1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.04.00.00 Аудиторлик фаолияти / 09.04.02.00 Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш. Аудиторнинг малака сертификати]
[ТСЗ:
1.Молия / Аудиторлик фаолияти]
Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан
2000 йил 25 сентябрда
68-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Аудиторлар палатаси билан
2000 йил 25 сентябрда
109/1-сон билан
«КЕЛИШИЛГАН»
АУДИТОРНИНГ МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ тўғрисида
Низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 13 октябрда 977-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
LexUZ шарҳи
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 14 ноябрдаги 144-сонли «Аудитор малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3105, 21.12.2018 й.) асосан 2019 йил 23 мартдан ўз кучини йўқотади).
1. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ аудитор малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, бекор қилиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тартибини белгилайди.
1.2. Аудитор малака сертификати жисмоний шахсга, у аудиторлик ташкилоти штатида бўлганда ёки у билан аудиторлик ташкилоти фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган тақдирда, аудиторлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини беради.
Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир аудитор, малака сертификатини олган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аудиторлар республика жамоат бирлашмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган малака ошириш дастурлари бўйича 60 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларини ўтиши шарт.
Халқаро бухгалтер сертификатига («Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)», «Дипломли сертификатланган бухгалтер (АССА)», «Сертификатланган аудитор (СРА)» ёки бошқалар) ва (ёки) профессионал бухгалтер миллий сертификатига («Сертификатланган профессионал бухгалтер») эга бўлган аудитор танловига кўра қуйидаги курслардан бирида малака оширишдан ўтиши мумкин: аудиторлар малакасини ошириш ёки профессионал бухгалтерларни халқаро ёки миллий сертификатлаш доирасида малака ошириш курслари.
1.3. Аудитор малака сертификати даъвогар томонидан малака имтиҳони муваффақиятли топширилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилади.
1.4. Малака имтиҳони аудиторлик ташкилоти номидан аудиторлик текширувларини амалга оширишга даъвогар бўлган шахслар (кейинги ўринларда — даъвогар) билимларини текшириш воситаси ҳисобланади.
1.5. Малака имтиҳонини топширишга мазкур Низом билан белгиланган малака талабларига жавоб берадиган даъвогарлар қўйилади.
1.6. Малака сертификати берилиши, амал қилиши узайтирилиши, қайта расмийлаштирилиши учун, шунингдек унинг дубликати берилганлиги учун даъвогар (аудитор) мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўлайди. Йиғим киритиш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилади.
Кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг махсус ҳисобварағига ўтказилади ҳамда малака имтиҳонларини ўтказиш ва аудитор малака сертификатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ишлатилади.
1) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий иқтисодий маълумотга ёки хорижий давлатнинг таълим муассасасида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги таълимга эквивалент деб тан олинган олий иқтисодий маълумотга (мазкур Низомга 1-илова) эга бўлиши ва олий таълим муассасасини битирганидан сўнг охирги ўн йил ичида камида уч йиллик бухгалтерия ҳисоби, аудит, молиявий ёки солиқ назорати соҳасида ёхуд шу соҳаларда дарс бериш амалий иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик асосида) эга бўлиши:
ёки Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган иқтисодий бўлмаган олий маълумотга ёхуд хорижий давлатнинг таълим муассасасида олинган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги таълимга эквивалент деб тан олинган иқтисодий бўлмаган олий маълумот билан бирга олий таълим муассасасини тугаллаганидан сўнг охирги ўн йил ичида камида 5 йил аудитор, аудитор ёрдамчиси, бош бухгалтер, тафтишчи ёки солиқ инспектори сифатида иш стажига, шу жумладан, ўриндошлик асосида эга бўлиши;
ёки Ўзбекистон Республикасида ёхуд хорижий давлатда (қонун ҳужжатларига мувофиқ нострификациядан ўтганлиги шарти билан) олинган фаннинг иқтисодий тармоғида илмий даражага эга бўлиши;
2) белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган нодавлат таълим муассасаларида (кейинги ўринларда — НТМ) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аудиторлар республика жамоат бирлашмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув дастури асосида аудиторларни тайёрлаш бўйича махсус ўқитишдан ўтиши ва профессионал бухгалтерларни халқаро ёки миллий сертификатлаш («Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)», «Дипломли сертификатланган бухгалтер (АССА)», «Сертификатланган аудитор (СРА)», «Сертификатланган профессионал бухгалтер» ёки бошқалар) доирасида Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (бундан кейин — МҲХС) бўйича «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг ёхуд халқаро молиявий ҳисобот бўйича АССА дипломининг (кейинги ўринларда — ДипИФР) мавжудлиги.
Халқаро бухгалтер сертификатига ёки профессионал бухгалтер миллий сертификатига эга бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўнгги беш йил ичида камида икки йиллик аудиторлик ташкилотида иш стажига эга бўлган талабгорлар малака имтиҳонини топширишга НТМда аудиторларни тайёрлаш бўйича махсус ўқитишдан ўтмасдан қўйилади.
3. Аудитор малака сертификатини олиш учун тақдим этиладиган материаллар
3.1. Аудитор малака сертификатини олишга даъвогар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисида ариза (3-иловадаги шаклга мувофиқ) тақдим қилади:
2) маълумоти тўғрисидаги диплом ёки фаннинг иқтисодий тармоғида илмий даражани олганлик тўғрисидаги диплом (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёхуд уларнинг ушбу ҳужжатни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхалари;
ёки маълумоти ёхуд илмий даражаси тўғрисидаги хорижий ҳужжатни (хорижий таълим муассасаларида олинган олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги диплом мавжуд бўлганда) нострификация қилиш (эквивалентлигини эътироф этиш) тўғрисидаги ваколатли давлат органи гувоҳномаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёхуд уларнинг ушбу ҳужжатларни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхалари;
3) меҳнат дафтарчаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки унинг иш жойидан тасдиқланган нусхаси (ўриндошлик бўйича меҳнат стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилиши лозим);
4) иккита фотосурат (3 х 4);
5) аудиторларни тайёрлаш бўйича НТМда махсус ўқитишдан ўтганлик тўғрисида ҳужжатнинг асл нусхаси (у ўқитиш тугаган санадан ҳужжатларни топшириш санасигача бир йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланади) ва профессионал бухгалтерларни халқаро ёки миллий сертификатлаш доирасида МҲХС бўйича «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат (у ҳужжатнинг берилган санасидан топшириш санасигача беш йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланади) ёки ДипИФР (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёхуд уларнинг ушбу ҳужжатларни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхалари;
ёки сўнгги беш йил ичида белгиланган даврийликда малака оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолда халқаро бухгалтер сертификати ёки профессионал бухгалтер миллий сертификати (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёхуд уларнинг ушбу ҳужжатларни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхалари. Олинганига беш йилдан кам бўлган халқаро бухгалтер сертификати ёки профессионал бухгалтер миллий сертификати мавжуд бўлган ҳолларда улар бўйича белгиланган даврийликда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари тегишли сертификат олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб тақдим этилади;
6) малака имтиҳонида қатнашиш учун аризани кўриб чиқиш учун энг кам иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи банк тўлов ҳужжати;
Кўрсатилган ҳужжатлар бир нусхада тақдим этилади.
7) паспорт нусхаси.
4. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш тартиби
4.1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 кунлик муддат ичида малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўша куннинг ўзида рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида даъвогарни ёзма равишда хабардор қилади. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган даъвогарларнинг рўйхати имтиҳон комиссиясига топширилади. Бунда малака имтиҳони гуруҳларнинг шаклланишига қараб, бироқ ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб икки ойда камида бир марта ўтказилади.
Имтиҳон комиссияси тўғрисидаги низом, унинг таркиби ва регламенти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Имтиҳон комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ходимлари ва манфаатдор ташкилотлар билан келишувга мувофиқ профессионал бухгалтерлар ва аудиторлар, аудиторлар республика жамоат бирлашмаси вакиллари, шунингдек зарурият бўлганда солиқ солиш, хўжалик ҳуқуқи соҳасидаги мутахассислар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ваколат берилган вакили имтиҳон комиссиясининг раиси ҳисобланади.
4.3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим қилинганда, шунингдек даъвогар мазкур Низомнинг 2.1-бандида баён этилган малака талабларига мувофиқ келмаган ҳолларда даъвогарга малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этади.
Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши лозим.
4.4. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилган даъвогар қайтадан ариза билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан сўнггина мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилишига асос бўлиб хизмат қилган камчиликларни бартараф этиш учун даъвогарга 10 кундан кўп бўлмаган муддат берилади.
Ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқиш 3 кун ичида амалга оширилади. Даъвогарнинг аризасини қайтадан кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
Агар малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилишига асос бўлиб хизмат қилган камчиликлар 10 кун мобайнида бартараф этилмаса, даъвогарнинг аризаси янгидан тақдим этилган деб ҳисобланади.
5. Малака имтиҳонларини топшириш тартиби
5.1. Даъвогарлар паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда малака имтиҳонини топширишга қўйиладилар. Ўзи билан бирга паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаган ёки малака имтиҳонига кечиккан даъвогарлар имтиҳонга келмаган деб ҳисобланади ва малака имтиҳонини топширишга қўйилган навбатдаги шахслар рўйхатига киритилади.
Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳужжатларни топширган санадан бошлаб олти ой мобайнида малака имтиҳонини топшириш учун келмаган тақдирда тақдим қилинган ҳужжатлар даъвогарга қайтарилади. Ҳужжатларни такроран тақдим этиш мазкур Низомнинг 3.1-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
5.2. Даъвогарлар гуруҳи (камида 10 киши ва кўпи билан 20 киши) учун малака имтиҳони икки босқичда ўтказилади:
тест синови (ёзма шаклда 4 академик соат мобайнида, унинг натижаларига кўра даъвогарга ёзма-оғзаки имтиҳон топшириш учун рухсат берилади);
имтиҳон билетлари бўйича ёзма-оғзаки имтиҳон (масалаларни ечиш ва оғзаки жавобга тайёрланиш учун 3 академик соат берилади).
Малака имтиҳонининг иккала босқичини бир кун давомида ўтказишга йўл қўйилмайди.
5.3. Тестлар, имтиҳон билетлари саволлари ва тўғри жавоб вариантлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аудиторлар республика жамоат ташкилоти билан биргаликда Аудиторларни ўқитиш дастурлари асосида ишлаб чиқади.
Имтиҳон комиссияси раисининг имзоси қўйилмаган тест бланкалари ва имтиҳон билетлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Тестлар ва имтиҳон билетларининг мазмуни қонун ҳужжатлари ва меъёрий ҳужжатларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилади.
5.4. Тест дастурнинг барча бўлимларини қамраб олувчи 75 тадан кам бўлмаган саволни ўз ичига олади.
Тест натижаларини ижобий деб тан олиш учун асос бўладиган тўғри жавоблар имтиҳон тестларидаги мавжуд саволлар миқдорининг 75 фоиздан кам бўлмаган миқдорини ташкил этиши лозим.
5.5. Тест натижалари салбий деб тан олинган тақдирда даъвогар ёзма-оғзаки имтиҳонни топширишга қўйилмайди, унга тақдим этилган ҳужжатлари қайтариб берилади.
5.6. Имтиҳон билети тўрт қисмдан иборат бўлади, уларнинг ҳар бири қуйидаги фанлар бўйича назарий савол ва амалий масалаларни қамраб олади:
Биринчи қисм. Молиявий ҳисоб.
Иккинчи қисм. Бошқарув ҳисоби, молиявий менежмент ва молиявий таҳлил.
Учинчи қисм. Аудит.
Тўртинчи қисм. Солиққа тортиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш.
Имтиҳон билетидаги тўрт қисмнинг ҳар бири бўйича жавоблар (шу жумладан масала ечилиши) беш балли тизим бўйича баҳоланади.
Имтиҳон билети бўйича камида 15 балл олган даъвогарлар имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади.
5.7. Малака имтиҳони ўтказилаётган пайтда қонун ҳужжатлари ва йўриқнома материалларидан, маълумотнома ва махсус адабиётлардан фойдаланиш, бошқа даъвогарлар билан мулоқот қилиш тақиқланади. Ушбу талабларни бузган даъвогарлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонини топшира олмаган деб ҳисобланади.
5.8. Бегона шахслар ва кузатувчиларнинг малака имтиҳонида бўлишга рухсат берилмайди.
Ушбу талабларни бузган даъвогарлар малака имтиҳонини топшира олмаган деб ҳисобланади.
5.10. Малака имтиҳони натижалари имтиҳон комиссияси томонидан имтиҳон ўтказилганидан сўнг икки кундан кечикмаган ҳолда эълон қилинади.
Малака имтиҳони натижалари имтиҳон комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва малака имтиҳони ўтказилган санадан сўнг 3 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига топширилади.
5.11. Даъвогарларнинг малака имтиҳонини топширишга доир ёзма ишлари (тестлар, билетлар ва уларга жавоблар), шунингдек, имтиҳон комиссияларининг баённомалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида белгиланган тартибда сақланади.
Малака имтиҳонини топшира олмаган даъвогар (аудитор), малака сертификатини олиш учун ҳужжатларни қайтадан белгиланган тартибда тақдим этишга ҳақли, бироқ малака имтиҳонида иштирок этиш санасидан бир ойдан кам бўлмаган вақт ўтган бўлиши, малака сертификати берилиши учун йиғим тўланиши шарти билан.
6. Апелляцияларни кўриб чиқиш
6.1. Малака имтиҳони натижаси бўйича уларга нисбатан салбий қарор чиқарилган даъвогарлар малака имтиҳони натижалари эълон қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма шаклда тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги берилган апелляцияни бир ҳафта ичида кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини ёзма равишда хабар қилади.
Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш;
имтиҳон комиссиясининг қарорини бекор қилиш ва қайта малака имтиҳонини белгилаш.
6.2. Имтиҳон комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади, агарда:
апелляция шикояти мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляция шикоятида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
6.3. Имтиҳон комиссиясининг қарорини бекор қилиш ва қайтадан малака имтиҳонини ўтказиш тўғрисидаги қарор малака имтиҳони мазкур Низом талабларини бузган ҳолда ўтказилган тақдирда қабул қилинади.
6.4. Малака имтиҳонини қайтадан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Молия вазирлиги малака имтиҳонини топшира олмаган деб ҳисобланган даъвогар учун қайтадан имтиҳон топшириш кунини белгилайди.
6.5. Такрорий апелляцияга рухсат берилмайди.
7. Аудитор малака сертификатини бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тартиби
7.1. Аудитор малака сертификати мутахассиснинг фотосурати ёпиштирилган махсус бланкда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида юридик кучга эга бўлади.
Аудитор малака сертификати 5 йил муддатга берилади.
7.2. Аудитор малака сертификати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан имтиҳон комиссиясининг баённомалари олингандан сўнг 10 кунлик муддат ичида расмийлаштирилади ва малака сертификатининг эгасига ёки нотариал тасдиқланган ишончнома асосида бошқа шахсга аудиторлар реестрига имзо чектириб берилади.
7.3. Даъвогар аудитор малака сертификати расмийлаштирилган санадан бошлаб уч ой мобайнида уни олишдан ихтиёрий равишда бош тортса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
7.4. Аудитор малака сертификатининг эгаси аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашидан уч ой олдин, бироқ малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига 6 ойдан кўп бўлмаган муддат қолганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:
2) аудитор малака сертификатининг асл нусхаси ва ҳар йили аудиторлар малакасини ошириш курсларини ўтаганлиги ёхуд тегишли сертификат бўлганда профессионал бухгалтерларни халқаро ёки миллий сертификатлаш доирасида белгиланган муддатларда малака оширилгани ҳақидаги гувоҳноманинг уни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхалари;
3) сўнгги беш йил ичида белгиланган даврийликда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолдаги халқаро бухгалтер сертификати (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки ушбу ҳужжатни берган муассаса томонидан тасдиқланган нусхаси. Олинганига беш йилдан кам бўлган халқаро бухгалтер сертификати мавжуд бўлган ҳолларда у бўйича белгиланган даврийликда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари тегишли сертификат олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб тақдим этилади;
4) малака сертификатининг амал қилишини узайтириш учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи банк тўлов ҳужжати.
7.5. Аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш 7.4-бандда кўрсатилган талабларга риоя қилинганда ва аудитор малака сертификати эгаси малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда амалга оширилади.
Халқаро бухгалтер сертификатига («Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)», «Дипломли сертификатланган бухгалтер (АССА)», «Сертификатланган аудитор (СРА)» эга бўлган аудиторга унинг аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати 7.4-бандда кўрсатилган талаблар бажарилган тақдирда малака имтиҳонини топширмасдан узайтирилади.
Аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати аудитор малака сертификати бланкасида кўрсатилган амал қилиш муддати тугаган санадан узайтирилади.
7.6. Аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати 5 йилга узайтирилиши мумкин.
7.7. Аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш белгиланган тартибда, илгари берилган аудитор малака сертификати бланкасига махсус белги қўйиш йўли билан амалга оширилади.
Аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтиришга оид реквизитлари тўлган ҳолларда, аудитор малака сертификатининг эгасига аввалги рақам билан янги аудитор малака сертификати берилади. Аудиторнинг янги малака сертификатида (пастки ўнг бурчагида) аввал берилган аудитор малака сертификати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган алоҳида ёзув киритилади. Аввал берилган аудитор малака сертификати бланкаси йўқ қилиниши лозим.
7.8. Фамилияси (исми, отасининг исми) ёки паспорт маълумотлари (серияси, рақами, берилган санаси) ўзгарган тақдирда, аудитор малака сертификатининг эгаси тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатларни олган санадан 10 кундан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига аудитор малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза, қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган аудитор малака сертификатини, иккита фотосуратни (3 х 4 ҳажмдаги) ва тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда топшириши шарт.
7.9. Аудитор малака сертификатини қайта расмийлаштириш аудитор малака сертификати эгаси томонидан тегишли ариза топширилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида амалга оширилади, бунда аудитор малака сертификатининг янги бланкаси илгари берилган рақам ва илгари белгиланган амал қилиш муддати билан берилади, ҳамда илгари берилган аудитор малака сертификатининг бланкаси йўқ қилинади.
7.10. Аудитор малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
7.11. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган аудитор малака сертификатининг ўрнига аудитор малака сертификати эгасининг мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда дубликат бериш ҳақидаги аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.
Аудитор малака сертификатининг эгаси матбуотда аудитор малака сертификати йўқолгани ҳақида эълон бериши ва эълон тасдиғини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиши шарт.
Аудитор малака сертификатининг дубликати ўша рақам билан ва илгари белгиланган амал қилиш муддатига берилади, ҳамда аудитор малака сертификатининг янги бланкасида албатта «Дубликат» деб ёзиб қўйилади.
Яроқсиз ҳолга келган аудитор малака сертификати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.
7.12. Дубликат берилиши учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
8. Аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш тартиби
8.1. Аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
аудиторнинг аризаси;
аудиторлик текшируви давомида олинган маълумотларни аудитор томонидан учинчи шахсларга аудиторлик текшируви буюртмачисининг рухсатисиз тақдим этилиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
аудиторлик фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузиш;
аудиторлик фаолиятида уч йил давомида иштирок этмаслик;
аудитор малака сертификатини бошқа шахсга унинг ўз номидан аудиторлик фаолиятида иштирок этиши учун ушбу ҳужжатдан фойдаланиш мақсадида бериш фактининг аниқланиши;
молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимларни эгаллаши ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўринишида жазони назарда тутадиган суд ҳукмининг қонуний кучга кириши;
фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида суднинг қарори.
Аудиторлик ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тугатишга сабаб бўлган қоидабузарликларга йўл қўйган аудиторлик ташкилоти раҳбарининг аудитор малака сертификатининг амал қилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.
Бунда қуйидаги ҳоллар аудиторлик фаолиятини амалга ошираётганда аудитор малака сертификати амал қилишини тугатиш учун асос ҳисобланадиган қонун ҳужжатлари талабларини бир марта қўпол равишда бузиш деб топилади:
аудиторлик текширувини амалга оширишда мустақилликни таъминламаганлик;
нотўғри ёки қасддан сохта аудиторлик хулосасини тузиш;
аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида аниқланган хўжалик юритувчи субъект томонидан бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек молиявий ҳисоботни тузиш бўйича белгиланган талабларни бузиш фактларининг аудитор томонидан яширилиши;
аудитор малака сертификатини бошқа шахсга унинг ушбу ҳужжатдан ўз номидан аудиторлик фаолиятида иштирок этиш учун фойдаланиш мақсадида бериш фактининг аниқланиши;
аудиторнинг ўзи штатида бўлган аудиторлик ташкилотининг тегишли рухсати (буйруғи)сиз назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқларига кўра турли текширишларни ўтказиш учун мутахассис сифатида иштирок этиши.
аудиторнинг бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ аудиторлик ташкилотида аудиторлик фаолиятини амалга ошириши;
аудитор бир вақтнинг ўзида биттадан кўп аудиторлик ташкилотида муассис бўлиши фактининг аниқланиши;
Аудитор малака сертификатининг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб тугатилади, мазкур банднинг ўнинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолат бундан мустасно.
Махсус ваколатли давлат органининг аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
махсус ваколатли давлат органининг аудиторга малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарори ноқонуний эканлиги аниқланганда;
сертификат сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор аудитор малака сертификати берилган санадан эътиборан амал қилади.
Махсус ваколатли давлат органининг аудитор малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
8.2. Аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш учун асослар аниқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тегишли қарор қабул қилади.
Аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори 5 кун ичида аудитор малака сертификатининг эгасига ва у номидан аудиторлик текширувларини амалга ошираётган, аудиторлик ташкилотига юборилади.
Аудитор томонидан аудитор малака сертификатининг амал қилиши тугатилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб 10 кун ичида сертификат йўқ қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қайтарилиши лозим.
8.3. Йўл қўйган қоидабузарликлари учун малака сертификатларининг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган аудиторлар унинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида аудитор малака сертификатини қайтадан олиш учун малака имтиҳонларини топширишга қўйилмайдилар.
9. Малака сертификатига эга бўлган аудиторлар реестрини юритиш
9.1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги малака сертификатига эга бўлган, ичида қуйидагилар кўрсатиладиган аудиторлар реестрини юритади:
олиш санаси, аудитор малака сертификатини олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси;
аудитор малака сертификатининг амал қилишини узайтириш, амал қилишини тугатиш, бекор қилиш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.
9.2. Молия вазирлигининг веб-сайтида аудиторлар реестридан танишиш учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:
аудитор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш, бекор қилиш ва дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.
10. Қарорлар устидан шикоят қилиш
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг аудитор малака сертификатини бериш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш масалаларига оид қарорлари устидан манфаатдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси молия вазири Р.С. АЗИМОВ
Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг раиси Н. КАРИМОВ
Аудитор малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Олий иқтисодий маълумот йўналишлари ва ихтисосликлари
КЛАССИФИКАТОРИ
Бакалавриат:
Бизнес
Минтақашунослик (иқтисодиёт ва мамлакатшунослик)
Иқтисодиёт (тармоқлар бўйича)
Молия
Банк иши
Солиқлар ва солиққа тортиш
Бухгалтерия ҳисоби ва аудит
Менежмент (тармоқлар бўйича)
Маркетинг (тармоқлар бўйича)
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар