1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.22.00.00 Кредитлаш / 07.22.06.00 Кредитлашнинг алоҳида турлари / 07.22.06.06 Кредитлашнинг бошқа турлари]
[ТСЗ:
1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ҚарорИ
ЖАЛБ ЭТИЛАДИГАН ХОРИЖИЙ КРЕДИТЛАР БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КАФОЛАТЛАРИ БЕРИЛГАНЛИГИ УЧУН ТЎЛОВ УНДИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
«Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида» ва «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тартиби тўғрисида» 2003 йил 28 ноябрдаги 534-сон қарорига мувофиқ ҳамда жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш механизмини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.22.00.00 Кредитлаш / 07.22.06.00 Кредитлашнинг алоҳида турлари / 07.22.06.05 Чет эл кредитлари ва заёмлари. Хорижий валютада кредитлар]
1. Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.10.00.00 Мажбурият ҳуқуқи / 03.10.02.00 Мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш / 03.10.02.05 Кафолат]
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳукумат қарорлари бўйича жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини беришда мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга қатъий амал қилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 8 январь,
7-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 январдаги 7-сон қарорига ИЛОВА
Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов (кейинги ўринларда матнда «тақдирлаш пули» деб юритилади) ундириш тартибини белгилаб беради.
2. Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича қарз олувчилар (субқарз олувчилар)дан тушадиган тақдирлаш пули республика бюджетининг даромадлари сифатида ҳисобга олинади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармасини шакллантириш манбаларидан бири ҳисобланади ва Давлат бюджети даромадлари таснифининг тегишли бўлими ва параграфи бўйича очилган транзит ҳисоб рақамлари орқали ўтказилади.
Тақдирлаш пулини ўтказиш учун республика бюджетининг транзит даромад ҳисоб рақами реквизитлари қарз олувчилар (субқарз олувчилар)га Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда етказилади.
II. Тақдирлаш пули миқдорларини белгилаш ва уни ундириш тартиби
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан қарз олувчи (субқарз олувчи) ўртасида тузиладиган кафолат битимида Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тақдирлаш пули тўлаш бўйича қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг мажбуриятлари назарда тутилади.
4. Тақдирлаш пули миқдори жалб этиладиган хорижий кредит шартларидан келиб чиқиб белгиланади:
тижорат шартларида берилган кредитлар бўйича, — йиллик 0,5 фоиз, асосий қарзнинг танланган ва қайтарилмаган қисмига ўтказилади;
имтиёзли шартларда берилган кредитлар бўйича, — йиллик 0,1 фоиз (бюджетдан таъминланмайдиган ташкилотлар учун), асосий қарзнинг танланган ва қайтарилмаган қисмига ўтказилади.
Тақдирлаш пулини қайтариш манбаи бюджет маблағлари бўлган кредитлар, шунингдек улар бўйича субқарз олувчиларнинг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари берилмайдиган, республиканинг тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладиган хорижий кредитлар бўйича ундирилмайди.
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.22.00.00 Кредитлаш / 07.22.04.00 Банк кредитларининг қайтарилишини таъминлаш]
5. Тақдирлаш пули жалб этиладиган кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ фоизлар тўланадиган тегишли саналарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича тенг миқдорда сўмда тўланади.
Тақдирлаш пулини тўлаш уч кун мобайнида кечиктирилган тақдирда, қарз олувчилар (субқарз олувчилар) муддати ўтказиб юборилган суммага қўшимча равишда ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарзлар суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлайдилар.
6. Қарз олувчилар (субқарз олувчилар) томонидан тақдирлаш пулини ўз вақтида тўлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул маблағларини қарз олувчи ва субқарз олувчининг ҳар қандай ҳисоб рақамларидан (субқарз олувчининг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилган тақдирда) муддати ўтказиб юборилган сумма ва ҳисобланган пеня миқдорида исталган валютада шубҳасиз ва сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эгадир.
Пул маблағларини қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг ҳисоб рақамларидан чиқариш бюджетга тўловларни ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.15.00 Бошқа операциялар ва битимлар]
7. Илгари олинган кредитлар суммаси ўзгарганлиги, ёхуд жалб этилган кредитларни қайтариш муддатлари узайтирилганлиги муносабати билан кредит битимларини қайта расмийлаштирувчи қарз олувчилар (субқарз олувчилар) тақдирлаш пулини мазкур Низомда белгиланган тартибда кредит битимлари қайта расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тўлайдилар.
III. Якуний қоидалар
8. Қарз олувчилар (субқарз олувчилар) томонидан тўланган тақдирлаш пули қайтарилмайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасарруфида қолади.
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.02.00 Вазирликлар]
9. Тақдирлаш пули тушуми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ҳисобга олинади.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиладиган Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботда жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов сифатида ҳисобот санасида тушган маблағлар тўғрисидаги маълумотни кўрсатади ҳамда ушбу маълумотни қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тақдим этади.