1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.06.00.00 Давлат хизмати (шунингдек, 05.10.05.00га қаранг)]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон аккредитация маркази тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПФ-25-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-25-сон Фармонига асосан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги Ўзбекистон аккредитация маркази, амалдаги фаолият йўналиши, штат бирликлари, мол-мулки ҳамда молиялаштириш тартиби ва манбалари сақлаб қолинган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Аккредитация маркази) тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Аккредитация марказининг асосий вазифалари ҳамда функциялари;
Аккредитация марказининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
Аккредитация марказини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 сентябрь,
460-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 460-сон қарорига 1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон аккредитация маркази давлат муассасаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасасининг (кейинги ўринларда — Аккредитация маркази) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Аккредитация маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Аккредитация маркази мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек, банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрлар, штамплар ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа реквизитларга эга бўлади.
5. Аккредитация маркази белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, шунингдек, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
6. Аккредитация маркази юридик шахс сифатида алоҳида мулкка, мустақил балансга эга бўлади, ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, Муассис топшириқларига ва мулкнинг мақсадига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
7. Аккредитация марказининг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси;
2-боб. Аккредитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари
9. Қуйидагилар Аккредитация марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:
мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитациядан ўтказиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитациядан ўтказилган субъектларнинг белгиланган шартлар ва талабларни бажаришини даврий баҳолаш;
халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш;
мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техник дастурлар ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш.
10. Аккредитация маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:
миллий аккредитация тизимини ривожлантиришга оид таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талаблари асосида фаолият юритади ва унинг талабларига риоя қилади;
халқаро стандартларга, шунингдек, аккредитация бўйича халқаро ташкилотлар талаблари ва тавсияларига мувофиқ аккредитация тартиботлари бўйича қоидалар, тартиб-таомиллар, йўриқномалар ва низомларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
аккредитация соҳасидаги давлат дастурларининг, шунингдек, соҳада ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли таҳлил қилади, ўтган давр билан қиёсий ўрганади ва истиқболни белгилайди;
аккредитация соҳасининг ривожланиш тенденциялари бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
б) мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитациядан ўтказиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитациядан ўтказилган субъектларнинг белгиланган шартлар ва талабларни бажаришини даврий баҳолаш соҳасида:
мувофиқликни баҳолаш органларининг ваколатлилигига оид талабларни ва мезонларни белгиловчи стандартларни қабул қилиш юзасидан таклифларни миллий стандартлаштириш органига киритади;
аккредитацияни, такрорий аккредитациядан ўтказади ҳамда ариза берувчини ваколатлилигига оид белгиланган талабларга ва мезонларга мувофиқ бўлган тақдирда, аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштиради, уларга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритади;
даврий баҳолаш ишларини амалга оширади;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг шаклини, шунингдек, аккредитация белгисининг шаклини ва уни қўллаш тартибини белгилайди;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туради, қайта тиклайди ёки тугатади;
гувоҳлик баҳолаш, мувофиқликни баҳолаш ишлари якунлангандан кейин уларнинг натижадорлигини ўрганиш ҳамда огоҳлантиришсиз ташриф орқали белгиланган шартлар ва талаблар бажарилишини баҳолаб боради;
аккредитациядан ўтказилган субъектлар билан аккредитациядан кейинги шартномалар тузади;
в) халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш соҳасида:
аккредитация миллий тизимини халқаро нормалар ва мезонларга мувофиқ доимий равишда ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий этади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида аккредитация ишлари натижаларининг хорижий мамлакатлар томонидан эътироф этилишини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўради;
аккредитация соҳасида идоралараро хусусиятга эга, шу жумладан, хорижда аккредитация ишлари натижалари эътироф этилишини таъминлашга қаратилган халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузади;
аккредитация соҳасида ўз ваколатлари доирасида халқаро шартномалар, шу жумладан, хорижий миллий аккредитация органлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан шартномалар, меморандумлар тузади;
халқаро аккредитация ташкилотлари, шу жумладан, хорижий аккредитация органлари томонидан ташкил этилган йиғилиш, семинар, конференция, симпозиумларда ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этади;
г) мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техник дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш соҳасида:
аккредитация соҳасида кадрлар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлашни, уларнинг тажриба орттиришини, шу жумладан, чет элда малака оширишини таъминлайди;
аккредитациядан ўтказилган субъектлар ходимларини мунтазам қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан кўрсатмалар беради;
аккредитация бўйича баҳоловчилар ва техник экспертларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилади, уларнинг малакасини баҳолайди ҳамда уларнинг рўйхатини юритади;
тренинглар, семинарлар, конференция, симпозиумлар ва бошқа тадбирларни ўтказади ҳамда баҳоловчилар, техник экспертлар, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасида иштирок этувчи мутахассислар малакасини баҳолайди.
11. Аккредитация маркази ўзига юкланган вазифалар доирасида бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
3-боб. Аккредитация марказининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Аккредитация маркази ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
ўз ваколати доирасига кирадиган масалаларда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;
ўз ваколати доирасига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур ахборотни республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан белгиланган тартибда сўраб олиш;
ўз ваколати доирасига кирадиган масалалар бўйича зарур статистика ахборотини статистика органларидан бепул олиш;
Аккредитация маркази ходимларини улар томонидан тегишли соҳада ўз фаолиятининг асосий кўрсаткичлари параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;
ўз ваколати доирасига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритиш;
ўз ваколати доирасига кирадиган масалалар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда халқаро шартномаларни тузиш;
Аккредитация маркази ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;
аккредитация соҳасидаги тадбирлар ўтказилишини белгиланган тартибда ташкил этиш;
зарур техник ускуна, инвентарь ва бошқа зарур жиҳозларни белгиланган тартибда харид қилиш;
пулли хизматлар кўрсатиш тартибини, уларнинг нархларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш. Бунда қўлланадиган янги нархларни (тарифларни) жорий нархлар (тарифлар) ўзгартирилишидан камида ўн беш кун олдин эълон қилади ва кейинги чорак давомида нархлар ўзгартирилганда, нархлар ўзгариши тўғрисида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ўн кун олдин хабардор қилади;
аккредитация соҳасидаги халқаро ва республика тадбирларини ўтказишда ғолиб ва совриндорларни, номинантларни мукофотлаш учун зарур миқдорда дипломлар ва совринларни белгиланган тартибда харид қилиш;
аккредитация соҳаси вакилларини кўкрак нишонлари, дипломлар, ёрлиқлар ва совринлар билан мукофотлаш;
ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шу каби тадбирларда иштирок этиш;
аккредитация соҳасини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида халқаро, хорижий ва республика ташкилотлари билан белгиланган тартибда алоқаларни йўлга қўйиш;
алоҳида фидокорлик, меҳнатсеварликни намоён қилган, ўзининг профессионал фаолиятида юксак натижаларга эришган аккредитация соҳасидаги намояндалар ва ходимларнинг номзодларини белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этиш юзасидан таклифлар киритиш;
аккредитациядан ўтказилган ташкилотлар ва уларнинг аккредитация соҳаси тўғрисидаги маълумотлар базасининг шакллантирилиши ҳамда долзарб ҳолатда сақланишини, шунингдек, тегишли ахборотнинг махфийлигига риоя қилган ҳолда жамоатчиликнинг улардан фойдаланишини таъминлаш;
миллий аккредитация тизимининг реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилаш;
Аккредитация маркази ўз расмий веб-сайтида ўзининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ва уларнинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш;
очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасанинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлари ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар бундан мустасно) эълон қилиб бориш;
энг яхши амалиётларга мувофиқ мустақил маслаҳатчилар ва экспертларни, шу жумладан, хорижий маслаҳатчилар ва экспертларни шартнома асосида жалб қилиш;
ўзига юкланган вазифаларни бажаришда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, лойиҳа институтлари, инжиниринг ва консалтинг компаниялар, илмий-таълим муассасалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл ва маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш.
Аккредитация марказига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13. Аккредитация маркази:
унга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;
ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилиши;
Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ўз муддатларида ва сифатли тайёрлаши;
аккредитация соҳасини ривожлантириш, муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.
4-боб. Аккредитация маркази директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Аккредитация маркази фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Аккредитация марказига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Аккредитация маркази тузилмасини, ходимларининг штат жадвали ва иш ҳақи миқдорини тасдиқлайди;
юқори малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни ишга қабул қилади ҳамда уларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилайди;
Ўзбекистон Республикасидаги ва ундан ташқаридаги барча ташкилотларда Аккредитация маркази манфаатларини ифодалайди, Аккредитация маркази номидан шартномаларни тузади, ўзгартиради ва бекор қилади;
ойлик қўшимча ҳақлар, рағбатлантириш, конпенсация тўловлари, шу жумладан, юқори малака, профессионализм ва иш сифати учун ойлик ва чораклик қўшимча ҳақлар ва мукофот пулларини белгилайди;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади, ўзгартиради ва бекор қилади.
ўз ваколати доирасида Аккредитация маркази ходимлари бажариши шарт бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;
Аккредитация маркази номидан иш юритиш учун белгиланган тартибда ишончномалар беради;
Аккредитация маркази директори қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиши;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Аккредитация марказига юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиши;
Аккредитация маркази олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиши ва назорат қилиши;
давлат сирига оид маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;
ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичлар, даврий иш режалари ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ҳамда мезонларига сўзсиз эришилишини таъминлаши;
фаолиятни ривожлантириш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириши;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.
Аккредитация маркази директори қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.
16. Аккредитация маркази директори ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бажаришда давлат ва Аккредитация маркази манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши керак.
17. Аккредитация маркази директори Аккредитация марказига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши, Аккредитация марказининг ушбу Низомда кўрсатилган жавобгарлик соҳалари бўйича ҳамда ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
18. Аккредитация маркази директори ўзининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловларнинг, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқлари ва муносабатларидан ҳамда уларга тенглаштирилган тўловлардан келиб чиқадиган барча талабларнинг қаноатлантирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжлар учун маблағларнинг ўтказилмагани, шу жумладан, Аккредитация марказига берилган мол-мулк йўқолган тақдирда, етказилган зарар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
19. Аккредитация маркази директори зиммасига юкланган вазифалар, шунингдек, Аккредитация марказига берилган мол-мулкининг бутлиги ва ундан мақсадли фойдаланилиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
6-боб. Аккредитация маркази фаолиятини ташкил этиш
20. Аккредитация марказининг жорий фаолиятига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
21. Аккредитация маркази директорининг уч нафар ўринбосари бўлади. Директор ўринбосарлари Аккредитация маркази директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
22. Аккредитация маркази директорининг маслаҳатчилари белгиланган тартибда Аккредитация маркази директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
23. Аккредитация маркази директори бўлмаган вақтда унинг ваколатлари директорнинг тегишли буйруғига асосан унинг ўринбосарларидан бири томонидан бажарилади.
24. Аккредитация маркази директори ички идоравий ҳужжатларни белгиланган тартибда тасдиқлайди.
7-боб. Аккредитация маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
25. Аккредитация маркази фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.
26. Аккредитация маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар белгиланган тартибда тасдиқланадиган Аккредитация маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
27. Аккредитация маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
раҳбарлар ва ходимларни рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
Аккредитация маркази фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Аккредитация маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
8-боб. Аккредитация марказини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
28. Аккредитация маркази фаолиятини молиялаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Муассис томонидан Аккредитация марказига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бириктирилган мулк;
қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилган мулклар.
Агар таъсис ҳужжатларига мувофиқ Аккредитация марказига даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган бўлса, бундай фаолиятдан олинган даромад ва бу даромад ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинади.
30. Аккредитация маркази мулки бўлинмас мулк ҳисобланади ва улушлар, пайлар бўйича, шу жумладан, Аккредитация маркази ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
асосий воситаларни сотиш, ҳисобдан чиқариш (бино ва иншоотлар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлардан ташқари);
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари розилиги билан автотранспорт воситаларини харид қилиш, бино ва иншоотларни сотиб олиш ва (ёки) қуриш;
мулкни Аккредитация маркази фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлган бошқача тарзда тасарруф этиш.
32. Аккредитация марказининг оператив бошқарувида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган даромадлар, шунингдек, Аккредитация марказининг шартнома бўйича ёхуд бошқа асосларда вужудга келган мол-мулки ҳам унинг оператив бошқарувига ўтади.
33. Қуйидагилар Аккредитация маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:
кўрсатилган хизматлардан олинган даромадлар;
аккредитация белгисидан фойдаланганлик учун аккредитациядан ўтказилган субъектлардан тушадиган ажратмалар;
Муассис томонидан Аккредитация марказини таъминлаш учун йўналтирилган маблағлар ёки мулк;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
34. Аккредитация маркази ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди, лавозим маоши, узоқ муддат узлуксиз хизмати учун устама ҳақлар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, рағбатлантириш тўловларидан, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат. Аккредитация марказининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби қонунчилик ҳамда ички ҳужжатларда белгиланади.
35. Аккредитация маркази ходимларининг лавозим маоши икки баравар миқдордаги коэффициентни қўлланган ҳолда, Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашга доир тасдиқланган разрядларга мувофиқ белгиланади.
қуйидаги миқдорларда кўп йиллик хизмати учун ойлик устама ҳақлари тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан ортиқ — 1,5.
Бунда кўп йиллик хизмати учун ойлик устама ҳақлари коэффициентини ҳисоблашда Аккредитация маркази ходимларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар (якка тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишлаган давридан ташқари), барча ташкилотлардаги меҳнат фаолияти даври ҳисобга олинади;
лавозим маошининг икки баравари миқдоригача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар, шунингдек, хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажараётган ходимларга қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, қўшимча ҳақ, мукофотлаш ва бошқа рағбатлантириш ҳамда компенсациялар тўланади.
37. Аккредитация маркази қонунчиликда белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиши мумкин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 11 мартдаги 114-сон қарорига илованинг 24-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 1 июлдаги 371-сон қарорига илованинг 6-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2024 йил 2 июлдаги 372-сон қарори.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/460/0889-сон)