toggle_night_mode
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Тошкент шаҳрида «ToshTech» техника университетини ташкил этиш тўғрисида
Мамлакатимизда муҳандислик соҳасида илғор техник ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўникмаларига эга, иқтисодиётнинг рақамли трансформациясига кўмаклаша оладиган, инновацион маҳсулот ва хизматлар ярата оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, бу борада олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълимнинг узвийлиги ва ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсад
1. Ушбу қарорни қабул қилишнинг асосий мақсади этиб муҳандис кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган намунавий олий таълим муассасасини ташкил этиш орқали ривожланиб бораётган саноат тармоқларини юқори малакали муҳандис кадрлар билан таъминлаш белгилансин.
II. Муҳандислик соҳаси учун халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш
2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан «Boston consulting group» консалтинг компанияси (кейинги ўринларда — «BCG» компанияси) ўртасида 2025 йил 8 июль куни янги техника университетини ташкил этиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилгани маълумот учун қабул қилинсин.
3. Тошкент шаҳрида «ToshTech» техника университети ташкил этилсин ҳамда унинг асосий фаолият йўналишлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
(а) «ToshTech» техника университети (кейинги ўринларда — Университет) фаолияти «BCG» компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилади;
(б) Университет давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида фаолият юритади;
(в) Университет академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақил ҳисобланади;
(г) Университетга бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул қилиш шартларини, мустақил белгилаш ваколати берилади;
(д) Университетда:
(i) 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бир йиллик тайёрлов курси (foundation) жорий этилади;
(ii) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим жараёни йўлга қўйилади;
(iii) 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари жорий этилади;
(ж) Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давлат ва хорижий тилларда амалга оширилади. Бунда:
(i) 2029/2030 ўқув йилига қадар ўқишга қабул қилинган талабалар тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади;
(ii) талабаларни давлат гранти асосида ўқитиш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш «Янги Ўзбекистон» университети учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
5. Қуйидагилар:
(а) «TоshTech» техника университетининг васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ;
(б) «TоshTech» техника университети васийлик кенгашининг асосий вазифалари 3-иловага мувофиқ;
(в) «TоshTech» техника университети фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
III. Университет фаолиятини молиялаштириш
6. Белгилансинки, Университет фаолиятини йўлга қўйиш, хусусан, таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ахборот тизимларини яратиш ҳамда «BCG» компанияси томонидан Университетни ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияси доирасида кўрсатиладиган қўшимча (шу жумладан, ёрдамчи пудрат ташкилотлари) хизматлар бўйича харажатларни қоплаш:
(а) 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида ҳамда жорий йилда мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
(б) 2026 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутилади.
7. 2029 йил 1 июнга қадар Университет томонидан четдан олиб келинадиган муқобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилма, дастурий ва техник воситалар ҳамда бутловчи қисмлар божхона божидан озод этилсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.
10. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 сентябрь,
ПҚ-274-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-274-сон қарорига
1-ИЛОВА
«ToshTech» техника университетининг асосий фаолият йўналишлари
Қуйидагилар Университетнинг асосий фаолият йўналишлари ҳисобланади:
(а) муҳандислик, энергетика, ускунасозлик (hardware engineering), сунъий интеллект, механика муҳандислиги, электроника ва автоматика муҳандислиги, нефть ва газ, геология қидирув ва кон-металлургия соҳалари учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;
(б) «таълим муҳити — учинчи ўқитувчи» тамойили асосида талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, билимини амалий тажрибалар орқали мустаҳкамлаш, ўқув материалларини самарали ва пухта ўзлаштиришга хизмат қиладиган ҳар томонлама қулай таълим муҳитини шакллантириш;
(в) таълим жараёнини хорижий илғор тажриба ва замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жаҳоннинг етакчи университетларида жорий этилган таълим дастурлари ҳамда таълим технологиялари ва усуллари асосида ташкил этиш;
(г) муҳандис кадрларни тайёрлашда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан замонавий таълим дастурларини жорий этиш, саноат тармоқларида мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни ташкил этиш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш;
(д) таълим ва илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатлар етакчи таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
(ж) муҳандислик йўналишидаги хорижий бестселлер ўқув адабиётларини давлат тилида чоп этиш ва таълимнинг барча босқичларида қўллашни жорий этиш;
(з) иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжи асосида замонавий лаборатория мажмуасини ташкил этиш ҳамда бир вақтнинг ўзида тармоқлар, талабалар ва ўқитувчиларни жалб этган ҳолда кенг кўламда хўжалик фаолиятини олиб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-274-сон қарорига
2-ИЛОВА
«TоshTech» техника университетининг васийлик кенгаши
ТАРКИБИ

Ж.А. Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Васийлик кенгаши раиси

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири

Ж.Т. Мирзамаҳмудов

энергетика вазири

Б.Б. Рахматов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори

О.Р. Фазилкаримов

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

Келишувга кўра

чет эллик малакали мутахассислар (келишув асосида)

Лавозими бўйича

Университет ректори, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Васийлик кенгаши раиси кенгаш таркибига янги аъзоларни, шу жумладан, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари мутахассисларини қўшимча равишда киритиш ва унинг таркибидан чиқариш, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-274-сон қарорига
3-ИЛОВА
«ToshTech» техника университети васийлик кенгашининг асосий вазифалари
Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
(а) Университетнинг стратегик ривожланиш режасини белгилаш, зарур ҳолларда консалтинг хизмати кўрсатувчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш;
(б) Университет фаолияти тўлақонли ташкил этилишини таъминлаш, унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш;
(в) зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини, Университетни жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш ва моддий-техник таъминлашга доир вазифаларни мувофиқлаштириб бориш;
(г) талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, меҳнат бозори талабини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;
(д) Университетда ўқиш учун тўлов-контракт қийматини белгилаш;
(ж) талабаларни қабул қилиш параметрларини меҳнат бозори конъюнктурасини ўрганиш ва ҳамкор иш берувчилар буюртмалари асосида белгилаш;
(з) Университет фаолиятини ривожлантириш учун ҳомийлик хайриялари, грантлар ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;
(и) Университет кампусини ташкил этиш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш, Университетнинг моддий-техника, ўқув-услубий базасини мустаҳкамлаш;
(к) иқтидорли талабалар учун стипендиялар таъсис этиш, талабаларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-274-сон қарорига
4-ИЛОВА
«TоshTech» техника университети фаолиятини ташкил этиш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Бажариш муддати

Молиялаштириш манбалари

Ижро учун масъуллар

I. Университет фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари

1.

«TоshTech» техника университетини (кейинги ўринларда — Университет) давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг тузилмасини тасдиқлаш.

1. Университет уставини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Университетни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш.

3. Университет тузилмасини шакллантириш ва тасдиқлаш.

2025 йил октябрь

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Университет

2.

Университетни юқори касбий маҳоратга эга бўлган малакали, шу жумладан, хорижий мутахассислар билан тўлдириш.

1. Университет эҳтиёжидан келиб чиқиб, бошқарув жараёнига маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда малакали мутахассисларни жалб қилиш.

2. Университетга жалб этиладиган хорижий ва маҳаллий мутахассисларни очиқ танлов асосида саралаб олиш.

2025 йил октябрь — декабрь

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Энергетика вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги

3. Университет ўқув ва илмий жараёнларига илмий даражали хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш.

2025-2026 йиллар

3.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Университетга бир йиллик тайёрлов курсига талабалар қабулини ташкил этиш.

1. «Boston consulting group» консалтинг компанияси (АҚШ) (кейинги ўринларда — «BCG» компанияси) билан ҳамкорликда тайёрлов (foundation) дастурини ишлаб чиқиш.

2. Тайёрлов курсига қабул қилиш шартлари ва муддатларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

3. Номзодларни саралаб олиш ва тингловчилар қабулини ташкил этиш.

2025 йил октябрь

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Университет

4.

«BCG» компанияси билан ҳамкорликда Университетни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш.

1. Университетни ривожлантириш стратегияси доирасида қуйидагиларни белгилаш:

иш берувчилар ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар билан музокаралар ўтказиш асосида Университетнинг кадрлар тайёрлаш йўналишларини;

Университетнинг молиявий моделини;

рақамлаштириш ва бошқарув моделини;

илмий тадқиқотлар ўтказиш йўналишларини;

маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик истиқболларини.

2025 йил октябрь

-

Университет васийлик кенгаши,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Университетни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш.

2025 йил ноябрь

5.

Университетда академик фаолиятни бошқариш жараёнини халқаро андозаларга мос даражада йўлга қўйиш.

1. Университетга академик фаолиятни ташкил этиш бўйича халқаро нуфузга эга бўлган тажрибали мутахассисларни жалб этиш бўйича номзодларни саралаш.

2025 йил ноябрь

-

Васийлик кенгаши,

Университет

2. Шаффоф танлов асосида саралаб олинган номзодни Университетнинг тегишли лавозимига тайинлаш.

2026 йил январь

6.

«BCG» компанияси билан ҳамкорликда Университет фаолиятини ташкил этиш бўйича нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатиш.

1. Университет фаолиятини дастлабки босқичда ташкил этиш бўйича нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларини аниқлаш.

2. Аниқланган олий таълим ташкилотлари билан музокаралар олиб бориш ва улар билан узоқ муддатли келишувга эришиш.

2026-2027 йиллар

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Университет

7.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Университетнинг буюртмаларига асосан Университетга жалб қилинадиган чет эллик ўқитувчилар ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун рухсатномаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш.

1. Чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш.

Доимий

-

Ташқи ишлар вазирлиги

2. Университетга жалб этиладиган чет эллик ўқитувчилар ва мутахассислар, уларнинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатга олинишини таъминлаш.

Ички ишлар вазирлиги

3. Чет эллик мутахассисларни жалб қилишда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни беришни (узайтиришни) таъминлаш.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

II. Университетнинг ўқув жараёнини ташкил этиш

8.

Ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

1. Илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат таълим йўналишларини белгилаш, ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлаш.

2. Бакалавриат ва магистратура босқичларида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилаш.

2026 йил март

-

Университет Васийлик кенгаши

9.

Университетда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул параметрларини белгилаш.

1. Муҳандислик соҳаси учун иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёжларини таҳлил қилиш.

2026 йил март — июнь

-

Университет васийлик кенгаши,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Иш берувчилар таклифлари асосида муҳандислик соҳаси учун эҳтиёж юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишларига қабул параметрларини шакллантириш.

2026 йил июль

10.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро аккредитациядан ўтказиш.

1. Университетда ташкил этилган бакалавриат таълим йўналишларини халқаро ҳамкорлар билан биргаликда аккредитациядан ўтказиш режасини ишлаб чиқиш.

2026 йил июнь

-

Университет,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги

2. Халқаро тан олинган аккредитация ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича шартнома тузиш ва йўналишларни аккредитация қилиш режа-графигини ишлаб чиқиш.

2026 йил июль

3. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро аккредитациядан ўтказиш.

2027 — 2030 йиллар

11.

Университетда замонавий бошқарув тизими ва таълим жараёнини жорий этиш.

1. Университетда замонавий бошқарув тизимини йўлга қўйиш.

2025 йил октябрь

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

«BCG» компанияси

2. Университетда таълим жараёнини ташкил этиш, хусусан:

(а) муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлашда хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини жорий этиш;

(б) Университет кутубхона фондини замонавий хорижий ўқув адабиётлар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан бойитиш;

(в) Университет бошқаруви ва таълим жараёнларини рақамлаштириш ҳамда таълимни бошқариш платформасини (LMS) яратиш.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб

III. Илмий-инновацион фаолият ва халқаро ҳамкорликни ташкил этиш

12.

Университет ҳузурида «R&D» марказини ташкил этиш.

1. Университет ҳузурида «R&D» марказини ташкил этиш.

2. «R&D» марказининг асосий тадқиқот йўналишларини белгилаш.

3. Марказга етакчи хорижий ва маҳаллий олимларни жалб этиш.

2025 йил ноябрь

-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Университет васийлик кенгаши,

Инновацион ривожланиш агентлиги

13.

Илмий изланишлар ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш.

1. Университетнинг барча ходим ва талабалари томонидан ўтказиладиган илмий изланишларни рўйхатга олиш, тасдиқлаш, ҳисобот топшириш ва натижалари билан бўлишишни қамраб олувчи ягона электрон платформа яратиш.

2026 йил октябрь

-

Университет,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

2. Платформани ишга тушириш ва иштирокчилар фойдаланишини йўлга қўйиш.

2026 йил декабрь

IV. Университетнинг моддий-техника базасини кучайтириш

14.

Университетга ўз фаолиятини бошлаши учун биноларни текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш.

1. Университетни биринчи босқичда Тошкент давлат техника университети академик лицейи биносининг 1 — 3-қаватларига жойлаштириш.

2. Академик лицей биносини «BCG» компанияси тавсиялари асосида таъмирлаш.

3. Академик лицейни 2026/2027 ўқув йилидан Тошкент давлат техника университетининг бошқа биноларига жойлаштириш чораларини кўриш.

4. Университетни академик лицей биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи (коммунал ва сақлаш харажатларини қоплаган ҳолда) асосида жойлаштириш.

5. Университетни 2026/2027 ўқув йили бошлангунга қадар Тошкент давлат техника университетининг Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Машинасозлик факультети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш.

2025 йил октябрь

2025 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иқтисод қилинган ўзлаштирилмаган маблағлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Тошкент шаҳар ҳокимлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

15.

Университет кампусини ташкил этиш.

1 Университет учун Тошкент давлат техника университетидан ўтказиладиган бино ва иншоотлар кетма-кетлигини белгилаш.

2. Университетга ўтказиладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини босқичма-босқич 2026 — 2029 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш.

3. 2030 йилга қадар Тошкент давлат техника университетининг тегишли кафедра ва факультетларини босқичма-босқич Университет таркибига киритиб бориш орқали Тошкент давлат техника университети фаолиятини тугатиш.

4. Университетни Тошкент давлат техника университети биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш.

2026 — 2029 йиллар

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

16.

Иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, Университетда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш.

1. «BCG» компанияси билан ҳамкорликда Университет ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур лабораториялар рўйхатини шакллантириш.

2026 йил апрель

-

Университет Васийлик кенгаши,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Энергетика вазирлиги

2. Университетнинг бакалавриат йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ва илмий-тадқиқот фаолиятига мос лаборатория мажмуаларини ташкил этиш.

2026 йил декабрь

Изоҳ: ушбу «йўл харитаси»га «BCG» компанияси тавсияларига кўра Университетнинг васийлик кенгаши қарори билан тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2025 й., 07/25/274/0823-сон)