toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ёшлар ва педагог ходимларнинг хорижда таълим олишларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда ёшлар ва педагог ходимларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларнинг таълим олишлари учун имтиёзли таълим кредити ажратишни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга бир ўқув йили учун 20 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда таълим кредити ажратиш тизими жорий этилсин.
Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан тижорат банкларига ресурслар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «resurs.imv.uz» платформаси орқали ажратилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга таълим кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
таълим кредити учун маблағ ажратиладиган банкларни мувофиқлик мезонлари асосида белгилаш;
халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш учун таълим кредитини ажратишни расмийлаштириш;
таълим кредити миқдорини белгилаш, уни қайтариш ва кредит мониторингини юритиш.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, таълим кредити тизимини такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 2 март,
88-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 мартдаги 88-сон қарорига
1-ИЛОВА
Хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги ёшлар ва педагог ходимларга таълим кредитини ажратиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёшлар ва педагог ходимларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан имтиёзли таълим кредитини (кейинги ўринларда — таълим кредити) ажратиш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.
2. Таълим кредити банклар томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ ажратилади.
3. Таълим кредити QS (Quacquarelli Symonds) ёки TНE (TheTimes Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг ТОП-300 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёшлар (30 ёшдан ошмаган, шу жумладан, 30 ёшда бўлган) ва педагог ходимларга (кейинги ўринларда — кредит олувчи) банклар томонидан бакалавриат ҳамда магистратура дастурларида таълим олишлари учун ажратилади.
Бунда кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
4. Таълим кредити халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ТОП-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги кредит олувчиларга бир ўқув йили учун 20 минг АҚШ долларигача миқдордаги эквивалентда миллий валютада ажратилади.
5. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Бунда таълим кредити учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим ташкилотига маблағ ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан олий таълим ташкилотида таълимнинг тегишли шакли бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.
2-боб. Банкларга қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ва уларга маблағ ажратиш тартиби
6. Жамғарма томонидан таълим кредити учун маблағ ажратишда банкларга нисбатан қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:
банкда таълим кредитини ажратиш юзасидан ички тартибнинг мавжудлиги;
банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poorʼs» рейтинг агентликларининг «B» даражасидан ёки «Moodyʼs Investors Service» рейтинг агентлигининг «B2» рейтингидан паст бўлмаган даражада кредит рейтингига эга бўлиши;
охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжудлиги;
агар банк уч йилдан кам муддат фаолият кўрсатган бўлса, банкнинг фаолият юритган йиллари учун молиявий ҳисоботлари бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжудлиги;
банкнинг регулятив капитали 1 трлн сўмдан кам бўлмаслиги;
банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Вазирлик томонидан жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда — Марказий банк) томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилгани сабабли унга нисбатан таълим кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкцияларнинг мавжуд эмаслиги.
Вазирлик ушбу банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни мурожаат этувчи банклардан, еттинчи хатбошисида келтирилган маълумотларни Марказий банкдан белгиланган тартибда сўраб олади.
Вазирлик банкларнинг мувофиқлик мезонларига мос келишини баҳолашда Марказий банкдан уларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
7. Банклар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларни Жамғармага тақдим этади.
Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар Жамғарма томонидан беш иш куни ичида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганилади.
Белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилган банклар билан Вазирлик ўртасида таълим кредити учун маблағ ажратиш юзасидан Бош битим (кейинги ўринларда — Бош битим) тузилади.
Жамғарма томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган маблағлар банкнинг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.
8. Банклар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мувофиқлик мезонларига мос эмас деб топилганда, улар билан Бош битим тузишни рад этиш ҳақида ёзма тарзда хабардор қилинади.
9. Вазирлик ушбу Низом доирасида Бош битим тузилган банкларнинг рўйхатини ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради ва доимий равишда янгилаб боради.
10. Вазирлик банкларга таълим кредити ажратиш учун 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга депозит маблағларни жойлаштиради.
11. Банклар таълим кредити олиш истагини билдирган кредит олувчилар реестрини шакллантиради ва у асосида Жамғармага таълим кредити учун маблағ олиш мақсадида буюртманомани тақдим қилиб боради.
12. Кредит олувчи ўқув йили давомида тўлов-контракт миқдори ўзгарган ҳолларда, бу ҳақда тўлов-контракт миқдори ўзгарган кундан бошлаб беш иш куни ичида кредит ажратган банкни хабардор қилиши лозим.
13. Жамғармага буюртманомалар келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида банклар билан Вазирлик ўртасида таълим кредити учун маблағ ажратиш бўйича депозит шартномаси имзоланади ҳамда Жамғарма ушбу маблағларни банкларнинг тегишли ҳисобварағига ўтказиб беради.
14. Бош битимга мувофиқ Жамғарма маблағларни банкларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз паст ставкада жойлаштиради.
15. Вазирлик томонидан банкларга жойлаштирилган таълим кредити учун маблағларни қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш банклар ва Вазирлик ўртасида тузилган депозит шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.
16. Таълим кредити бўйича юзага келиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини ўзаро тақсимлаш мақсадида Вазирлик томонидан Бош битимга мувофиқ банкларга жойлаштирилган маблағларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан банкларга гаров депозити сифатида қўйиш бўйича банклар ва Вазирлик ўртасида гаров шартномаси (кейинги ўринларда — гаров шартномаси) тузилади.
3-боб. Таълим кредитини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби
17. Кредит олувчи таълим кредитини олиш учун банкка мурожаат қилишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим кредити олиш тўғрисидаги ариза;
ариза берувчи (биргаликда қарз олувчи)ларнинг амалда бўлган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари нусхаси;
таълим ташкилотидан талабанинг қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хат (1-курс талабалари учун);
ҳар бир ўқиш даврининг (семестр, триместр, ярим йиллик ва йиллик) якунлари бўйича академик ўзлаштириш натижалари тўғрисидаги ҳужжат (2-курсдан бошлаб);
тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома ҳамда олий таълим ташкилотининг банк реквизитлари (ҳисобварақ рақами, SWIFT коди) кўрсатилган инвойс;
биргаликда қарз олувчиларнинг сўнгги 12 ойлик даромадлари юзасидан маълумот;
ўттиз ёшдан ошган педагог ходимлар учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан юкланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма нусхаси (мазкур ҳужжат кредит олувчининг педагог ходим эканлигини аниқлаш учун фойдаланилади);
банкнинг ички қоидаларида белгиланган бошқа ҳужжатлар.
18. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади. Банк тақдим этилган ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақли.
19. Ўқишнинг кейинги босқичларига ўтган ҳамда хорижда бўлган талабалар белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома асосида ўзларининг қонуний вакили орқали банкка мурожаат қилишлари ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришлари мумкин.
20. Банклар кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, қарор қабул қилинган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан кредит олувчига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.
21. Таълим кредити шартномаси кредит олувчи томонидан тақдим этилган талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт)да кўрсатилган, бироқ ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган миқдордан ошмаган сумма доирасида тузилади.
Бунда кейинги ўқув йили учун тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномада белгиланган тўлов миқдори ва таълим кредити олиш тўғрисидаги аризадан келиб чиқиб, кредит миқдори таълим кредити шартномасига қўшимча келишув имзолаш орқали ошириб борилади.
22. Банклар томонидан кредит олувчига ажратиладиган таълим кредитининг ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида белгиланади.
23. Таълим кредити кредит олувчи томонидан ссуда ҳисобварағидаги кредит маблағини таълим ташкилотига ўтказиш тўғрисидаги тўлов топшириқномасини берган кундаги банкнинг расмий алмашинув курси бўйича хорижий валютага конвертация қилиш орқали ажратилади.
Бунда конвертация жараёнида кредит олувчидан қўшимча комиссия ундирилмайди.
24. Банклар томонидан таълим кредити кредит олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида кредит олувчи ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида шартнома (контракт) ёки ҳисоб варақаси (фактураси)да (инвойсида) кўрсатиб ўтилган хориждаги таълим ташкилотининг банк ҳисобварағига SWIFT тизимида маблағ ўтказиш орқали амалга оширилади.
25. Банклар Вазирликдан ажратилган, бироқ кредит олувчи томонидан таълим кредитининг ўзлаштирилмаган қисми миқдоридаги маблағларни Вазирликка қайтаради.
26. Кредит олувчининг банкдан олган таълим кредити бўйича муддати ўтган фоиз қарздорлиги мавжуд бўлса ёки мунтазам равишда тўлов муддатини ўтказиб келган бўлса, банк таълим кредити шартномасида белгиланган тартибда кредит олувчига тўлов-контрактнинг навбатдаги қисми бўйича ёки кейинги йиллар учун таълим кредитини ажратишни рад этишга ҳақли.
4-боб. Кредитни қайтариш ва кредит мониторингини юритиш тартиби
27. Асосий қарз ва фоиз тўловлари кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда тўланади.
28. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) таълим кредитини таълим кредити шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир.
29. Кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) таълим кредити бўйича фоиз тўловлари ва асосий қарзни таълим кредити шартномасида белгиланган муддатларда қайтармаса, банк таълим кредити бўйича муддати ўтган қарздорликни ўзининг ички қоидаларига асосан қайтариш чораларини кўради.
30. Банк даврий равишда кредит олувчи (биргаликда қарз олувчи) ўқишга қабул қилинган олий таълим ташкилотидан расмий хат ёки шартноманинг давомийлиги ҳақида расмий ҳужжат сўрашга ҳақли.
31. Таълим кредитининг асосий қарзи ва (ёки) фоизи бўйича 180 кундан ортиқ муддати ўтган қарздорлик юзага келганда, банк гаров шартномасига мувофиқ ўзининг Вазирлик олдидаги мажбуриятларини таълим кредитининг асосий қарзи қолдиғининг 50 фоизи миқдорига камайтириш юзасидан тегишли бухгалтерия ўтказмасини амалга оширади ва бу ҳақда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Вазирликни ёзма равишда хабардор қилади.
32. Банкнинг Вазирлик олдида ўз мажбуриятини ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ҳолатларда камайтириши кредит олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) банкка таълим кредити бўйича фоиз ва асосий қарзни тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.
33. Агар таълим кредити банкнинг Вазирлик олдидаги мажбурияти камайтирилгандан сўнг тўлиқ ёки қисман қайтарилса, банк қайтарилган маблағнинг 50 фоизига тенг миқдорда ўзининг Вазирлик олдидаги мажбуриятини оширади ва қайтган маблағдан ушбу мажбуриятни сўндиради.
Банк қайтарилган маблағнинг қолган қисмини кредит олувчининг банк олдидаги қарздорлигини сўндиришга йўналтиради.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 мартдаги 88-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ), Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон платформаси (кейинги ўринларда — Махсус платформа) орқали ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари нодавлат олий таълим ташкилотларига, хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат хизмати бепул кўрсатилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — давлат олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ҳамда ижара ҳуқуқи асосида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, шунингдек, республикада доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган талаба;
ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талаба — ётоқхонада, ота-отаси ёки яқин қариндоши билан бирга яшамайдиган, ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижарада яшовчи талаба;
ваколатли орган — давлат олий таълим муассасаси;
давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) — талабаларнинг аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилишга масъул бўлган, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ таркибда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланадиган, жамоатчилик асосида доимий ишлайдиган тузилма;
талабгор — ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тўғрисида комиссия томонидан ижобий хулоса олган талаба».
2. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Ариза берувчи аризанинг давлат хизматини кўрсатиш доирасида кўриб чиқиш ҳолатини ЯИДХП ёки Махсус платформа орқали кузатиб бориши мумкин».
3. 2-боб қуйидаги мазмундаги 71 — 77-бандлар билан тўлдирилсин:
«71. ЯИДХП ва ваколатли орган ўртасидаги электрон давлат хизматини кўрсатиш доирасида ахборот алмашинуви «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.
72. Талабалар ўзларининг доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, исталган Марказга давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилиши мумкин.
73. Давлат олий таълим муассасалари талабалари учун ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича давлат хизмати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
74. Ариза берувчи давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП ёки Махсус платформадан рўйхатдан ва (ёки) авторизациядан ўтади.
75. Ариза берувчи Марказга ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП ёки Махсус платформа орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома бўйича маълумотларни электрон равишда киритади. Бунда ариза берувчининг мурожаатига оид қуйидаги маълумотлар «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали автоматик тарзда аниқланади:
шахсга доир маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментининг электрон ахборот тизими орқали;
доимий яшаш манзили — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг манзил-маълумот электрон ахборот тизими орқали;
таҳсил олаётган олий таълим муассасаси бўйича таълим маълумотлари — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим жараёнларини бошқариш — HEMIS» ахборот тизими орқали;
кўчмас мулк ижара шартномаси тўғрисидаги маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг «Солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш ёки бепул фойдаланиш шартномаларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ijara.soliq.uz) орқали.
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ариза берувчи томонидан ариза юборишда амалда қабул қилинган аризаси мавжуд бўлмаслиги талаб этилади. Бунда ариза берувчининг тегишли маълумотлари ўзгарган тақдирда, қайта ариза юбориш имконияти яратилади.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали давлат хизматидан фойдаланганда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
76. Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштириб, киритилгандан сўнг Марказ ходими ариза берувчига QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сўровномани икки нусхада чоп этиб, тақдим этади. Ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз имзоси билан тасдиқлайди, бир нусхасини ўзида олиб қолади ва иккинчи нусхасини Марказ ходимига беради.
Сўровнома ариза берувчининг имзоси билан тасдиқлангандан сўнг Марказ ходимининг ЭРИси билан тасдиқланган ҳолда, Махсус платформага автоматик тарзда киритилади.
77. Ваколатли орган томонидан аризалар ҳар ойнинг 15-санасига қадар кўриб чиқилади. Бунда олий таълим муассасаларида ташкил этилган ижара комиссиялар томонидан талабаларнинг аризалари асосида баённома электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали тасдиқланади ва буйруқлар шакллантирилади. Олий таълим муассасаси ректори (директори) комиссия аъзолари томонидан келишилган буйруқни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди. Тасдиқланган буйруқ асосида талабаларга ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади.
Ариза берувчи томонидан ариза маълумотларини ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда, ариза юборилган платформа орқали юклаб олиш имконияти яратилади».
4. 5-боб қуйидаги мазмундаги 321 — 323-бандлар тўлдирилсин:
«321. Марказлар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ариза берувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
322. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
323. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказлар ушбу Низом талабларининг ижроси юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторинг қилиб боради».
5. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Ариза берувчи

1. Ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказлар)га мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёхуд Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус платформаси орқали (кейинги ўринларда — Махсус платформа) рўйхатдан ўтади.

2. Марказларга ёки ЯИДХП ёхуд Махсус платформа орқали мурожаат этганда, белгиланган шаклдаги сўровномани тўлдиради. (Бунда талабгорнинг ижара шартномаси маълумотлари Солиқ қўмитасининг ijara.soliq.uz платформасидан интеграция орқали автоматик тарзда олинади. Мазкур ҳолатда 1-босқич талабаларидан жорий ўқув йилининг сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этилмайди.)

3. Маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.

Ҳар ойнинг 1-санасидан 7-санасига қадар

2-босқич

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси

(Котиб)

1. Аризалар асосида баённома шакллантиради, Махсус платформада яратилган баённома белгиланган мезонлар бўйича автоматик текширилади. Шунингдек, тьюторлар билан биргаликда ариза берувчининг маълумотларини комиссияга тақдим этиш учун ҳар томонлама ўрганади.

2. Ижара комиссияси аъзоларига баённомани тасдиқлаш учун ахборот тизимида SMS-хабарнома орқали баённомани кўриб чиқиш ҳаволасини юборади.

Ҳар ойнинг 7-санасидан 13-санасига қадар

3-босқич

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси

(Аъзолар)

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси котиби томонидан юборилган баённомаларни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади.

Ҳар ойнинг 14-санасига қадар

4-босқич

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси

(Раис)

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси аъзолари томонидан тасдиқланган баённома қарорини электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади.

Ҳар ойнинг 14-санасига қадар

5-босқич

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси

(Буйруқни келишувчилар)

Ахборот тизимида тасдиқланган баённома асосида автоматик тарзда шаклланган буйруқни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади.

Ҳар ойнинг 14-санасига қадар

6-босқич

Олий таълим муассасаси ректори

(директори)

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси аъзолари томонидан келишилган буйруқни Электрон рақамли имзо орқали тасдиқлайди ёки рад этади.

Ҳар ойнинг 14-санасига қадар

7-босқич

Олий таълим муассасаси бухгалтерияси

Олий таълим муассасасида тасдиқланган буйруқ асосида ариза берувчининг ижара тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш миқдорини ҳисоблаш ҳужжатини яратади ҳамда тегишли тўловларнинг амалга оширилишини таъминлайди.

Ҳар ойнинг 15-санасига қадар

8-босқич

Олий таълим муассасаси ижара комиссияси

(Котиб)

Ариза берувчини давлат хизматини кўрсатиш натижаси ҳақида хабардор қилади.

Ҳар ойнинг 15-санасига қадар

».

6. Қуйидаги мазмундаги 3 ва 4-иловалар билан тўлдирилсин:
«Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

НАМУНА

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчининг шахсий маълумотлари

1.1. Фамилияси, исми ва отасининг исми

1.2. Туғилган санаси

1.3. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ЖШШИР маълумотлари)

1.4. Фуқаролиги

1.5. Доимий яшаш манзили

1.6. Телефон рақами

1.7. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)

1.8. Жинси

1.9. Ижтимоий ҳолати

II. Ариза берувчининг таълим маълумотлари

2.1. Таҳсил олаётган олий таълим муассасаси номи

2.2. Факультети

2.3. Таълим йўналиши

2.4. Таълим шакли

2.5. Таълим босқичи

2.6. Гуруҳи

2.7. Таълим тили

III. Ариза маълумотлари

3.1. Ижара шартномаси ID рақами

3.2. Ижарага олинган уй-жой ҳудуди ва манзили

3.3. Уй-жойнинг ижара суммаси

3.4. Ижара шартномасининг амал қилиш муддати

3.5. Ижара берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми

3.6. Банк пластик картаси маълумотлари (МФО, банк пластик картаси тури, ҳисобварағи)

Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

НАМУНА

АРИЗА

1. Талаба Ф.И.О.

2. Талаба манзили

3. Туғилган санаси

4. Жинси

5. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)

6. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

Ўқиш жойи

Таълим йўналиши

Таълим шакли

Таълим босқичи

7. Ижарага олинган уй-жой ҳудуди ва манзили

8. Уй-жойнинг ижара суммаси

Мен давлат томонидан ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилишидан манфаатдорлигимни билдираман.

9. Паспортим ва ижтимоий ҳолатимни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилмоқдаман. Ушбу ариза ва унга илова қилинаётган ҳужжатларда кўрсатилган барча маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайман.

Қабул қилинган сана

Қабул қилган шахс

(QR код)

Ариза ҳолати:

Ахборот тизими номи

».

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.03.2026 й., 09/26/88/0192-сон)