toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ-282-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатлари таркиби ва ушбу харажатлар қоплаб берилувчи шахслар тоифаси;
бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш тартиби;
бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини молиялаштириш манбалари.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
2026 йил 1 июлга қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласин;
2026 йил 1 июнга қадар Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) электрон давлат хизматини жорий қилиш бўйича техник ҳужжатни ишлаб чиқсин ҳамда келишиш ва тасдиқлаш учун Рақамли технологиялар вазирлигига киритсин;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ариза берувчилар тақдим этадиган ҳужжатларнинг автоматик равишда белгиланган мезонларга мос келишини аниқловчи ва маълумотларни сараловчи, шунингдек, ЯИДХПда давлат хизмати кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш имконини берувчи хизматни ишга туширсин, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг ЯИДХПга уланишини ва ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 апрель,
210-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 210-сон қарорига
ИЛОВА
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда — талабгорлар) учун имтиҳонларни топшириш (кейинги ўринларда — имтиҳон топшириш) харажатларини қоплаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом 2028 йил 31 декабргача амал қилади.
Бунда 2028 йил декабрь ойида келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш ҳамда имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш 2029 йил 20 январга қадар амалга оширилади.
3. Имтиҳон топшириш харажатлари мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ қоплаб берилади.
2-боб. Имтиҳон топшириш харажатларининг таркиби ва ушбу харажатлар қоплаб берилувчи шахслар
4. Имтиҳон топшириш харажатлари мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари рўйхатига асосан қоплаб берилади.
5. Имтиҳонни муваффақиятли топширган фуқароларнинг имтиҳон топшириш жараёнидаги қуйидаги харажатлари қоплаб берилади:
дастлабки рўйхатдан ўтиш харажатлари (бухгалтерларнинг халқаро сертификатини берувчи халқаро ташкилотга жисмоний шахснинг аъзо (талабаси) бўлиши учун дастлабки бир марталик тўлов);
имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатлари.
3-боб. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш тартиби
6. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш харажатлари тўлиқ ҳажмда бир марта, шунингдек, имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатлари талабгорларга, имтиҳонни муваффақиятли топширганда, тўлиқ ҳажмда ҳар бир фан (курс) бўйича бир марта қоплаб берилади.
7. Талабгорларнинг дастлабки рўйхатдан ўтиши ва имтиҳон топшириши 2026 йил 1 майдан 2028 йил 31 декабргача бўлган даврда амалга оширилган тақдирда, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги харажатлари қоплаб берилади.
8. Имтиҳон топшириш харажатлари халқаро сертификат имтиҳонини ўтказувчи (халқаро сертификатни берувчи) ташкилот томонидан белгиланган тўлов суммаси миқдорида қоплаб берилади.
9. Имтиҳон топшириш учун тўловлар чет эл валютасида белгиланган ҳамда тўловлар чет эл валютасида амалга оширилган бўлса, ушбу харажатлар чет эл валютасида амалга оширилган операция санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича миллий валютада қайта ҳисобланади ва қоплаб берилади.
10. Имтиҳон топшириш харажатлари талабгорнинг шахсий банк картасига ўтказиб берилади.
11. Талабгор имтиҳон топшириш харажатларининг қоплаб берилиши бўйича қуйидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) тақдим этади:
мазкур Низомга 3-иловада келтирилган дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги ариза;
биометрик паспорт нусхаси ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;
имтиҳон топшириш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (тўлов ҳужжатлари, инвойс) нусхаси;
имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом, сертификат ёки транскрипт) нусхаси;
хизмат кўрсатувчи банк ва банк картаси реквизитлари.
12. Мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан давлат хизматлари марказлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформаси» (subsidiya.mf.uz) орқали тақдим этилиши мумкин.
13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ариза тушган кундан бошлаб етти иш куни мобайнида имтиҳон топшириш харажатларининг қоплаб берилиши ёки қоплаб берилишини рад этиш (ҳужжатнинг ҳақиқийлигини ўрганиш ҳолатлари бундан мустасно) тўғрисида қарор қабул қилади.
Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилингандан сўнг беш иш кунида талабгорларга уларнинг аризасида келтирилган харажатлари қоплаб берилади.
14. Мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилганда ёки тақдим этилган ҳужжатларни верификация қилиш орқали уларда нотўғри ёхуд сохта маълумотлар мавжудлиги аниқланганда, имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилади.
Бунда тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларни верификация қилиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан имтиҳон ўтказган ташкилотга ҳужжатнинг ҳақиқийлиги бўйича сўров юборилиши мумкин.
15. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилган тақдирда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда талабгорни унинг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
16. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилган талабгор рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг қайта ариза бериши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. Имтиҳон топшириш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида зарур бўлган маблағлар ажратилишини таъминлайди.
18. Талабгорлар улар томонидан тақдим қилинган аризалар ҳамда уларга илова қилинган ҳужжатлар ва маълумотларда кўрсатиб ўтилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
19. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур Низомда назарда тутилган харажатларни қоплаб бериш мақсадида талабгорлар тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши лозим.
20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
1-ИЛОВА
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Талабгорлар, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар

Талабгорлар бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотларга аъзолик учун дастлабки рўйхатдан ўтади.

Талабгорнинг хоҳишига кўра

2-босқич

Талабгорлар, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар

Талабгорлар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтади.

Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ўтказиладиган имтиҳонлар бўйича белгиланган рўйхатдан ўтиш муддатларида

3-босқич

Талабгорлар

Имтиҳонни муваффақиятли топширганда улар томонидан бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ҳужжатларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

Имтиҳонни муваффақиятли топширгандан сўнг талабгорнинг хоҳишига кўра

4-босқич

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Талабгорларга дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб беради.

Ҳужжатлар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш кунида

Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
2-ИЛОВА
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатлари қоплаб бериладиган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар номи

Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро бухгалтерлар сертификатлари номи

Халқаро сертификатлар доирасидаги бухгалтерия ҳисобига тегишли фан ёки курслари номи

1.

Association of Chartered Certified Accountants (ACCA)

Association of Chartered Certified Accountants (ACCA)

Молиявий ҳисобот «Financial Reporting (FR)»,

Халқаро молиявий ҳисобот дипломи «Diploma of International Financial Reporting (DipIFR)»,

Аудит ва ишонч билдириш хизматлари «Audit and Assurance (AA)»,

Стратегик бизнес ҳисоботи «Strategic Business Reporting (SBR)»,

Мураккаб аудит ва ишонч билдириш хизматлари «Advanced Audit and Assurance (AAA)»

2.

Certified Institute of Management Accountants (CIMA)

Certified Institute of Management Accountants (CIMA)

Молиявий ҳисобот ва солиқ солиш «Financial Reporting and Taxation (F1)»

3.

Institute of Chartered Accountants in England and Wales (ICAEW)

Associated Chartered Accountant (ACA)

Аудит ва ишонч билдириш хизматлари «Audit and Assurance»;

Молиявий ҳисоб ва ҳисобот «Financial Accounting and Reporting»

Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига

_______________________________да яшовчи

(яшаш манзили)

_____________________________________дан

(ариза берувчининг Ф.И.О)

________________________________________

(телефон рақами)

Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида

АРИЗА

Менга бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва/ёки _____________________________________________________ имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб

(бухгалтерия ҳисобига тегишли фан ёки курслар)

беришингизни сўрайман.

Иш (ўқиш) жойи ва лавозими: ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

(ташкилот номи ва лавозим)

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

1) биометрик паспорт нусхаси ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;

2) имтиҳон топшириш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (тўлов ҳужжатлари, инвойс) нусхаси;

3) имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом, сертификат ёки транскрипт) нусхаси;

4) хизмат кўрсатувчи банк ва банк картаси реквизитлари.

20___ йил «____» ___________

Имзо __________________

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.04.2026 й., 09/26/210/0427-сон)