toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-208-сон Фармони ҳамда «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-401-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-208-сон Фармони билан «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилгани ва Институт Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) тузилмасига ўтказилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг устави 2-иловага мувофиқ;
Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Институт оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий фаолиятни амалга оширувчи ихтисослаштирилган давлат илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
Институт директори Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Институт директори ўринбосарлари Институт директорининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;
Институт «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институтининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
4. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари (ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун);
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
республика илмий-тадқиқот лойиҳалари грантлари;
шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Институтга Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чилонзор кўчаси 25-уй манзилидаги бино оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Институтни сақлаш харажатлари 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Қўмитага йўналтириладиган маблағлар доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
Институтга юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимда фаолият юритаётган ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда Институтда бажариладиган илмий лойиҳалар учун харажатлар Қўмита томонидан Институтнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Институтга 3 та, жумладан, 2 та шахсий бириктирилган ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 декабрь,
774-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги 774-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг
ТУЗИЛМАСИ

Илмий кенгаш

Илмий котиб

1

Директор

Гендер стратегия ва баҳолаш бўлими

3

Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари

Директорнинг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари

Кадрлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис

1

Оила психологияси ва социологияси бўлими

2

Тизим ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш ва мониторинг қилиш бўлими

4

Бош юрисконсульт

1

Оила демографияси ва хотин-қизларнинг иқтисодий ҳолати таҳлили бўлими

3

Бухгалтерия

1

Халқаро алоқалар бўйича бош мутахассис

1

Гендер тенглиги, хотин-қизлар ва оила ҳуқуқи бўлими

3

Матбуот котиби

1

«Оила, гендер ва ижтимоий ҳаёт» электрон илмий журнали таҳририяти*

Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўлими

3

Девонхона

1

Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўлими

2

Хўжалик бўлими

1

Оила демографияси лабораторияси*

Таҳририй-ноширлик ва ахборот технологияларини ривожлантириш бўлими

3

Гендер тадқиқотлар лабораторияси*

Изоҳ. Институт ходимларининг умумий чекланган сони (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) — 34 нафар.
Бажариладиган илмий-тадқиқот (фундаментал, амалий ва инновацион) ишларининг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча равишда мутахассислар ва илмий ходимлар шартнома асосида илмий-техник лойиҳаларга жалб этилиши мумкин.
Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган нормативлар асосида белгиланади.
* Лабораториялар ва журнал таҳририятини сақлаш Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги 774-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт)нинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Институт оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий фаолиятни амалга оширувчи ихтисослаштирилган давлат илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита)нинг қарорлари ва буйруқларига, ушбу Уставга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Институт ўз фаолиятини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
5. Институтнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти, қисқартирилган номи — Оила ва гендер институти;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Научно-исследовательский институт семьи и гендера при Комитете семьи и женщин Республики Узбекистан, қисқартирилган номи — Институт семьи и гендера;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Scientific Research Institute Family and gender under the Committee on Family and Women of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи — Institute Family and gender.
6. Институтнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани Чилонзор кўчаси 25-уй, 100115.
2-боб. Институтнинг тузилмаси
7. Институт тизимига қуйидагилар киради:
Институт аппарати;
«Оила, гендер ва ижтимоий ҳаёт» электрон илмий журнали;
Оила демографияси лабораторияси;
Гендер тадқиқотлар лабораторияси.
3-боб. Институтнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, натижалари бўйича муаммолар ечими юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари учун тавсиялар ишлаб чиқиш ва киритиш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот ишлари учун услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар, социологик сўров, илмий конференциялар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
олимлар ва илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида илмий тадқиқот ўтказаётган изланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишланмалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашиш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб бориш.
9. Институт ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш соҳасида:
Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари учун уларнинг вазифа ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда, малака ошириш курсларини ташкил этади;
малака ошириш курслари ўқув режаси, ўқув-методик дастурлар ва материалларни тайёрлайди, мунтазам янгилаб боради, илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашади ва ўқув-методик раҳбарликни амалга оширади ҳамда малака ошириш тизимига ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогик технологияларини жорий этади;
ўқув дастури асосида ўқитилган тингловчиларни баҳолайди ва малака сертификатини тақдим этади;
малака ошириш курсларида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини юритади ҳамда натижаларини Қўмитага тақдим этади;
Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ишини самарали ташкил этиш бўйича услубий қўлланмалар ва тавсиялар ишлаб чиқади;
жойларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлайди ҳамда бартараф этади, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар билан манзилли ишларни олиб боради;
Қўмита қуйи тузилмаларининг фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича ўрганишлар олиб боради ҳамда ижобий тажрибаларни бошқа ҳудудларда (туман (шаҳар) ва маҳаллаларда) қўллаш амалиётини жорий этишга кўмаклашади;
хотин-қизлар билан самарали ишлаш соҳасида кадрлар малакасини ошириш билан шуғулланувчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди;
б) оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, натижалари бўйича муаммолар ечими юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари учун тавсиялар ишлаб чиқиш ва киритиш соҳасида:
доимий равишда ҳудудлар кесимида оила, хотин-қизлар ҳамда гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни ҳар тарафлама чуқур таҳлил қилади ва «маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика» тамойили асосида муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқади, уларнинг амалиётга татбиқ этилишида кўмаклашади;
оиланинг жамиятдаги ўрнини оширишга қаратилган ҳамда гендер тенглик, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантиришга, оила институтининг барқарорлигини таъминлашга оид таҳлилий материаллар тайёрлайди ҳамда илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади;
оилалардаги ижтимоий муаммоларнинг гендер жиҳатлари, оилавий низоларнинг олдини олиш, соғлом муҳитни сақлаб қолиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;
оила институтида кутилаётган ўзгаришлар таҳлили ва прогнозларини ишлаб чиқади, ижтимоий-демографик ривожланиш ва оила фаровонлигининг ўсиш даражасини ўрганади, таҳлил қилади ҳамда концептуал йўналишлар бўйича илмий асосланган таклифлар ва материаллар тайёрлайди;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда вазирлик ва идораларга киритиб боради;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш натижасида тайёрланган маълумот ҳамда таклифларни давлат органлари ва ташкилотларга киритади;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганади ва таҳлил қилади ҳамда ўрганишлар асосида таклифлар ишлаб чиқади, амалиётга жорий қилиш бўйича хулосаларни Қўмитага тақдим этади;
хорижий ҳамда халқаро ташкилотлардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда грантлар олади, тақдим этилган грантлар ҳисобидан илмий тадқиқотлар ўтказади, шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳорат дарсларини ташкил этади;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш масалалари юзасидан хулосалар, ахборот-таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлаш учун зарур бўлганда, республика ва хорижий давлатларнинг олимлари, мутахассисларидан иборат, шу жумладан, шартнома асосида ишчи гуруҳларни ташкил этади;
в) оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот ишлари учун услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш соҳасида:
оила мустаҳкамлиги, соғлом турмуш тарзи, оиланинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти, гендер тенглик, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган турли услубий қўлланмалар тайёрлайди, чоп этади ҳамда тарғибот лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш билан боғлиқ йўналишларда мутахассислар тайёрловчи таълим муассасалари учун илмий, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини нашр этишга тайёрлашда иштирок этади;
ўз фаолияти, шу жумладан, амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари тўғрисидаги материалларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб боради ҳамда ушбу мақсадда расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратади;
аҳолининг оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашдаги дахлдорлик ҳиссини ҳамда фуқаролик масъулиятини ошириш бўйича оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда ташвиқот ишларини ташкил этади;
г) оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар, социологик сўров, илмий конференциялар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида:
тадқиқотчилар томонидан Қўмита фаолияти йўналишларига мос келадиган илмий-тадқиқот ишларини амалиётга жорий қилади;
ҳимоя қилинган диссертацияларнинг илмий янгиликлари ва натижаларини Қўмита орқали амалиётга татбиқ этишни таъминлайди, илмий тадқиқотларнинг аҳоли манфаатларига хизмат қилиш самарадорлигини мониторинг қилиб боради;
илмий тадқиқотлардан олинган натижалардан ҳудудларнинг муаммолари ечимлари юзасидан ишланмалар, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари тизимда қўллаши учун содда, халқона тилда, кичик ҳажмдаги қўлланмалар ишлаб чиқиб, Қўмитага тақдим этиб боради;
институтнинг асосий вазифа ва функциялари билан боғлиқ йўналишларда илмий конференциялар, семинарлар, ҳамкорликдаги тадқиқотлар, лойиҳалар, ходимларнинг тажриба алмашиши ва уларни ўқитиш бўйича хорижий илмий-тадқиқот муассасалари, институтлар ва марказлар билан ҳамкорлик қилади;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар билан боғлиқ мавзулар бўйича илмий-амалий конференциялар ўтказади;
оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш каби йўналишларга бағишланган илмий-амалий конференция ва семинарлар ташкил этади;
олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик соҳасида инновацияларни жорий этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга оширади;
фундаментал, илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш жараёнида ижтимоий ҳаётдаги ҳақиқий муаммоларни аниқлайди ва уларнинг ечими бўйича таклифларни тайёрлайди;
д) олимлар ва илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида илмий тадқиқот ўтказаётган изланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишланмалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашиш соҳасида:
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш билан боғлиқ йўналишларда илмий кадрлар тайёрлайди, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш тизимини жорий этади;
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш масалалари бўйича ёзги ва қишки мактаблар, илмий маърузалар ва мунозаралар майдончаларини ташкил этади;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик муаммоларини тадқиқ этиш бўйича тадқиқотчи ва изланувчиларни қўллаб-қувватлайди ҳамда уларнинг тадқиқот натижалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашади;
е) оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб бориш соҳасида:
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро рейтингларни тузувчилар, рейтинг агентликлари, шунингдек халқаро рейтингларга алоқадор бошқа халқаро, илмий-тадқиқот, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатади;
оила, хотин-қизлар, гендер тенглик, аёллар тадбиркорлиги, хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индексларнинг индикаторлари, уларни аниқлаш ҳамда баҳолаш методологиясини ўрганади ва таҳлил қилади;
халқаро гендер тенгликка оид рейтингларда юқори балл тўплаган ва рейтинги баланд ҳисобланган, ижобий натижага эришаётган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганади;
оила, хотин-қизлар, гендер тенглик, аёллар тадбиркорлиги, хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индексларнинг индикаторларида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланишига тўсқинлик қилувчи омиллар ҳамда муаммоларни аниқлайди;
жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистика ахборотини тўплаш, унга ишлов бериш, таҳлил ва эълон қилиш ҳамда халқаро тажриба ва стандартларга мувофиқ миллий гендер кўрсаткичларини такомиллаштириб боришга оид таклифлар ишлаб чиқади;
таҳлиллар асосида Ўзбекистоннинг устувор халқаро гендер индекс ва рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади ҳамда тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга Қўмита орқали ўрнатилган тартибда киритиб боради, гендер кўрсаткичлар бўйича мониторинг ўтказади.
4-боб. Институтнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
10. Институт ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Институтга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни Қўмитага киритиш;
Институтнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур маълумотларни статистика органлари, солиқ хизмати органлари ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралардан бепул олиш;
Институтга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини, шу жумладан, хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш соҳаларини такомиллаштириш, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича Қўмитага таклифлар киритиш;
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш соҳаларидаги долзарб ҳамда истиқболли вазифаларни ҳал қилиш учун ташкил этилган ишчи гуруҳлар йиғилишларида, эксперт кенгашлари ва комиссиялар ишида иштирок этиш;
Институтга юкланган вазифалар билан боғлиқ масалалар бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, халқаро лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;
оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун илмий кенгаш тузиш;
Институт ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар, олим ва мутахассисларни жалб қилиш ҳамда ходимлар иштирокида вақтинча ижодий гуруҳларни тузиш;
Институт ходимларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш, Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун даромад шаклида олинган маблағларни жалб этиш;
ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилиш;
белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик билан боғлиқ даврий илмий, услубий ва амалий нашрлар чиқариш ҳамда тарқатиш.
Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Институт:
ушбу Уставда белгиланган асосий вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
Қўмитага ҳар ойда камида бир марта таҳлилий материаллар ва илмий асосланган таклифларни тақдим этиб бориш;
ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ҳисобот бериш учун жавобгар ҳисобланади.
5-боб. Институт фаолиятини ташкил этиш
12. Институт ўз фаолиятида бевосита Қўмитага бўйсунади ва унга ҳисобот беради.
13. Институтга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг (кейинги ўринларда — Қўмита раиси) тавсиясига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
14. Институт директорининг унинг тавсиясига асосан Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади.
Институт директори бўлмаган вақтда, унинг ваколатларини вазифалар тақсимотига мувофиқ ўринбосарлари амалга оширади.
15. Институт директори:
Институт фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Қўмита раиси билан келишган ҳолда, бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Институтнинг штат жадвалини тасдиқлайди;
Қўмита раиси билан келишган ҳолда, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали хорижлик мутахассислар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
Институт ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқ ва йўриқномаларни қабул қилади;
Институт директорининг ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларининг ҳисоботларини Илмий кенгашда эшитади;
Институт ходимларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рағбатлантириш шаклларини, лавозим маошларига устама ва қўшимча тўловларни белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқлар чиқаради, уларни интизомий жазога тортиш масалаларини ҳал қилади;
Институтнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, бўлим бошлиқлари ва ходимларининг функционал вазифаларини тасдиқлайди;
Қўмита раиси билан келишган ҳолда, Институтнинг иш режасини тасдиқлайди;
Институтнинг ҳисоботларини тасдиқлайди;
Институтнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Институтнинг активларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш тўғрисида қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатларни имзолайди, зарур ҳолларда Институтнинг масъул мансабдор шахсларига ишончномалар беради;
Институт номидан юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан шартнома ва меморандумлар тузади;
Институт тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш бўйича Қўмита раисига таклифлар киритади.
Институт директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16. Институт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат қонунчилиги, лавозим йўриқномаси, ички меҳнат қоидалари, жамоа ҳамда меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.
17. Институт директорининг ўринбосарлари:
таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этади;
Қўмита раисининг буйруқлари, қарорлари ва фармойишлари, Институт директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлайди;
таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;
таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун Институт директорига киритади;
Институт директорига таркибий бўлинмаларда ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар киритади, уларнинг касбий маҳорати, малакаси, амалий тажрибаси, ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари юқори даражада бўлишини таъминлаш, касбий малакаларини ошириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўради;
Институтнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги (KPI) ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилади, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитади, якунлари бўйича зарур чоралар кўради.
18. Институт ҳузурида Илмий кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи директор ўринбосарлари (лавозимига кўра), Илмий котиб, Институт таркибий бўлинмалари раҳбарлари, Қўмита масъул ходимлари, Фанлар академияси вакиллари, шунингдек, турдош илмий-тадқиқот институтларида ва ташкилотларда ишловчи етакчи олимлар, малакали мутахассислардан иборат таркибда Илмий кенгаш ташкил этилади. Илмий кенгашга Институт директори раислик қилади.
Институт Илмий кенгашининг шахсий таркиби, аъзолари сони ва низоми Институт директори томонидан Қўмита билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Институт Илмий кенгашининг иш тартиби Институтнинг иш режаларига мувофиқ белгиланади.
6-боб. Институт фаолиятини молиялаштириш
19. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари (ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун);
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
республика илмий-тадқиқот лойиҳалари грантлари;
шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
20. Институт ўзининг кўчмас ва кўчар мол-мулкига, маблағларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги маблағлари, қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.
Хўжалик, илмий-техник фаолиятдан тушган даромадлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан сотиб олинган мулк ва воситалар Институт мулки ҳисобланади.
21. Институт томонидан тайёрланган барча тадқиқот материаллари унинг интеллектуал мулки ҳисобланади.
22. Институт директори белгиланган иш ҳақи фондини тежашдан ҳамда бюджетдан ташқари тушган, шунингдек, ходимларнинг тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган штат бирликлари етишмаслигидан иқтисод қилинган маблағлардан ходимларни моддий рағбатлантиришда, Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда фойдаланишга ҳақлидир.
23. Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Институт ходимларининг аввалги узоқ йиллик иш стажи учун оладиган қўшимча ҳақлари ва устамалари сақлаб қолинади.
24. Институт директори Қўмита раиси билан келишган ҳолда, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимлар ўз хизмат вазифаларини ташаббус кўрсатиб ва виждонан бажаришини рағбатлантириш мақсадида уларга белгиланган тартибда лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда ойлик устамалар белгилашга, ҳар чоракда лавозим маошининг 50 фоизигача мукофотлашга, бир йилда бир лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам тайинлашга ҳақли.
7-боб. Институт фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
25. Институт фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.
26. Институт фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
27. Институт фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Институт раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;
Институт фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
28. Институт фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари Қўмита томонидан белгиланади.
8-боб. Якунловчи қоида
29. Институт қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги 774-сон қарорига
3-ИЛОВА
Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) тизимида фаолият кўрсатаётган масъул ходимлар малакасини ошириш ўқув курсларининг (кейинги ўринларда — малака ошириш ўқув курслари) мақсад ва вазифаларини, ўқув курсларида ўқиш, шунингдек, малака ошириш ўқув курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва тингловчиларнинг билимини баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Малака ошириш ўқув курслари Қўмита марказий аппаратининг, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармаларининг, туман (шаҳар)лар оила ва хотин-қизлар бўлимларининг ходимлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари касбий малакасини оширишга йўналтирилади.
3. Малака ошириш ўқув курслари ҳар уч йилда бир марта бепул асосда онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этилади.
4. Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида фаолият кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам малака ошириш ўқув курсларида ихтиёрий иштирок этиши мумкин.
5. Малака ошириш ўқув курслари Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармалари ҳузурида ташкил этилади.
2-боб. Малака ошириш курсларининг мақсади ва асосий вазифалари
6. Малака ошириш курсларининг мақсади — Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг хотин-қизлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, улар билан тизимли ишларни ташкил этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, соғломлаштириш йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.
7. Қуйидагилар малака ошириш ўқув курсларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Қўмита ходимлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини узлуксиз ривожлантириб бориш, оила ва хотин-қизлар билан ишлашда замонавий билим, кўникма ҳамда малакалари, шунингдек, касбий тайёргарлигини ошириш;
хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва маънавиятини юксалтиришга кўмаклашиш;
ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ҳамда медиатив усулларини ўргатиш, ажралишларнинг олдини олиш ҳамда оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш;
хотин-қизларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, уларни касаначилик, ҳунармандчилик ва бошқа шаклда ўзини ўзи банд қилиши бўйича соҳа ходимларининг тегишли компетентлигини ошириш;
соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш бўйича кўникма ва малакаларга эга бўлишини таъминлаш.
3-боб. Малака ошириш ўқув курсларида ўқиш тартиби
8. Малака ошириш ўқув курсларида ўқиш тегишли йўналишлар бўйича Институт томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади. Ўқув режалари ва дастурлари ҳар йили оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида такомиллаштириб борилади.
9. Ўқув юкламасининг умумий ҳажми йўналиш блоклари бўйича малака ошириш талабларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.
10. Малака ошириш ўқув курсларида ўқиш Қўмита ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) томонидан тасдиқланган 36 соатлик ўқув дастурлари бўйича бир ҳафта давомида ишдан ажралган ҳолда ташкил этилади.
11. Институт Қўмита, жойлардаги давлат олий таълим ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармалари билан биргаликда ҳар йили апрель ойида малака ошириш ўқув курсларида ўқишнинг белгиланган даврийлигига мувофиқ ўқитиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчилари таркиби ва режа-жадвални шакллантиради ҳамда тасдиқлайди.
12. Малака ошириш ўқув курслари тингловчилари тасдиқланган режа-жадвал асосида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан қабул қилинади.
13. Тасдиқланган режа-жадвалга киритилган ва малака ошириш ўқув курсларига ўқишга йўлланган тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида сақланиб қолади.
14. Малака ошириш ўқув курсларига йўлланган тингловчиларга таълим олиш жойига бир марта бориб келиш харажатлари уларни юбораётган томон ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.
15. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг малака ошириш ўқув курсларида иштирок этишини таъминлашга Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари масъул ҳисобланади.
4-боб. Малака ошириш ўқув курсларини ташкил этишда манфаатдор ташкилотларнинг вазифалари
16. Институт:
ҳар йили март ойига қадар малака ошириш ўқув курслари тингловчилари учун ўқув режаси, дастурлари ва материалларни тайёрлайди, мунтазам янгилаб боради, илмий-услубий кўмаклашади ва ўқув-методик раҳбарлик қилади;
малака ошириш ўқув курсларини таъминловчи ягона электрон тизим (платформа) ишлаб чиқади ва уни доимий ўқув материаллари билан таъминлаб боради;
малака ошириш тизимига ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогик технологияларини жорий этади;
Қўмита, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда малака ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг доимий янгиланишини таъминлайди;
малака ошириш тизимини такомиллаштириш механизмлари ва усулларини белгилайди;
малака ошириш тизимига ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этади;
малака ошириш ўқув курси тингловчиларига зарур методик ёрдам бериш, модулларни ўзлаштириш, машғулотларни бажариш юзасидан назоратни амалга оширади;
малака ошириш ўқув курсларида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини юритади ва натижаларини Қўмитага тақдим этади;
малака ошириш ўқув курслари учун тайёрланган ўқув материалларини электрон тизимга жойлаштириш, мавжуд контентни янгилаб бориш, малака ошириш ўқув курсининг фаолиятини сифатли ташкил этиш чораларини кўради;
малака ошириш ўқув курсларининг техник таъминотини амалга оширади.
17. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
малака ошириш ўқув курслари ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;
малака ошириш ўқув курсларида ўқув машғулотларини ўтказиш учун олий таълим ташкилотларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади.
18. Тингловчилар ҳар бир модул якунида оралиқ тестлар ва умумий малака ошириш курси охирида якуний тест топширади. Тестдан камида 56 фоиз ўзлаштириш кўрсаткичини қайд этган тингловчилар курсдан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади.
19. Малака ошириш ўқув курсини муваффақиятли якунлай олмаган тингловчиларга сертификат берилмайди ҳамда улар бир йил муддатда белгиланган тартибда қайта малака оширишдан ўтади.
5-боб. Ўқув жараёнини ташкил этиш ва тингловчиларнинг билимларини баҳолаш
20. Малака ошириш ўқув курслари тегишли йўналишлар бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда, курслар фаолиятини ва ресурс таъминотини бюджетдан ташқари молиялаштириш асосида тингловчиларни ўқитиш учун моддий-техник база, профессор-ўқитувчилар таркиби мавжуд бўлган ҳолда ташкил этилади.
Мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар шартнома асосида жалб этилади.
21. Малака ошириш курслари маъруза, интерактив семинар, амалий машғулот, сайёр машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш, онлайн ва оффлайн машғулотлар шаклида ташкил этилади.
Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланган ҳолда ташкил этилиши мумкин.
22. Малака ошириш ўқув курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, қоида тариқасида, камида 30 нафардан иборат гуруҳларда ташкил этилади.
23. Малака ошириш жараёнида гуруҳдаги тингловчиларнинг сони 50 нафардан ошмаслиги лозим.
24. Малака ошириш ўқув курсларида машғулотлар ўтказишга шартнома асосида юқори малакали кадрлар, хорижий мутахассислар, ходимлар ва амалиётчи мутахассислар жалб этилиши мумкин.
25. Малака ошириш ўқув курслари тингловчиларини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун Қўмита марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармалари томонидан тегишли соҳаларнинг илғор мутахассислари орасидан камида 3 — 5 кишидан иборат таркибда комиссия шакллантирилади.
26. Малака ошириш ўқув дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга ушбу Низомга иловага мувофиқ сертификат берилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
27. Тингловчилар малака ошириш ўқув курсларини ташкил қилиш ва ўтказиш жараёнлари бўйича малака ошириш ўқув курслари учун масъул ташкилотнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
28. Малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, ўқув машғулотларини ўтказишга жалб этиладиган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, малака ошириш ўқув курсларини таъминловчи ягона электрон тизимини техник қўллаб-қувватлаш, курслар тингловчилари учун ўқув, тарқатма материаллар ва канцелярия анжомларини харид қилиш харажатлари қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва гендер тенглигини таъминлаш йўналишида кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Oʻzbekiston Respublikasi

Davlat gerbi tasviri

Oila institutini mustahkamlash, xotin-qizlar va gender tengligini taʼminlash yoʻnalishida malaka oshirganlik haqida

SERTIFIKAT

MO № 000000

__________________________________________________________________

(mutaxassisning familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___-yil ______________dan 20___-yil ______________gacha

_______________________________________________________________da

(malaka oshirish muassasasining nomi)

jami _____________________________________________________ soatli

____________________________________________________________________

(malaka oshirish kursining nomi)

boʻyicha malakasini oshirdi.

Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisining QR-kodli imzosi

Sana ________________

Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва гендер тенглигини таъминлаш йўналишида малака оширганлик ҳақида
СЕРТИФИКАТ
(тавсифи)
Малака оширганлик ҳақида давлат намунасидаги сертификат А4 форматли оқ қоғоздаги варақда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч кул рангда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.
Варақнинг юқори қисми марказида лотин ёзуви билан давлат тилида «Oila institutini mustahkamlash, xotin-qizlar va gender tengligini taʼminlash yoʻnalishida malaka oshirganlik haqida SERTIFIKAT» сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи — «MO» ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.
Сертификат:
босиб чиқаришнинг икки усули — рақамли ва юқори усули;
ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;
нақшли растр;
ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;
махсус қоғозлар;
ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги 774-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1059-сон қарори билан тасдиқланган Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари режасининг «Ижро учун масъуллар» устунида:
3-позициядаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси» сўзлари «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
4, 9, 50, 51 ва 52-позициялардаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси» ва «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти» сўзлари тегишлича «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси» ва «Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин;
10-позициядаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти» сўзлари «Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисидаги намунавий низомнинг 8-банди еттинчи хатбошисидаги ва 28-бандидаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти» сўзлари «Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 октябрдаги 625-сон қарори билан тасдиқланган Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг «Масъул ижрочилар» устунида:
4-позициядаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси» ва «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти» сўзлари тегишлича «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси» ва «Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин;
12, 16 ва 18-позициялардаги «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси» сўзлари «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги 774-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 10 июндаги 367-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5116-сон қарори)» 2021 йил 6 октябрдаги 624-сон қарорига илованинг 4-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2025 й., 09/25/774/1150-сон)