toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш
тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарорига мувофиқ давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартиби;
беморларни тиббиёт ташкилотларига йўллашда тиббий йўлланмани шакллантириш;
беморларни бир тиббиёт ташкилотидан иккинчисига ўтказиш ҳамда беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 ноябрь,
694-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги 694-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш учун беморларни йўллаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
имтиёзли тоифага кирувчи шахс (кейинги ўринларда — имтиёзли бемор) — ижтимоий мақоми ёки айрим касалликларнинг мавжудлиги муносабати билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, ушбу Низомга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиладиган шахс;
йўлланма — беморнинг хоҳишига кўра муайян касаллиги бўйича давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида режали стационар даволаниш имконини берувчи матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлган ҳужжат;
йўлланма қиймати — тиббий хизматларнинг йўлланмада қайд этилган ва кўрсатиладиган тиббий хизматнинг базавий нархига тенг қиймати;
маблағларнинг умумий қиймати (кейинги ўринларда — умумий қиймат) — Давлат бюджетидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) мақсадли ажратилган маблағларнинг умумий қиймати бўлиб, чораклик ва йиллик тақсимланади;
идоравий тиббиёт муассасаси — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги идоравий тиббиёт муассасалари;
тиббий-танлов комиссияси (кейинги ўринларда — ТТК) — касалликлар рўйхатига мувофиқ беморни шифохонага ётқизиш хулосасини берувчи йўналишлар бўйича ҳудудий ва республика даражасида ташкил этиладиган мутахассислардан иборат комиссия;
тиббиёт ташкилоти — Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари;
ташхислаш йўлланмаси — ТТК хулосаси учун амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси ва кадрлар таъминотидан келиб чиқиб, ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларида имтиёзли беморларда ўтказиладиган тиббий текширувлар учун бериладиган ҳужжат;
электрон ахборот тизими — тиббиёт ташкилотларида беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳисобга олиш, навбатга қўйиш ва даволашга йўналтириш имконини берувчи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизими.
4. ТТКнинг фаолият юритиш тартиби, тиббий хизмат турлари, ҳажми, шунингдек, клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
5. Имтиёзли беморларни тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизимида тасдиқланадиган йўлланмалар асосида йўналтирилади. Бунда:
бемор йўлланма асосида тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббиёт ташкилотини ўз хоҳишига кўра эркин танлайди;
тиббиёт ташкилоти ва Жамғарма ўртасида тузилган шартномада тиббиёт ташкилотининг тиббий хизмат кўрсатиши мумкин бўлган (туман (шаҳар), ҳудудий, республика) даражаси аниқ кўрсатилади;
туман (шаҳар) даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида ҳамда ҳудудий даражада тиббий ёрдам кўрсатиладиган беморларга республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилишига йўл қўйилмайди (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
6. Бемор тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатилади (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
Тиббий ҳужжатларнинг шакли, уларни тўлдириш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
2-боб. Беморларни тиббиёт ташкилотларига йўналтириш тартиби
7. Тиббиёт ташкилотларида йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам (пулли хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, бўлим ва ўринлар бундан мустасно):
Олдинги таҳрирга қаранг.
туман (шаҳар) даражасида — аҳолининг барча тоифаларига, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳудудий даражада — имтиёзли беморларга, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-311-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга;
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
республика даражасида — имтиёзли беморларга, 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-311-сон қарори 3-бандининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга.
(7-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали электрон ахборот тизимига юборилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)
8. Имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизими орқали мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида йўналтирилади.
9. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам олиш учун электрон ахборот тизими орқали қуйидаги тартибда йўналтирилади:
а) беморлар тиббий ёрдам олиш учун ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига (идоравий тиббиёт муассасаси контингенти ўзи бириктирилган муассасага) мурожаат қилади ва бириктирилган оилавий шифокор (шифокор) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда бир иш кунида туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасининг ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор соҳа мутахассиси (кейинги ўринларда — тор соҳа мутахассиси) кўригига йўналтирилади;
б) тор соҳа мутахассиси томонидан беморлар бир иш кунида амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилади;
в) беморларга режали стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилишига кўрсатма бўлмаса, уларга амбулатор шароитда даволаниши учун тавсия берилади ва бириктирилган оилавий шифокорга (шифокорга) қайта йўналтирилади;
г) беморларга стационар шароитда тиббий ёрдам олишга кўрсатма бўлганда, тор соҳа мутахассиси ёки оилавий шифокор (идоравий тиббиёт муассасаси шифокори) томонидан туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасида режали стационар тиббий ёрдам олиш учун электрон ахборот тизими орқали йўлланма берилади. Бунда беморлар:
давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинган ҳудудларда уларнинг хоҳишига кўра ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, тиббий суғурта механизмлари жорий этилган барча тиббиёт муассасаларига (Тошкент шаҳрида шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасаларига);
давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинмаган ҳудудларда доимий ёки вақтинча яшаш (турар) жойи бўйича туман (шаҳар) даражасидаги стационар хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасасига йўналтирилади;
идоравий тиббиёт муассасалари контингенти ўзлари бириктирилган тиббиёт муассасасига йўналтирилади. Бунда идоравий тиббиёт муассасалари томонидан зарур тиббий хизматларни кўрсатиш имкони бўлмаган тақдирда, идоравий тиббиёт муассасаларига бириктирилган контингент ўз хоҳишига кўра ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига, шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотларига йўналтирилиши мумкин;
д) беморнинг ҳолати, ташхиси ва тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ уларга тиббий ёрдам ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида кўрсатилиши лозим бўлганда тор соҳа мутахассиси бир иш кунида электрон ахборот тизими орқали ҳудудий даражада йўналиш бўйича ташкил қилинган ТТКларга йўлланмани тасдиқлаш учун сўровнома юборади. Бунда:
беморда имтиёз тоифасининг мавжудлиги, шунингдек, чет давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган электрон ахборот тизимида автоматик равишда тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини интеграция қилиш асосида аниқланади;
имтиёз тоифаси мавжуд бўлмаган беморларга ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланма берилмайди;
е) беморнинг маълумотлари бир иш кунида ҳудудий даражада йўналиш бўйича ТТКлар томонидан ўрганилиб, текширув ва кўрик натижалари таҳлил қилинади ва тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ бемор ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилотида стационар даволаниши белгиланса, йўлланма тасдиқланади;
ж) ҳудудий даражадаги ТТКлар томонидан тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ бемор республика даражасидаги тиббиёт ташкилотида стационар даволаниши зарур деб топилса, бемор маълумотлари бир иш кунида йўналишлар бўйича республика даражасидаги ТТКга йўналтирилади. Бунда ҳудудий даражадаги ТТК томонидан заруратга кўра бир иш кунида беморга қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланиши мумкин;
з) бемор маълумотлари республика даражасидаги йўналиш бўйича ТТКлар томонидан ўрганилади ва натижаси бўйича икки иш кунида электрон ахборот тизими орқали хулоса берилади. Бунда:
беморга заруратга кўра қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланса, текширув ва (ёки) мутахассис хулосаси олингандан сўнг икки иш кунида якуний хулоса берилади;
беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан режали стационар тиббий хизмат кўрсатиш лозим бўлган тиббиёт ташкилоти даражаси тасдиқланади ҳамда маълумот электрон ахборот тизими орқали беморнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (кейинги ўринларда — ЯИДХП) шахсий кабинетига ҳамда у бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига юборилади;
и) беморларга тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлими) ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинети (ёхуд мобил илова) орқали йўлланмани расмийлаштириш жараёнини кузатиш ҳамда тиббиёт ташкилотини эркин танлаш имконияти берилади.
Бунда бемор (унинг қонуний вакили) 30 кун давомида тегишли бирламчи тиббий-санитария муассасалари (туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлими) ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинети (ёхуд мобил илова) орқали Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди;
к) бемор (унинг қонуний вакили) томонидан тиббиёт ташкилоти танлангандан сўнг ушбу тиббиёт ташкилотида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланма расмийлаштирилади;
л) йўлланма асосида режали стационар тиббий хизмат олиш учун навбатда турган беморлар қабул қилувчи тиббиёт ташкилоти томонидан уларнинг шифохонага келиш шарт-шароитлари тўғрисида хабардор қилинади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
м) режали стационар тиббий хизмат олиш учун навбатда турган беморларга шакллантирилган йўлланма қабул қилувчи тиббиёт ташкилоти томонидан электрон ахборот тизими орқали беморни шифохонага ётиш учун таклиф қилинган кундан бошлаб 10 кун давомида амал қилади;
(9-банднинг «м» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-77-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
н) бемор томонидан даволаниш учун тиббиёт ташкилоти танланаётганда шакллантирилган йўлланма қиймати электрон ахборот тизимида автоматик равишда аниқланади ва Давлат бюджетидан Жамғармага мақсадли ажратилган маблағларнинг даврий (ойлик, чораклик ёки йиллик) ҳажми қолдиғи билан солиштирилади (ҳомиладорлик давридаги ва болалар патологиялари, орфан, ирсий-генетик касалликлар ҳамда беморни тегишли йўлланма асосида бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилотидан бошқа тиббиёт ташкилотига ўтказиш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштириш бундан мустасно).
(9-банд «н» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-77-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон)
Бунда:
маблағлар қолдиғи йўлланма қийматидан кўп бўлган тақдирда, йўлланма тасдиқланади ва мазкур қолдиқ йўлланма қийматига тенг қийматга автоматик равишда камайтирилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
маблағлар қолдиғи йўлланма қийматидан кам бўлган тақдирда, йўлланмани тасдиқлаш шаклланган электрон навбат асосида кейинги ойга (чоракка ёки йилга) қолдирилади;
(9-банд «н» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-77-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат бюджетидан Жамғармага мақсадли ажратилган маблағлар қолдиғи кейинги ойда (чоракда ёки йилда) қўшиб инобатга олинади;
(9-банд «н» кичик бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-77-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳомиладорлик давридаги ва болалар патологиялари, орфан, ирсий-генетик касалликлар ҳамда бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилоти томонидан йўлланмани шакллантиришда мақсадли режалаштирилган маблағ етарли бўлмаган тақдирда, даволаш харажатлари Жамғарма томонидан Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади;
(9-банднинг «н» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-77-сонли Фармонига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
о) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари, ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тегишли «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан даволаш учун электрон ахборот тизимида йўлланма тасдиқлашда беморнинг яшаш жойи бўйича «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори мавжудлиги текширилади ва электрон ахборот тизимига илова қилинади;
(9-банднинг «о» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
п) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзоларини даволаш:
(9-банд «п» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Жамғарма билан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган тиббий ёрдам харажатларини қоплаш бўйича шартномаси мавжуд тиббиёт ташкилоти томонидан йўлланма асосида амалга оширилади;
туман (шаҳар) даражасидаги ёки ушбу кичик банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилмаган бошқа тиббиёт ташкилотларида амалга оширилган тақдирда, «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Жамғарма орқали молиялаштирилмайди.
10. Беморларни нодавлат тиббиёт ташкилотларига стационар тиббий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар даражаси бўйича белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ тегишли ТТК хулосасисиз тўғридан-тўғри йўллашга йўл қўйилмайди. Бунда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатига мувофиқлиги тасдиқлангандан сўнг беморлар танловига кўра уларни электрон ахборот тизими орқали нодавлат тиббиёт ташкилотларида даволаш учун йўлланма расмийлаштирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари, шунингдек, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ҳамда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари, шунингдек, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан даволаниш учун тиббиёт ташкилоти танланганда, мазкур тоифадаги шахсларни даволаш учун танланган тиббиёт ташкилотига навбат электрон ахборот тизимида алоҳида юритилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)
12. Тегишли ТТК хулосаси учун қўшимча текширув, мутахассис кўриги, тиббий ҳужжатларга қўшимча ёки аниқликлар киритиш зарурати бўлган ҳолларда, икки иш кунида бемор иштирокида ёки иштирокисиз телетиббиёт орқали боғланиш ташкил қилиниши мумкин.
ТТК хулосаси учун амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ зарур тиббий текширувлар ташхислаш йўлланмаси асосида ҳудуд даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларида уларга Давлат бюджетидан тиббий хизматлар хариди учун ажратилган маблағлар доирасида ўтказилади.
Бунда ТТК электрон ахборот тизимида ташхислаш йўлланмасини асослантирилган ҳолда шакллантиради ва беморга тақдим этилишини таъминлайди ҳамда кўрсатилган тиббий текширувлар учун бемордан қўшимча тўлов олинмайди.
13. Йўлланма расмийлаштирилган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича чиқарув эпикризидан кўчирма электрон ахборот тизими орқали тегишли туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт ташкилотига, бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига ҳамда беморнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилиши шарт.
14. Беморлар тиббиёт ташкилотларига қабул бўлими (рўйхатга олиш бўлими) орқали қабул қилинади. Бунда беморлар ташкилотнинг иш тартиби, тиббий хизматлар рўйхати, тиббий хизматни кўрсатиш ва олиш шарт-шароитлари, шифокорлар малакаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи бепул, тушунарли ва ишончли ахборот билан таъминланиши шарт.
Тиббиёт ташкилотида беморларни йўлланма асосида қабул қилишда, мазкур йўлланмага мувофиқ кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳажми доирасида ташхислаш, даволаш ва реабилитация жараёнида беморларга пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатилиши ҳамда дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлаш материалларининг ишлатилишига ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан олиб келинишига йўл қўйилмайди.
15. Тиббиёт ходимлари тиббий ёрдам кўрсатишдан олдин беморга ёки унинг қонуний вакилига бемор соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, текшириш натижалари, мавжуд касаллиги ва уни даволаш усуллари, даволаш билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимолий турлари ва оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Беморларнинг талаби бўйича уларга тиббий ҳужжатлардан уларнинг саломатлиги ҳолатини акс эттирувчи кўчирма бепул тақдим этилади. Бунда беморларга тиббий ҳужжатларнинг асл нусхаларини бериш тақиқланади.
16. Беморларда тиббиёт ташкилотига ётиш учун расмийлаштирилган йўлланмада кўрсатилган ташхисдан бошқа касаллик ёки ҳолатлар аниқланганда:
беморни қабул қилган тиббиёт ташкилотида беморни даволаш имконияти мавжуд бўлганда, беморга шу тиббиёт ташкилотининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Бунда:
мазкур тиббий хизматлар янги аниқланган бошқа касаллик ёки ҳолатлар учун тасдиқланган базавий нархлар доирасида қоплаб берилади;
ушбу аниқланган касаллик ёки ҳолатлар тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ташкилоти томонидан беморни даволаш учун қабул қилишга асос бўлган йўлланмадаги ташхисни электрон ахборот тизимида ўзгартирилишига рухсат берилади ҳамда мазкур ҳолатларнинг асослангани Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назорат қилинади;
йўлланмадаги ўзгартирилган ташхис асосида умумий қийматга электрон ахборот тизимида тегишли ўзгартиришлар киритилади;
беморни бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилотида даволаш имконияти мавжуд бўлмаганда, беморни бошқа тиббиёт ташкилотига ўтказиш учун имтиёзли йўлланма беморни бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилоти томонидан расмийлаштирилиб, бошқа тиббиёт ташкилотига навбатсиз ўтказилади.
17. Республика даражасидаги психиатрия муассасаларида тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилганда, улар психиатрия муассасалари томонидан йўлланма асосида тўғридан-тўғри тегишли республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларига йўналтирилади.
18. Юқумли касалликлар аниқланган беморлар йўналиш бўйича ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилотининг тегишли электрон йўлланмаси билан квота асосида республика даражасидаги юқумли касалликлар шифохонасига йўналтирилади.
Сурункали юқумли касалликлари мавжуд бўлган беморлар режали равишда ҳудудий муассасанинг тегишли электрон йўлланмаси билан республика даражасидаги юқумли касалликлар шифохонасига йўналтирилади (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган эпидемиологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
3-боб. Якунловчи қоидалар
19. ТТК раиси йўлланмаларнинг тўғри ва белгиланган муддатларда шакллантирилишига, тиббиёт ташкилоти раҳбарлари беморларга тиббий ёрдам кўрсатилишида клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига қатъий риоя қилинишига жавобгар ҳисобланади.
20. Бемор маълумотларининг ТТК томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши, йўлланмаларнинг асосланган ҳолда тасдиқланиши, кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш, шунингдек, тасдиқланган клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда идоравий тиббиёт муассасаларининг юқори турувчи ташкилотлари томонидан, ажратилган маблағлар самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
21. Ушбу Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Имтиёзли тоифага кирувчи беморларни тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизими орқали йўналтириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, идоравий тиббиёт муассасаси

1. Беморлар ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига ёки идоравий тиббиёт муассасасига мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра

2. Бириктирилган оилавий шифокор (идоравий тиббиёт муассасаси шифокори) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор соҳа мутахассиси (кейинги ўринларда — тор соҳа мутахассиси) кўригига йўналтиради.

1 иш кунида

2-босқич

Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, идоравий тиббиёт муассасаси

Тор соҳа мутахассиси беморни тиббий кўрикдан, зарур ҳолларда қўшимча тиббий текширувлардан ўтказади ҳамда ҳудудий даражада йўналиш бўйича ёки идоравий тиббиёт муассасасидаги ташкил қилинган тиббий тайинлов комиссияларига (кейинги ўринларда — ТТК) йўлланмани тасдиқлаш учун сўровнома юборади.

1 иш кунида

3-босқич

Ҳудудий даражадаги тиббий-танлов комиссияси

1. Тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ бемор ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилоти ёки идоравий тиббиёт муассасасида стационар даволаниши белгиланса, йўлланмани тасдиқлайди ҳамда даволанишнинг тахминий санаси ҳақида маълумот беради.

1 иш кунида

2. Бемор республика даражасидаги тиббиёт ташкилотида стационар даволаниши зарур деб топилса, бемор маълумотлари йўналишлар бўйича республика даражасидаги ТТКга йўналтириди.

1 иш кунида

4-босқич

Республика даражасидаги тиббий-танлов комиссияси

1. Бемор маълумотлари республика даражасидаги йўналиш бўйича ўрганади ва натижаси бўйича электрон ахборот тизими орқали хулоса берилади.

2 иш кунида

2. Беморга заруратга кўра қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланса, текширув ва (ёки) мутахассис хулосаси олингандан сўнг якуний хулоса беради.

жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди.

2 иш кунида

3. Бемор (унинг қонуний вакили) тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, электрон ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали қўйилган ташхис асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди.

30 кун давомида

5-босқич

Тиббий хизмат кўрсатадиган тиббиёт ташкилоти

1. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилоти йўлланмада белгиланган муддатда беморни қабул қилади.

60 кун давомида

2. Тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича чиқарув эпикризидан кўчирмани электрон ахборот тизими орқали тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига, бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига ҳамда беморнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига юборади.

Тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича 3 кунда

3. Беморга кўрсатилган тиббий хизмат учун тўловни ундириш учун Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ ушбу Жамғармага мурожаат қилади.

Шартнома шартларига мувофиқ

Изоҳ.
* Ташхислаш йўлланмаси ТТК хулосасини аниқлаштириш учун клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ асослантирилган равишда фақат зарур ҳолларда шакллантирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги 694-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 430-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.11.2025 й., 09/25/694/1018-сон; 23.01.2026 й., 07/26/19/0067-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон; 19.08.2026 й., 09/26/447/0855-сон)