Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Сурхондарё вилоятининг «Оқтош» чегара постида ҳарбий хизматчиларни ҳалокатга олиб келган фожиали воқеа муносабати билан:
1. Ушбу фожиали ҳодиса сабабларини пухта ўрганиш учун 1-иловага
* мувофиқ комиссия тузилсин.
Комиссия икки ҳафта ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз иши натижаларини тақдим этсин.
Ҳарбий интизомни бўшаштириб юборганлиги, ўқ отиш қуролларини сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ва бу жуда оғир оқибатларга олиб келганлиги учун ушбу ҳарбий қисм қўмондонлигига нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган ғоят қаттиқ чоралар қўлланиб, жиноят иши кейинчалик ҳарбий суд томонидан кўриб чиқиш учун топширилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, чегара ва ички қўшинлари ҳарбий қисмларида ҳарбий интизомнинг аҳволини чуқур ўрганиш учун 2-иловага
* мувофиқ комиссия тузилсин.
Комиссия уч ой ичида ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари ўртасида низомга зид ўзаро муносабат ҳолларини бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар мажмуини тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этсин.
Мазкур комиссия таркибида ушбу масалани ҳар бир ҳарбий қисмда ўрганиш учун 3-иловага
* мувофиқ ишчи гуруҳлари тузилсин.
3. Ҳарбий интизомнинг аҳволи ва низомга зид муносабат ҳолларини бартараф этиш чора-тадбирлари самарадорлиги учун ҳарбий қисмлар командирлари ва тегишли қўшин турлари қўмондонлари шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Х.К. Турсунов), Миллий Хавфсизлик Хизмати (Р.Р. Иноятов), Ички ишлар вазирлиги (З.А. Алматов) ва Прокуратура (Б.М. Мустафоев) бир ой муддат ичида ҳарбий хизматчилар ўртасида низомга зид муносабат ҳолларининг хизмат текшируви тартиблари тўғрисида ва ўзаро муносабатларда низомга зид ҳар бир ҳолат учун гуруҳлар, расчётлар, бўлинмалар, взводлар, роталар, батальонлар, бригадалар командирларининг ҳамда уларнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосарларининг жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган шахсий жавобгарлигини белгилаш ҳақида Низом тайёрлаб, уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси (Д.М. Ғуломова) «Камолот» Ёшлар жамғармаси (Х.М. Абдураимов) ва Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» жамияти (Ж.Ж. Шоҳмардонов) билан ҳамкорликда ўз фаолиятларида ҳарбий қисмларда соғлом ахлоқий муҳитни яратиш мақсадида ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида тарбиявий ишларга алоҳида эътибор қаратсинлар.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи комиссия тузилсин.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ушбу комиссия ўз фаолиятини амалга ошириши учун тегишли шарт-шароитларни яратсинлар.
5. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Б. Ғуломов зиммасига юклансин.