toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчиларини педагогика соҳасида магистратурага ўқишга мақсадли қабул қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 28 апрелдаги ПФ-73-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини оширишига етарли шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган халқаро аккредитацияланган тизимда олий малака тоифасига эга бўлган ўқитувчиларни (кейинги ўринларда — олий тоифали ўқитувчилар) педагогика соҳасининг магистратура босқичида масофавий таълим шаклида ўқитишни (кейинги ўринларда — мақсадли магистратура) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
а) мақсадли магистратурага қабул олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади;
б) олий тоифали ўқитувчилар:
мақсадли магистратурада ўқиш жараёнларини ишдан ажралмаган ҳолда, масофавий таълим шаклида амалга оширади;
мақсадли магистратурани тугатгандан кейин уч йил давомида умумий ўрта таълим ташкилотида ишлаб бериш мажбуриятини олади;
в) олий тоифали ўқитувчилар ушбу қарорга мувофиқ мақсадли магистратурага қабул қилинган тақдирда, уларга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарорида белгиланган тўлов-контракт суммасини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш шартлари татбиқ этилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб олий тоифали ўқитувчиларни Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида мақсадли магистратурада ўқитишни йўлга қўйсин;
ҳар йили умумий ўрта таълим ташкилотларининг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси ўқув йили учун олий тоифали ўқитувчиларни мақсадли магистратурага қабул қилиш параметрларини Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритиб борсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 июнь,
322-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 322-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 24 сентябрдаги 606-сон қарорида:
а) номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»
б) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
олий таълим ташкилотлари бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олий таълим ташкилотларида мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва таълим шаклларида ташкил этиш;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича қабул параметрларини белгилаш, ўқишга кириш учун белгиланган муддатларда ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали қабул қилиш;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқув жараёнини ташкил этиш, шу жумладан, ўқиш давомийлигини тегишли бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган муддатдан бир йилга кам этиб белгилаш;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режаси ва фан дастурларини таянч олий таълим ташкилотлари томонидан турдош олий таълим ташкилотлари билан келишилган ҳолда кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб алоҳида ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш»;
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ»;
1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни ташкил этиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП), давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — ДХМ) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон платформаси (кейинги ўринларда — махсус платформа) орқали қабул қилиш тартибини белгилайди»;
4-банддаги «муассасалари» ва «муассасасида» сўзлари тегишлича «ташкилотлари» ва «ташкилотида» сўзлари билан алмаштирилсин;
5, 9 ва 13-бандлардаги тегишли келишикдаги «муассасаси» сўзи тегишли келишикдаги «ташкилоти» сўзи билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 51 — 53-бандлар билан тўлдирилсин:
«51. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизмати мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
52. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
53. Ариза берувчи давлат хизматини кўрсатиш доирасида аризани кўриб чиқиш ҳолатини ЯИДХП ёки махсус платформа орқали кузатиб бориши мумкин»;
6-банддаги «муассасаларида» сўзи «ташкилотларида» сўзи билан алмаштирилсин;
7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Ариза берувчи иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар (шу куни ҳам) давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП ёки махсус платформа орқали рўйхатдан ўтади»;
8-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга қабул қилиш натижалари ҳар йили 30 августга қадар олий таълим ташкилотлари томонидан эълон қилинади ҳамда қабул натижаси тўғрисида ЯИДХП ёки махсус платформа орқали ариза берувчи хабардор қилинади»;
қуйидаги мазмундаги 101 — 105-бандлар билан тўлдирилсин:
«101. Ариза берувчи ЯИДХП, ДХМ ёки махсус платформа орқали мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича сўровномани (кейинги ўринларда — сўровнома) тўлдиради ҳамда унга киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.
102. Агар сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига аризани таҳрирлашга қўшимча имконият берилиши мумкин. Бунда аризани таҳрирлашнинг охирги муддати ариза қабул қилиш жараёни якунлангунга қадар амал қилади.
Қабул муддати якунланганидан сўнг биринчи марта рад этилган аризаларни бир иш куни давомида таҳрирлаш имконияти берилади.
Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаганлиги давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
103. Ариза берувчи давлат хизматини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида ундан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
104. ЯИДХП, ДХМ ёки махсус платформа орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда тегишли олий таълим ташкилотига юборилади.
105. Республикада фаолият кўрсатаётган (кўрсатган) давлат, нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда хорижий олий таълим ташкилотлари филиаллари (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари) томонидан берилган диплом маълумотлари автоматик тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий, ўрта махсус ва касбий (профессионал) таълим ташкилотларини тугатганлиги тўғрисидаги диплом маълумотлар базаси»дан (кейинги ўринларда — «Диплом» ахборот тизими) олинади.
Тегишли олий таълим ташкилоти «Диплом» ахборот тизимида диплом маълумотлари мавжуд бўлмаган ариза берувчининг таълим маълумотларини ариза келиб тушгандан бошлаб уч иш куни давомида ариза берувчининг тугатган олий таълим ташкилотига диплом маълумотларини тасдиқлаш учун жўнатади, бунда ҳар йили 20 августга қадар тегишли олий таълим ташкилоти томонидан ариза берувчига берилган диплом маълумотлари тасдиқлаб берилади.
Ариза берувчи хорижий олий таълим ташкилотини тугатган бўлса, унинг диплом маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг «Нострификация» ахборот тизими орқали текшириб олинади.
Тегишли олий таълим ташкилоти «Нострификация» ахборот тизимида диплом маълумотлари мавжуд бўлмаган ариза берувчининг таълим маълумотларини ариза келиб тушгандан бошлаб уч иш куни давомида ариза берувчининг тугатган олий таълим ташкилотига диплом маълумотларини тасдиқлаш учун жўнатади.
Бунда хорижий давлатлар таълим ташкилотларининг 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлари белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши лозим»;
биринчи хатбошидаги «муассасаси» сўзи «ташкилоти» сўзи билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
12-банддаги «муассасалари» ва «муассасаси» сўзлари тегишлича «ташкилотлари» ва «ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:
«121. Талабаликка тавсия этилган ариза берувчилар қабул комиссиясига олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирманинг асл нусхаси — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга иловани тақдим этади.
Ариза берувчи томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, ариза берувчи талабаликка қабул қилинмайди (талабаликка қабул қилинган бўлса, олий таълим ташкилоти талабалари сафидан четлаштирилади) ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабардор қилинади»;
15-банддаги «муассасалари» сўзи «ташкилотлари» сўзи билан алмаштирилсин;
16-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори» сўзлари «Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 181 ва 182-бандлар билан тўлдирилсин:
«181. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда олий таълим ташкилотлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
182. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин»;
қуйидаги мазмундаги 1 ва 2-иловалар билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Муддатлар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Ариза берувчи

 

1. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун Давлат хизматлари марказига (ДХМ) ўзи келган ҳолда мурожаат этади, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) ёки махсус платформада рўйхатдан ўтади.

2. ЯИДХП ёки махсус платформа орқали мурожаат этганда, тегишли сўровномани мустақил равишда тўлдиради.

3. Маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.

 

Ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар

(шу куни ҳам)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

ЯИДХП, ДХМ, махсус платформа

 

Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризаларини, маълумотларини тегишли олий таълим ташкилотларига юборади.

 

10 дақиқа мобайнида автоматик тарзда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Олий таълим ташкилоти

 

1. Ариза берувчининг диплом маълумотларини текшириб, тегишлилиги бўйича талабгорнинг бакалавр дипломи тўғрисидаги маълумотларни тугатган олий таълим ташкилоти тасдиқлайди.

 

Ҳар йили 20 августга қадар

 

 

2. Келиб тушган аризаларни тегишлиги бўйича қабул қилади.

 

Ҳар йили 20 августга қадар

 

 

3. Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича ариза берувчининг ЯИДХП ёки махсус платформадаги шахсий кабинетига хабар юборилади.

 

Ҳар йили 30 августга қадар

Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш ҳамда ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

НАМУНА

 

Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича

СЎРОВНОМА

 

I. Ариза берувчи ҳақидаги маълумотлар

1.1. Фамилияси, исми ва отасининг исми (ўзгарган бўлса, бу ҳақда маълумотлар кўрсатилади)

1.2. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ЖШШИР маълумотлари)

1.3. Фуқаролиги

1.4. Телефон рақами

1.5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)

II. Ариза берувчининг ўқиган олий таълим ташкилоти бўйича маълумотлар

2.1. Ўқиган олий таълим ташкилотининг номи

2.2. Ўқиган бакалавриат таълим йўналиши шифри ва номи

2.3. Олий таълим олганлиги тўғрисидаги диплом маълумотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Диплом» ахборот тизими орқали автоматик шаклланади. Ушбу тизим орқали диплом маълумотлари аниқланмаган ариза берувчилардан бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унга илованинг нусхалари сўралади.

2.4. Хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (хорижий олий таълим ташкилотини тугатган ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг «Нострификация» ахборот тизимидан диплом маълумотлари аниқланмаган ариза берувчилар учун).

III. Ариза берувчининг иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга кириш истагини билдирган олий таълим ташкилоти

3.1. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга кириш истагини билдирган олий таълим ташкилотининг номи

3.2. Таълим йўналиши шифри ва номи

3.3. Таълим шакли

3.4 Таълим тили

Ушбу сўровномада қайд этилган маълумотларнинг тўлиқ ва ҳақиқийлигини ҳамда тўғри кўрсатилганлигини тасдиқлайман.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари билан тўлиқ танишдим».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Ушбу Низом давлат олий таълим ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар (кейинги ўринларда — талабгорлар)га нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Низом Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчилари учун мақсадли равишда ташкил этилган магистратура талабаларига нисбатан татбиқ этилмайди.».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандида:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилари мақсадли қабул қилинадиган магистратура мутахассисликларига ҳужжат топширган абитуриентлар халқаро стандартлар асосида малака сертификатини олганлигини тасдиқловчи сертификат нусхаси»;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишлича бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/322/0622-сон)