toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказишни такомиллаштириш ва давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аккредитация талаблари ва шартлари;
аккредитациядан ўтказишни, шу жумладан, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёхуд «e-akkreditatsiya» ахборот тизими орқали ташкил этиш;
аккредитация, такрорий аккредитация, аккредитация соҳасини кенгайтириш, қисқартириш ва даврий баҳолаш;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш, тўхтатиш (тиклаш) ва тугатиш тартиби.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси Адлия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ушбу қарор билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёхуд «e-akkreditatsiya» ахборот тизими орқали кўрсатилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу қарорга мувофиқ давлат хизмати кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 июнь,
349-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 349-сон қарорига
1-ИЛОВА
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасасининг (кейинги ўринларда — Марказ) мувофиқликни баҳолаш органлари фаолиятини аккредитациядан ўтказиш ва даврий баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аккредитация — мувофиқликни баҳолаш органларининг муайян фаолият соҳасида мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга ваколатлилигини аккредитация органи томонидан расман тасдиқлаш;
аккредитация белгиси — аккредитациядан ўтказилган субъектларнинг аккредитация мақомини кўрсатиш мақсадида улар қўллаши учун мўлжалланган Марказ томонидан бериладиган белги;
аккредитация бўйича баҳоловчи — мувофиқликни баҳолаш органини баҳолаш учун аккредитация органи томонидан тайинланган, мазкур фаолиятни мустақил равишда ёки баҳолаш гуруҳи таркибида амалга оширадиган жисмоний шахс;
аккредитация бўйича техник эксперт — аккредитация органи томонидан тайинланган, аккредитация бўйича баҳоловчи раҳбарлигида ишлайдиган, баҳоланаётган аккредитация соҳасида махсус билимларга ёки кўникмаларга эга бўлган ва мустақил баҳолашни амалга оширмайдиган жисмоний шахс;
аккредитация комиссияси — Марказ ҳузурида ташкил этиладиган комиссия бўлиб, аккредитация талаблари ва шартларига оид ишлар натижаларини кўриб чиқиш ҳамда ушбу Регламентда назарда тутилган тегишли қарорларни қабул қилиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади;
аккредитациядан ўтказилган субъект — миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтказилган мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизмати;
аккредитация соҳаси — фаолиятнинг муайян соҳаси бўлиб, унда аккредитация учун аккредитация объектининг ёхуд аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ваколатлилиги тасдиқланади ёки тасдиқланган бўлади;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома — аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитациянинг белгиланган соҳасидаги ишларни бажаришга ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжат;
аккредитация учун ариза берувчи (кейинги ўринларда — аккредитация объекти) — аккредитация учун ариза берган мувофиқликни баҳолаш органи;
апелляция комиссияси — аккредитация органининг аккредитациядан ўтказиш, аккредитациядан ўтказишни рад этиш, аккредитациянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, аккредитация соҳасини кенгайтириш ва қисқартиришга доир қарорлари бўйича апелляцияларни кўриб чиқиш ҳамда қарорлар қабул қилиш мақсадида аккредитация органи ҳузурида тузиладиган комиссия;
баҳолаш гуруҳи раҳбари — зиммасига баҳолаш жараёнига раҳбарлик қилиш учун умумий масъулият юкланган ва Марказ томонидан ваколат берилган баҳоловчи;
баҳолаш — аккредитациянинг аниқ бир соҳаси учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, стандартлар ва аккредитация тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатлар асосида аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект ваколатли эканини аниқлаш мақсадида Марказ томонидан амалга ошириладиган жараён;
даврий баҳолаш — аккредитациядан ўтказилган субъект фаолиятининг аккредитация даврида белгиланган талабларга мувофиқлигини аккредитация даврида қайта баҳолаш тартиб-таомили;
Миллий аккредитация тизими реестри — аккредитациядан ўтказилган субъектлар, шунингдек, аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаларнинг жорий мақоми ҳақидаги расмий ахборот базаси;
мувофиқликни баҳолаш органи — мувофиқликни баҳолашга оид фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;
«e-akkreditatsiya» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) — мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация жараёнлари амалга ошириладиган ахборот тизими.
2-боб. Аккредитация талаблари ва шартлари
3. Қуйидагилар аккредитациянинг умумий талаб ва шартлари ҳисобланади:
аккредитация объектлари ёки аккредитациядан ўтказилган субъектларининг ваколати ва баҳолашга қўйилган талабларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, стандартлар ва аккредитация тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатларга мажбурий риоя қилиш;
аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектларнинг самарали фаолият кўрсатиш учун зарур бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида (шу жумладан, ижара ҳуқуқлари асосида) тааллуқли бўлган бино ва иншоотлар, техник-технологик ҳамда аппарат-дастурий воситаларнинг мавжудлиги;
жорий этилган ва амалдаги менежмент тизимининг мавжудлиги ҳамда аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект фаолиятида унинг талабларига риоя этиш, уларга ўзгартиришларни киритишда амалдаги менежмент тизимининг яхлитлигини сақлаш;
малакаси аккредитация жараёнида Марказ томонидан баҳоланадиган ва аккредитациянинг ариза берилган соҳасида малакали мутахассисларнинг штат бирлигида мавжудлиги, уларнинг ўзаро алмашинувчанлигини таъминлаш;
аккредитациянинг ариза берилган соҳасига мувофиқ ҳужжатларнинг мавжудлиги;
аккредитация объектлари ва аккредитациядан ўтказилган субъектлар томонидан ушбу Регламентнинг 18, 31-бандларда, шунингдек, 9 — 11-бобларида кўрсатилган тартибларга ҳамда аккредитация соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида белгиланган талабларга ва мезонларга риоя қилиш.
4. Қуйидагилар аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектни аккредитациядан ўтказиш ва ўз фаолиятида белгиланган талабларга риоя этиши учун қўшимча шартлар ҳисобланади:
а) маҳсулотларни сертификатлаш органи сифатида:
аккредитация объектининг ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва истеъмолчилардан мустақиллиги;
баҳоланаётган объектнинг техник регламент ва стандартларида белгиланган мажбурий кўрсаткичларнинг аксарият қисми аниқлашини таъминлайдиган, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган ўз синов лабораториясининг (маркази) мавжудлиги;
баҳоланаётган объект мажбурий кўрсаткичларининг етишмаётган қисми аниқлашини таъминловчи аккредитациядан ўтказилган бошқа синов лабораториялари (марказлари) билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг мавжудлиги;
б) инспекция органи сифатида аккредитациянинг ариза берилган соҳасида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш учун тегишли техника воситалари ва асбоб-ускуналар ёки лабораториянинг мавжудлиги (зарур ҳолларда);
в) хизматлар, жараёнлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органининг баҳоланаётган тарафдан мустақиллиги;
г) синов, калибрлаш ва тиббиёт лабораториялари (марказлари):
стандартлар, синаш ва калибрлаш усуллари (услубиятлари) талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш бинолари ва атроф-муҳит шароитларининг мавжудлиги;
аккредитациянинг ариза берилган соҳасига мувофиқ синовлар ўтказилишини ва (ёки) ўлчашлар бажарилишини таъминлайдиган синаш, ўлчаш воситалари, стандарт намуналар ва синаш асбоб-ускуналарининг мавжудлиги;
аккредитациядан ўтказилган лабораториялар синов баённомаларининг (ишлаб чиқаришдаги лабораториялар ички эҳтиёжлари учун ўтказган синовлари бундан мустасно) ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳолда расмийлаштирилиши;
лабораториялараро солиштириш синовлари ҳамда ўлчаш воситаларини калибрлаш натижалари, шунингдек, малака тестлари ўтказилгани.
5. Тадбиркорлик субъектлари томонидан аккредитациядан ўтказилган икки ва ундан ортиқ мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари синов лабораториялари ва сертификатлаш органларини ташкил этишига йўл қўйилмайди.
6. Аккредитациядан ўтказилган синов, калибрлаш, тиббиёт лабораториялари (марказлари) амалдаги аккредитация соҳасига мувофиқ ўзи қўллаётган синов ва ўлчаш воситаларидан, стандарт намуналардан ва синаш асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва (ёки) уларни қўллаш ҳуқуқларининг аккредитациядан ўтишга талабгор бўлган аккредитация объектлари фойдасига берилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
3-боб. Аккредитациядан ўтказиш тартиби
7. Аккредитация объектларини ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ аккредитациядан ўтказиш амалга оширилади.
Аккредитация объекти Марказ томонидан белгиланган шакл бўйича Марказга Регламентнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилган ҳолда, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёхуд ахборот тизими орқали ариза (кейинги ўринларда — буюртма) беради.
Аккредитация объекти зарур маълумотларни буюртмага киритгандан сўнг ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (elektron imzo, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Аккредитация объекти ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Буюртма ахборот тизимлари орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида аккредитация объекти томонидан юборилиши мумкин.
Бунда буюртма иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари Марказга келиб тушганда, навбатдаги иш куни буюртманинг Марказга тушган ва у томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
8. Аккредитация объекти буюртмага қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилади:
аккредитация соҳаси лойиҳаси;
аккредитация объектларининг ваколати ва баҳолаш талабларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар ва аккредитация тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатларга риоя қилингани юзасидан ўзини-ўзи баҳолаш анкетаси (чек-лист);
сифат бўйича қўлланма ва менежменти тизими тартиб-тамойил ҳужжатлари;
маҳсулот, хизматлар, жараёнлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органлари ва инспекция органи учун қўшимча равишда — ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, сертификатлаш (инспекциядан ўтказиш) тартиби тўғрисидаги ҳужжат ва инспекция органи томонидан қўлланадиган (зарур ҳолларда) техника воситалари ва асбоб-ускуналар ҳақидаги ҳужжат;
синов, калибрлаш ва тиббиёт лабораториялари (марказлари) учун қўшимча равишда — лаборатория, ходимлар ва улар томонидан қўлланадиган синаш, ўлчаш воситалари ҳамда синов ускунаси тўғрисидаги маълумотлар.
9. Аккредитация объектидан ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Аккредитация объекти ўз ихтиёрига кўра аккредитация объектига алоқадор қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим қилиши мумкин.
10. Буюртма таҳлили натижасида буюртма билан бирга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларда нотўғри, ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилганда ёки Регламентнинг 8-бандида белгиланган барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, бир иш кунидан кечикмай аккредитация объектига ҳужжатлар пухта ишлаб чиқиш учун қайтарилади.
Агар буюртманинг таҳлили натижасида аккредитация объектини баҳолашга жалб этилиши мумкин бўлган тегишли баҳоловчи ва техник экспертлар бошқа аккредитация объектларини баҳолаш жараёнларига жалб этилган бўлса, Марказ бу ҳақида аккредитация объектида дастлабки баҳолаш жараёнларини амалга ошириш муддатлари тўғрисида ёзма хабар бериб, унда томонларга қулай бўлган муддат таклиф этилиши лозим. Бунда таклиф этиладиган муддат уч ойдан ошмаслиги талаб этилади.
Буюртманинг таҳлили натижаси ижобий бўлганда, шунингдек, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган ҳолларда дастлабки баҳолаш жараёнларини амалга ошириш муддатлари келишиб олинганидан сўнг, икки иш кунидан кечикмай ҳужжатлар экспертизаси бўйича шартнома тайёрланади ва аккредитация объектига юборилади.
Аккредитация объекти давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Аккредитация объекти давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг буюртмаси кўрилмасдан қолдирилади.
11. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун тўлов тўлангач, уч иш куни давомида Марказ томонидан малакаси баҳоланган ва рўйхатга олинган баҳоловчилар ҳамда техник экспертлардан иборат баҳолаш гуруҳи шакллантирилади.
12. Баҳолаш гуруҳи таркиби аккредитация объектининг асосланган таклифларини инобатга олган ҳолда, у билан келишиб олинганидан сўнг тақдим этилган аккредитация объекти ҳужжатлари экспертизадан ўтказилади. Экспертизадан ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.
Тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш натижасида аккредитация талаблари ва шартларига номувофиқликлар аниқланса, Марказ жойнинг ўзида баҳолашни давом эттирмаслик юзасидан қарор қабул қилади. Бунда қабул қилинган қарор натижалари ва уларнинг асослари аккредитация объектига ёзма равишда хабар қилинади.
13. Аккредитация объекти аниқланган камчиликлар тўғрисида хабар қабул қилгандан сўнг тўрт ойдан ошмайдиган муддатда уларни бартараф этиш чораларини кўради.
Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, аккредитациядан ўтказишга берилган буюртма бекор қилинади.
Аккредитация объекти аниқланган камчиликлар тўғрисида хабарни қабул қилгандан сўнг кейинги аккредитация жараёнини амалга оширишни рад этиш ҳуқуқига эга ва бу ҳақида Марказни ёзма равишда хабардор қилади.
Экспертиза натижалари ижобий бўлганда, Марказ томонидан жойнинг ўзида баҳолаш учун шартнома тайёрланади ва аккредитация объектига юборилади.
14. Жойнинг ўзида баҳолашни ўтказиш учун шартномага мувофиқ, тўлов тўлангач, баҳолаш гуруҳи томонидан баҳоланиши керак бўлган фаолият турлари, баҳолаш ишлари бажариладиган жойлар, баҳолаш санаси, баҳолаш гуруҳи таркиби ва унинг вазифаларини қамраб олувчи баҳолаш режаси ишлаб чиқилади ҳамда аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект билан келишиб олинади.
15. Аккредитация объектининг ёки аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация талаблари ва шартларига мувофиқлигини ҳамда аккредитация объекти сўралган функцияларни бажара олиш қобилиятини баҳолаш баҳолаш гуруҳининг асосий вазифалари ҳисобланади.
16. Аккредитация объектини ёки аккредитациядан ўтказилган субъектни жойнинг ўзида баҳолаш муддатлари уларнинг фаолияти хусусиятларини, шунингдек, уларни ихтисослаштирилган (лаборатория, ташхис, метрология, методологик, ишлаб чиқариш ва технологик) баҳолаш заруратини ҳисобга олган ҳолда Марказ томонидан аниқланади. Бунда аккредитация объектини баҳолаш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.
17. Баҳолаш ишлари тасдиқланган режага мувофиқ ўтказилади. Баҳолаш режасини Марказ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс тасдиқлайди.
18. Баҳолаш гуруҳи аккредитация объектининг ёки аккредитациядан ўтказилган субъектининг аккредитация соҳасига киритилган ҳар бир сўралган фаолият йўналишини баҳолайди.
Аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект жойнинг ўзида баҳолаш ишлари учун шарт-шароитлар, шу жумладан, баҳолаш гуруҳига зарур маълумот, ёзувлар ва ҳужжатлардан (шу жумладан, ички аудит натижаларидан) фойдаланиш, биноларга кириш ҳамда ходимлар малакасини баҳолаш имкониятини яратади.
Ходимлар малакаси уларнинг шахсий карталарини ўрганган ҳолда сўралган соҳадаги малакаси, тайёргарлиги, маълумотини, мувофиқликни баҳолаш бўйича кўникмаларини намойиш қилишини кузатиш ва суҳбатдан ўтказиш орқали баҳоланади.
Баҳолаш гуруҳи лабораториялараро солиштирма синовлар натижаларини ҳамда ўлчаш воситаларини калибрлаш натижалари, шунингдек, сўралган соҳаларда малака тестлари ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир.
Таркибига аккредитациядан ўтказилган субъект кирадиган юридик шахсда сертификатланган менежмент тизимининг мавжудлиги аккредитация объекти учун бу борадаги аккрредитация талаблари ва шартлари бажарилганининг тасдиғи бўла олмайди.
19. Жойнинг ўзида баҳолаш ишларини бажариш учун шарт-шароит яратиб берилмаган ҳолатда, баҳолаш гуруҳи раҳбари Марказга тегишли билдирги тақдим этиши шарт, Марказ унинг асосида баҳолаш ишларини бир ойдан ошмайдиган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади.
Аккредитация объекти кўрсатилган муддатда жойнинг ўзида баҳолаш ишлари учун шарт-шароит яратиб бермаса, аккредитациядан ўтказишга берилган буюртма бекор қилинади.
20. Баҳолаш якунлари бўйича баҳолаш гуруҳининг баҳолаш давомида аниқланган номувофиқликларни (улар мавжуд бўлганда) ўз ичига олган ҳисоботи (кейинги ўринларда — ҳисобот) тузилади.
Ҳисобот баҳолаш гуруҳи аъзолари томонидан имзоланади ва аккредитация объектининг ёки аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ваколатли вакилига танишиш учун тақдим этилади. Бунда аккредитация объектининг ёки аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ваколатли вакили ўзининг алоҳида фикрини (зарурат бўлганда) ёзма равишда ифодалаши мумкин.
Ҳисобот икки нусхада тузилади, унинг бир нусхаси аккредитация объектининг ёки аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ваколатли вакилига берилади.
21. Баҳолаш гуруҳи ижобий ҳисобот расмийлаштирган тақдирда (номувофиқлик мавжуд бўлмаганда), уч иш куни мобайнида ҳисоботни Аккредитация комиссиясининг тегишли қарорини қабул қилиш учун Марказга тақдим этади.
22. Баҳолаш вақтида номувофиқликлар аниқланса, аккредитация объекти номувофиқликларни бартараф этишга доир ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади. Бунда номувофиқликларни бартараф этиш муддати баҳолаш бўйича ҳисобот расмийлаштирилган санадан бошлаб тўрт ойдан ошмаслиги керак.
23. Аккредитация объекти томонидан ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумотлар ва номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса, баҳолаш гуруҳи раҳбари ҳисоботни илова қилган ҳолда, аккредитация бўйича ишларни тугатиш тўғрисида Марказга билдирги тақдим этиши шарт.
24. Марказ ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида баҳолаш ишларини бажарган баҳолаш гуруҳи томонидан аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектда номувофиқликлар амалда бартараф этилган ҳолатини зарур бўлса, жойнинг ўзига борган ҳолда ўрганишни таъминлайди.
Тақдим этилган маълумот ва тасдиқловчи ҳужжатлар номувофиқликларни бартараф этиш учун етарли бўлмаса, Марказ номувофиқликларни бартараф этишга берилган муддат доирасида қўшимча маълумот сўрашга ҳақли.
25. Баҳолаш гуруҳи номувофиқликларнинг амалда бартараф этилган ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича якуний ҳисоботни расмийлаштиради ва уч иши куни мобайнида Марказга тақдим этади.
26. Марказ ҳисоботни қабул қилган санадан бошлаб беш иш куни мобайнида аккредитация комиссияси мажлисида унинг кўриб чиқилишини таъминлайди. Аккредитация комиссияси таркиби Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
27. Қуйидагилар аккредитацияни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос ҳисобланади:
аккредитациядан ўтказиш тартибида белгиланган барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаганда;
аккредитация объекти томонидан кўрсатилган маълумотларда нотўғри маълумот мавжудлиги;
аккредитация объектининг аккредитация натижаларига кўра ариза берилган аккредитация соҳасидаги мувофиқликни баҳолаш ишларини бажаришга ваколатлилиги тасдиқланмаган тақдирда;
аниқланган номувофиқликларни белгиланган муддатларда бартараф этмаслик.
Аккредитацияни рад этиш тўғрисида бошқа асослар, шу жумладан, мақсадга мувофиқсизлик сабаблари бўйича қарор қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур банднинг учинчи хатбошисига мувофиқ аккредитация объекти томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.
Марказда тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, аккредитация объектидан қўшимча маълумотларни талаб этмаган ҳолда, Марказ уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради.
28. Аккредитация комиссияси томонидан ижобий қарор қабул қилинса, Марказ ва аккредитация объекти ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома тузилади.
Аккредитациядан кейинги шартномада қуйидагилар акс эттирилади:
Марказ ва аккредитациядан ўтказилган субъект ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шу жумладан, гувоҳлик баҳолаш, мувофиқликни баҳолаш ишлари якунлангандан кейинги уларнинг натижадорлигини ўрганиш ва огоҳлантиришсиз ташриф орқали баҳолаб бориш, мувофиқликни баҳолаш ишларининг бажарилиши юзасидан ўз фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш шартлари ҳамда томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
аккредитация белгисини қўллаш шартлари ва Миллий аккредитация тизими реестри рақамидан фойдаланиш;
аккредитация қилинган субъектни даврий баҳолашни амалга ошириш шартлари.
29. Марказ ўзининг расмий веб-сайтида Миллий аккредитация тизими реестри (кейинги ўринларда — реестр), шунингдек, баҳоловчилар ва техник экспертлар рўйхатини юритади.
Реестр Марказ томонидан шакллантирилади ва юритилади.
Реестр танишиш учун очиқ ҳисобланади.
Реестрни шакллантириш ва юритиш тартиби Марказ томонидан белгиланади.
30. Марказ ва аккредитация қилинган субъект ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома имзолангандан сўнг, аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда шакллантирилиб, беш йил муддатга берилади ҳамда аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ЯИДХП ёхуд ахборот тизимидаги шахсий кабинетига юборилади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома реестрда давлат тилида юритилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома аккредитациядан ўтказилган субъектнинг ёзма сўровига асосан инглиз ёки рус тилига таржима қилинган ҳолда қоғоз шаклида аслига тўғрилигини тасдиқловчи муҳр босилиб тақдим этилиши мумкин.
31. Аккредитациядан ўтказилган субъектлар ўзининг фақат аккредитация соҳаси татбиқ этиладиган мувофиқликни баҳолаш ишларига нисбатан аккредитациядан ўтказилганлиги тўғрисида аккредитация белгисини ва (ёки) Миллий аккредитация тизими реестрида рўйхатдан ўтказилган рақамига ҳавола (кейинги ўринларда — матнли ҳавола) тўғри ва ҳаққоний қўлланишига ҳамда ўтказилган мувофиқликни баҳолаш ишлари ишончлилигига жавобгардир.
32. Аккредитация комиссияси салбий қарор қабул қилганда, Марказ аккредитацияни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида аккредитация объектига ёки аккредитациядан ўтказилган субъектга ЯИДХП ёхуд ахборот тизими орқали бу тўғрисида хабарнома юборади.
Буюртма Давлат хизматлари маркази орқали берилганда рад этиш тўғрисидаги қарор ҳақидаги хабарнома аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектнинг электрон почта манзилига юборади.
33. Аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитация комиссиясининг аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан Марказ ҳузуридаги апелляция комиссиясига ёки суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
34. Аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида тўрт ой олдин такрорий аккредитацияга буюртма тақдим этиши керак.
Агар аккредитациядан ўтказилган субъект ваколатини баҳолашга қўйиладиган талабларни тартибга солувчи стандартлар янги қабул қилинса, аккредитациядан ўтказилган субъектда ўтказилган баҳолашнинг ижобий натижаси билан аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома амалдаги аккредитация муддатига қайта расмийлаштирилади.
35. Ушбу Регламентнинг 34-бандига асосан такрорий аккредитация башарти аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитациянинг амал қилиш муддати тугашидан камида тўрт ой олдин ариза берган бўлса, ушбу субъектнинг аввалги фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда, мазкур Регламентнинг 3-бобида белгиланган тартибда ўтказилади.
Бунда тегишли халқаро стандарт талаблари бўйича аввал баҳоланган амалдаги менежмент тизимига ва аккредитация соҳасига ўзгартиришлар киритмаганлиги юзасидан маълумотлар тақдим этилганда, такрорий аккредитациядан ўтказиш мазкур Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказмасдан, жойининг ўзида баҳолаш ишлари амалга оширилади.
Агар такрорий аккредитация ўтказиш натижасида аккредитациядан ўтказилган субъектда аккредитация талаблари ва шартларига номувофиқлик аниқланса, унинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилиши ушбу Регламентнинг 48-бандида белгиланган муддатга, бироқ аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани амал қилиш муддатини инобатга олган ҳолда тўхтатилиши лозим.
4-боб. Аккредитация соҳасини кенгайтириш ва қисқартириш
36. Аккредитация соҳасини кенгайтириш ишлари аккредитациядан ўтказилган субъект аризаси бўйича ушбу Регламентнинг 7 — 26, 32 — 33-бандларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
37. Аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация соҳаси аккредитация комиссиясининг қарори билан қуйидагилар асосида қисқартирилади:
аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация соҳасини қисқартириш тўғрисидаги аризасига кўра;
аккредитациядан ўтказилган субъект фаолиятини даврий баҳолаш натижаларига кўра;
гувоҳлик баҳолашга ёки мувофиқликни баҳолаш бўйича кўникмаларни намойиш қилишни кузатишга шароит яратилмаганда (шароит яратилмаган соҳа йўналишига нисбатан).
38. Аккредитация соҳаси қисқартирилса, Марказ томонидан аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация соҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
5-боб. Даврий баҳолаш
39. Даврий баҳолаш ишлари аккредитациядан кейинги шартнома асосида ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ жойнинг ўзига бориб амалга оширилади.
Биринчи даврий баҳолаш ишлари аккредитация санасидан кейин ўн икки ойдан кечикмай ўтказилади. Кейинги даврий баҳолаш ишлари ҳар чорак учун олдиндан Марказ раҳбари томонидан тасдиқланадиган даврий баҳолаш режа-жадвалига мувофиқ даврий, бироқ аввалги даврий баҳолаш ишлари ўтказилган вақтдан бошлаб йигирма тўрт ойдан кечикмай (маҳсулотни сертификатлаш органлари учун ўн икки ойдан кечикмай) ўтказилади.
40. Йигирма тўрт ой даврийлик муддати қуйидаги шартлар бажарилса белгиланади:
аввалги даврий баҳолаш натижаларига кўра аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома амал қилиши тўхтатилмаган бўлса;
аккредитациядан ўтказилган қилинган субъект фаолияти бўйича шикоятлар бўлмаган бўлса;
аккредитациядан ўтказилган субъект фаолияти бўйича ўтказилган мониторинг ижобий натижалар берган бўлса.
41. Аккредитация қилинган субъект фаолияти бўйича режадан ташқари даврий баҳолаш аккредитация талаблари ва шартлари, шу жумладан, аккредитация белгисидан фойдаланиш бузилганлиги тўғрисида ҳужжатлар билан тасдиқланган ёзма мурожаат Марказга тушганда, аккредитациядан ўтказилган субъектдан ҳақ ундирилмаган ва баҳолаш режаси келишилмаган ҳолда бажарилади.
42. Даврий баҳолаш ишларини бажариш ушбу Регламентнинг 14 — 18, 20-бандларига мувофиқ тартибда бажарилади.
Даврий баҳолаш давомида Марказ аккредитациядан ўтказилган субъектлар томонидан аккредитация белгисини ва (ёки) матнли ҳаволаларни қўллашнинг тўғрилигини ҳам ўрганади. Аккредитациядан ўтказилган субъектлар томонидан аккредитация белгисини қўллаш қоидалари Марказ томонидан ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига мувофиқ белгиланади.
43. Баҳолаш гуруҳи уч иш куни мобайнида Марказга бажарилган даврий баҳолаш ишлари тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.
44. Марказ даврий баҳолаш ишлари тўғрисидаги ҳисоботни қабул қилгандан кейин беш иш куни мобайнида унинг аккредитация комиссияси мажлисида кўриб чиқилишини таъминлайди.
Аккредитация комиссияси:
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш;
аккредитация соҳасини қисқартириш (охирги баҳолаш ишлари давомида аниқланган номувофиқликлар такроран аниқланганда, номувофиқликларга такроран йўл қўйилган соҳа аккредитация соҳасидан чиқарилади);
комиссия аъзоларининг катта қисми баҳолаш гуруҳи ҳисоботига қўшилмаган тақдирда, аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация талаблари ва шартларига мувофиқлигини ҳақ олмасдан қўшимча баҳолаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Аккредитация комиссиясининг қарори у қабул қилингандан кейин аккредитациядан ўтказилган субъектга бир иш кунидан кечикмай етказилади.
45. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш) ёки тугатиш ушбу Регламентнинг 6-7-бобларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
46. Аккредитация комиссиясининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақидаги қарори юзасидан Марказ ҳузуридаги апелляция комиссиясига ёки суд тартибида шикоят қилиш мумкин.
6-боб. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш)
47. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Марказ томонидан аккредитация комиссияси қарорига кўра қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда бир календар йил ичида бир маротаба тўхтатиб туриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилганида (даврий баҳолаш режа-жадвалига киритилган ҳолатлар бундан мустасно);
аккредитация талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганда;
аккредитациядан ўтказилган субъект томонидан аккредитациядан кейинги шартнома қоидаларига риоя этилмаганда.
48. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўрт ойдан ошмайдиган муддатда тўхтатиб турилади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги маълумот қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай, реестрда қайд этилади ва аккредитация қилинган субъектга ёзма равишда хабар юборилади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қабул қилган қарори тўғрисида маълумот реестрда қайд этилган санадан бошлаб тўхтатиб турилади.
Аккредитация қилинган субъект аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тиклангунга қадар аккредитация белгиси ва (ёки) матнли ҳаволани қўллаши тақиқланади.
49. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ушбу Регламент 47-бандининг:
а) иккинчи хатбошисига мувофиқ тўхтатилганда, аккредитациядан ўтказилган субъект гувоҳнома амал қилишини тиклаш учун унинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этилгани юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Марказга ёзма мурожаат қилиши ва уни ўрганиб чиқиш учун шарт-шароит яратиб бериши лозим.
Марказ тақдим этилган ҳужжатлар асосида гувоҳноманинг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларни зарур бўлса, жойнинг ўзга борган ҳолда ўрганади ва унинг натижалари бўйича аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани амал қилишини аккредитация комиссияси қарорига кўра тиклайди.
Агар ўрганиш натижаларига кўра аккредитациядан ўтказилган субъект томонидан аккредитация талаблари ва шартларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланса ёки ўрганиш учун шарт-шароит яратиб берилмаса, Марказ аккредитация комиссияси қарорига кўра аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тиклашни рад этади ҳамда уларни бартараф этиш учун ушбу Регламентнинг 48-банди биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатни беради. Бунда аккредитациядан ўтказилган субъект мазкур банднинг б) кичик бандида белгиланган тартибга кўра тегишли чоралар кўради;
б) учинчи ва тўртинчи хатбошларга мувофиқ тўхтатилганда, аккредитациядан ўтказилган субъект номувофиқликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади.
Мазкур банднинг а) ва б) кичик бандларига кўра, аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш муддати аккредитация комиссиясининг қарорига асосан Марказ томонидан белгиланган муддатдан ошмаслиги керак.
50. Аккредитациядан ўтказилган субъект томонидан ҳаракатлар режасини бажариш ҳақидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса, баҳолаш гуруҳи раҳбари Марказга аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш кераклиги хусусида билдирги тақдим этади.
51. Номувофиқликларнинг бартараф этилган ҳолатлари ушбу Регламентнинг 24-25-бандларига мувофиқ ўрганилади.
52. Марказ баҳолаш гуруҳи томонидан якуний ҳисобот тақдим этилгандан сўнг беш иш куни мобайнида тегишли қарор қабул қилиш учун аккредитация комиссиясининг мажлисида унинг кўриб чиқилишини таъминлайди.
53. Аккредитация комиссиясининг қарори у қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кундан кечикмай, Марказ томонидан аккредитациядан ўтказилган субъектга етказилади.
54. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш ҳақидаги маълумотлар реестрда қайд этилиши лозим.
7-боб. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш
55. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилса (баҳолаш жараёнида ёки баҳолаш гуруҳининг ҳисоботи расмийлаштирилгандан сўнг ариза тақдим этиш ҳолатлари бундан мустасно);
юридик шахс (аккредитациядан ўтказилган субъект) тугатилса;
аккредитациядан ўтказилган субъект томонидан гувоҳнома амал қилишининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар Марказ томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаса;
аккредитация соҳаси бузилса;
гувоҳнома сохта ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланган бўлса;
ушбу Регламентнинг 48-бандига асосан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилган даврда, аккредитация белгиси ва (ёки) матнли ҳавола қўлланганлик ҳолатлари аниқланганда.
56. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қарорига кўра Марказ томонидан тугатилади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай реестрда қайд этилади ва аккредитациядан ўтказилган субъектга ёзма равишда хабар юборилади.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қабул қилинган қарори ҳақидаги маълумот реестрда қайд этилган санадан бошлаб тугатилади.
Ушбу Регламент 55-банднинг тўртинчи — еттинчи хатбошиларига мувофиқ аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда, шунингдек, 44-банднинг олтинчи хатбошисига асосан аккредитация соҳаси қисқартирилганда аккредитация учун такрорий ариза бу ҳақида тегишли қарор қабул қилинган санадан камида олти ойдан кейин берилади.
57. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги маълумотлар Реестрда қайд этилиши лозим.
8-боб. Аккредитация белгисидан фойдаланишнинг мониторингини амалга ошириш
58. Аккредитация белгисидан фойдаланиш мониторинги аккредитациядан ўтказилган субъектлар томонидан аккредитация белгисидан ва (ёки) матнли ҳаволалардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишнинг ҳолатини ўрганиш асосида аккредитациядан кейинги шартномага асосан амалга оширилади.
Мониторинг:
Марказ томонидан аккредитациядан ўтказилган субъектлардан вақти-вақти билан сўраладиган аккредитациядан ўтказилган соҳада уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот;
истеъмолчиларнинг аккредитациядан ўтказилган субъектлари хизматлари сифатидан қониқиши тўғрисидаги сўров натижаларини истеъмолчилар билан қайта алоқа орқали;
Марказнинг сўрови бўйича назорат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.
59. Мониторинг натижалари бўйича Марказ уч иш куни мобайнида аккредитациядан ўтказилган субъектларни улар томонидан тегишли чоралар кўриш учун мониторинг натижалари тўғрисида хабардор қилади.
Бунда мониторинг натижалари бўйича Марказ томонидан аккредитациядан ўтказилган субъектларга нисбатан бирон-бир чора кўрилишига йўл қўйилмайди.
Мониторинг натижаларидан даврий баҳолаш давомида фойдаланилиши мумкин.
9-боб. Марказ хизматларига ҳақ тўлаш тартиби
60. Марказ томонидан аккредитация соҳасидаги қуйидаги хизматлар учун ҳақ ундирилади:
ҳужжатлар экспертизаси учун;
аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектни баҳолаш учун (шу жумладан, гувоҳлик баҳолаш, мувофиқликни баҳолаш ишлари якунлангандан кейинги уларнинг натижадорлигини ўрганиш);
тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ аккредитациядан ўтказилган субъектни даврий баҳолаш учун;
аккредитация соҳасини долзарблаштириш учун.
Аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъектлар томонидан аккредитация соҳасидаги Марказ хизматларига уларнинг натижаларидан қатъи назар ҳақ тўланади.
61. Марказ томонидан аккредитация соҳасидаги қуйидаги хизмат турлари бўйича ҳақ ундирилмайди:
аризалар таҳлили учун;
олдин берилган (амалдаги) аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш) ёки тугатиш;
аккредитация соҳасини қисқартириш;
аккредитациядан ўтказилган субъект фаолиятини режадан ташқари даврий баҳолашни ва огоҳлантиришсиз ташрифни амалга ошириш;
ушбу Регламентнинг 69-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган материаллар долзарблаштирилгани учун.
62. Ушбу Регламентда назарда тутилган хизматлар учун тўловлар Марказнинг сарфланган вақт ва хизмат сафарлари харажатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Сарфланган вақтни ҳисоблаб чиқиш методикаси Марказ томонидан белгиланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
63. Мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилган пулли хизматлар тушумидан ажратмалар 2 фоиз миқдорида белгиланади ҳамда тўлиқлигича Марказга ўтказилади.
Ажратма ҳажми тўғрисидаги маълумотлар Марказ томонидан масофавий ўрганиб борилади ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланмаган ҳолатлар аккредитациядан кейинги шартнома қоидаларига риоя этилмаслик деб баҳоланади.
10-боб. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш
64. Аккредитациядан ўтказилган субъект қайта ташкил этилса, унинг номи, юридик манзили ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, йигирма иш куни мобайнида мазкур ўзгартишлар ҳақида олдин берилган (амалдаги) аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхасини илова қилиб, уни қайта расмийлаштириш учун Марказни ёзма равишда хабардор қилиши керак.
65. Агар аккредитациядан ўтказилган субъект илгари аккредитациядан ўтказилган аккредитация объектининг ҳуқуқий вориси бўлмаса, ҳужжатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ кейинги тартиб-таомиллар ушбу Регламентнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда ўтказилади.
66. Аккредитациядан ўтган маҳсулотлар, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органи ва инспекция органининг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, янги аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома аккредитация ўтказилмай, амалдаги аккредитация муддатига расмийлаштирилади.
67. Аккредитациядан ўтказилгандан синов, калибрлаш ва тиббий лаборатория (маркази) жойлашган жой ўзгарса, хабарнома келиб тушгандан кейин Марказнинг буйруғи билан тайинланган масъул гуруҳ томонидан ушбу аккредитациядан ўтказилган субъектларни баҳолаш мақсадида бир иш кунида огоҳлантиришсиз ташрифнинг ижобий натижасига асосан аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома амалдаги аккредитация муддатига қайта расмийлаштирилади.
68. Янги аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома Марказ томонидан уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади.
11-боб. Аккредитациядан ўтказилган субъектнинг материалларини долзарблаштириш
69. Аккредитациядан ўтказилган субъект материаллари қуйидаги ҳолларда долзарблаштирилади:
аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация соҳасида кўрсатилган техник регламент ва стандартлар ўрнига янгиси амалга киритилса, уларга ўзгартишлар, қўшимчалар киритилса (қабул қилинаётган норматив ҳужжатда маҳсулотларнинг янги турлари, синаш (ўлчаш) усуллари кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно);
сифат бўйича қўлланмага ва менежмент тизими тартиб-тамойил ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилса;
аккредитациядан ўтказилган субъект ходимларининг таркиби ўзгарса.
70. Аккредитация материаллари долзарблаштирилса, аккредитациядан ўтказилган субъектлар бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда, ўзгартиришлар киритилган ҳужжатларни, шунингдек, киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан қиёсий таҳлилни илова қилиб, Марказга ариза тақдим этади.
71. Марказ ўн беш иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва аввал тасдиқланган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритади. Ушбу Регламентнинг 69-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ материаллар долзарблаштирилган тақдирда, аккредитациядан ўтказилган субъектнинг аккредитация соҳаси янги таҳрирда тасдиқланади.
12-боб. Апелляцияларни кўриб чиқиш
72. Аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект аккредитация ёки даврий баҳолаш натижалари бўйича аккредитация комиссиясининг унга нисбатан салбий қарори чиқарилса, аккредитация комиссиясининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь куни мобайнида Марказга ёзма шаклда апелляция бериш ҳуқуқига эга.
73. Апелляция комиссияси ҳар бир апелляцияни кўриб чиқиш учун заруратга кўра шакллантирилади. Апелляция комиссияси таркиби Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш муддатлари апелляция олинган кундан бошлаб уч кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
74. Апелляция комиссиясининг таркиби баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, шу жумладан, халқаро экспертлар орасидан апелляция берган аккредитация объектини ёки аккредитациядан ўтказилган субъектни баҳолашда иштирок этмаган ва аккредитация комиссияси таркибида бўлмаган Марказнинг камида уч вакилидан шакллантирилади.
75. Марказ апелляция берган аккредитация объектини ёки аккредитациядан ўтказилган субъектни ва баҳолаш ишларини бажарган гуруҳ раҳбарини апелляция кўриб чиқиладиган сана ҳақида хабардор қилади. Апелляция берган аккредитация объекти ёки аккредитациядан ўтказилган субъект вакили ва гуруҳ раҳбари апелляцияни кўриб чиқишда иштирок этишлари мумкин.
76. Апелляция комиссияси берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида аккредитация объектига ёки аккредитациядан ўтказилган субъектга ёзма равишда маълум қилади. Апелляцияни кўриб чиқиш муддати у берилган санадан бошлаб ўн календарь кундан ошмаслиги керак.
77. Кўриб чиқилган апелляция натижалари бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
аккредитация комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш;
апелляцияни қаноатлантириш.
78. Аккредитация комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор агар:
апелляция ушбу Регламент талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда келтирилган сабаблар тасдиқланмаса қабул қилинади.
79. Апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинса, Марказ томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бериш ёки аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинади.
80. Марказ икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани апелляция берган аккредитация объектига ёки аккредитациядан ўтказилган субъектга ёзма шаклда юборади.
81. Айнан бир масала бўйича апелляцияни такроран беришга йўл қўйилмайди.
82. Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикояти қилиш мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185, 186-187-моддалари.
13-боб. Якунловчи қоида
83. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Аккредитацияни ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Буюртмачи

Аккредитация олиш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тайёрлайди.

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП ёхуд ахборот тизими орқали зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртма тақдим этади.

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

Марказ

Буюртма иш вақтидан кейин ёки дам олиш кунлари Марказга келиб тушганда, навбатдаги иш куни ариза Марказга тушган ва қабул қилинган ҳисобланади.

Буюртма келиб тушган кунда

2-босқич

Марказ

1. Тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар юзасидан буюртмани таҳлил қилади:

ижобий натижа бўлганда аккредитация бўйича хизматлар кўрсатиш шартномасини тайёрлайди ва аккредитация объектига ЯИДХП ёки ахборот тизими орқали тақдим этади;

Икки иш куни мобайнида

ҳужжатлар ва маълумотларда — нотўғри, шу жумладан, ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилганда, уларни пухта ишлаб чиқиш учун аккредитация объектига ЯИДХП ёки ахборот тизими орқали қайтаради.

Бир иш куни мобайнида

Марказ

2. Тўлов тўлангач, Марказ томонидан малакаси баҳоланган ва рўйхатга олинган баҳоловчилар ҳамда техник экспертлардан иборат баҳолаш гуруҳини шакллантиради.

Уч иш куни мобайнида

3. Баҳолаш гуруҳи таркиби аккредитация объекти билан келишиб олинганидан сўнг тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказади.

Ўн беш иш куни мобайнида

4. Экспертиза натижалари бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда, жойнинг ўзида баҳолашдан аввал марказ бу ҳақида аккредитация объектини уларни бартараф этиш юзасидан хабардор қилади.

Уч иш куни мобайнида

Аккредитация объекти

5. Аккредитация объекти аниқланган камчиликлар тўғрисида хабарни қабул қилгандан сўнг, уларни бартараф этиш чораларини кўради

Олти ой мобайнида (хоҳишига кўра)

6. Жойнинг ўзида баҳолаш учун шарт-шароитлар таъминланмаган тақдирда, баҳолаш ишларини тўхтатиб туради.

Бир ойгача

(хоҳишига кўра)

Марказ

7. Жойнинг ўзида баҳолайди ва натижалар бўйича баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни расмийлаштиради.

Ўн иш куни мобайнида

Баҳолаш гуруҳи

8. Ижобий ҳисобот расмийлаштирилган тақдирда уни аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиш учун Марказга тақдим этади.

Уч иш куни мобайнида

3-босқич*

Аккредитация объекти

1. Баҳолаш гуруҳи томонидан номувофиқликлар аниқланса, ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва унинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳамда номувофиқликлар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни Марказга тақдим этади.

Тўрт ой мобайнида

(аккредитация объектининг хоҳишига кўра)

Марказ

2. Марказ ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида баҳолашни амалга оширган баҳолаш гуруҳи томонидан аккредитация объектида номувофиқликлар амалда бартараф этилгани ҳолатини зарур бўлса, жойнинг ўзига борган ҳолда ўрганишни таъминлайди.

Тақдим этилган маълумот ва тасдиқловчи ҳужжатлар номувофиқликларни бартараф этиш учун етарли бўлмаса, номувофиқликларни бартараф этишга берилган муддат доирасида қўшимча маълумотни сўрайди.

Ўн иш куни мобайнида

Баҳолаш гуруҳи

3. Ўрганиш натижалари бўйича баҳолаш тўғрисидаги якуний ҳисоботни расмийлаштиради ва уни аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиш учун Аккредитация марказига тақдим этади.

Уч иш куни мобайнида

4-босқич

Марказ

1. Аккредитация комиссиясида баҳолаш натижалари кўриб чиқилишини таъминлайди.

Беш иш куни мобайнида

2. Ижобий қарор қабул қилинганда Марказ билан аккредитация учун ариза берувчи ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома тузилгандан сўнг QR-код (матрик штрихли код) қўйилган аккредитация тўғрисида гувоҳномани шакллантиради ва аккредитация объектига ЯИДХП ёхуд ахборот тизими (Давлат хизматлари маркази орқали берилганда аккредитация объектининг электрон почта манзили) орқали юборади.

Уч иш куни мобайнида

Марказ

3. Салбий қарор қабул қилинганда аккредитация объектига ЯИДХП ёхуд ахборот тизими (Давлат хизматлари маркази орқали берилганда аккредитация объектининг электрон почта манзили) орқали аккредитациядан ўтказиш рад этилгани тўғрисида хабарнома юборади.

Уч иш куни мобайнида

Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Даврий баҳолаш ишларини бажариш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Марказ

Даврий баҳолашни ўтказишнинг режа-жадвали асосида:

баҳолаш гуруҳи таркибини ва даврий баҳолаш ишларини бажаришнинг муддатини кўрсатган ҳолда буйруқ ишлаб чиқади;

даврий баҳолаш ишларини бажаришнинг режасини тасдиқлайди.

Режа-жадвалга мувофиқ

2-босқич

Баҳолаш гуруҳи

Жойнинг ўзида баҳолайди ва натижалар бўйича баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни расмийлаштиради.

Ўн иш куни мобайнида

Ҳисоботни аккредитация комиссияси мажлисида кўриб чиқиш учун Марказга тақдим этади.

Уч иш куни мобайнида

3-босқич

Аккредитация маркази

Тегишли қарор қабул қилиш учун баҳолаш натижалари аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилишини таъминлайди.

Беш иш куни мобайнида

Аккредитация комиссиясининг қарорини аккредитациядан ўтказилган субъектга етказади.

Бир иш куни мобайнида

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 349-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошиси ҳамда қарорга 1-илова.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 11 мартдаги 114-сон қарорига илованинг 24-банди «г» кичик банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сонли Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 611-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта маҳсулотларини сертификатлаш хизматларини кўрсатиш соҳасига хусусий сектор кенг жалб қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 30 майдаги 223-сон қарорига илованинг 3-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 1 июлдаги 371-сон қарорига илованинг 6-банди «б» кичик банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2024 йил 2 июлдаги 372-сон қарорига илованинг 3-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни экологик сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 15 апрелдаги 230-сон қарорининг 7-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 2025 йил 22 июлдаги 456-сон қарорига илова.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 09/26/349/0660-сон)