toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Суюлтирилган газни истеъмолчиларга маиший газ баллонларида етказиб бериш хизматларини такомиллаштириш, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш, масофадан туриб электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш тартиби, маиший газ баллонларини етказиб бериш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти томонидан амалга ошириладиган тадбирлар;
мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва рад этиш асослари;
«E-gaz» дастури орқали маълумотларни қабул қилиш, маълумотлар базасини юритиш талаблари.
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 июндан бошлаб жисмоний шахсларни маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилади.
3. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда «E-gaz» дастури Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП билан интеграция қилинишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
5. Адлия вазирлиги:
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ (кейинги ўринларда — ваколатли оператор) томонидан давлат хизмати кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;
Маъмурий регламент талабларини бузганлик учун ваколатли оператор мансабдор шахсларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини қўлласин.
6. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу қарор мазмуни ва моҳиятининг кенг ёритилишини ташкил қилсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 апрель,
180-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 апрелдаги 180-сон қарорига
1-ИЛОВА
Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент жисмоний шахсларга табиий газ билан газлаштирилмаган турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — табиий газ билан газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи ва маиший газ баллони билан таъминлашда давлат хизматидан фойдаланиш учун ариза берувчи жисмоний шахс;
ваколатли оператор — маиший газ баллонларини етказиб берувчи «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари ёки тегишли битимлар орқали ҳудудларда мазкур фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти;
маиший газ баллони — суюлтирилган углеводород газини сақлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ёпқич мосламали пайвандланган пўлат баллон;
маиший газ баллонларидан фойдаланувчилар — ваколатли оператордан маиший газ баллони олган жисмоний шахс;
«E-gaz» дастури — суюлтирилган углеводород газини ва маиший газ баллонлари ҳисобини юритишга мўлжалланган автоматлаштирилган дастурий таъминот тизими.
3. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ваколатли оператор томонидан мазкур Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.
Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП ҳамда ваколатли оператор ўртасида ахборот алмашинуви идоралараро электрон тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.
4. Маиший газ баллони табиий газ билан газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи жисмоний шахсларга берилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматидан электрон шаклда ЯИДХП орқали фойдаланади.
6. Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.
7. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса — мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани тўлдиради.
Ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (электрон имзо, ягона идентификация тизимидаги логин ва пароль, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
8. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишнинг ҳар қандай босқичида ундан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
9. Ариза берувчининг сўровномаси автоматик тарзда бир иш соати давомида ваколатли операторга юборилади.
10. Ваколатли оператор қуйидаги ҳаракатларни кетма-кетликда амалга оширади:
ариза келиб тушган куни маълумотларни реал вақт режимида «E-gaz» дастурида шакллантиради;
бир иш кунида сўровномада кўрсатилган маълумотларни текширади;
уч иш кунида ариза берувчини маиший газ баллони билан таъминлаш масаласи юзасидан жойига чиқиб ўрганади. Бунда ўрганиш якунлари бўйича далолатнома расмийлаштирилади ва газлаштириш эскизи ишлаб чиқилади. Далолатномада ариза берувчига маиший газ баллони берилиши ёки бериш рад этилиши сабаблари кўрсатилади;
далолатномада келтирилган хулоса ижобий бўлган тақдирда, ариза берувчи билан «Маиший газ баллонини вақтинча фойдаланишга бериш тўғрисида» ва «Суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тўғрисида»ги шартномаларни икки нусхада расмийлаштиради;
расмийлаштирилган шартномалар асосида ариза берувчини «Face ID» тизими орқали суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш учун тегишли ҳисобварақ билан таъминлайди ҳамда унга бир дона маиший газ баллонини ўн иш кунида бепул етказиб беради;
ўрганиш натижаларига кўра расмийлаштирилган шартномаларни ариза берувчининг шахсий кабинетига ўн иш кунида электрон шаклда юборади;
далолатномада келтирилган хулосага кўра хизмат кўрсатиш рад этилган тақдирда, ариза берувчига уч иш кунида электрон шаклда жавоб юборади.
11. Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
маиший газ баллонини олиш учун ариза берувчи томонидан сўровнома маълумотлари тўлиқ тўлдирилмасдан тақдим этилганда;
ариза берувчи томонидан берилган сўровномадаги маълумотлар тасдиғини топмаганда;
ариза берувчининг хонадонига маиший газ баллони берилиб, у томонидан қўшимча маиший газ баллони сўралганда;
маиший газ баллонидан фойдаланиш учун газ плитаси мавжуд бўлмаганда ёки ошхона техник талабларга мос бўлмаганда.
12. Битта турар жой хонадонида икки ва ундан ортиқ оила яшайдиган ҳолларда, агар хонадонда техник талабларга мос бўлган алоҳида-алоҳида (ёки умумий) газ плитаси ҳамда ошхона мавжуд бўлганда, битта кадастр рақамига эга бўлган ҳолатда ҳам, истисно тариқасида, ҳар бир оилага алоҳида биттадан маиший газ баллон ажратилишига жойида ўтказиладиган ўрганиш далолатномасини расмийлаштириш орқали рухсат берилади.
13. Маиший газ баллонидан фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганда, ариза берувчи ушбу маълумотларни ваколатли операторга ариза бериш орқали (аризада маиший газ баллонига эгалик кимга ўтаётганлигини кўрсатган ҳолда) бир ой муддатда маълум қилади (кадастр ҳужжатлари ўзгарганда, зарур ўзгартиришлар автоматик тарзда амалга оширилади). Ваколатли оператор томонидан маълумотлар доимий янгиланиб, «E-gaz» дастурига киритиб борилади.
Бунда «E-gaz» дастурига киритилган янгиланган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига мазкур маълумотларни киритган ваколатли оператор жавобгар ҳисобланади.
14. Маиший газ баллони қуйидаги ҳолларда алмаштирилади (янгилаб берилади):
маиший газ баллони эскирганда ёки яроқсиз ҳолга келганда (ундан фойдаланиш имкони бўлмай қолганда);
маиший газ баллони йўқотилганда.
Бунда йўқотилган маиший газ баллони учун етказиб берувчи ташкилот томонидан охирги кирим қилинган ҳисоб варақасидаги нархи бўйича ариза берувчидан тўлов ундирилади.
3-боб. «E-gaz» дастурининг бошқарув тизими ва ундан фойдаланиш тартиби
15. «E-gaz» дастурининг бошқарув тизими марказлаштирилган ҳолда ваколатли оператор томонидан юритилади.
16. Ваколатли оператор «E-gaz» дастури бошқарув тизимининг доимий ишлашини таъминлаш мақсадида:
«E-gaz» дастурида маиший газ баллонларидан фойдаланувчиларга тегишли маълумотларни киритиб, доимий янгилаб боришни ҳамда маълумотларнинг ҳимояланишини;
«E-gaz» дастури маълумотлар базасининг шаклланишини ҳамда маълумотларнинг ўзаро алмашинувини;
автоматлаштирилган ҳолда маълумотларни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, умумлаштириш ва маиший газ баллонларидан фойдаланувчиларга «E-gaz» дастуридан маълумотлар тақдим қилинишини;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, «E-gaz» дастурининг техник ва дастурий воситалари узлуксиз ишлашини;
«E-gaz» дастури фойдаланувчиларини рўйхатга олишни таъминлайди.
17. «E-gaz» дастури фойдаланувчиларига тегишли маълумотларни киритиш ва улардан фойдаланиш учун ваколатли оператор томонидан имконият яратилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18. Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ва ваколатли оператор ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.
19. Ариза берувчи маиший газ баллони берилиши асоссиз рад этилганда, шунингдек, маиший газ баллонини берувчи ваколатли оператор ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
20. Мазкур Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон сўровномани тўлдиради.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. ЯИДХП

Сўровномани ваколатли операторга юборади.

Реал вақт режимида

3-босқич

Ваколатли оператор

1. Сўровномада кўрсатилган маълумотларни текширади.

Бир иш кунида

2. Ариза берувчининг турар жой хонадонини жойига чиқиб ўрганади ва тегишли далолатнома тузади.

Уч иш кунида

3. Далолатномада келтирилган хулосага кўра хизмат кўрсатиш рад этилганда, Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига электрон равишда жавоб юборади.

ўрганиш якунида

4-босқич

Ваколатли оператор, ариза берувчи

Далолатномада келтирилган хулоса ижобий бўлганда, ваколатли оператор ва ариза берувчи ўртасида «Маиший газ баллонини вақтинча фойдаланишга бериш тўғрисида» ва «Суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тўғрисида»ги шартномаларни икки нусхада расмийлаштиради ҳамда ариза берувчини «Face ID» тизими орқали суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш учун тегишли ҳисобварақ билан таъминлайди.

Ўрганиш якунида

5-босқич

Ваколатли оператор

1. Бир дона маиший газ баллонини ариза берувчига етказиб беради.

2. Томонлар ўртасида расмийлаштирилган шартномаларнинг бир нусхасини Давлат хизматлари марказларига ёки ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон кўринишда юборади.

Ўн иш кунида

Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

_____________

_________________

(сана)

(рақам)

Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш бўйича

СЎРОВНОМА

Ариза берувчи тўғрисида маълумотлар:

1. Фамилияси

2. Исми

3. Отасининг исми

4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

5. Яшаш манзили (вилоят, туман/шаҳар, МФЙ, кўча номи, уй рақами)

6. Паспорт/ID-карта серияси ва рақами

7. Телефон рақами

8. Оила сони

9. Яшовчилар сони

10. Турар жой хонадони давлат кадастр рақами (агар мавжуд бўлса)

Бошқа қўшимча маълумотлар:

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 апрелдаги 180-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 10 августдаги 646-сон қарорида:
6 ва 10-бандлардаги тегишли келишикдаги «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги» сўзлари тегишли келишикдаги «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-боб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
«а» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«а) аҳоли учун Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ»;
саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
21-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
24-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«а) аҳоли учун Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ.
Бунда кўп қаватли уйлардаги квартираларни газлаштириш учун ички газ қувурларига, резервуар сиғимлари жойлаштирилган жойга ва суюлтирилган углеводород гази истеъмолини ўлчаш приборига қўйиладиган талабларни ўз ичига оладиган лойиҳа ишлаб чиқилади»;
30-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
55-банддаги «Ўзстандарт» сўзи «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
13-позиция чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги 15 — 17-позициялар билан тўлдирилсин:
«15. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармаси
16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг божхона пост ва пунктлари
17. Болалар оромгоҳлари».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 3 июндаги 348-сон қарорига 1-илованинг 13-банди «ж» кичик бандидаги саккизинчи — ўн учинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги 774-сон қарорига 1-илова 37-бандининг «в» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 11 сентябрдаги 562-сон қарорига 5-илова 22-бандининг «б» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 09/26/180/0381-сон)