toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги ПФ-80-сон Фармонига мувофиқ ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг ролини ошириш, шунингдек, нотариуслар фаолиятини рақамлаштириш билан боғлиқ ишларни изчил давом эттириш мақсадида қарор қиламан:
1. 2026 йил 1 мартдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби жорий этилсин:
(а) нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
(б) ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
(в) ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
2. Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Нотариал палатасининг 2026 йил 1 апрелдан бошлаб нотариуслар фаолиятига қуйидагиларни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) Ўзбекистон Республикасида нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегарасини олтмиш беш ёшдан етмиш ёшга ошириш.
Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси (кейинги ўринларда — Олий малака комиссияси) томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини етмиш ёшгача амалга ошириши мумкин;
(б) давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳони ўрнига ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда қуйидаги икки босқичдан иборат бўлган ягона танлов тартибини жорий этиш:
(i) биринчи босқичда талабгорлар давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи соҳалари бўйича тест синовларидан ўтади. Бунда тест синовлари ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ташкил этилади;
(ii) иккинчи босқичда тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорлар Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳонда нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини махсус электрон платформада тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради;
(в) мазкур банднинг «б» кичик бандида назарда тутилган ягона танловда иштирок этишга фақат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил этиладиган курсларни муваффақиятли тамомлаган шахсларга рухсат бериш;
(г) хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз касбий фаолиятини узрли сабабларга кўра бажара олмаган тақдирда, унинг аризасига асосан лицензиясининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш;
(д) хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишдан ташқари огоҳлантириш ва жарима кўринишидаги муқобил таъсир чораларини қўллаш механизмини жорий этиш;
(ж) нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда фойдаланиладиган гербли (махсус) бланкаларни унификация қилиш орқали ягона шаклдаги гербли (махсус) бланкани жорий этиш. Бунда:
(i) нотариал ҳаракатларни махсус гербли бланкада расмийлаштириш тарафларнинг хоҳишига кўра амалга оширилиши мумкин;
(ii) видеоконференцалоқа режимида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар гербли (махсус) бланкаларда расмийлаштирилиши талаб этилмайди;
(з) нотариал расмийлаштирилган барча ҳужжатларни нотариуснинг имзоси, муҳри ва/ёки QR код (матрик штрихли код) билан тасдиқлаш.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ нотариал хизматлар кўрсатишда қуйидаги талаблар бекор қилинади:
(а) 2025 йил 1 декабрдан бошлаб:
(i) республика ҳудудида нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига (кейинги ўринларда — Тизим) мажбурий юклаш тартибини жорий этиш орқали уларнинг аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш;
(ii) нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файлларини электрон қурилмаларда сақлаш. Бунда ушбу турдаги аудио ва видеоёзувлар файлларини Тизимда тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатга бириктириш ва сақлаш имконияти яратилади;
(б) 2026 йил 1 январдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш. Бунда фуқароларнинг шахси уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали верификация қилинади.
4. Адлия вазирлигига нотариат соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:
(а) муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариус лавозимларининг энг кўп сонини белгилаш;
(б) олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни ягона танловда иштирок этмаган ҳолда Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат асосида тайинлаш.
5. Қуйидагилар:
(а) Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига ягона танловда иштирок этмаган ҳолда суҳбат асосида нотариуслар тайинланиши мумкин бўлган олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)лар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
(б) Нотариуслар томонидан композит шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
(в) 2025 — 2027 йилларда масофадан туриб видеоконференцалоқа режими орқали расмийлаштирилиши йўлга қўйиладиган нотариал ҳаракатлар режа-графиги 3-иловага мувофиқ;
(г) 2025 — 2027 йилларда нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича «йўл харитаси» 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда:
(а) камида уч йил давомида нотариуслик фаолиятини амалга оширган нотариусларга Олий малака комиссияси хулосаси асосида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида ўзлари танлаган республиканинг исталган бошқа ҳудудида фаолиятини давом эттириш ҳуқуқи берилади;
(б) давлат нотариал идораси нотариуси лавозими жорий этилганида ҳар бир давлат нотариал идораси учун камида бир нафардан нотариус ёрдамчиси ва нотариус котиби штат бирликларини мажбурий тарзда жорий этиш ҳақидаги талаб татбиқ этилмайди.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан Тизим орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилиб, кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.
8. Кадастр агентлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва «Ўзсувтаъминот» АЖ 2026 йил 1 апрелга қадар ўз ахборот тизимларининг белгиланган тартибда тўлиқ интеграциясини таъминлаб, маълумотлар автоматик тарзда янгиланишини йўлга қўйсин.
9. Манфаатдор вазирлик ва идоралар уч ой муддатда 2022 йил 1 октябрга қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини бошқа шахсга ўтказишга нисбатан қўйилган тақиқларни тегишлилиги бўйича хатловдан ўтказсин ва сақлаб қолиниши лозим бўлган тақиқлар рўйхатини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, солиқ тўловчининг идентификация рақами ва мол-мулк ҳақидаги маълумотлар (идентификатор) асосида шакллантириб, Адлия вазирлигига тақдим этсин.
10. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда ўз аҳамиятини йўқотган тақиқ (хатлов)лар рўйхатини шакллантирсин ва уларни бекор қилиш чораларини кўрсин.
11. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритсин:
(а) уч ой муддатда янги таҳрирдаги «Нотариат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини. Бунда, шу жумладан, қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилиши назарда тутилсин:
(i) васият қилувчи вафот этганда нотариус томонидан меросхўрларга васиятномани эълон қилиш;
(ii) эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномасини нотариал тасдиқлаш;
(iii) мерос шартномасини нотариал тасдиқлаш;
(iv) муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳамда саноат мулки объектлари билан боғлиқ меросни нотариус томонидан расмийлаштириш тартибини белгилаш;
(б) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни.
12. Адлия вазирлиги (А. Ташкулов) 2026 йил 1 майга қадар қуйидагиларни тасдиқласин:
(а) давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига ҳамда хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олишга талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини;
(б) муайян ҳудуд (нотариал округ)даги нотариус лавозимларининг энг кўп сонини белгилаш тартибини;
(в) нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш, никоҳ шартномалари, видеоконференцалоқа режими орқали нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш бўйича маъмурий регламентларни.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири А.Д. Ташкулов белгилансин.
14. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошлиғи А.Б. Самадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 сентябрь,
ПҚ-280-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига ягона танловда иштирок этмаган ҳолда суҳбат асосида нотариуслар тайинланиши мумкин бўлган олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)лар
РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудуд номи

Қорақалпоғистон Республикаси

1.

Бўзатов тумани

2.

Мўйноқ тумани

Андижон вилояти

3.

Улуғнор тумани

Қашқадарё вилояти

4.

Деҳқонобод тумани

Бухоро вилояти

5.

Қоровулбозор тумани

Жиззах вилояти

6.

Зафаробод тумани

7.

Янгиобод тумани

Навоий вилояти

8.

Томди тумани

9.

Ғозғон шаҳри

Сирдарё вилояти

10.

Сардоба тумани

11.

Ширин шаҳри

Самарқанд вилояти

12.

Қўшработ тумани

Сурхондарё вилояти

13.

Бандихон тумани

Тошкент вилояти

14.

Бекобод тумани

Фарғона вилояти

15.

Сўх тумани

Хоразм вилояти

16.

Тупроққалъа тумани

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарорига
2-ИЛОВА
Нотариуслар томонидан композит шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Нотариуслар томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари

Ариза берувчилар тоифаси

Хизмат кўрсатиш шакли

Хизмат кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжат

Хизмат кўрсатиш муддати

1.

Нотариал расмийлаштирилган ва идоравий нотариал архивга топширилган ҳужжатларнинг дубликатини бериш

Жисмоний ва юридик шахслар

Анъанавий шаклда

Нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликати

5 иш куни

2.

Идоравий нотариал архивга топширилган нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма бериш

Жисмоний ва юридик шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Реестр китобидан кўчирма

2 иш куни

3.

Нотариал расмийлаштирилган ва идоравий нотариал архивга топширилган архив ҳужжатларидан нусха бериш

Жисмоний ва юридик шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Архив ҳужжатларидан нусха

2 иш куни

4.

Идоравий нотариал архивда сақланаётган ҳужжатлар бўйича архив маълумотномасини бериш

Жисмоний ва юридик шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Архив маълумотномаси

1 иш куни

5.

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ариза юбориш

Жисмоний шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Ариза юборилганлиги ҳақида маълумот

1 кун

6.

Туғилиш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилгани бўйича маълумотнома бериш

Жисмоний шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Маълумотнома

2 кун

7.

Оталик белгиланганлиги ҳақида маълумотнома бериш

Жисмоний шахслар

Анъанавий ва электрон шаклда

Маълумотнома

2 кун

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарорига
3-ИЛОВА
2025 — 2027 йилларда масофадан туриб видеоконференцалоқа режими орқали расмийлаштирилиши йўлга қўйиладиган нотариал ҳаракатлар
РЕЖА-ГРАФИГИ

Т/р

Нотариал ҳаракат номи

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

1.

Барча турдаги ишончномаларни бекор қилиш

2025 йил декабрь

Адлия вазирлиги

2.

Ижро хатларини ёзиш

3.

Никоҳ шартномасини тасдиқлаш

2026 йил июнь

Адлия вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги

4.

Бошқа турдаги аризалардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш

5.

Автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномасини тасдиқлаш

6.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш

2026 йил декабрь

Адлия вазирлиги,

Кадастр агентлиги,

Ички ишлар вазирлиги,

Марказий банк

7.

Марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) аризасига кўра умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериш

8.

Ипотека шартномасини тасдиқлаш

9.

Турар жойнинг олди-сотди шартномасини тасдиқлаш

2027 йил март

Адлия вазирлиги,

Кадастр агентлиги,

Ички ишлар вазирлиги

10.

Турар жойнинг ҳадя шартномасини тасдиқлаш

11.

Қарз шартномасини тасдиқлаш

12.

Автомототранспорт воситасини айирбошлаш шартномасини тасдиқлаш

13.

Васиятномаларни тасдиқлаш

14.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни тасдиқлаш

15.

Кўчмас мулкни айирбошлаш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш

2027 йил сентябрь

Адлия вазирлиги,

Кадастр агентлиги,

Ички ишлар вазирлиги,

Марказий банк

16.

Турар жойнинг ижара шартномасини тасдиқлаш

17.

Нотурар жойнинг ижара шартномасини тасдиқлаш

18.

Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишувни тасдиқлаш

19.

Кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлаш

20.

Автомототранспорт воситасидан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлаш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарорига
4-ИЛОВА
2025 — 2027 йилларда нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Бажариш муддати

Масъул ижрочилар

I. Нотариат соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш

1.

«Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш:

янги нотариал ҳаракатларни жорий этиш, шу жумладан, васият қилувчи вафот этганда нотариус томонидан меросхўрларга васиятномани эълон қилиш, эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномасини нотариал тасдиқлаш, мерос шартномасини нотариал тасдиқлаш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳамда саноат мулки объектлари билан боғлиқ меросни нотариус томонидан расмийлаштириш тартибини белгилаш;

фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича қарз ундиришни нотариуснинг ижро хатларига асосан амалга ошириш, бунда қарздордан эътироз келиб тушганда нотариус томонидан ижро хатини бекор қилиш ҳамда ижро хатидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш;

нотариуслик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегарасини олтмиш беш ёшдан етмиш ёшга ошириш;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг ихтиёрий аризасига асосан унинг лицензиясининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга улар томонидан йўл қўйилган камчиликлар ёки содир этилган қоидабузарликлар учун мутаносиб равишда қўлланиладиган таъсир чоралари (огоҳлантириш ва жарима), уларнинг миқдорлари, муддатлари ва қўллаш тартибини белгилаш;

нотариал расмийлаштириладиган барча ҳужжатларни нотариуснинг имзоси, муҳри ва/ёки QR код (матрик штрихли код) билан тасдиқлашни йўлга қўйиш.

Қонун лойиҳаси

2025 йил декабрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Олий суд

(Исламов),

Нотариал палата

(Ашуров),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш:

васият қилувчи вафот этганда нотариус томонидан меросхўрларга васиятномани эълон қилиш;

эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномасини нотариал тасдиқлаш;

мерос шартномасини нотариал тасдиқлаш;

муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳамда саноат мулки объектлари билан боғлиқ меросни нотариус томонидан расмийлаштириш тартибини белгилаш.

Қонун лойиҳаси

2025 йил декабрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар бўйича маъмурий регламентларни хатловдан ўтказган ҳолда уларнинг янгиланган лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

Бунда ижро хатларини ёзиш, васиятномалар, мерос шартномалари ва никоҳ шартномаларини тасдиқлаш ҳамда нотариал ҳаракатларни масофадан туриб видеоконференцалоқа режими орқали амалга ошириш тартиблари белгиланади.

Адлия вазирининг буйруғи

2026 йил апрель

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Нотариал палата

(Ашуров),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига ҳамда хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини олишга талабгорлар учун танлов ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш.

Адлия вазирининг буйруғи

2026 йил апрель

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги

(Каримов),

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

(Бурханов),

Нотариал палата

(Ашуров),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг энг кўп сонини белгилаш тартибини тасдиқлаш.

Олис (чекка) ва нотариуслик лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудудларда (нотариал округда) давлат нотариал идораси нотариуси лавозимини ташкил этиш ва давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига танловда иштирок этмаган ҳолда Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат асосида нотариусни тайинлаш тартибини жорий этиш.

Адлия вазирининг буйруғи

2026 йил апрель

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Нотариал палата

(Ашуров),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда фойдаланиладиган ягона шаклдаги гербли (махсус) бланкани жорий этиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2026 йил март

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Нотариал палата

(Ашуров),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси ваколатларини қайта кўриб чиқиш. Бунда Олий малака комиссияси томонидан:

амалий имтиҳонни ўтказиш;

нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини 70 ёшгача узайтириш масаласини кўриб чиқиш;

олис (чекка) ва нотариуслик лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудудлар (нотариал округ) учун давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига суҳбат асосида нотариусни тайинлаш назарда тутилади.

Адлия вазирининг буйруғи

2026 йил март

Адлия вазирлиги

(Ташкулов)

8.

Талабгорлар учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартибини белгилаш.

Адлия вазирининг буйруғи

2026 йил март

Адлия вазирлиги

(Ташкулов)

9.

Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш жараёнини мажбурий аудио ва видео ёзувга қайд этиш ва «Нотариус» ААТга юклаш талабини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2025 йил ноябрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Нотариал палата

(Ашуров)

10.

Меросхўрларни қасддан яшириш ҳолатларига йўл қўйган фуқароларни нолойиқ меросхўр деб топиш ва уларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2027 йил декабрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Олий суд

(Исламов),

Бош прокуратура

(Йўлдошев),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

Адлия органлари балансида бўлган ва хусусий нотариуслар ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган биноларни уларга аукцион орқали сотиш тартибини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил апрель

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Давлат активларини бошқариш агентлиги

(Ортиков),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

II. Нотариуслар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш

12.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали фуқароларнинг шахсини верификация қилиш механизмини яратиш.

Амалий чора-тадбирлар

2025 йил декабрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Рақамли технологиялар вазирлиги

(Шерматов)

13.

Барча нотариал идораларга оптик толали алоқа тармоғини ўрнатиш чораларини кўриш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил январь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Рақамли технологиялар вазирлиги

(Шерматов)

14.

«E-notarius.uz» ахборот порталининг мобил иловасини яратиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил март

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Рақамли технологиялар вазирлиги

(Шерматов)

15.

Нотариуснинг ижро хатларини электрон ҳужжат сифатида шакллантириш ҳамда ундирувчи ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига электрон ҳужжат айланиш тизими орқали юбориш амалиётини жорий этиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил март

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Бош прокуратура

(Йўлдошев),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

16.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар бўйича электрон маълумот базасини тўлиқ шакллантириш ва «Нотариус» ААТга интеграция қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил апрель

Олий суд

(Исламов),

Адлия вазирлиги

(Ташкулов)

17.

Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ахборот тизими ва «Нотариус» ААТни ўзаро интеграция қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2025 йил декабрь

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Бош прокуратура

(Хатамов)

III. Нотариал идоралар фаолияти самарадорлигини таъминлаш

18.

Нотариуслар томонидан композит шаклда қуйидаги давлат хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш:

нотариал расмийлаштирилган ва идоравий нотариал архивга топширилган ҳужжатларнинг дубликатини бериш;

нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма бериш;

нотариал расмийлаштирилган ва идоравий нотариал архивга топширилган архив ҳужжатларидан нусха бериш;

идоравий нотариал архивда сақланаётган ҳужжатлар бўйича архив маълумотномасини бериш;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ариза юбориш;

туғилганлик, ўлим, никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралишни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганлиги бўйича маълумотнома бериш;

оталик белгиланганлиги ҳақида маълумотнома бериш.

Комплекс чора-тадбирлар

2026 йил февраль

Адлия вазирлиги

(Ташкулов)

19.

Нотариуслар томонидан композит шаклда кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматлари сонини ошириш масаласини кўриб чиқиш.

Комплекс чора-тадбирлар

2026 йил май

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

20.

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан тасдиқланадиган ариза ва ишончномаларни «Нотариус» ААТга юбориш тартибини жорий этиш.

Комплекс чора-тадбирлар

2026 йил июль

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Ташқи ишлар вазирлиги

(Саидов)

21.

Кўчмас мулк бошқа шахсга ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотларни коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларда автоматик тарзда ўзгартириш тартибини жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш

2025 йил декабрь

Кадастр агентлиги

(Пулатов),

Адлия вазирлиги

(Ташкулов),

Энергетика вазирлиги

(Мирзамаҳмудов),

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

(Хидоятов),

Солиқ қўмитаси

(Кудбиев),

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ

(Асқаров),

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ

(Ходжаев),

«Ўзсувтаъминот» АЖ

(Сувонқулов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

Маълумотларни автоматик тарзда ўзгартириш тартибини жорий этиш

2026 йил 1 апрелга қадар

22.

2022 йил 1 октябрга қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини бошқа шахсга ўтказишга нисбатан қўйилган тақиқларни тегишлилиги бўйича хатловдан ўтказиш ва сақланиб қолиниши лозим бўлган тақиқлар рўйхатини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, солиқ тўловчининг идентификация рақами ва объект идентификаторлари асосида шакллантириб, Адлия вазирлигига тақдим этиш.

Амалий чора-тадбирлар

2025 йил декабрь

Манфаатдор вазирлик ва идоралар,

Адлия вазирлиги

(Ташкулов)

Ўз аҳамиятини йўқотган тақиқ (хатлов)лар рўйхатини шакллантириш ва тақиқдан чиқариш чораларини кўриш.

2026 йил апрель

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2025 й., 07/25/280/0817-сон)