1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.04.00 Агентликлар, инспекциялар ва бошқа идоралар;
2.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.02.00 Таълим тизимини бошқариш]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги «Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-76-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсад
[ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.02.00 Таълим тизимини бошқариш]
1. Ушбу қарорнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) фаолиятини самарали ташкил этиш ҳисобланади.
II. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ:
[ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.02.00 Таълим тизимини бошқариш]
(а) «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилгани;
(б) Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
III. Ташкилий чора-тадбирлар
3. Қуйидагилар:
(а) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг марказий аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Агентлик директори (Б. Юлдашев):
(а) икки ҳафта муддатда Агентлик штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқласин;
(б) бир ой муддатда Агентликни зарур назарий ва амалий тажрибага эга бўлган, юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошира оладиган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;
(в) Агентликка юклатилган вазифаларнинг сифатли ва белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш чораларини кўрсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И. Норқулов):
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.05.00 Бюджет ташкилотлари ва муассасаларини молиялаштириш;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.07.00.00 Бюджет тизимининг бошқа масалалари / 07.07.02.00 Давлат жамғармалари / 07.07.02.04 Вазирлик ва идоралар жамғармалари]
(а) Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2025 йилда Агентлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни Агентликнинг асосланган таклифларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ишларини ташкил қилсин;
(б) 2026 йилдан ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Агентлик фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни кўзда тутсин.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.08.00.00 Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.00 Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.02 Оператив бошқариш ҳуқуқи;
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ҳафта муддатда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Чингиз Айтматов кўчаси 1-А уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Агентликка ўтказсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Агентлик билан биргаликда Агентликка ажратилган Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Чингиз Айтматов кўчаси 1А-уй манзилидаги бинони давлат-хусусий шериклик асосида демонтаж қилиш (бузиш) ва унинг ўрнида Агентликнинг замон талабларига мос келадиган биносини қуриш ва топшириш ишларини жадаллаштириш чораларини кўрсин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
8. Белгилансинки, Агентлик унинг бино-иншоотларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тегишли Тошкент шаҳри Олмазор тумани Университет кўчаси 7-уй манзилидаги бинога ҳар бир ходим учун тасдиқланган меъёрлар асосида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинча жойлаштирилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2025 й., 06/25/190/0985-сон)
9. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 сентябрь,
ПҚ-275-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-275-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг марказий аппарати
Стратегик ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик гуруҳи
3
Олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари сифатини баҳолаш гуруҳи
12
Олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари рейтингини юритиш гуруҳи
6
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш гуруҳи
2
Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари сифатини баҳолаш гуруҳи
6
Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари рейтингини юритиш гуруҳи
4
Бош бухгалтер
1
Кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш ташкилотлари сифатини баҳолаш гуруҳи
4
Рақамлаштириш ва ахборот технологиялари гуруҳи
4
Юридик хизмат гуруҳи
2
Биринчи бўлим
1
Методология, экспертларни тайёрлаш ва реестрларни юритиш гуруҳи
3
Аккредитация жараёнларини режалаштириш ва натижаларини расмийлаштириш гуруҳи
4
Матбуот котиби
1
Ташкилий масалалар бўйича бош инспектор
1
Пост-аккредитация мониторингини юритиш гуруҳи
3
Миллий малака тизимини ривожлантириш институти
Ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош инспектор
1
Эксперт ва жамоатчилик кенгашлари
Комплаенс назорат бўйича бош инспектор
1
Апелляция ва шикоятлар комиссияси
Изоҳ:
1. Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони — 62 нафар.
2. Агентлик директорига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда, зарур ҳолларда, Агентликнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
3. Миллий малака тизимини ривожлантириш институти директори мақомига кўра Агентлик директори ўринбосарига тенглаштирилади.
4. Агентлик гуруҳ раҳбари, матбуот котиби, бош бухгалтер лавозим разрядлари ва тариф коэффициентлари бўйича Стратегик ислоҳотлар агентлигининг гуруҳ раҳбарига, бош инспекторлар эса бош инспекторига тенглаштирилади.
5. Ёрдамчи ходимларнинг сони Стратегик ислоҳотлар агентлиги учун белгиланган тартибга асосан аниқланади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 06/26/58/0342-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-275-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, вазифалари ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, ҳисобдорлик масалалари тартибини белгилайди.
2. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда ўзининг баҳолаш жараёнини мустақил ва холис амалга оширади.
3. Агентлик ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан амал оширади.
4. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида таълим сифатига оид қабул қилган қарор ва буйруқлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
5. Агентлик давлат муассасаси ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампларга, бланкаларга, мустақил балансга, ўз мулкига, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига, тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.
6. Агентликнинг расмий номи:
(а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги;
қисқартирилган номи — Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ёки ТСТМА;
(б) рус тилида:
тўлиқ номи — Национальное агентство обеспечения качества образования при Администрации Президента Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Национальное агентство обеспечения качества образования ёки НАОКО;
(в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — National Quality Assurance Agency for Education under the Administration of the President of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — National Quality Assurance Agency for Education ёки NQAAE.
7. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Агентлик тузилмаси
8. Агентлик тузилмасига Агентликнинг марказий аппарати ҳамда Миллий малака тизимини ривожлантириш институти киради.
9. Миллий малака тизимини ривожлантириш институти директори ва директор ўринбосарлари Агентлик директори томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
3-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
(а) идоравий мансублиги, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотлари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари)да ташқи баҳолашни амалга ошириш;
(б) таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириш, ички сифат назорати мезонлари ва тартибларини такомиллаштириш ҳамда самарали амалга ошириш юзасидан услубий тавсиялар бериш;
(в) таълим сифатини баҳолашнинг мезон ва усулларини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;
(г) таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш юзасидан илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда сўровномалар ўтказиш;
(д) таълим сифатини таъминлаш йўналишида халқаро алоқаларни кенгайтириш, таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ҳамда миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишини таъминлаш;
(ж) таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва манфаатдор томонлар иштирокида йиллик ҳисоботларни эълон қилиб бориш;
(з) таълим соҳасидаги давлат дастурлари ва стратегияларида белгиланган мақсадли кўрсаткич ва натижаларга эришилишини таҳлил қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;
(и) таълим соҳаси ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда истиқболли ташаббусларни илгари суриш.
11. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
(а) идоравий мансублиги, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи баҳолашни амалга ошириш бўйича:
(i) таълим ташкилотларининг белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда меъёр ва қоидаларга амал қилишини таҳлил қилади;
(ii) идоравий мансублиги, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар таълим ташкилотларини махсус ва комплекс давлат аккредитациясидан ўтказади;
(iii) таълим ташкилотларида таълим-тарбия ва илмий-тадқиқот жараёнлари сифатини қиёсий таққослаш асосида уларнинг миллий рейтингини юритади;
(iv) таълим дастурларининг касбий стандартларга ва белгиланган малакаларга мувофиқлигини баҳолайди;
(v) таълим ташкилотларида тенглик ва инклюзивликни таъминлаш орқали барча таълим олувчилар учун адолатли ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратилганини таҳлил қилади;
(vi) аккредитацияга оид ахборот тизимларида маълумотлар алмашиш самарадорлигини ошириш учун давлат органларининг тегишли платформалари билан интеграция жараёнларини йўлга қўяди;
(б) таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириш, ички сифат назорати мезонлари ва тартибларини такомиллаштириш ҳамда самарали амалга ошириш юзасидан услубий тавсиялар бериш бўйича:
(i) сифат маданиятини шакллантириш ва таълим сифатини таъминлаш бўйича таълим ташкилотларига услубий жиҳатдан кўмаклашади;
(ii) халқаро тажрибалар асосида ички сифатни таъминлашга оид мезонлар, индикатор ва қўлланмаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
(iii) таълим ва илм-фанда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
(iv) таълим сифатини таъминлашга оид семинарлар, конференциялар, курслар ташкил этади ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатади;
(v) махсус ва комплекс давлат аккредитациясига жалб қилинган экспертлар малакасини ошириб, улар фаолиятини доимий назорат қилиб боради;
(в) таълим сифатини баҳолашнинг мезон ва усулларини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш бўйича:
(i) илғор хорижий тажрибаларни ўрганади ва улар асосида миллий таълим сифатини баҳолашнинг мезон ва усулларини ишлаб чиқади ҳамда такомиллаштириб боради;
(ii) таълим сифатини баҳолаш мезонлари ва усулларини янгилаб бориш бўйича маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилади;
(iii) миллий малака тизимига мос равишда аккредитация мезонларини такомиллаштириб боради;
(iv) давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотлари ва дастурлари реестрини юритади;
(г) таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш юзасидан илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда сўровномалар ўтказиш бўйича:
(i) таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш юзасидан социологик ва бошқа сўровномалар ўтказади;
(ii) таълим соҳасида ислоҳотларни сифатли амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органларига ҳар томонлама кўмаклашиш, халқаро ташкилотлар, консалтинг компаниялар ва хорижий мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, ташаббусларнинг самарали имплементациясини таъминлашга кўмаклашади;
(д) таълим сифатини таъминлаш йўналишида халқаро алоқаларни кенгайтириш, таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ҳамда миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишини таъминлаш бўйича:
(i) республикада тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларига қўйиладиган талабларни белгилайди ва уларнинг реестрини юритади;
(ii) таълим сифатини таъминлаш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш чораларини кўради;
(iii) республика таълим ташкилотларига уларнинг халқаро даражада эътироф этилиши учун услубий ва амалий тавсиялар беради;
(iv) миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишини таъминлаш чораларини кўради;
(ж) таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва манфаатдор томонлар иштирокида йиллик ҳисоботларни эълон қилиб бориш бўйича:
(i) таълим сифати ва аккредитация билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш чораларини кўради;
(ii) таълим ташкилотлари битирувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда уларнинг меҳнат бозорига интеграциясини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади;
(iii) таълим ташкилотлари ўқувчи ва талабаларининг таълим сифати бўйича фикрларини ўрганишга қаратилган Умуммиллий талабалар сўровномасини, шунингдек, жамоатчиликнинг таълим сифати бўйича фикрларини ўрганишга қаратилган сўровномалар ўтказади;
(iv) таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда таълим тизими фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлаш ҳамда корпоратив бошқарув усулларини қўллаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
(з) таълим соҳасидаги давлат дастурлари ва стратегияларида белгиланган мақсадли кўрсаткич ва натижаларга эришилишини таҳлил қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича:
(i) таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда жамоатчилик, етакчи хорижий экспертлар, консультантлар ва маслаҳатчиларни кенг жалб қилган ҳолда тизимдаги энг долзарб масалалар ва муаммоларга ечим топиш чораларини кўради;
(ii) ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларидаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрганиб, ўз таклиф ва эътирозларини билдиради;
(iii) таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда таълим хизматлари истеъмолчилари, илмий-педагогик жамоатчилик ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида таълим соҳасига оид истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқади;
(и) таълим соҳаси ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва истиқболли ташаббусларни илгари суриш бўйича:
(i) таълим ва илмий соҳада амалдаги қонунчиликни тизимли ўрганади, таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
(ii) таълим соҳасида ишлаб чиқилган қонунчилик ҳужжатларини халқаро тажриба ва стандартлар асосида таҳлил қилади.
12. Агентлик ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширади.
4-боб. Агентликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Агентлик ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
(а) ўз ваколати доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
(б) Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;
(в) давлат органлари ва ташкилотларидан, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни олиш;
(г) ўз вазифаларини амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларидан зарур маълумотларни бепул, жумладан, «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали олиш;
(д) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимларидан (НEMIS, EMIS) ва олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимидан тўсиқсиз фойдаланиш;
(ж) давлат органлари ва ташкилотларига, жумладан, таълим ташкилотларига таълим сифатини ошириш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;
(з) мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда халқаро таълим маконидаги замонавий тенденциялардан келиб чиқиб, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш талаб ва мезонларини янгилаб бориш;
(и) таълим сифатини таъминлаш, аккредитация, рейтинг ва бошқа масалалар юзасидан халқаро ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномаларини тузиш;
(к) таълим ташкилотларида таълим сифати билан боғлиқ ўрганишлар, мониторинг ва сўровномалар ўтказиш;
(л) таълим ташкилотларида «хавфни таҳлил қилиш» тизими асосида аниқланган талаб ва шартларнинг бузилиши ҳолатлари юзасидан Агентлик томонидан таълим ташкилотига тақдимнома киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгилаш;
(м) аниқланган камчиликлар бўйича таълим ташкилотларига чоралар кўриш бўйича муассис ёки юқори турувчи органига тақдимномалар киритиш;
(н) таълим ташкилотларининг давлат аккредитациясини тўлов асосида амалга ошириш ҳамда тўланган маблағларни аккредитацияни ўтказиш билан боғлиқ (жумладан, жалб қилинган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш) харажатларни қоплашга йўналтириш;
(о) таълим сифатини таъминлаш билан боғлиқ стандартлар, мезонлар ва индикаторларни амалиётга татбиқ қилишдан олдин таълим ташкилотларида тажриба-синовдан ўтказиш;
(п) маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини (асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланган ҳолда) жалб этиш, улар иштирокида эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар тузиш;
(р) эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар томонидан таълим соҳасидаги жорий ҳолатни чуқур таҳлил қилиш, баҳолаш ва таклиф ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқларни шакллантириш ҳамда консалтинг компанияларни жалб этган ҳолда тегишли таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш;
(с) жалб қилинган хорижий ва маҳаллий экспертларга иш ҳақини тегишли шартномага мувофиқ миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан, маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш;
(т) қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган пулли хизматлар кўрсатиш;
(у) Агентлик зиммасига юклатилган вазифалар доирасида етакчи хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида Агентлик ходимларини, шунингдек, эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар аъзоларини ҳамда шартнома асосида жалб этилган бошқа шахсларни хорижий хизмат сафарларига юбориш;
(ф) ўз фаолияти йўналишлари бўйича консалтинг ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий тузилмаларни ташкил этиш;
(х) тегишли давлат органлари билан биргаликда таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш ва таълим жараёнларини яхшилашга тааллуқли масалалар юзасидан қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш.
14. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириқларига асосан Агентлик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Агентлик қуйидагиларга мажбур:
(а) зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш;
(б) давлат аккредитациясини қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш;
(в) аккредитация жараёнларида ва уларнинг натижаларини очиқ ҳолда эълон қилиш орқали шаффофликни таъминлаш;
(г) аккредитация қарорларидан норози бўлганлар учун шикоят ва апелляция бериш жараёнларини ташкил этиш;
(д) ижро интизомини таъминлаш.
5-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
16. Агентлик фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.
17. Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади.
18. Агентлик директори икки нафар ўринбосарга эга бўлади.
19. Директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
20. Агентлик директори ўринбосарлари ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг тегишли ходимларига тенглаштирилади.
21. Миллий малака тизимини ривожлантириш институти директори мақомига кўра Агентлик директори ўринбосарига тенглаштирилади ҳамда унга Агентлик директори ўринбосарлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шарт-шароитлари қўлланади.
22. Агентликнинг бошқарув ходимлари Агентлик директори томонидан тўғридан-тўғри суҳбат асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
23. Агентликка хорижий мутахассис, эксперт, консультант ва маслаҳатчиларни жалб қилиш ва ишга қабул қилиш шартнома асосида Агентлик директори томонидан амалга оширилади.
24. Агентлик директори:
(а) Агентлик фаолиятига умумий бошқарувни амалга оширади ҳамда Агентлик ташкилий-хўжалик фаолияти учун жавобгар ҳисобланади;
(б) ўз ўринбосарлари ва Агентлик тизимидаги ташкилотларнинг мансабдор шахслари ваколатларини ҳамда шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди, шунингдек, вазифаларни тақсимлайди;
(в) давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, халқаро ташкилотларда Агентлик номидан иш кўради;
(г) Агентлик ходимлари ва таълим ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
(д) Агентликка юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун шахсий жавобгар ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот беради;
(ж) Агентлик харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлайди;
(з) Агентликнинг иш режалари, ҳисоботлари ва услубийишланмаларини тасдиқлайди;
(и) Агентлик ходимлари билан меҳнат шартномаларини, шунингдек, хорижий ва маҳаллий экспертлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузади ва бекор қилади;
(л) ижро интизомига, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига қатъий риоя этилишини таъминлайди;
(м) Агентлик ходимларини рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби ва шаклларини, уларнинг лавозим маошига устама ва қўшимча тўловларни белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқлар қабул қилади;
(н) Агентлик номидан шартнома ва келишувлар тузади, Агентлик активларини тасарруф этади, мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, молиявий ва бошқа турдаги ҳужжатларни имзолайди;
(о) қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ ўзига юклатилган бошқа масалаларни ҳал этади.
25. Агентлик директори ўринбосарлари тегишли йўналишлар бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва вазифалар ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради ҳамда директор топшириғига кўра унинг алоҳида функцияларини бажаради.
26. Агентлик директори бўлмаган ёки ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган ҳолларда директор ўринбосарларидан бири директор вазифасини вақтинча бажариб туради.
6-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш
27. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини, шу жумладан, Агентлик томонидан ташкил этиладиган эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар, шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий мутахассисларга тўловларни амалга ошириш ҳамда Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
(а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
(б) Агентликнинг асосланган таклифларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
(в) аккредитациядан ўтказишдан, шунингдек, шартнома асосида бошқа пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
(г) ўз фаолияти йўналишлари бўйича шартнома асосида консалтинг, эксперт-таҳлил ва бошқа хизматларни кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
(д) давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида ўтказиладиган грант танловлари натижалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар учун ажратиладиган маблағлар;
(ж) халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари ҳамда мақсадли маблағлари;
(з) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
(и) ҳомийлик ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
28. Агентлик ўзининг вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, хорижий валютадаги маблағларини Ўзбекистон Республикасидаги тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш ва олинган даромадларни тасарруф этиши мумкин.
7-боб. Агентликнинг ҳисобдорлиги
29. Агентлик ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда ўз фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.
30. Агентлик ҳар йил якунида (зарур ҳолларда навбатдан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президентига ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот киритади.
31. Агентлик таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган салбий омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари, шунингдек, таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда таълим хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради.
8-боб. Агентликнинг маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари
32. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари, таълим ташкилотлари, илмий муассасалар, тадқиқот, таҳлил марказлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро яқиндан ҳамкорлик қилади.
33. Халқаро ҳамкорлик фаолиятини амалга оширишда Агентлик ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
(а) хорижий давлатларнинг таълим соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва улар билан шартномалар (битим, меморандум ва бошқалар) тузиш;
(б) таълим соҳасида халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ёки уларга аъзо бўлиш;
(в) Агентлик ходимларини хорижий мамлакатларга стажировка, амалиёт ўташ, конференция ва тренингларда иштирок этиш учун юбориш;
(г) ўз ваколати доирасида бошқа хорижий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш.
34. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари Агентликка ҳар томонлама кўмаклашади, шу жумладан, унинг сўровига кўра марказий аппарат ва тизим ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни сақлаб қолган ҳолда эксперт сифатида юборилишини таъминлайди.
35. Агентлик ходимларининг хизмат сафарлари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
36. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида амалга оширилади.
37. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
38. Мазкур Низомда назарда тутилмаган масалалар тегишли қонунчилик ҳужжатлари, ўрнатилган тартибга мувофиқ Агентлик буйруқлари ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.