toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига ҳамда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2005 йил 30 июндаги ПҚ-112-сон қарорига ҳамда «Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 13 мартдаги ПФ-34-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 25 июль,
169-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорига
1-ИЛОВА
(1-илова белгиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси контракт бўйича хизмат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари йўналиши бўйича турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (ҳарбий хизматчининг ўзини ҳисобламаган ҳолда), ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизматни ўташ жойига келган оила аъзолари: хотини (эри), уларнинг фарзандлари ва ота-оналари, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ олдинги яшаш жойида уй-жой майдонини бронь қилган ва бронь қилинган уй-жой майдонига уй-жой майдони билан таъминланмаган бошқа ҳарбий хизматчиларни жойлаштирган ёхуд уй-жой майдонини ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идораларининг квартира органларига берган ҳарбий хизматчиларга ҳам пул компенсацияси мана шу миқдорларда тўланади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари маъмурий чегараларига бевосита яқин жойлашган, бир гарнизон ҳудудига кирувчи туман аҳамиятига эга аҳоли яшаш пунктларидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчиларига, ушбу шаҳарлар (пойтахт ва вилоят марказлари) яқинида турар жойни ижарага олганлиги (ижарада турганлиги) учун пул компенсацияси, амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), ҳарбий хизматчи ҳақиқатда яшаётган ҳудудий бирлик учун белгиланган миқдорларда тўланади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 июлдаги 369-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 09/26/369/0706-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўлаш турар жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб ҳарбий хизматни ўташ жойига келгандан кейин амалга оширилади.
Пул компенсацияси тўлаш:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳарбий хизматчига белгиланган тартибда турар жой майдони берилган кундан бошлаб (шу жумладан белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жой майдонининг олди-сотди далолатномалари асосида), шунингдек, олди-сотди шартномалари имзоланган кундан, лекин узоқ муддатли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўланган ҳарбий хизматчиларга қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой фойдаланишга топширилган кундан кечиктирмай;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги 71-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон)
ҳарбий хизматчи қисмнинг шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган кундан бошлаб;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги 71-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган кундан бошлаб тўлиқ 24 ой ўтгандан кейин тўхтатилади.
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 375-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳарбий хизматчига турар жой майдони берилган, турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган, ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган тақдирда ҳарбий қисмнинг уй-жой комиссияси ҳарбий қисмнинг молия органига пул компенсациясини тўлашни тўхтатиш учун асос ҳисобланган ҳужжатнинг нусхасини тақдим этади.
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 375-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон)
Ота-оналари, эри (хотини)нинг ота-оналари уй-жой майдонида бирга яшаётган ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўланмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 853-модда)
3. Ҳарбий хизматчилар пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва коммунал хизматлар қийматисиз турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда командирга (бошлиққа) рапорт берадилар.
Рапортга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ҳарбий хизматчининг шахсий таркиб рўйхатига киритилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм командири буйруғидан кўчирма;
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг тегишли квартира органлари томонидан берилган олдинги хизмат жойи бўйича турар жой майдонини топширганлик (бронь қилганлик) тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотнома нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳарбий хизматчининг хизматни ўташ жойига келиши учун ҳарбий хизматчи билан келган ва бирга яшаётган оила аъзоларининг таркиби тўғрисида (туғилган санаси кўрсатилган ҳолда) ҳарбий қисм штабининг (кадрлар органининг) маълумотномаси;
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри, хотини) номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;
(3-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги 71-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
турар жойни ижара олганлик (ижара) шартномасининг солиқ хизмати органида ҳисобга қўйилган нусхаси ёки кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйилганлиги ҳақида билдиришнома.
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
4. Биргаликда никоҳда бўлган ҳарбий хизматчиларга (хотинига, эрига) пул компенсацияси хизматни ўташ жойидан эри (хотини) турар жой майдони билан таъминланмаганлиги ва пул компенсацияси олмаслиги ҳақидаги маълумотнома бўлган тақдирда ҳарбий хизматни ўташ жойи бўйича улардан бирига тўланади.
Ҳарбий хизматчи аёллар бола 2 ёшга тўлгандан кейин уни парвариш қилиш учун таътилга чиққанлари тақдирда пул компенсацияси бутун таътил даври учун тўланади.
5. Пул компенсацияси ҳарбий хизматчининг хизматни ўташ жойи бўйича молия органи томонидан ўтган ой учун тарқатиш ведомости бўйича тўланади, бир вақтнинг ўзида ҳарбий қисм командири (бошлиғининг), корхона ва муассасанинг тўланиши керак бўлган пул компенсацияси суммаси ва тўлов қайси давр учун амалга оширилаётганлиги кўрсатилган буйруғи асосида жорий ой учун пул таъминоти тўланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига хизмат сафарига юборилган ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси ушбу ҳарбий хизматчилар таъминотнинг бошқа турларига бириктирилган ҳарбий қисм, корхона ва муассасанинг молия органи томонидан тўланади. Мудофаа вазирлигининг корхоналар ва ташкилотлардаги ҳарбий ваколатхоналари ҳарбий хизматчиларига пул компенсациялари улар учун пул таъминоти тайинланган ҳарбий қисм, корхона ва муассасаларнинг молия органи томонидан тўланади.
Пул компенсациясини олувчи ҳар бир ҳарбий хизматчига алоҳида шахсий ҳисоб варағи юритилади, ҳарбий хизматчига тақдим этилган барча ҳужжатлар унга тиркаб қўйилади. Шахсий ҳисобварақлари ҳарбий қисмнинг молия органида тўловлар тамом бўлгунгача ва ҳарбий қисмнинг молия-хўжалик фаолияти ҳужжатлар билан тафтиш қилиниши жараёнида амалга оширилган харажатларнинг тўғрилиги текширилгунгача сақланади ҳамда сақлаш муддатлари тамом бўлгандан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак.
6. Пул компенсацияси миқдорини белгилаш чоғида ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ҳарбий хизматчи рапорт беради, янги миқдорлардаги пул компенсацияси ушбу ўзгартиришлар белгиланган тартибда кучга киргандан бошлаб тўланади.
Ҳарбий хизматчининг айби билан ортиқча олинган пул компенсацияси суммаси ундан тўлиқ миқдорда ундириб олинади.
7. Пул компенсацияси тўлаш билан боғлиқ харажатлар:
а) смета-бюджет тартибида молиялаштириладиган ҳарбий қисмлар, ҳарбий-таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда — бюджет маблағлари ҳисобидан;
б) хўжалик ҳисобидаги вазирликлар ва идораларнинг ҳарбий қисмларида, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларида — ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Сарфланган пул маблағлари тўғрисидаги ҳисобот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишув бўйича тегишли вазирлик ва идора томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича ҳарбий қисмнинг молия органи томонидан йилнинг ҳар чорагида юқори турувчи молия органига (таъминловчи молиявий органга) тақдим этилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарори таҳририда)
9. Пул компенсациясининг тўланиши тўғрилиги устидан назорат қилиш ҳарбий қисм командирига (бошлиғига), корхоналар, муассасаларга ва уй-жой комиссияси раисига юкланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси (кейинги ўринларда — пул компенсацияси) тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) (кейинги ўринларда — ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эълон қилинган фавқулодда ҳолат (уруш ҳолати) даврида жалб қилинган вақтда, шунингдек, жанговар (ҳарбий) ҳаракатлар олиб борилаётган пайтда яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари (ходимлари);
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари — ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқига эга бўлган янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онаси.
3. Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 13 мартдаги ПФ-34-сон Фармонига мувофиқ 1991 йил 1 январдан 2023 йил 1 майгача вазирлик ва идораларнинг жанговар (ҳарбий) ҳаракатларда, ноқонуний қуролли тузилмаларни аниқлаш ва йўқ қилишда, фавқулодда ҳолат (вазият) оқибатларини бартараф этишда, давлат чегараларини ҳимоя қилишда, террорчиликка қарши операцияларда, жиноятчиликка қарши курашишда ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларининг) оила аъзоларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
4. Ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлганлиги ҳолати тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 июлдаги ПҚ-4382-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат мажбуриятларини бажариш чогида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларига) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 354-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда аниқланади.
5. Пул компенсацияси ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига уларнинг мулки (номи)да турар жой бўлмаган тақдирда тўланади.
6. Пул компенсацияси ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига тўланади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирган турмуш ўртоғига, кейинчалик улар янги никоҳидан ажрашганида ёки бева қолганида пул компенсацияси тўланмайди.
7. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига пул компенсацияси, ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат ўтаган вазирлик ва идораларнинг улар турар жойни ижарага олган жойдаги туман (шаҳар) ҳудудий бўлинмалари, агар туман (шаҳар) ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлмаса, вилоят даражасидаги бўлинмалари (кейинги ўринларда — тўловни амалга оширувчи орган) томонидан тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлари марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади.
Пул компенсациясини олувчи ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоси (турмуш ўртоғи, ота-онасидан бири) билан бирга яшайдиган оила таркиби уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (пул компенсацияси олувчи шахсни ҳисобламаган ҳолда), пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда пул компенсацияси олувчи оила аъзоси билан бирга яшайдиган шахслар (ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари, ҳарбий хизматчи (ходим) ҳаётлигида фарзандликка олган шахслар, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари томонидан фарзандликка олинган шахслар, ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғидаги ота-онаси, шу жумладан, турмуш ўртоғининг ота-онаси) ҳисобга олинади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 июлдаги 369-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 09/26/369/0706-сон)
9. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзосига пул компенсацияси турар жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб тўланади.
10. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари пул компенсациясини олиш учун ижара асосида яшаш жойини ва коммунал хизматлар қийматисиз турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда, тўловни амалга оширувчи орган раҳбари номига мазкур Низомга 1-иловада кўрсатилган шаклдаги ёзма ариза билан мурожаат этадилар. Бунда аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ота-онасидан бири томонидан — ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ўлими тўғрисидаги гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
ишлаётган (хизмат қилаётган) жойидан хизмат турар жойи билан таъминланмаганлиги ёки турар жой ижараси харажатларини қоплаш учун тўлов амалга оширилмаётганлиги тўғрисида маълумотнома (ишлаётган (хизмат қилаётган) оила аъзолари учун);
турар жойни ижара олганлик (ижара) шартномасининг солиқ хизмати органида ҳисобга қўйилган нусхаси ёки кўчмас мулк ижара шартномаси ҳисобга қўйилганлиги ҳақида билдиришнома.
Пул компенсациясини олиш учун мурожаат этган ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларидан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари (туғилганлик ҳақида гувоҳнома, биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси), никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги, никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар нусхалари, номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда бошқа зарур ҳужжат ва маълумотлар тўловни амалга оширувчи орган томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан, «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
Тўловни амалга оширувчи орган раҳбари пул компенсациясини тўлаш бўйича ҳужжатларга қўшимча равишда тегишли командирнинг (бошлиқнинг) Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳарбий хизматчи (ходим) яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлганлигини (иштирок этган даврини кўрсатган ҳолда) тасдиқловчи буйруғидан кўчирмани илова қилади.
11. Пул компенсациясини тўлаш масаласи тўловни амалга оширувчи органнинг уй-жой комиссияси (уй-жой комиссияси мавжуд бўлмаса, юқори турувчи уй-жой комиссияси) томонидан тўпланган ҳужжатларни ўрганиш йўли билан кўриб чиқилади ва натижалари баённома билан расмийлаштирилади.
Пул компенсациясини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарор уй-жой комиссияси баённомаси асосида тўловни амалга оширувчи орган раҳбари томонидан қабул қилинади.
Қабул қилинган қарор ҳақида ариза билан мурожаат этган ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига 3 кунлик муддатда белгиланган тартибда почта ёки алоқанинг бошқа воситалари орқали хабар берилади.
12. Пул компенсациясини олиш учун ариза билан мурожаат этган ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари тақдим этган маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда ушбу маълумотларда келгусида бўладиган ўзгаришлар (шу жумладан, компенсация миқдорини ўзгаришига ёки тўхтатилишига олиб келувчи маълумотлар) ҳақида 3 кун муддатда тўловни амалга оширувчи органни хабардор қилиши тўғрисида мазкур Низомга 2-иловада кўрсатилган шаклда тилхат олинади.
13. Пул компенсацияси тўловни амалга оширувчи орган раҳбари томонидан ҳар ойда қабул қилинадиган, пул компенсацияси суммаси ва тўлов қайси давр учун амалга оширилаётганлиги кўрсатилган буйруққа асосан ушбу орган молия бўлинмаси томонидан ўтган ой учун жорий ойда тўланади.
14. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва қарамоғида бўлган ота-онаси (ота-онасидан бири) биргаликда яшаса пул компенсацияси уларнинг биттасига тўланади. Бунда пул компенсацияси уни олаётган шахс вафот этиши муносабати билан тўхтатилганда, пул компенсацияси олиш ҳуқуқига эга бўлган оиланинг бошқа аъзосига мазкур Низомга кўрсатилган тартиб асосида пул компенсацияси тўлови белгиланиши мумкин.
15. Пул компенсацияси миқдорини белгилашда ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда, бу ҳақда пул компенсацияси олаётган шахслар тўловни амалга оширувчи органга (қайта ҳисоб-китоб қилиш учун) 3 кун муддатда ёзма ариза билан шахсан мурожаат қиладилар.
16. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари айби билан ортиқча олинган пул компенсацияси суммаси улардан тўлиқ миқдорда (ихтиёрий равишда ёки суд тартибида мажбурий) ундириб олинади.
17. Пул компенсациясини тўлаш қуйидаги ҳолатларда тўловни амалга оширувчи орган раҳбарининг буйруғига асосан тўхтатилади:
белгиланган тартибда турар жой майдони берилган кундан бошлаб (шу жумладан, белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жой майдонининг олди-сотди шартномаси асосида);
узоқ муддатли ипотека кредити асосида турар жой сотиб олиш учун олди-сотди шартномалари имзоланган кундан, бироқ ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўланган пул компенсациясини олувчи шахсга қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой фойдаланишга топширилган кундан кечиктирмай;
турар жойни ижарага олиш муддати тугаган ёки бошқа ҳудудга яшаш учун кўчиб кетган кундан бошлаб;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) турмуш ўртоғига, у янги никоҳга кирган кундан бошлаб;
пул компенсацияси олаётган шахс ижарага олган турар жойда яшамаслиги аниқланган кундан;
пул компенсациясини олаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда компенсация тўлаш учун асос ҳисобланган, бироқ қариндошлик даражасини сохталаштириш, янги никоҳга кирганлигини яшириш ва бошқа шу каби ҳақиқатга мос келмайдиган ёлғон маълумотлар аниқланган кундан;
якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган кундан бошлаб тўлиқ 24 ой ўтгандан кейин.
18. Пул компенсациясини олувчи шахсга турар жой майдони берилган, турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган, компенсация олувчи шахс томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган тақдирда, тегишли уй-жой комиссиялари молия органига пул компенсациясини тўлашни тўхтатиш учун асос ҳисобланган ҳужжатнинг нусхасини тақдим этади.
19. Пул компенсациясини олувчи ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларининг ҳар бирига алоҳида шахсий ҳисобварағи юритилади ва тақдим этилган барча ҳужжатлар унга бириктириб қўйилади. Шахсий ҳисобварақлар тўловни амалга оширувчи органнинг молия бўлинмасида тўловлар тамом бўлгунгача ва молия-хўжалик фаолияти ҳужжатлар билан тафтиш қилиниши жараёнида амалга оширилган харажатларнинг тўғрилиги текширилгунга қадар сақланади ҳамда сақлаш муддатлари тамом бўлгандан кейин белгиланган тартибда йўқ қилинади.
20. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси қуйидагиларга тўланмайди:
мазкур Низомнинг 10-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахсларга;
вазирлик ва идоралар томонидан ҳарбий хизматчи (ходим) ҳаётлигида берилган турар жой (шу жумладан, имтиёзли ипотека кредити асосида) мулк ҳуқуқи асосида ўтган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) турмуш ўртоғи ва (ёки) ота-онасига — мазкур турар жой кейинчалик бошқа жисмоний (юридик) шахслар номига ўтказилган (сотилган, ҳадя қилинган, мусодара қилинган ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда) бўлишидан қатъи назар;
вазирлик ва идоралар томонидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчига (ходимга) у ҳаётлигида берилган хизмат хонадонида яшаётган шахсларга;
хизмат (иш) жойидан хизмат хонадони билан таъминланган шахсларга;
иш (хизмат) жойида турар жой ижараси харажатларини қоплаш учун тўлов амалга ошириладиган шахсларга.
21. Пул компенсацияси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.
22. Сарфланган пул маблағлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш шартларига мувофиқ тегишли шаклда юқори турувчи молия органига ҳисобот тақдим этилади.
23. Пул компенсациясининг тўғри тўланиши назорат қилиш тўловни амалга оширувчи орган раҳбари ва уй-жой комиссияси раиси ҳамда қонунчиликка мувофиқ назорат қилувчи органлар томонидан назорат қилинади.
Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

_________________________________________ га

(тўловни амалга оширувчи орган бошлиги Ф.И.О.)

_________________________________________ да

(компенсация олувчининг яшаш жойи)

яшовчи _____________________________________

(компенсация олувчининг тугилган санаси)

________________________________________ дан

(Ф.И.О.)

Тел.:________________

АРИЗА

Мен, марҳум ҳарбий хизматчи (ходим) _________________________________________________

____________________________________________________________________________________ нинг

(марҳум ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) охирги хизмат жойи, лавозими, ҳарбий унвони, Ф.И.О)

турмуш ўртоғи (ота-онаси) _______________________________________________________________ га

(компенсация олувчининг Ф.И.О)

турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаб беришингизни сўрайман.

Турмуш ўртоғим (ўғлим, қизим) _______________________________________________________

_________________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________________

(марҳум ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганлиги бўйича маълумотлар кўрсатилади)

Менга пул компенсацияси ўтган ой учун жорий ойда тўланиши ҳақида тушунтирилди.

Ижарага олинган турар жойда ўзим (ўзим ва оила аъзоларим билан бирга) яшайман.

Менга пул компенсация нақд пул шаклида (пластик картага пул кўчириш йўли билан) тўланиши бўйича эътирозим йўқ.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўғрилиги бўйича жавобгарликни ўз зиммамга оламан.

Аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қиламан:

l) _______________________________________;

2) _______________________________________;

3) _______________________________________.

___________________

__________________________

(имзо)

(Ф.И.О.)

20___ йил «____» ______________

Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

ТИЛХАТ

Мен, ______________________________________________________________ га

(Ф.И.О.)

____________________________________ томонидан турар-жойни ижарага олганлигим

____(тўловни амалга оширувчи орган номи)

(ижарада турганлик) учун пул компенсацияси олиш шартлари ва тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, мен пул компенсация олиш учун мен томонимдан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлайман ва келгусида ушбу маълумотларда бўладиган ўзгаришлар тўғрисида уч кун муддатда

____________________________ га маълумот бериш мажбуриятини ўз зиммамга оламан.

(тўловни амалга оширувчи орган номи)

Мен пул компенсацияси миқдорининг камайиши ёки тўхтатилишига олиб келувчи маълумот ва ҳужжатларни тақдим қилмаганлигим натижасида менга тўланган ортиқча харажатлар учун тўлиқ моддий жавобгарлигим тўғрисида огоҳлантирилдим.

____________________

________________________________

(имзо)

(Ф.И.О.)

20___ йил «____» ______________.

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 октябрдаги 531-сонли қарорига асосан киритилган)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 30-31-сон, 228-модда; 2012 й., 16-сон, 183-модда; 2017 й., 33-сон, 853-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 10.07.2020 й., 09/20/431/1048-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон; 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон; 10.04.2025 й., 09/25/214/0325-сон; 08.07.2026 й., 09/26/369/0706-сон)