1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.05.00 Компаниялар, концернлар, уюшмалар ва бошқалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.08.00.00 Асиллик даражаси ишлари. Қимматбаҳо металлар ва тошлар;
3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.10.00.00 Саноат / 09.10.13.00 Қазилма хом ашёларни қазиб олиш саноати]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
2.Иқтисодиёт / Саноат]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ОЛТИН ҚАЗИБ ОЛИШ ВА ОЛМОСГА ИШЛОВ БЕРИШ КОРХОНАЛАРИ («ЎЗОЛМОСОЛТИН») УЮШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 апрелдаги 145-сонли «Республика олтин қазиб олиш саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1994 йил 21 январдаги Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Давлат қимматбаҳо металлар қўмитаси тугатилсин.
2. Бирлашмалар, корхоналар, ташкилотларнинг:
1-иловага мувофиқ бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон олтин қазиб олиш ва олмосга ишлов бериш корхоналари («Ўзолмосолтин») уюшмасини таъсис этиш тўғрисидаги;
«Ўзолмосолтин» уюшмаси томонидан Давлат қимматбаҳо металлар қўмитаси қабул қилган мажбуриятлар, тузган шартномалар, битимлар ва унга тегишли мол-мулклар бўйича ҳуқуқий ворислик функцияларининг амалга оширилиши тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
3. «Ўзолмосолтин» уюшмаси ижро этувчи аппаратининг 2-иловага мувофиқ тузилмаси ва ходимлари сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 42 нафар, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган уюшма раиси ҳамда унинг икки нафар ўринбосари бўлишига розилик берилсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 апрель 165-сонли қарори таҳририда)
Маълумот учун қабул қилинсинки, ижро этувчи аппаратни маблағ билан таъминлаш уюшма қатнашчилари — бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмалари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзолмосолтин» уюшмасининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
уюшма таъсисчиларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда давлат ва маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларида уларнинг қонуний манфаатларини ифодалаш;
бозор конъюнктураси ва маҳсулот маркетингидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқаришни ривожлантириш стратегиясини белгилаш, уюшма аъзоларининг — мулкчиликнинг барча шаклларидаги бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш, уларнинг молиявий-иқтисодий аҳволини мустаҳкамлаш;
уюшма доирасида рақобатбардошли маҳсулотларни яратиш ва ишлаб чиқаришни таъминлайдиган ягона илмий-техника ва инвестиция сиёсатини ўтказиш, мавжуд асосий фондлардан самарали фойдаланиш.
5. «Ўзолмосолтин» уюшмаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига 1994-1995 йилларда давлат корхоналарининг мулкчилик шаклларини қонун билан белгиланган тартибда ўзгартириш бўйича таклифлар киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси «Ўзолмосолтин» уюшмасига уюшма аъзолари — давлат бирлашмалари, корхоналари, ташкилотларини, давлат тасарруфидан чиқарилгандан кейин эса — давлат корхоналари негизида ташкил этилган, уюшма таркибига кирувчи акционерлик жамиятларини, ширкатларни давлатга тегишли акциялар (улушлар, пайлар)га мувофиқ бошқариш ҳуқуқини берсин.
(5-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 декабрдаги 525-сонли қарори таҳририда)
6. «Ўзолмосолтин» уюшмаси икки ҳафта муддатда Устав ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда уни қабул қилсин.
7. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси «Ўзолмосолтин» уюшмаси корхоналарининг барча маҳсулотлари давлат эҳтиёжларига етказиб берилишини ҳисобга олиб, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш тамойилидан келиб чиқадиган вазифаларни сўзсиз бажариш, 1994 йилдан бошлаб ҳар йили белгиланган тартибда «Ўзолмосолтин» уюшмасига ишлаб чиқаришни моддий-техника ресурслари билан таъминлаш мақсадида савдо ва айирбошлаш операцияларини амалга ошириш учун тозаланган мис, рух, қўрғошин ажратишни назарда тутсин.
8. «Ўзолмосолтин» уюшмаси бир ой муддатда Чодак олтин қазиб олиш конининг молиявий аҳволини соғломлаштириш ва Олтинкон ишчилар шаҳарчасининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш мақсадида Чодак олтин қазиб олиш конининг балансида бўлган ижтимоий инфраструктура муассасаларини уй-жой фонди билан биргаликда белгиланган тартибда Наманган вилояти ҳокимлигига берсин.
Наманган вилояти ҳокимлиги қайд этилган объектларни қабул қилиб олсин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Наманган вилояти ҳокимияти билан биргаликда берилаётган объектларни сақлаш учун 1994 йилдан бошлаб зарур маблағлар ажратиш масаласини кўриб чиқсин ва ҳал қилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги тугатилаётган Давлат қимматбаҳо металлар қўмитасидаги ўрнатилган барча телефонларни ва алоқа турларини «Ўзолмосолтин» уюшмасида сақлаб қолсин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат қимматбаҳо металлар қўмитаси масалалари тўғрисида» 1991 йил 19 сентябрдаги 238-9-сон ва «Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 19 сентябрдаги 238-9-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 1993 йил 7 июндаги 273-18-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари А.Н. Возненко зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 19 март,
150-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 мартдаги 150-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Ўзолмосолтин» уюшмасига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар