдим этилиши учун жавобгардир.
21. Халқ банки амалдаги қонунларга мувофиқ фуқароларнинг ШЖБПҲларини очиш ва юритиш, фуқароларни ушбу ҳисобварақларнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилиш, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тайинлаш ва бериш тартибини бузганлик учун, шунингдек мазкур Низомнинг 16 ва 17-бандларида назарда тутилган маълумотларни ўз вақтида ва тўғри тақдим этиш учун жавобгар бўлади.
VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА
22. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ банки билан келишилган.
Халқ банки Бошқаруви раиси М. ЖУМАГАЛДИЕВ
26 август 2005 й.
Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
‎‎Давлат солиқ инспекциясига
‎_________________________________
‎Банк номи _________________________
‎Банк реквизитлари___________________
‎Манзил ___________________________
‎СТИР № __________________________

‎‎______________________ Халқ банки филиали штампи

‎‎20 __ йил «____» _________ даги ҳолат бўйича
‎шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига
‎бадаллар киритган юридик шахслар тўғрисида __-сон
‎МАЪЛУМОТЛАР

‎‎(сўмларда)

Т/р‎

‎‎Юридик шахслар

‎‎Юридик шахс
‎СТИРи

‎‎Уларга жамғариб бориладиган бадаллар ўтказиладиган ходимлар сони

‎‎Жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортиладиган жами даромад суммаси

‎‎ШЖБПҲга
‎қайд этилган мажбурий бадаллар
‎суммаси

‎‎ШЖБПҲга
‎қайд этилган ихтиёрий бадаллар
‎суммаси

‎‎Киритилган бадаллар умумий суммаси (6-уст. + 7-уст.)

1‎

‎‎2

‎‎3

‎‎4

‎‎5

‎‎6

‎‎7

‎‎8

‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎
‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎
‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎
‎‎РЕЕСТР БЎЙИЧА ЖАМИ: ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎ ‎‎
‎‎Халқ банки филиали раҳбари

‎‎______________
‎(имзо)

‎‎______________________________
‎(имзо)

‎‎Бош бухгалтер

‎‎‎‎______________ ‎(имзо)

‎‎‎‎______________________________ ‎(имзо)


‎М.Ў.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 40-сон, 313-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.01.2019 й., 10/19/1515-1/2513-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)