toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 07.06.2023
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗОДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 июндаги 233-сонли ««Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2005 йил 8 июлдаги ПҚ-117-сон қарорини ижро этиш юзасидан ҳамда электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг фаолият юритиши тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрдаги 355-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 589-модда)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 26 сентябрь,
215-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 26 сентябрдаги 215-сон қарорига
1-ИЛОВА
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази (кейинги ўринларда матнда «Рўйхатга олиш маркази» деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида (кейинги ўринларда матнда «Рўйхатга олиш органи» деб юритилади) давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ҳисобланади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 27 июндаги 171-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 26-сон, 338-модда)
3. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш:
аризани кўриб чиқишни ва Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишни;
давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни;
Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини беришни ўз ичига олади.
II. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
4. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчи Рўйхатга олиш органига 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган рўйхатга олиш тўғрисидаги аризани юборади.
Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари тўғрисидаги маълумотлар;
Рўйхатга олиш органи билан ўзаро алоқа қилиш танланган шахсга ишонч хати;
Рўйхатга олиш марказининг ахборот хавфсизлиги талабларини ўз ичига оладиган унинг ахборот тизими бўйича лойиҳа ҳужжатлари;
очиқ калит (агар у мавжуд бўлса) ва унинг қўлланиш соҳаси тўғрисидаги маълумот.
Рўйхатдан ўтказувчи орган Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
5. Ариза берувчи:
сертификатлар, лицензиялар ва бошқа техник ҳужжатларни илова қилган ҳолда белгиланган сертификацияланган аппарат ва лицензия дастурий воситалари рўйхатини тақдим этишга;
ахборот хавфсизлиги, техника хавфсизлиги талабларига ва ёнғинга қарши талабларга жавоб берадиган зарур хоналарга эга бўлишга;
махфий ахборотнинг сақланишини ва рухсат берилмаган фойдаланишдан ҳимоя қилишни таъминлашга мажбурдир.
6. Ариза берувчи аризада кўрсатилган фаолият тури бўйича ишларни олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар мавжудлигини ҳамда фаолиятни амалга ошириш ваколати берилган шахсларнинг касбий яроқлилигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.
7. Рўйхатга олиш органи рўйхатга олиш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб бир ой муддатда аризани кўриб чиқади ва тақдим этилган маълумотлар асосида Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
8. Аризани кўриб чиқиш жараёнида Рўйхатга олиш органи давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа ахборотни талаб қилиши мумкин.
9. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
III. Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома бериш
10. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Рўйхатга олиш органи давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради. Рўйхатга олиш марказлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.
Рўйхатга олиш органи раҳбари гувоҳномалар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.
Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома 5 йилгача амал қилиш муддати билан берилади.
11. Қуйидаги ҳолларда Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин:
ариза берувчи томонидан мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларида баён қилинган талабларнинг бажарилмаслиги;
Ўзбекистон Республикасида ана шундай номдаги Рўйхатга олиш маркази рўйхатдан ўтказилганлиги;
ариза берувчи ташкилот муассисларидан ҳеч бўлмаганда биттаси Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланмаслиги.
Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши тўғрисидаги қарор асосланиши ва қарор қабул қилингандан сўнг 3 кун мобайнида ёзма шаклда ариза берувчига юборилиши керак.
12. Рўйхатга олиш органининг Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
13. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этишда баён қилинган маълумотлар ўзгарган тақдирда ариза берувчи бу ҳақда уч кун муддатда ёзма шаклда Рўйхатга олиш органини хабардор қилиши шарт.
Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолганда (йўқотилганда, йўқ қилинганда ва бошқа ҳолларда) рўйхатга олиш марказининг мурожаати асосида Рўйхатга олиш органи томонидан «Дубликат» белгиси билан янги гувоҳнома берилади.
IV. Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини бериш тартиби
14. Рўйхатга олиш органи 2-иловага мувофиқ шакл бўйича тузилган ариза асосида Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзолар калитларини тайёрлайди ва электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини (кейинги ўринларда матнда «Электрон рақамли имзолар калитлари сертификати» деб юритилади) беради.
Электрон рақамли имзонинг очиқ калити электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мос келишини тасдиқловчи ва Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига берилган ҳужжат Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ҳисобланади.
Устав, шартнома, тегишли хатти-ҳаракатлари содир этиш ҳуқуқига ишончнома асосида Рўйхатга олиш маркази номидан иш кўрувчи унинг ходими Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси ҳисобланади.
Электрон рақамли имзони яратган (электрон ҳужжатга имзо қўйган) ва унинг номига Рўйхатга олиш маркази томонидан Электрон рақамли имзолар калитлари сертификати берилган жисмоний шахс электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгаси (кейинги ўринларда матнда «электрон рақамли имзо эгаси» деб юритилади) ҳисобланади.
15. Ваколатли шахсларнинг электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини олиш учун Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш органига электрон рақамли имзо калитлари сертификатларига киритиш учун зарур бўлган ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотларни, уларнинг ўз қўли билан қўйилган имзолари, ариза берувчи ташкилотнинг раҳбари имзоси ва думалоқ (расмий) муҳри билан тасдиқланган маълумотларни қоғоз ҳужжат шаклида тақдим этиши шарт.
16. Ваколатли шахснинг электрон рақамли имзо калити сертификати электрон ҳужжат шаклда ҳамда икки нусхада қоғоз ҳужжат шаклида яратилади. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатлари Рўйхатга олиш органи масъул шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади ҳамда сертификат эгаси (ваколатли шахс)нинг ўз қўли билан имзоланади. Қоғоз ҳужжат шаклидаги сертификатнинг бир нусхаси ваколатли шахсга берилади. Сертификатнинг қоғоз ҳужжат шаклидаги иккинчи нусхаси Рўйхатга олиш органида сақланади.
17. Сертификат паспорт ёки шахсни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат кўрсатилган ҳолда шахсан ваколатли шахс томонидан олинади. Сертификат эгаси сертификат қоғоз ҳужжат шаклида ва электрон ҳужжат шаклда олинганлиги тўғрисида тегишли журналга имзо чекади.
V. Рўйхатга олиш марказини қайта рўйхатга олиш
18. Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш марказининг муассиси (муассислари) номи, манзили ўзгариши, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлиши муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилади.
19. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин Рўйхатга олиш маркази гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлишидан камида бир ой олдин қайта рўйхатга олиш тўғрисида ариза юборади.
Қайта рўйхатга олиш рўйхатга олиш сингари тартибда амалга оширилади.
VI. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уни бекор қилиш
20. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Рўйхатга олиш маркази фаолиятида қонунчилик ва мазкур Низом талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда Рўйхатга олиш органининг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
21. Рўйхатга олиш маркази давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома қуйидаги ҳолларда Рўйхатга олиш органи қарори билан бекор қилиниши мумкин:
ариза берувчи ташкилотнинг аризасига кўра;
давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тамом бўлишига кўра;
Рўйхатга олиш марказини таъсис этган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинганда.
Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг бекор қилиниши шунингдек:
қонунчиликка, шу жумладан ахборот хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликка мунтазам равишда риоя қилинмаган тақдирда;
(21-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган қонунни бузишлар Рўйхатга олиш органи томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда суднинг қарори бўйича амалга оширилиши мумкин.
(21-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
22. Рўйхатга олиш органининг Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан Рўйхатга олиш маркази белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
23. Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилгандан ёки бекор қилингандан кейин Рўйхатга олиш органи томонидан Электрон рақамли имзолар калитлари сертификатлари реестрига ёзув қайд этилади ва Рўйхатга олиш марказига расмий билдиришнома юборилади.
24. Рўйхатга олиш марказини тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
25. Рўйхатга олиш маркази тугатилган тақдирда ушбу Рўйхатга олиш марказига берилган электрон рақамли имзо калитлари реестри ва электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари электрон рақамли имзо эгаларининг розилиги билан бошқа Рўйхатга олиш марказларига берилиши мумкин.
Бошқа Рўйхатга олиш марказларига берилмаган электрон рақамли имзо калитлари реестри ва электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари бекор қилинади ва сақлаш учун Рўйхатга олиш органига берилади. Электрон рақамли имзонинг очиқ калитларидан фойдаланувчилар бундан хабардор қилинади. Электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс электрон рақамли имзонинг очиқ калитларидан фойдаланувчи (кейинги ўринларда «Электрон имзодан фойдаланувчи» деб юритилади) ҳисобланади.
VII. Рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларининг ягона давлат реестрини юритиш
26. Рўйхатга олиш органи рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларининг ягона давлат реестрини юритади ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан эркин фойдаланишини таъминлайди.
27. Ягона давлат реестрида қуйидагилар кўрсатилади:
қуйидагиларни ўз ичига оладиган Рўйхатга олиш маркази тўғрисидаги маълумотлар:
Марказнинг номи;
почта манзили;
телефон/факс рақами;
электрон почта манзили;
давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана, тартиб рақами ва унинг амал қилиш муддати;
давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг қайта рўйхатдан ўтказилиши, амал қилишининг тўхтатиб турилиши ва қайта тикланиши, бекор қилинишининг асоси ва санаси;
Марказнинг ваколатли шахслари — электрон рақамли имзо эгалари тўғрисидаги маълумотлар;
электрон рақамли имзо калити сертификати узайтирилиши, тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва бекор қилинишининг асоси ва санаси.
28. Рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларидан фақат давлат ягона реестрига киритилгандан кейин фойдаланиш мумкин. Ушбу сертификатлардан имзолар калитлари сертификатларини тасдиқлаш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.
29. Сертификат ягона давлат реестридан чиқарилгандан кейин Рўйхатга олиш органи бир иш куни мобайнида Рўйхатга олиш марказига тегишли билдиришнома юборади.
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг сертификати ягона давлат реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб ҳақиқий ҳисобланмайди.
30. Фойдаланилаётган электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига ишонч йўқолган тақдирда Рўйхатга олиш маркази Рўйхатга олиш органини бундан хабардор қилади. Рўйхатга олиш органи билдиришнома олингандан кейин сертификатнинг амал қилинишини тўхтатиб қўяди ва мазкур Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг сертификатини бекор қилинган сертификатлар рўйхатига киритади.
VIII. Якуний қоидалар
31. Мазкур Низомни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Электрон рақамли имзо калитларини Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида
А Р И З А
Ариза берувчи ташкилот бланкасига
Кимга: _____________________________
(Рўйхатга олиш органининг номи)
Электрон рақамли имзо калитларини Рўйхатга олиш марказини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида
А Р И З А
1. ___________________________________________________________
(ариза берувчининг—юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли)
_____________________________________________________________________________________
___________________________________ ни рўйхатдан ўтказишни илтимос қилади
(Рўйхатга олиш марказининг номи ва манзили)
2. Хизмат кўрсатувчи банкнинг номи:
Банк ҳисоб варағи;
МФО
3. Почта манзили:
4. Телефон, факс, электрон почта:
5. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар:
1) _____________________________
2) _____________________________
3) _____________________________
4) _____________________________
5) _____________________________

муҳр
Ариза берувчи ташкилот раҳбари
/имзо/
______________________________________
(Раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми)
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Электрон рақамли имзо калитлари сертификатини тайёрлашга ва калитлар сертификатлари реестрида рўйхатдан ўтказишга
А Р И З А
Электрон рақамли имзо калитларини
Рўйхатдан ўтказиш марказининг бланкасида
Кимга: _____________________________
(Рўйхатга олиш органининг номи)
Электрон рақамли имзо калитлари сертификатини тайёрлашга ва калитлар сертификатлари реестрида рўйхатдан ўтказишга
А Р И З А
Номларига электрон рақамли имзо калити сертификати берилиши зарур бўлган ваколатли шахслар рўйхати:
1. Ваколатли шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми.
2. Ваколатли шахснинг лавозими.
3. Паспортига доир маълумотлар.
4. Почта манзили.
5. Телефон/факс.
6. Электрон почта.
муҳр
Электрон рақамли имзо калитларини
Рўйхатга олиш маркази раҳбари
/имзо/ ______________________________________
(Раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми)
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 26 сентябрдаги 215-сон қарорига
2-ИЛОВА
Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг (кейинги ўринларда матнда «Рўйхатга олиш маркази» деб юритилади) функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди, шунингдек уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилаб беради.
2. Рўйхатга олиш марказлари ўз фаолиятида «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилигига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
II. Рўйхатга олиш марказларининг асосий функциялари
3. Қуйидагилар рўйхатга олиш марказларининг асосий функциялари ҳисобланади:
электрон рақамли имзонинг ёпиқ ва очиқ калитларини яратиш;
электрон рақамли имзо ёпиқ калити муҳофаза қилинишини ва унинг махфийлигини таъминлаш;
электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг реестрини юритиш, унинг ўз вақтида янгиланишини ҳамда ундан юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин фойдалана олиш имкониятини таъминлаш;
юридик ва жисмоний шахсларга электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини электрон ҳужжатлар шаклида ва қоғоз ҳужжатлар шаклида бериш;
электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, шунингдек уларни бекор қилиш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига биноан электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхалари берилишини, шунингдек электрон рақамли имзо калитларининг тўхтатиб турилган ва бекор қилинган сертификатлари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланилишини таъминлаш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига биноан электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш;
электрон рақамли имзоли қоғоздаги электрон ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини тасдиқлаш;
электрон рақамли имзо калитининг сертификатидан бундан буён фойдаланиш имкониятига таъсир этиши мумкин бўлган ҳоллар ҳақида электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини хабардор қилиш;
электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаларини электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидаларига ўқитиш имкониятини таъминлаш.
III. Рўйхатга олиш марказлари фаолиятига қўйиладиган асосий талаблар
4. Рўйхатга олиш маркази электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида (кейинги ўринларда матнда «Рўйхатга олиш органи» деб юритилади) давлат рўйхатидан ўтгандан кейин ва Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан электрон рақамли имзо калити сертификати олингандан кейин амалга ошириши керак.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 27 июндаги 171-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 26-сон, 338-модда)
5. Рўйхатга олиш маркази:
электрон рақамли имзони шакллантириш ва текшириш, калитлар сертификатларини сақлаш, шакллантиришнинг сертификатлаштирилган аппарат воситаларига;
лицензияли тизимли ва амалий дастурий таъминлашга;
электрон рақамли имзо калитларини ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича зарур ҳужжатларга;
ахборотларни муҳофаза қилиш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларга;
махфий ахборот сақланишини таъминлайдиган шароитларга эга бўлиши керак.
6. Электрон рақамли имзо воситаларини сертификациялаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
7. Рўйхатга олиш марказининг ахборот тизими белгиланган талабларга мувофиқ рухсатсиз фойдаланишдан муҳофаза қилинган бўлиши керак.
IV. Электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш тартиби
8. Электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига кўра Рўйхатга олиш маркази томонидан берилади. Мурожаат қилган шахс электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун Рўйхатга олиш марказининг оммавий офертаси билан олдиндан танишиши лозим.
9. Электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш учун мурожаат қилган шахс электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун имзоланган ариза тақдим этиши керак. Имзоланган ариза оммавий офертада белгиланган шартларга розиликдан далолат беради. Аризани кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.
10. Электрон рақамли имзо калити сертификатини рўйхатга олиш ва уни олиш учун бериладиган ариза шакли ҳамда Рўйхатга олиш маркази томонидан юридик ва жисмоний шахсга электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, шунингдек электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрини юритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати Рўйхатга олиш маркази томонидан белгиланади.
Рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш мақсадларига мувофиқ бўлмаган маълумотларни сўраб олиш тақиқланади.
11. Ариза берилгунга қадар ариза берувчи электрон рақамли имзо калитини мустақил яратиши ва уни рўйхатга олиш учун Рўйхатга олиш марказига тақдим этиши мумкин.
Электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитларини яратиш юридик ва жисмоний шахсларнинг аризасига кўра Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилиши мумкин.
12. Электрон рақамли имзонинг очиқ ва ёпиқ калитларини яратишда Рўйхатга олиш маркази бир вақтнинг ўзида электрон рақамли имзо калити сертификатини бериши керак.
13. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон рақамли имзо эгасига электрон ҳужжат шаклида ва қоғоз ҳужжат шаклида берилади.
14. Юридик ва жисмоний шахслар электрон рақамли имзонинг бир нечта калитларига эга бўлиши мумкин. Электрон рақамли имзо ҳар бир калитининг сертификати белгиланган тартибда алоҳида рўйхатга олинади.
15. Электрон рақамли имзо очиқ ва ёпиқ калитларини яратиш, электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш бўйича хизматлар пулли ҳисобланади.
Кўрсатиладиган пулли хизматлар таркиби ва қиймати белгиланган тартибда шартномавий асосда белгиланади.
16. Рўйхатга олиш маркази ўзи томонидан яратилган электрон рақамли имзо очиқ ва ёпиқ калитлари муҳофаза қилинишини таъминлаши лозим.
17. Электрон рақамли имзо калитининг сертификатида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
электрон рақамли имзонинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
агар электрон рақамли имзонинг эгаси юридик шахснинг вакили бўлса, шу юридик шахснинг номи;
электрон рақамли имзонинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати;
электрон рақамли имзонинг очиқ калити;
электрон рақамли имзонинг очиқ калитидан фойдаланишда ёрдам бериши мумкин бўлган электрон рақамли имзо воситаларининг номи;
мазкур сертификатни берган Рўйхатга олиш марказининг номи ва жойлашган манзили;
электрон рақамли имзодан фойдаланиш мақсадлари тўғрисидаги маълумотлар;
электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрининг электрон манзили.
Электрон рақамли имзо эгаси ташаббуси билан электрон рақамли имзо калити сертификатига бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.
18. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати электрон рақамли имзо рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Кейинчалик электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати шартнома билан узайтирилади, бироқ икки мартадан ортиқ узайтирилмайди.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 9 июлдаги 185-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 28-сон, 343-модда)
19. Электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
20. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати икки нусхада расмийлаштирилади. Бундай сертификатнинг ҳар бир нусхаси Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва Рўйхатга олиш марказининг муҳри билан тасдиқланиши керак. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг бир нусхаси электрон рақамли имзо калитининг эгасига берилади, бошқа нусхаси эса Рўйхатга олиш марказида сақланади. Рўйхатга олиш марказида сақланадиган электрон рақамли имзо калити сертификати нусхаси электрон рақамли имзо эгаси томонидан имзоланиши керак.
21. Электрон рақамли имзо калити сертификатини беришда Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо эгасига электрон рақамли имзодан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидалари тўғрисида, шунингдек электрон рақамли имзо эгасининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисида тўлиқ ахборот берилиши керак.
22. Электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш электрон рақамли имзо калити сертификатини Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.
V. Электрон рақамли имзо очиқ калитлари фойдаланувчиларига электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари кўчирма нусхаларини бериш
23. Рўйхатга олиш маркази юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларига биноан электрон ҳужжатлар шаклида ва/ёки қоғоз ҳужжатлар шаклида электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхаларини бериши шарт.
24. Юридик ва жисмоний шахсга бериладиган қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати кўчирма нусхаси Рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши ва муҳри билан тасдиқланиши керак.
25. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калитининг сертификати кўчирма нусхаси қуйидаги мажбурий реквизитларни ўз ичига олади:
электрон рақамли имзо калити сертификатининг серияли тартиб рақами;
электрон рақамли имзо эгасининг идентификация маълумотлари;
электрон рақамли имзо калитининг сертификати нашр этувчисининг идентификация маълумотлари (Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо калити сертификатидан идентификация маълумотлари);
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо воситалари тўғрисида маълумотлар;
электрон рақамли имзо эгасининг электрон рақамли имзо калити ва унинг шакллантирилиши қоидалари тўғрисидаги маълумотлар;
электрон рақамли имзо калитидан ва электрон рақамли имзо калити сертификатидан фойдаланиш соҳалари тўғрисидаги маълумотлар;
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ўз қўли билан қўйган имзоси;
электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати;
Рўйхатга олиш маркази муҳри.
26. Электрон ҳужжатлар шаклидаги электрон рақамли имзо калитлари сертификатларининг кўчирма нусхаларини беришга доир хизматлар Рўйхатга олиш маркази томонидан бепул кўрсатилади.
VI. Имзоланган қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо электрон ҳужжатлар кўчирма нусхаларини тасдиқлаш
27. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон ҳужжатнинг тасдиқланган кўчирма нусхасида қуйидагилар бўлиши керак:
электрон рақамли имзо;
электрон ҳужжатни жўнатувчининг — юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта манзили ва электрон почта манзили; унинг яратилган санаси;
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ўз қўли билан қўйган имзоси;
Рўйхатга олиш маркази муҳри.
28. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон ҳужжатнинг кўчирма нусхаси амалдаги қонунчилик талабларига ва давлат стандартларига мувофиқ бўлиши, шунингдек «Электрон ҳужжатнинг кўчирма нусхаси» мажбурий белгисига эга бўлиши керак
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VII. Электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрини юритиш ва уларни сақлаш тартиби
29. Калитлар сертификатлари реестри қоғоз ва электрон шаклда юритилади, электрон рақамли имзодан фойдаланувчилар учун унинг электрон версиясига кириш бемалол бўлиши керак.
30. Рўйхатга олиш маркази электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестри ўз вақтида янгиланиб борилишини таъминлаши шарт. Реестрдаги ўзгартиришлар электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш, тўхтатиб туриш ва унинг амал қилишини тиклаш ҳамда уни бекор қилиш вақтидан бошлаб амалга оширилиши керак.
31. Реестрда электрон ҳужжатлар шаклида берилган, амалда бўлган, тўхтатиб қўйилган ва бекор қилинган электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари бўлиши керак.
32. Рўйхатга олиш марказининг калитлар сертификатлари реестрида электрон рақамли имзо эгаси тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
электрон рақамли имзо эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
почта манзили;
телефон/факс рақами;
электрон почта манзили; .
солиқ тўловчининг идентификация рақами;
электрон рақамли имзо калити сертификати амал қилишини узайтириш, тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, уни бекор қилиш асоси ва санаси
33. Рўйхатга олиш марказида электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатини сақлаш тартиби ва муддати Рўйхатга олиш маркази ва электрон рақамли имзо эгаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
34. Электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификатини сақлаш муддати тугагандан кейин у Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестридан чиқарилади ва архивда сақлаш режимига ўтказилади.
35. Бекор қилинган электрон ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати Рўйхатга олиш марказида камида уч йилгача сақланади.
36. Қоғоз ҳужжат шаклидаги электрон рақамли имзо калити сертификати қонунчиликда белгиланган тартибда сақланади.
(36-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VIII. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби
37. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш электрон рақамли имзо эгасининг аризаси асосида амалга оширилади.
38. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати ушбу электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.
39. Электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилганда Рўйхатга олиш маркази Электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига тегишли ёзувни киритади ҳамда уч кун мобайнида бу тўғрисида электрон рақамли имзо эгасини ёзма равишда хабардор қилади.
40. Электрон рақамли имзо калити ушбу сертификатининг амал қилишини қайта тиклаш электрон рақамли имзо эгасининг аризасига асосан электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилган муддат мобайнида амалга оширилади.
41. Электрон рақамли имзо калити сертификати электрон рақамли имзо эгасининг аризасига асосан бекор қилинади. Электрон рақамли имзо калити сертификатини бекор қилиш учун ариза ариза берувчи томонидан электрон ёки қоғоз шаклида берилади.
42. Электрон рақамли имзо калити сертификати шунингдек Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо эгасининг розилигисиз қуйидаги ҳолларда:
ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда;
электрон рақамли имзо калити сертификати берилишига асос бўлган ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилганда;
электрон рақамли имзо калитининг эгаси «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ҳоллар аниқланганда;
электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилган муддат тугаганда ва уни қайта тиклаш учун электрон рақамли имзо эгасининг аризаси мавжуд бўлмаганда бекор қилинади.
43. Электрон рақамли имзо калити сертификатларини бекор қилиш электрон рақамли имзо эгасининг аризаси олинган ёки ушбу Низомнинг 42-бандида баён қилинган ҳолатлар вужудга келган кунда Рўйхатга олиш маркази томонидан амалга оширилади.
44. Электрон рақамли имзо калити бекор қилингандан кейин Рўйхатга олиш маркази томонидан электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига ёзув киритилади ва унинг эгасига расмий билдиришнома (бекор қилинган сертификатлар рўйхати) юборилади.
IX. Рўйхатга олиш марказларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
45. Рўйхатга олиш маркази тегишли ёпиқ калитга путур етказиш ҳолати аниқланган тақдирда, бекор қилинган электрон рақамли имзо калити сертификати эгасини хабардор қилган ҳамда асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда электрон рақамли имзо калити сертификатини бекор қилиш ҳуқуқига эгадир.
46. Рўйхатга олиш маркази айби билан электрон рақамли имзо эгасининг ёпиқ калитига путур етказилганда, Марказ электрон рақамли имзо эгаси олдида етказилган моддий зарар учун жавобгар бўлади, шунингдек электрон рақамли имзо эгасига янги электрон рақамли имзо калити сертификатини бепул тайёрлайди ва беради.
47. Рўйхатга олиш маркази:
Рўйхатга олиш марказидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
Рўйхатга олиш органини ахборот технологияларидаги, воситалар таркиби ва жойлашувидаги ҳамда ахборотлаштириш тизимларидаги, улардан фойдаланишда чора-тадбирлар самарадорлиги ва ахборотларни муҳофаза қилиш воситаларига таъсир қилиши мумкин бўлган шарт-шароитлардаги барча ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиши шарт;
Рўйхатга олиш органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:
давлат рўйхатидан ўтган Рўйхатга олиш марказининг фаолияти юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар;
қонунчиликда белгиланган ва чекланган тартибда бошқа зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материаллар;
(47-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо ёпиқ калитидан фақат уларга берилган очиқ калитлар сертификатлари имзоси ва бекор қилинган сертификатлар рўйхатлари учун фойдаланиш;
ушбу Низомга мувофиқ Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ёпиқ калитини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўриш;
электрон рақамли имзо эгаларининг рўйхатга олиш ахборотларини ошкор қилмаслик, электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари эгаларини идентификациялаш учун фойдаланиладиган ва тайёрланаётган сертификатларга киритиладиган ахборотлар бундан мустасно;
рўйхатга олинган электрон рақамли имзо эгасига унинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ сертификатлаштирилган электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда ёпиқ ва очиқ калитлар тайёрлаш;
(47-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
калитлар пайдо бўлиши тартиб-қоидасини бажарувчи дастурий ва/ёки аппарат воситаларидан фойдаланиш бўйича талабларга мувофиқ калитни ўзга маълумотлар манбаига ёзиб қўйиш;
калитлар пайдо бўлиши тартиб-қоидасини бажариш ва фақат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ сертификатлаштирилган дастурий ва/ёки аппарат воситаларидан фойдаланган ҳолда калитларни ўзга маълумотлар манбаига ёзиш;
(47-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
электрон рақамли имзо эгаларининг тайёрланадиган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатга олиш (серияли) тартиб рақамларининг ноёблигини таъминлаш;
электрон рақамли имзо фойдаланувчиларининг тайёрланган очиқ калитлари сертификатларидаги очиқ калитлар аҳамиятининг ноёблигини таъминлаш;
тўлиқ Интернет манзил — URLни Рўйхатга олиш маркази фойдаланувчиларининг электрон рақамли имзо калитларининг нашр этилаётган сертификатлари электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрига киритиш.
X. Электрон рақамли имзо фойдаланувчилари ва эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
48. Электрон рақамли имзо фойдаланувчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Рўйхатга олиш маркази томонидан тайёрланган, берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган ва бекор қилинган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатларини олиш;
Рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг электрон рақамли имзо калити сертификатини электрон шаклда олиш;
Рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари реестрида бўлган электрон рақамли имзо калити сертификати кўчирма нусхасини электрон шаклда олиш;
Рўйхатга олиш маркази томонидан тайёрланган бекор қилинган электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари рўйхатини электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари мақомини текшириш учун қўллаш.
49. Электрон рақамли имзо эгаси электрон рақамли имзо калити сертификатини янгилаш учун сўров юбориш ҳуқуқига эга. Сўров Рўйхатга олиш марказига амалда бўлган электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ҳафта олдин юборилиши керак.
50. Рўйхатга олиш тартиб-қоидасидан ўтган электрон рақамли имзо эгалари ушбу Низом ва тегишли шартнома билан белгиланадиган ҳажмда рўйхатга олиш ва идентификация ахборотини тақдим этиши шарт.
51. Электрон рақамли имзо эгаси:
ёпиқ калитни махфий сақлаши, унинг йўқотилиши, ошкор бўлиши, ўзгартирилиши ёки ундан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш учун мумкин бўлган барча чораларини кўриши;
агар унга ушбу калитлардан фойдаланилаётганлиги ёки илгари бошқа шахслар томонидан фойдаланилганлиги маълум бўлса, электрон рақамли имзо ёпиқ калитларидан фойдаланмаслиги;
электрон рақамли имзо ёпиқ калитидан фақат сертификатда белгиланган тегишли соҳаларда фойдаланиш рухсат берилган мақсадларда фойдаланиши;
электрон рақамли имзо калити сертификатини берган Рўйхатга олиш марказини қонун бузилишлари ёки электрон рақамли имзо ёпиқ калитига кириш режимини бузиш мумкинлиги тўғрисида хабардор қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туришни ёки уни бекор қилишни талаб қилиши;
ўз вакили ҳисобланган юридик шахсни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида Рўйхатга олиш марказига хабардор қилиши шарт.
52. Электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзо эгаси тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаши лозим.
XI. Якуний қоидалар
53. Мазкур Низомни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрдаги 355-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 589-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 39-сон, 297-модда; 2012 й., 52-сон, 589-модда; 2013 й., 34-сон, 458-модда; 2014 й., 28-сон, 343-модда, 37-сон, 473-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда, 26-сон, 338-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)