toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (21-сонли БҲМС) «Хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3593-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 ноябрдаги 191-сон буйруғи (рўйхат рақами 3593, 2024 йил 27 декабрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3593/1084-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (21-сонли БҲМС) «Хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 август,
282-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 26 августдаги 282-сон буйруғига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (21-сонли БҲМС) «Хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 1-иловадаги 0860 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар» ҳисобварағидан кейин қуйидаги мазмундаги ҳисобварақ билан тўлдирилсин:

«

0870

Оператив ижарага олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар

».

1) 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Молиявий ижара асосида келиб тушган ва капитал қўйилмаларни талаб этмайдиган объектлар 0310 «Молиявий ижарага олинган асосий воситалар» ҳисобварағининг дебети ва 7910 «Тўланадиган молиявий ижара» ҳисобварағининг кредитида акс эттирилади.»;
2) 37 ва 38-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«37. Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган объектни ижарачининг мулкига ўтиши бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) ижарага олинган объектнинг қиймати асосий воситалар таркибига ўтказилиши:
дебет 0100 асосий воситаларнинг турлари бўйича;
кредит 0310 «Молиявий ижарага олинган асосий воситалар»;
кредит 0112 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларни ободонлаштириш» ҳисобварақлари;
б) эскириш суммаларини ўтказилиши:
дебет 0299 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларнинг эскириши»;
дебет 0212 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларни ободонлаштиришнинг эскириши»;
кредит 0200 асосий воситаларнинг турлари бўйича эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақлари.
38. Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган объектлар ижарага берувчига қайтарилганда бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ёзувлар амалга оширилади:
а) бошланғич қийматига:
дебет 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»;
кредит 0310 «Молиявий ижарага олинган асосий воситалар»;
кредит 0112 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларни ободонлаштириш» ҳисобварақлари;
б) эскириш суммасига:
дебет 0299 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларнинг эскириши»;
дебет 0212 «Молиявий ижарага олинган асосий воситаларни ободонлаштиришнинг эскириши»;
кредит 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварақлари;
д) ижарага берувчи томонидан молиявий ижара шартномаси бўйича ободонлаштириш қийматининг қопланадиган суммасига:
дебет 4890 «Бошқа дебиторлар қарзлари»;
кредит 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварақлари;
э) ободонлаштириш бўйича харажатларни қоплаш учун ижарага берувчидан пул маблағлари келиб тушган суммасига:
дебет пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлари;
кредит 4890 «Бошқа дебиторлар қарзлари» ҳисобварағи;
ф) ижара (лизинг) тўловлари жадвали (тартиби) бўйича асосий қарзнинг қопланмаган қолдиғи суммасига:
дебет 6950 «Узоқ муддатли мажбуриятлар — жорий қисми»;
дебет 7910 «Тўланадиган молиявий ижара» ҳисобварағи — узоқ муддатли қисми (молиявий ижара шартномаси муддати тугагунга қадар қайтарилиш амалга оширилган ҳолларда қўлланилади);
кредит 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварақлари;
г) ижарачи томонидан амалга оширилган молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни қайтариш бўйича харажатлар (бузиш, ташиш ва бошқалар) суммасига:
дебет 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»;
кредит материалларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (1000), меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6700), суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6500) ва бошқа тегишли ҳисобварақлари;
ҳ) молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни қайтариш натижасида:
олинган фойда суммасига:
дебет 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»;
кредит 9310 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» ҳисобварақлари;
кўрилган зарар суммасига:
дебет 9430 «Бошқа операцион харажатлар»;
кредит 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварақлари.»;
3) 40-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«40. Молиявий ижара (Лизинг) шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг (0300) бошқа ҳисобварақлар билан боғланишига қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:

Т/р

Хўжалик операцияларининг мазмуни

Ҳисобварақларнинг боғланиши

Дебет

Кредит

1.

Молиявий ижара объектини актив (капитал қўйилмалар талаб этилганда) ва мажбурият сифатида тан олиниши

0890

7910

2.

Молиявий ижара объектини мақсадли фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш билан боғлиқ бўлган харажатлар суммаси

0890

мажбуриятларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар

3.

Молиявий ижара объектини бошланғич қиймат бўйича фойдаланишга топшириш

0310

0890

4.

Молиявий ижарага олинган объектга эскириш ҳисобланганда

харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар

0299

5.

Молиявий ижарага олинган объектни ишчи ҳолатда сақлаб туриш билан боғлиқ жорий харажатлар суммаси

харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар

мажбуриятларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар

6.

Молиявий ижарага олинган объектни яхшилаш ва ободонлаштириш бўйича харажатлари суммаси

0860

мажбуриятларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар

7.

Молиявий ижарага олинган объектни ободонлаштириш билан боғлиқ капитал харажатлар суммаси

0112

0860

8.

Молиявий ижарага олинган объектни ободонлаштириш бўйича эскириш ҳисобланганда

харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар

0212

9.

Молиявий ижара тўловлари жадвалига мувофиқ молиявий ижара бўйича узоқ муддатли мажбуриятларнинг жорий қисми ўтказилганда

7910

6950

10.

Молиявий ижара тўловлари жадвалига мувофиқ молиявий ижара бўйича ҳисобланган фоизлар суммаси

9610

6920

11.

Молиявий ижара шартномаси бўйича тўланган суммаси

6950

6920

пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар

4) 67-банд қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«0870 «Оператив ижарага олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
5) қуйидаги мазмундаги 731-банд билан тўлдирилсин:
«731. 0870 «Оператив ижарага олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар» ҳисобварағида оператив ижара шартномаси бўйича ижарага олинган мулкни ободонлаштириш ҳамда унинг таъмирланиши ва модернизациясига қилинадиган капитал қўйилмалар ҳисобга олинади.
Оператив ижара шартномаси бўйича олинган мулк қайтарилганда, капитал қўйилмалар суммасининг ҳисобдан чиқарилиши ҳисобварақларнинг 9220 «Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» дебетида ва 0870 «Оператив ижарага олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар» кредитида акс эттирилади.
Оператив ижара шартномаси бўйича олинган мулкни яхшилаш бўйича капитал қўйилмалар қийматининг ижарага берувчи томонидан қопланадиган суммаси ҳисобварақларнинг 4890 «Бошқа дебиторлар қарзлари» дебетида ва 9220 «Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» кредитида акс эттирилади.»;
6) 216-банднинг жадвали қуйидаги мазмундаги 31 ва 32 — позициялар билан тўлдирилсин:

31.

Молиявий ижара муддати тугагандан кейин ижарага олувчида молиявий ижара объектининг қопланмаган қиймати суммасига

0800

(тегишли ҳисобварақлар)

4810

32.

Молиявий ижара муддатидан олдин қайтариши ижарага олувчида тўхтатилган санадаги молиявий ижара шартномасига мувофиқ молиявий ижара объектининг қопланмаган қиймати суммасига

0800

(тегишли ҳисобварақлар)

4810

(жорий қисми)

0920

(узоқ муддатли қисми)

7) 309-банднинг жадвалидаги 1-позициянинг «Хўжалик операцияларининг мазмуни» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Оператив ижара бўйича ҳисобот даврида тўланиши лозим бўлган ижара тўловлари ҳисобланиши».
8) 347-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Давлат ташкилотлари» деган сўзлар «Давлат иштирокидаги корхоналар» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи ва саккизинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бошқа ташкилотларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёки таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда амалга оширилади.»;
еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
10) 394-банддаги жадвалнинг 28-сатри чиқариб ташлансин.
11) 400-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Мулкни оператив ижарага бериш асосий фаолияти ҳисобланган ташкилотлар жорий ҳисобот даврига тегишли бўлган даромад суммаси бухгалтерия ҳисобида 4010 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган тўловлар» ҳисобварағининг дебетида ва 9030 «Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» ҳисобварағининг кредитида акс эттирилади.»;
12) 418-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Мулкни молиявий ижарага бериш асосий фаолияти ҳисобланган ташкилотлар жорий ҳисобот даврида ҳисобланган даромад суммаси бухгалтерия ҳисобида 4010 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган тўловлар» ҳисобварағининг дебетида ва 9030 «Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» ҳисобварағининг кредитида акс эттирилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2025 й., 10/25/3593-1/0872-сон)