toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 18 апрелдаги ПФ-67-сон Фармони ижросини таъминлаш, мувофиқликни баҳолаш тизимини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ҳисобга олиш;
маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олишда тақдим этиладиган ҳужжатлар ва маълумотларни шакллантириш тартиби.
2. Адлия вазирлиги давлат хизмати ахборот тизимида ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
3. Белгилансинки, ахборот тизими орқали ҳисобга олинган мувофиқлик тўғрисидаги декларациялари бозор назорати талабларига мувофиқ доимий мониторинг қилиб борилади. Бунда бозор назорати органлари тайинлангунга қадар бозор назорати вазифалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси бир ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ, идоралараро назоратни амалга ошириш мақсадида Солиқ қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тегишли маълумотларни доимий тақдим этиб бориш ҳамда ҳисобга олинган мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида кўриб бориш учун тегишли тизимларни интеграция қилиш чораларини кўрсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш тартибларига оид низомларни тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори 1-бандининг «в» кичик банди ҳамда қарорга 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 декабрь,
831-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 декабрдаги 831-сон қарорига
ИЛОВА
Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларацияси (кейинги ўринларда — мувофиқлик декларацияси) мувофиқлик декларациясини берувчи шахс ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали ҳисобга олинади.
3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
бозор назорати — маҳсулотлар бозорга муомалага киритилганидан сўнг уларнинг хавфсизлигини, инсон ҳаёти, соғлиғига, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат манфаатларига, атроф-муҳитга зарар етказмаслигини таъминлашга қаратилган, бозор назорати органлари томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ва чоралар мажмуи;
бозор назорати органи — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолияти йўналиши бўйича бозор назоратини амалга оширишга ваколатли бўлган давлат органи;
дистрибютор — таъминот занжирида маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчидан фарқли равишда муомалага чиқарувчи юридик ёки жисмоний шахс;
ишлаб чиқарувчи — маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотга эга бўлган ҳамда ўз номи ёки товар белгиси остида сотувчи юридик шахс;
импорт қилувчи — бошқа давлатдан маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси бозорига киритувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахс;
иқтисодий оператор — маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки уларни бозорга киритиш ёки муомалага чиқариш ҳуқуқига эга юридик ёхуд жисмоний шахс, хусусан, ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ёки дистрибютор;
маҳсулот тўпи — мувофиқлик декларациясини берувчи томонидан тақдим этилган юк ҳужжатига мувофиқ (агар мавжуд бўлса) бир турдаги, бир номдаги ва белгидаги маҳсулот бирлиги;
мувофиқлик декларациясини берувчи — мувофиқлик декларациясини ҳисобга олиш ташаббуси билан мурожаат қилган иқтисодий оператор;
мувофиқлик декларацияси — мувофиқлик декларациясини берувчининг, бозорга киритиладиган ёки муомалага чиқариладиган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан жавобгарликни зиммасига олгани тўғрисидаги расмий баёноти. Бунда мувофиқлик декларацияси, ҳар бир маҳсулот тўпига ёки ягона (якка) маҳсулотга нисбатан расмийлаштирилади;
МХИК коди — маҳсулотлар (товар ва хизматларнинг) Ягона электрон миллий каталогидаги идентификация коди;
ТИФ ТН коди — Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ маҳсулот коди;
юкка илова қилинадиган ҳужжатлар — маҳсулот номенклатураси ва миқдорини белгиловчи ҳужжатлар;
ягона (якка) маҳсулот — бир дона, алоҳида ҳолда ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилаётган маҳсулотнинг ягона нусхаси;
ҳисобга олиш — мувофиқлик декларациясини берувчи шахс томонидан мувофиқлик декларациясини ахборот тизимида ҳисобга олиш.
4. Мувофиқлик декларацияси:
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун улар ишлаб чиқарилгандан сўнг, аммо реализация қилингунга қадар;
Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган (импорт) маҳсулотлар учун улар «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштирилгунга қадар ахборот тизимида ҳисобга олиниши лозим.
5. Мувофиқлик декларациясини ҳисобга олишда унда кўрсатилган маҳсулот тури, тўпи ёки ягона (якка) маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари айнан ушбу маҳсулот тури, тўпи ёки ягона (якка) маҳсулотга тегишлилиги талаб этилади.
Ҳисобга олинган мувофиқлик декларацияси, унда кўрсатилган маҳсулотнинг яроқлилик муддатидан қатъи назар, ушбу маҳсулот тури, тўпи ёки ягона (якка) маҳсулот учун амал қилади.
Ҳисобга олинган мувофиқлик декларациясида хатолик (модель, марка, тўпи, ишлаб чиқарувчи номи ва шунга ўхшаш маълумотлар) ўтган бўлса, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.
Бунда хато ҳисобга олинган мувофиқлик декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар янги декларацияни ҳисобга олиш тарзида амалга оширилиб, эскиси ахборот тизимида сақланади.
6. Ҳисобга олинган мувофиқлик декларациялари Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» ахборот тизимига интеграция қилинади ва улар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизими орқали манфаатдор томонлар танишишлари учун очиқ бўлади.
7. Мувофиқлиги декларация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.
2-боб. Мувофиқлик декларациясини ҳисобга олиш тартиби
8. Мувофиқлик декларацияси ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш схемаси асосида ҳисобга олинади.
9. Мувофиқлик декларациясини ҳисобга олишда, қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикасида мувофиқлик декларацияси бериладиган маҳсулот учун белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
б) менежмент тизимининг мувофиқлик сертификати (мавжуд бўлганда);
в) маҳсулот тўпи ёки ягона (якка) маҳсулот учун маҳсулот ҳажмини белгиловчи шартнома (етказиб бериш шартномаси) ва юк кузатув ҳужжатлари нусхаси.
10. Мувофиқлик декларациясини берувчи ахборот тизимида ўзи томонидан тўлдирилган маълумотларнинг тўғрилигига ва унда илова қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига жавобгар ҳисобланади.
11. Мувофиқлик декларациясини берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун ахборот тизими ёки давлат хизматлари марказига бевосита ўзи келиб ёхуд давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.
12. Мувофиқлик декларациясини берувчи:
давлат хизматлари марказига бевосита ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг номидан рўйхатдан ўтказувчи орган ходими;
ЯИДХП орқали мустақил равишда замонавий воситалар (электрон рақамли имзо, мобил-ID, One-ID тизими, дактилоскопия ва бошқалар) ёрдамида;
ахборот тизими орқали мустақил равишда замонавий воситалар (мобил-ID, One-ID тизими ва бошқалар) ёрдамида мувофиқлик декларациясига оид тегишли маълумотларни ахборот тизимида ҳисобга олиш учун киритади.
Мувофиқлик декларациясини берувчи ЯИДХП ёки ахборот тизими орқали мурожаат қилган тақдирда, мувофиқлик декларациясини электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Мувофиқлик декларацияси ахборот тизимида бепул ҳисобга олинади.
13. Мувофиқлик декларацияси ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган Мувофиқлик декларацияси шакли бўйича ҳисобга олинади ва унда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
а) мувофиқлик декларациясини берувчи шахс тўғрисида маълумотлар (юридик ёки жисмоний шахс номи, СТИР ёки ЖШШИР, юридик ва жойлашган манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили), ЭРИ орқали декларацияни беришга ваколатли шахснинг Ф.И.О.);
б) мувофиқлик декларацияси берилаётган маҳсулотга нисбатан Ўзбекистон Республикасида белгиланган талаб(лар)ни ўз ичига олувчи ҳужжат(лар) рақам(лари)и ва банд(лар)и;
в) ишлаб чиқарувчининг тўлиқ номи ва манзили (агар, 13-банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган мувофиқлик декларациясини берувчи шахс ишлаб чиқарувчидан бошқа иқтисодий оператор бўлса);
г) маҳсулот номи, рўйхатдан ўтказилган товар белгиси (мавжуд бўлса), модель ва маркаси, ТИФ ТН ва МХИК кодлари, маҳсулот тури, тўпи ва (ёки) серия рақами (тегишли ҳолларда), товар йўл ҳужжатларига ҳавола ва маҳсулотларнинг ҳажми (сони ёки ягона (якка) маҳсулот);
д) мазкур банднинг «г» кичик бандига мувофиқ акс эттирилган маълумотларда келтирилган маҳсулотга нисбатан Миллий аккредитация тизимида рўйхатга олинган лабораторияларда ахборот тизими орқали расмийлаштирилган синов баённомаси рақами ва санасига ҳавола;
е) менежмент тизимининг мувофиқлик сертификати рақами ва санаси (мавжуд бўлганда);
ж) мувофиқлик декларациясида кўрсатилган маълумотларни тўғри ва ҳаққонийлиги кафолати юзасидан баёнот.
Мувофиқлик декларацияси ҳисобга олинган сана, унинг рақами ҳамда мувофиқлик декларацияси ҳисобга олинганини тасдиқловчи махсус QR-код ахборот тизими орқали берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Мувофиқлик декларацияси ахборот тизимида ҳисобга олинган кундан бошлаб амал қилади ва ушбу Регламентнинг 13-бандида келтирилган маълумотлардаги маҳсулотларга тегишли ҳисобланади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
15. Ҳисобга олинган мувофиқлик декларацияси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда маълумотлар ахборот тизимига киритилган кундан бошлаб ўн йил мобайнида сақланиши ҳамда тегишли ваколатли органларга уларнинг сўрови бўйича тақдим этилиши керак.
16. Ваколатли бозор назорати органи ҳисобга олинган мувофиқлик декларациялари тўғрисидаги маълумотлар ва уларга илова қилинган ҳужжатлар билан ахборот тизими орқали танишишлари мумкин. Ваколатли бозор назорати органи ахборот тизими орқали ҳисобга олинган мувофиқлик декларацияларини доимий мониторинг қилиб боради.
17. Мувофиқлик декларациясида кўрсатилган маҳсулотлар мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда ёки мувофиқлик декларациясини берувчи томонидан мувофиқлик декларациясини ҳисобга олишда илова қилинган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳаққонийлиги ҳамда ишончлилигининг акси исботланганда, ваколатли бозор назорати органи томонидан мувофиқлик декларациясини берувчига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилади.
18. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Мувофиқлик декларациясини берувчи

Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни шакллантириш ва тасдиқлаш учун Регламентда белгиланган ҳужжатларни тайёрлайди.

Ихтиёрий

2-босқич

Мувофиқлик декларациясини берувчи

Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими орқали Регламент талаблари асосида мувофиқлик декларациясини шакллантиради ва ҳисобга олиш учун юборади.

Ихтиёрий

3-босқич

«Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими

Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни автоматик равишда ҳисобга олади.

Дарҳол

(автоматик равишда)

Маҳсулотларнинг мувофиқлик тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
МУВОФИҚЛИК ТЎҒРИСИДАГИ
ДЕКЛАРАЦИЯ

Мувофиқлик декларациясини берувчи:

Номи:

СТИР:

Манзили:

а) юридик:

б) жойлашган жойи:

в) телефон рақами:

г) электрон почта:

д) ваколатли шахс Ф.И.О.

Маҳсулотни ишлаб чиқарувчи:

Ишлаб чиқарувчи давлат:

Манзили:

а) юридик:

б) жойлашган жойи:

Маҳсулот номи:

Товар белгиси:

Модель:

Марка:

Миқдори:

ТИФ ТН коди:

МХИК коди:

Товар йўл ҳужжатлари:

а) инвойс

б) товар-транспорт юк хати (СМР)

Маҳсулот қуйидаги ҳужжат талабларига мувофиқ:

Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни тасдиқлашга асос:

а) синаш лабораторияси

б) синов баённомаси

в) менежмент тизими сертификати (мавжуд бўлса)

Мувофиқлик тўғрисидаги декларация:

Махсус

QR-код

жойи

а) тасдиқланган сана:

б) ҳисоб рақами

Мазкур мувофиқлик тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган барча маълумотларни тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилигини кафолатлаган ҳолда, кўрсатилган маҳсулот тўпи, ушбу ҳужжатда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайман ҳамда унга оид жавобгарликни ўз зиммамга оламан.

Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияга
ИЛОВА

Т/р

Маҳсулот номи

Миқдори

Синов баённомаси

Ҳужжат ва унинг бандлари

1

...

...

Қабул қилувчи масъул шахс Ф.И.О. QR-код

Ушбу илова мувофиқлик тўғрисидаги декларация билан бирга ҳақиқий ҳисобланади.

Эслатма: мувофиқлик тўғрисидаги декларация бир тўп ва турдаги маҳсулот учун ҳисобга олинади.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 09/25/831/1227-сон; 22.06.2026 й., 09/26/316/0615-сон)