toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро замонавий санъат биенналесини юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистоннинг жаҳон маданий харитасидаги нуфузини юксалтириш, замонавий санъат, тарихий мерос, креатив иқтисодиёт ва туризм уйғунлигини таъминлаш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига ва «Ижодкор шаҳарлар тармоғи» дастурига кирган, асрлар давомида илм-фан, меъморчилик, ҳунармандчилик ва санъат маркази бўлиб келаётган кўҳна Бухоро шаҳрининг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь — ноябрь ойларида Бухоро шаҳрида халқаро замонавий санъат биенналеси (кейинги ўринларда — Биеннале) ўтказиб борилсин.
2. Биринчи Биеннале 2025 йил 5 сентябрь — 20 ноябрь кунлари юқори савияда ўтказилсин.
3. Қуйидагилар Биенналенинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) мамлакатимизда замонавий ва амалий санъат, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда глобал маданий маконга интеграция қилиш;
(б) креатив индустрияда таълим, тадқиқот ва касбий маҳоратни ривожлантириш, юртимиз вакилларининг жаҳонга машҳур уста-ижодкорлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали халқаро даражага олиб чиқиш;
(в) юртимиз туристик жозибадорлигини ошириш, маданий мерос объектларини санъат намойиши майдонларига айлантириш, мунтазам қайта ташриф буюришга бўлган қизиқишни шакллантириш.
4. Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) тузилсин, шунингдек, унинг таркиби ва асосий вазифалари 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади.
6. Белгилансинки, биринчи Биеннале доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
(а) Биеннале ўтказиладиган 14 та маданий мерос объектини кўргазма ва тадбирлар, таълим ва тадқиқот, ижодиёт ва ишлаб чиқариш жараёнлари уйғунлашган креатив кластерга айлантириш;
(б) жаҳонга машҳур уста-ижодкорлар томонидан 60 тадан кўп арт-объект, шу жумладан, инсталляцияларни яратиш, улардан Биеннале ўтказиладиган жойни бадиий безашда фойдаланиш ва уларнинг энг муносибларини дунё бўйлаб кўргазмаларда намойиш этиш;
(в) дунёга таниқли ижодкор, мутахассис ва ошпазлар иштирокида кенг жамоатчилик учун 10 ҳафталик илмий-маърифий, маданий-кўнгилочар, сайёҳлик ва гастрономик дастурларни ташкил этиш;
(г) биринчи Биеннале махсус каталоги ва ўзбек миллий таомлари рецептлар китоб-альбомини чоп этиш, улардан халқаро миқёсдаги тарғибот воситаси ва совғалар тўплами сифатида кенг фойдаланиш;
(д) Бухоро Биенналеси ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, шунингдек, ундан фойдаланиб мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш;
(ж) махсус таълим дастури асосида халқаро даражадаги кураторларни тайёрлаш ҳамда уларнинг жаҳоннинг етакчи санъат майдонларида Ўзбекистон номидан иштирок этишини таъминлаш;
(з) 30 нафардан ортиқ халқаро эксперт, куратор ва санъатшунослар иштирокида халқаро академик симпозиумни ўтказиш.
7. Қуйидагилар:
(а) Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказиладиган моддий маданий мерос объектлари (кейинги ўринларда — Биеннале объектлари) рўйхати 3-иловага мувофиқ;
(б) Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Биеннале объектларида:
(а) лойиҳалаштириш ва асрашга доир ишлар бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади;
(б) хорижий таниқли мутахассислар билан ҳамкорликда алоҳида концепция ва дизайн асосида объектларни бадиий ёритиш ва асрашга доир ишларни ташкил этиш, инфратузилмаларини яхшилаш, шунингдек, Тасвирий санъат музейининг янги экспозициясини яратиш чоралари кўрилади.
9. Белгилансинки, Биеннале доирасида 2025 йил 31 декабрга қадар Жамғарма ва Маданий мерос агентлиги томонидан шакллантириладиган рўйхатларга асосан ва улар белгилаган субъектлар томонидан импорт қилинадиган техника, жиҳоз, асбоб-ускуна, санъат асарлари ва уларнинг қисмлари, ашёлар ва бошқа товарлар божхона божидан озод этилади.
10. Вазирлар Маҳкамаси уч кун муддатда биринчи Биенналега тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси, молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда харажатлар сметасини тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Г.О. Умерова ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов белгилансин.
13. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 август,
ПҚ-260-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПҚ-260-сон қарорига
1-ИЛОВА
Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

1.

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ташкилий қўмита раиси

2.

Г.О. Умерова

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

3.

Б.О. Саидов

ташқи ишлар вазири

4.

О.А. Назарбеков

маданият вазири

5.

Ш.С. Хидоятов

қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири

6.

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири

7.

Ш.Х. Шерматов

рақамли технологиялар вазири

8.

И.Р. Махкамов

транспорт вазири

9.

А.А. Худаяров

соғлиқни сақлаш вазири

10.

А.А. Ташпулатов

ички ишлар вазири

11.

Б.Б. Кудратходжаев

фавқулодда вазиятлар вазири

12.

Р.М. Джураев

Миллий гвардия қўмондони

13.

Б.К. Зарипов

Бухоро вилояти ҳокими

14.

А.Ю. Мавлонов

Божхона қўмитаси раиси

15.

У.Р. Шадиев

Туризм қўмитаси раиси

16.

Б.Г. Абдикаримов

Маданий мерос агентлиги директори

17.

Д.А. Ваҳобов

Савдо-саноат палатаси раиси

18.

Ж.О. Умарходжаев

«Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси

19.

Ш.Ш. Худайкулов

«Uzbekistan Airways» АЖ бошқаруви раиси

20.

З.Г. Нарзуллаев

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси

21.

А.А. Жўрабаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

22.

А.А. Маннопов

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳ: Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПҚ-260-сон қарорига
2-ИЛОВА
Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Халқаро замонавий санъат биенналеси (кейинги ўринларда — Биеннале)га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш.
2. Биенналени ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, бу борада масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш.
3. Биенналеда иштирок этиш учун нуфузли халқаро ижодкорларни жалб этиш, уларнинг маҳаллий ижодкорлар билан ҳамкорликда (коллаборация) санъат асарлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданиятидан илҳомланган ҳолда асарлар яратишини рағбатлантириш.
4. Биенналенинг халқаро маданий дипломатия ва жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш.
5. Биенналени ўтказишга халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, ҳомийлик хайриялари ва меценатлик кўмагини жалб этиш.
6. Биеннале доирасида яратилган асарларнинг мамлакатимиз ва хориждаги кўргазмаларда намойиш этилишига, шунингдек, нуфузли халқаро аукционлар ва савдо майдончаларида сотилишига кўмаклашиш.
7. Заруратга кўра, Биеннале ўтказиладиган кунларни узайтириш ва ўзгартириш.
8. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, Интернет тармоғида Биеннале тадбирлари кенг ёритилишини ва тарғиб қилинишини ташкил қилиш.
9. Тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни тезкор ҳал этиб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПҚ-260-сон қарорига
3-ИЛОВА
Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказиладиган моддий маданий мерос объектлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Объект номи

Жойлашган манзил

1.

Мағоки Аттори масжиди

Бухоро шаҳри Меҳтар Амбар кўчаси

2.

Фатҳуллажон карвонсаройи

Бухоро шаҳри Ҳақиқат кўчаси

3.

Аёзжон карвонсаройи

Бухоро шаҳри Ҳақиқат кўчаси

4.

Тасвирий санъат музейи (Пассаж-1)

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

5.

Олимжон карвонсаройи

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

6.

Абдураҳмон Аълам мадрасаси

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

7.

Гавкушон мадрасаси ва ансамбли

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

8.

Рашид мадрасаси

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

9.

Хўжа Калон масжиди ва минораси

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

10.

Нўғай карвонсаройи

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

11.

Улуғбек тамокифурушон карвонсаройи

Бухоро шаҳри Ҳақиқат кўчаси

12.

Тоқи саррафон меъморий ёдгорлиги

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

13.

Поччоқул ҳожа масжиди

Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси

14.

Аҳмаджон карвонсаройи

Бухоро шаҳри Ҳақиқат кўчаси

Изоҳ:
Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан биргаликда ушбу объектларни ва уларнинг инфратузилмасини тадбирлар ўтказилишига тайёрлаш ва ободонлаштириш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Ушбу объектларда хорижий таниқли мутахассислар билан ҳамкорликда алоҳида концепция ва дизайн асосида объектларни бадиий ёритиш ва асрашга доир ишларни ташкил этиш, инфратузилмаларини яхшилаш, шунингдек, Тасвирий санъат музейининг янги экспозициясини яратиш билан боғлиқ чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-287-сон қарорига мувофиқ Бухоро шаҳри ҳудудидаги маданий мерос объектларини 2024 — 2026 йиллар давомида реставрация, тиклаш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга рухсат берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПҚ-260-сон қарорига
4-ИЛОВА
Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни
МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИ
1. Республика бюджети маблағлари.
2. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари.
3. Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлар.
4. «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан Савдо-саноат палатасининг Халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида санъат асарларини яратишга маҳаллий ҳунармандларни жалб қилиш, улар томонидан ҳунармандчилик маҳсулотларини яратиш ва маҳаллий хомашёларни сотиб олиш бўйича харажатларини қоплаб бериш учун Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлар.
5. Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари.
6. Меценатлик кўмаги ва ҳомийлик хайриялари, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари.
7. Қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПҚ-260-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарори билан тасдиқланган Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларининг IV бўлимида:
(а) ўн учинчи хатбошидаги «Тасвирий санъат музейи» сўзлари «Тасвирий санъат музейи, шу жумладан, ушбу музейнинг янги экспозициясини яратиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ситораи Моҳи Хоса саройи музейи, шу жумладан, ушбу музейнинг янги экспозициясини яратиш».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-132-сон қарори билан тасдиқланган Шовот туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастурининг 22-позицияси чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.08.2025 й., 07/25/260/0774-сон)