toggle_night_mode
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш орқали Давлат бюджети маблағларидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш концепцияси 1-иловага мувофиқ;
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
2027 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштиришни назарда тутувчи «Давлат ички аудити» ахборот тизимини (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ишлаб чиқсин;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2028 йил 1 июлга қадар ишлаб чиқилган ахборот тизими вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимларига «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинишини таъминласин;
2028 йилдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида давлат органлари ҳамда ташкилотларининг масъул ходимларини ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ўқитиш ва уларнинг малакаси оширилишини таъминласин.
3. Ахборот тизимини ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон банки иштирокида «Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 668-сон қарорига мувофиқ давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш йўналишида давлат ички назорати ва ички аудит тизимини такомиллаштиришга ажратилган маблағлар доирасида ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Белгилансинки, 2028 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ички аудит хизмати фаолиятини амалга ошириш ҳамда хавфларни бошқариш жараёнлари электрон тарзда ахборот тизимида амалга оширилади.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 июлдаги 446-сон қарори билан тасдиқланган 2025 — 2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепциясига 3-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 март,
100-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 мартдаги 100-сонли қарорига
1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш
КОНЦЕПЦИЯСИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Республикада рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, шу жумладан, давлат бошқаруви ва давлат молиясини бошқариш соҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини (кейинги ўринларда — ички аудит фаолияти) рақамлаштириш фаолиятнинг самарали, тежамкор, тезкор ва шаффоф амалга оширилишини таъминлайди.
Бунда давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини ташкил этишда рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишларини жадаллаштириш, фаолиятга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
2. Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) илғор халқаро тажрибалар асосида «Давлат ички аудити» ахборот тизимини (кейинги ўринларда — ахборот тизими) жорий этиш орқали рақамлаштириш ва автоматлаштиришнинг концептуал асосларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Концепция ахборот тизими орқали ички аудит фаолиятини рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари, вазифалари ҳамда истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилайди.
3. Концепцияда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
автоматик баҳолаш — ахборот тизими орқали ички аудит фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда такомиллаштириш мақсадида амалга ошириладиган баҳолаш жараёни;
автокамерал — ахборот тизимидаги маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда таҳлил қилиш орқали қонун бузилиши ҳолатлари, хато ва камчиликларни автоматик равишда аниқлаш ва бу тўғрисида фойдаланувчиларни хабардор этиш жараёни;
автопрофилактика — ахборот тизими ёрдамида автоматик равишда ички аудит фаолиятидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишини олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган жараён;
ахборот тизими — маълумотлар базалари, ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларини ўз ичига олган «Давлат ички аудити» ахборот тизими;
бизнес интеллект тизими (Business intelligence — BI) — ташкилотлардаги турли маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва улар асосида қарорлар қабул қилиш учун фойдаланиладиган жараён ва технологиялар мажмуаси;
давлат органлари ва ташкилотлари — ички аудит хизматлари ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат мақсадли жамғармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари;
маълумотларни таҳлил қилиш (Data analytics) — маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва таҳлил натижалари асосида хулосалар чиқариш жараёни. Бу жараён маълумотлардаги сабаб-оқибат боғланишларини аниқлаш, тенденциялар ва муаммоларни ўрганишга ёрдам беради;
масофавий мониторинг — ахборот тизими ёрдамида ички аудит фаолиятининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритишини мониторинг қилиш жараёни;
рақамли усул — ахборотни рақамли кўринишда ифодалаш ва қайта ишлашга асосланган ҳисоблаш ёки таҳлил қилиш усули;
фойдаланувчи — ички аудит фаолияти иштирокчилари ҳамда мазкур жараёнларни мувофиқлаштириш ва баҳолаш вазифалари юкланган масъул ходим.
4. Концепция ахборот тизими асосида ички аудит фаолиятини рақамлаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишларини белгилайди:
давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда — ички аудит хизматлари) фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш;
ахборот тизими ёрдамида ички аудит фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда баҳолаш жараёнларини рақамлаштириш;
ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш, ахборот тизимини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш.
5. Ички аудит фаолиятининг рақамлаштирилиши:
ички аудит фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини масофавий мониторинг қилиш имкониятини яратиш;
ички аудит фаолиятида очиқлик ва шаффофликни ошириш;
ички аудит фаолиятини амалга оширишда вақт, молиявий ва инсон ресурсларини тежаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш;
бюджет маблағларидан фойдаланишда автопрофилактика ва автокамерал усулларни йўлга қўйиш орқали ички назоратни кучайтириш;
замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали маълумотларни шакллантиришнинг тезкорлиги, тўлиқлиги, аниқлиги, ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш;
ички аудит фаолиятининг ҳолати ва натижаларини автоматик баҳолаш имконини яратиш;
маълумотларни рақамлаштириш асосида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятини ошириш;
ҳисобдорликни ошириш ва таҳлиллар орқали фаолиятни натижадорликка йўналтиришга оид вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
2-боб. Ички аудит фаолиятини рақамлаштиришдаги тизимли муаммолар
6. Ички аудит фаолиятини рақамлаштиришни самарали жорий этиш бўйича қуйидаги тизимли муаммолар мавжуд:
ички аудит фаолиятини амалга оширишда инсон омилининг юқорилиги сабабли фаолиятда аниқланган ҳолатлар юзасидан субъектив фикрларнинг устуворлиги, молиявий, вақт ва инсон ресурсларидан самарали фойдаланилмаётгани;
реал вақт режимида барча давлат органлари ва ташкилотлари бўйича ички аудит фаолиятининг ҳолати бўйича маълумотлар базасини шакллантиришни таъминлайдиган ягона ва яхлит марказлашган рақамли экотизимнинг мавжуд эмаслиги;
ички аудит фаолиятига доир маълумотларни шакллантиришнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини рақамли назорат қилиш заруратининг мавжудлиги;
ички аудит фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларининг ижросини масофавий мониторинг қилиш имконияти чеклангани;
ички аудит фаолиятини автоматик баҳолаш имконияти яратилмагани;
маълумотларнинг рақамлашмагани сабабли соҳага сунъий интеллектни татбиқ этиш имконияти чеклангани;
ахборот тизимларидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, автопрофилактика ва автокамерал тизимларни йўлга қўйиш орқали назоратни кучайтириш имкониятидан етарли фойдаланилмаётгани;
ички аудит фаолиятини амалга оширишга оид маълумотларнинг турли ахборот тизимларида шаклланиши ва уларнинг интеграцияси тўлиқ йўлга қўйилмагани;
ички аудит фаолияти натижалари бўйича ҳисоботларни марказлашган тарзда тезкор жамлаш ва қайта ишлаш имкониятининг мавжуд эмаслиги;
ички аудит фаолиятини рақамлаштиришга оид тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинмагани;
ички аудит хизмати ходимларининг ахборот тизимлари ва ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича етарли билим ва кўникмага эга эмаслиги сабабли рақамлаштириш ва замонавий сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга оид ўқитиш ва малака ошириш курсларини тизимли равишда ташкил этиш зарурати мавжуд.
3-боб. Жаҳонда ички аудит фаолиятини рақамлаштиришнинг умумий тенденцияси ва асосий хулосалар
7. Хорижий мамлакатларда ички аудит фаолиятини рақамлаштириш ҳамда автоматлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар ва лойиҳалар амалга оширилган. Бунда замонавий ахборот технологиялари, сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили ва блокчейн каби рақамли ечимлардан фойдаланилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, хавфларни бошқариш имкониятлари яратилган.
Рақамлаштиришда асосий эътибор ҳисобдорлик ва шаффофликни ошириш, коррупция омилларини камайтириш, фаолият самарадорлигини ошириш, манфаатдор томонлар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштиришга қаратилган. Натижада самарали, тўлиқ, ишончли ва натижадор давлат ички назорати тизими юзага келган.
Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик дастури (PEMPAL) томонидан ички назорат ҳамда ички аудит фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришни рақамлаштириш мақсадида махсус дастурий мажмуа (pempal.codeman.am) ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунга қадар Албания ва Қирғизистонда амалиётга жорий этилган.
Бу дастур орқали ички назорат тизими ва ички аудит фаолияти бўйича маълумотлар ягона марказлаштирилган тизимда жамланган ҳамда таҳлил ва мониторинг жараёнларини автоматлаштирилган. Бу эса, маълумотларни реал вақт режимида киритиш, ҳисоботларни тўлиқ, аниқ ва сифатли шакллантириш имконини берган.
Саудия Арабистонида «Shamel» электрон аудит платформаси давлат молиявий назорати ва ички аудит тизимини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу платформа орқали аудит жараёнларини рақамли асосда ташкил этиш, молиявий маълумотларни автоматик тарзда тўлаш, таҳлил қилиш ҳамда реал вақтда мониторинг олиб бориш имкониятлари яратилган.
Эстония давлат молиявий назорати ва ички аудит тизимини рақамлаштириш борасида Европа миқёсида эътироф этилган илғор тажрибага эга. Хусусан, мамлакатда ҳукуматлараро ахборот алмашинувини таъминловчи «X-Road» платформаси асосида ички назорат ва аудит жараёнларини рақамли муҳитда ташкил этиш тизими йўлга қўйилган. Бунда платформа орқали бюджет ижроси, молиявий харажатлар ва шартномалар кўрсаткичларини таҳлил қилиш автоматлаштирган. Бу орқали ички аудит ходимларига маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиш, хавфларни олдиндан аниқлаш имконияти яратилган.
Хорижий тажрибаларда давлат органлари томонидан ички аудит фаолиятини амалга ошириш жараёнларни автоматлаштириш бўйича яратилган ички аудит жараёнларини бошқаришга оид «MetricStream Audit Management», «AuditBoard» ва «TeamMate+» каби бир қатор замонавий платформалар мавжуд. Мазкур платформаларда аудит жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш, таҳлил қилиш ва ҳисоботларни шакллантириш босқичлари тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш имкониятлари яратилган.
Халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, республикада замонавий ахборот тизимлари асосида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жараёнларга сунъий интеллект, бизнес интеллект тизими, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқа технологияларни жорий этиш долзарб ҳисобланади.
4-боб. Ички аудит фаолиятини рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари
8. Ички аудит фаолиятини рақамлаштириш фаолият жараёнларининг тезкорлиги ва самарадорлиги оширилишини, фаолиятга оид маълумотларнинг аниқлиги, ишончлилиги ва шаффофлиги ортиши, ҳисобдорлик ва жавобгарлик кучайишини таъминлайди.
Ички аудит фаолияти рақамлаштиришнинг ягона ахборот тизими асосида ташкил этилиши мониторинг ва таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда интеграция ва тезкор маълумотлар алмашинувига хизмат қилади.
Бунда реал вақт режимида мониторинг қилиш, ички назорат жараёни ва ички аудит фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда тезкор маълумот алмашинуви имконияти оширилади.
Ички аудит фаолиятини рақамлаштиришни услубий таъминлаш ва мувофиқлаштириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади ва унга қуйидаги асосий вазифалар белгиланади:
ички аудит фаолиятини рақамлаштиришни ташкил этиш, бошқариш ва мувофиқлаштириш;
халқаро тажрибаларни ўрганиш асосида ички аудит фаолиятини рақамлаштиришни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва амалиётга татбиқ этиш;
ички аудит фаолиятини рақамлаштириш бўйича тегишли ҳужжатларни (концепция, техник топшириқ ва бошқалар) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;
ахборот тизимларида ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари малакасини ошириш.
9. Ички аудит фаолияти қуйидаги устувор йўналишларга асосан рақамлаштирилади ва автоматлаштирилади:
а) ички аудит хизматлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш:
режаларни тузишда хавф таҳлилини ўтказишнинг рақамлаштирилган ва автоматлаштирилган техник имкониятларини яратиш;
ахборот тизимида ички аудит тадбирларини ўтказиш жараёнини ташкил этиш ҳамда уларнинг натижаларини киритиш, жамлаш ва таҳлил қилиш;
масофавий аудит ўтказиш учун марказлашган имкониятлар яратиш орқали унинг кўлами ва самарадорлигини ошириш;
ахборот тизими ёрдамида ички аудит хизмати ходимларининг фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини автоматлаштирилган ҳолда аниқлаш ва рейтингини шакллантириш;
ички аудит хизматига оид ҳисоботларни автоматик шакллантириш, тасдиқлаш ва юбориш имкониятини яратиш;
ички аудит хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ва унинг натижаларини ахборот тизимида умумлаштириш;
рақамли шаклдаги маълумотлар алмашинувига ўтиш, ҳисобдорлик бўйича ахборот тизими фойдаланувчилари ўртасида интеграция ва ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали маълумотлар қамрови ва сифатини ошириш;
ички аудит хизматига оид маълумотлар базасини шакллантириш, жамлаш ва янгилаб боришнинг рақамли усулларини яратиш;
ички аудит хизматларининг ходимлари томонидан ваколат доирасидан ташқаридаги хавфлар, саволлар, автопрофилактика ва автокамерал тизимларни татбиқ этиш бўйича таклифларни юбориш имкониятини яратиш;
ички аудит хизматларининг ходимларига фойдаланиш учун ваколат берилган дастурий мажмуаларга бир жойдан кириш ҳамда хавфсиз маълумотлар алмашиш имконини берувчи махсус модулни жорий этиш;
б) ахборот тизими ёрдамида ички аудит фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда баҳолаш жараёнларини рақамлаштириш:
ички аудит хизмати фаолиятига оид ҳисоботларни жамлаш ва таҳлил қилишда рақамли шаклдаги маълумотлар алмашинувига ўтиш орқали уларнинг ўзаро боғлангани, аниқлиги ва ишончлилигини ошириш;
ички аудит фаолияти самарали ташкил этилганлигини рақамли маълумотлар асосида автоматик ва масофадан баҳолашни жорий этиш;
ахборот тизимидаги маълумотлардан фойдаланиш орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит фаолияти бўйича рейтингини автоматик аниқлаш имкониятини яратиш;
ички аудит хизмати ходимларининг фаолият самарадорлиги рейтинги ҳамда ички аудит миллий малака сертификатлари реестрини юритиш ва назорат қилиш учун автоматлаштирилган технологияларни жорий этиш;
ички аудит фаолияти бўйича давлат органлари ва ташкилотларидан таклиф ва тавсияларни электрон қабул қилиш ҳамда қайтар алоқа имкониятларини яратиш;
ахборот тизимида ролларни тақсимлаш, бириктириш ва бекор қилиш ваколатларини шакллантириш ва амалга ошириш;
ички аудит хизматларининг раҳбарини (ички аудит хизмати бир нафар штатдан иборат бўлганда, ушбу штатда фаолият юритувчи ходимни) лавозимидан озод этишни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишишни рақамлаштириш;
ички аудит хизмати фаолиятининг рақамлашган жамланма маълумотларини умумлаштириш ва уларни сунъий интеллект ва бизнес интеллект тизими асосида таҳлил қилишнинг усулларини яратиш;
ички аудит фаолиятини тартибга солувчи ички идоравий ҳужжатларни умумлаштириш ва уларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини сунъий интеллект воситасида ўрганиш имкониятини яратиш;
ахборот тизимидаги маълумотлар асосида ички аудит фаолиятига оид ҳисоботларни шакллантириш ва эълон қилишни ташкил этиш;
ички аудит хизмати ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларига замонавий таълим технологияларини жорий этиш орқали рақамли таълим муҳитини ривожлантириш;
рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда, фойдаланувчиларга очиқ маълумот ва ахборотларни тақдим этишнинг шаффофлигини ошириш;
в) ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш, ахборот тизимини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш:
ички аудит фаолиятига оид ўқув-методик қўлланмаларни (стандартлар, ўқув дастури методикаси) халқаро стандартларга мослаштириш;
ички аудит фаолиятига замонавий ахборот технологияларини қўллаш ва бошқаришга ўқитиш бўйича амалий-тажриба дастурларини ишлаб чиқиш;
ахборот тизими ва бошқа дастурий мажмуалардан фойдаланиш бўйича малакани шакллантириш ҳамда оширишга кўмаклашувчи дастурий мажмуаларнинг «демо варианти»ни яратиш;
масофадан малака ошириш имконини берувчи махсус моделларни яратиш ва амалиётга жорий этиш;
ички аудит хизмати ходимлари малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
ички аудит фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
«Йўл харитаси»да белгиланган тадбирлар амалга оширилиши бўйича мониторинг юритади;
ички аудит фаолиятини рақамлаштириш бўйича тадбирларни ўз вақтида ва босқичма-босқич амалга оширади ва мувофиқлаштиради.
5-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
11. Концепцияни амалга ошириш асосида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:
ички аудит жараёнлари, маълумотлар ва ҳисоботларнинг рақамлаштирилиши орқали фаолият самарадорлиги ва тезкорлиги ортади, меҳнат ва вақт ресурсларининг сарфи ҳамда маълумотларни шакллантиришдаги хатоликлар қисқаради;
ички аудит фаолияти барча жараёнларининг электрон қайд этилиши орқали рақамлашган маълумотлар базаси шаклланади, тизимдаги шаффофлик ва ходимларнинг масъулияти ортади ҳамда маълумотларнинг тўлиқлиги, аниқлиги, ишончлилиги ва сифати таъминланади;
халқаро тажрибалар асосида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш бўйича ягона ахборот тизими жорий этилади;
ички аудит фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижросини масофавий мониторинг қилиш имконияти яратилади;
ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва тузилмалар бўйича рейтинги автоматик шакллантирилади ҳамда жамоатчилик учун очиқланади;
ҳисоботларни шакллантириш ва таҳлил имкониятлари кенгаяди;
интеграция ва маълумотлар алмашинуви имкониятларининг яратилиши орқали масофадан туриб мониторинг ва таҳлил ўтказиш, турли манбалардан маълумотларни жамлаш ҳамда таққослаш осонлашади;
ички аудит жараёнларида инсон омили таъсирининг камайиши, рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали коррупция эҳтимоли пасаяди ҳамда хатоларнинг камайишига эришилади;
ички аудит фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида инновацион технологиялар, шу жумладан, сунъий интеллект, бизнес интеллект тизими BI (Business Intelligence), маълумотларни таҳлил қилиш (Data Analytics) технологиялари жорий этилади;
ички аудит хизмати ходимларининг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмалари ортади ва доимий равишда такомиллаштирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 мартдаги 100-сон қарорига
2-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини рақамлаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш шакли

Бажариш муддати

Молиялаштириш манбалари

Ижро учун масъуллар

I. «Давлат ички аудити» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишларини амалга ошириш

1.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимини ишлаб чиқиш концепциясини ишлаб чиқиш.

1. Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича хорижий мутахассис ёллаш.

2. «Давлат ички аудити» ахборот тизимини яратишда халқаро ва миллий стандартлар ҳамда лойиҳаолди таҳлил ўтказиш.

3. «Давлат ички аудити» ахборот тизими концепциясини ишлаб чиқиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил июль

«Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси маблағлари,

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2.

«Давлат ички аудити» ахборот тизими техник топшириғини ишлаб чиқиш.

1. «Давлат ички аудити» ахборот тизими концепцияси асосида ахборот тизимининг техник топшириғини ишлаб чиқиш.

2. Ахборот тизимининг техник топшириғини белгиланган тартибда ваколатли органларда экспертизадан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил декабрь

«Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси маблағлари,

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

3.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимининг ички аудит модулини ишлаб чиқиш.

1. Техник топшириқ асосида ички аудит модулини ишлаб чиқиш.

2. Ички аудит модулини синовдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2027 йил апрель

«Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси маблағлари,

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

4.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимининг ички аудит фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда баҳолаш модулини ишлаб чиқиш.

1. Техник топшириқ асосида ички аудит фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда баҳолаш модулини ишлаб чиқиш.

2. Ички аудит фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда баҳолаш модулини синовдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2027 йил сентябрь

«Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси маблағлари,

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

5.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимини комплекс синовдан ўтказиш.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимини комплекс синовдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2027 йил декабрь

«Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳаси маблағлари,

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

6.

«Давлат ички аудити» ахборот тизимини амалиётга жорий этиш.

Давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, ички аудит хизмати фаолиятини электрон тарзда «Давлат ички аудити» ахборот тизимида амалга ошириш.

Амалий чора-тадбирлар

2028 йил январь

Маблағ талаб этилмайди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

II. «Давлат ички аудити» ахборот тизимини интеграция қилиш ишларини амалга ошириш

7.

Ахборот тизимини тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг дастурий таъминотлари билан «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиш.

1. Ички аудит фаолиятида ахборот тизимларидаги маълумотларни (ахборот ресурсларини) интеграция қилиш орқали маълумотларни тақдим этиш ва қабул қилишни тартибга солувчи технологик ҳужжатни ишлаб чиқиб.

2. Ахборот тизимини бюджет ижросини амалга ошириш билан боғлиқ дастурий маҳсулотлар, жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги дастурий таъминотлари ва бошқалар билан интеграция қилиш.

3. Давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ҳамда такомиллаштириб бориш.

Ташкилий ва техник тадбирлар

2028 йил июль

Маблағ талаб этилмайди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Ахборот тизимини амалиётга жорий этишни кузатиб бориш ва такомиллаштириш.

Ахборот тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этишдаги техник камчиликларни бартараф этиш, доимий кузатиб бориш ва такомиллаштириш.

Ташкилий ва техник тадбирлар

Доимий

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

III. Ахборот тизимида самарали ишлашни ташкил этиш, ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш

9.

Ахборот тизимида самарали ишлашни ташкил этиш.

1. Давлат органлари ва ташкилотларида ахборот тизимда ишлаш бўйича масъул ходимларни белгилаш.

2. Ахборот тизимида ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимларини электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2028 йил январь

Маблағ талаб этилмайди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

10.

Ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш.

1. Ахборот тизимида самарали ишлашни ташкил этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш.

2. Ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича семинар, тренинглар ва амалий машғулотларни ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2028 йил январь

Давлат бюджети маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 мартдаги 100-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 июлдаги 446-сон қарори билан тасдиқланган 2025 — 2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепциясига киритилаётган қўшимчалар
1. 46-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ички назорат тизимини ташкил этиш ва рақамлаштиришга ахборот технологияларини жорий қилиш».
2. Қуйидаги мазмундаги 461-банд билан тўлдирилсин:
«461. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини ташкил этиш ва рақамлаштиришга ахборот технологияларини жорий қилиш қуйидагиларни назарда тутади:
ички назоратга очиқ ҳужжатлар ва уларни янгилаб бориш натижаларини жамлашни рақамлаштириш;
ички назорат тизимини баҳолаш жараёнига автоматлаштирилган ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришни жадаллаштириш;
ички назорат тизимининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Масъул орган томонидан қабул қилиш ва таҳлил қилишни рақамлаштириш асосида ички назорат тизими ҳолатини масофадан ўрганиш;
хавфларни баҳолаш жараёнларини автоматлаштириш орқали хавфлар реестрини шакллантириш ҳамда ундаги ўзгаришларни кузатиб боришни рақамлаштириш;
хавфларни камайтириш бўйича тузилган чора-тадбирларнинг рақамли шаклини яратиш орқали унинг мониторинги самарадорлигини ошириш;
хавфлар таснифи ва тоифасини рақамлаштириш асосида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таркибий бўлинмалар, функциялар ва соҳалар кесимида хавфлар харитасини шакллантириш;
функция ва жараёнларнинг рақамлаштирилган реестрини шакллантириш ҳамда юритиб бориш;
Хавфларни бошқариш қўмитаси таркиби ва фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотларни қабул қилиш ва таҳлил этишни рақамлаштириш;
ички назоратга оид маълумот ва ҳисоботларнинг рақамли шаклдаги алмашинувига ўтиш, ҳисобдорлик бўйича масъулият ва жавобгарликни ошириш».
3. 48-банд қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ички назорат жараёнлари, маълумотлар ва ҳисоботларнинг рақамлаштирилиши орқали фаолият самарадорлиги ортади, инсон омили таъсири камаяди ҳамда маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифати таъминланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2026 й., 09/26/100/0233-сон)