toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Республика аҳолисининг лифтлардан фойдаланишда хавфсизлигини таъминлаш ҳамда барча тоифадаги лифтларнинг техник соз ҳолатда сақланиши устидан доимий назорат қилиш тизимини амалиётга жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2026 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилсин:
аккредитация қилинган ва тегишли рухсатномага эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар томонидан лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби;
лифтларни техник кўрикдан ўтказувчи ихтисослашган ташкилотларга қўйиладиган талаблар;
лифтларни техник кўрикдан ўтказувчи мутахассис ходимлар тоифаси ва уларга нисбатан қўйиладиган малака талаблари.
2. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил якунига қадар республикадаги мавжуд лифтларни хатловдан ўтказсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Низом ва Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларидан келиб чиқиб, Лифтлардан хавфсиз фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсади, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиков ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 12 июль,
431-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги 431-сон қарорига
ИЛОВА
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом республика ҳудудида фойдаланишда бўлган лифтларни ихтисослашган ташкилотлар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
бино ва иншоотга жавобгар — мулкдор томонидан тайинланадиган лифтдан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун лифтга мунтазам техник хизмат кўрсатиш, даврий назоратдан ўтказилиши ва таъмирланиши учун масъул бўлган шахс;
ваколатли орган — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
даврий техник кўрик — лифтлардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш ва уларнинг ишлаш ҳолатини баҳолаш мақсадида ўтказиладиган синовлар, инспекция қилиш ва бошқа чоралар мажмуи;
дастлабки техник кўрик — ўрнатилган лифт рўйхатга олинишидан аввал биринчи марта ўтказиладиган синовлар, инспекция ва бошқа чоралар мажмуи;
ихтисослашган ташкилот — лифтларни техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланувчи сифатида ISO/IEC 17020 стандартига мувофиқ «А» турдаги инспекция идораси мақомида Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ва тегишли рухсатномага эга бўлган юридик шахс;
касбий малака сертификати — ўқув муассасалари томонидан расмийлаштириладиган, шахснинг билим, кўникма ва малакаларини ифодаловчи ҳужжат;
лифт пудратчиси — лифт ўрнатиладиган бино ёки иншоотнинг қурилиш ишларини ўз номидан амалга оширадиган шахс;
масъул орган — кўп квартирали уй-жойларда ўрнатилган лифтлар назоратини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
мулкдор — лифт жойлашган бино (иншоот, шу жумладан, лифт) ёки унинг бир қисмининг эгаси (эгалари), кўп квартирали уйда умумий улушли мулк ҳуқуқига эга бўлган хонадонлар мулкдорлари;
назорат кўриги — техник кўрик натижасида аниқланган номувофиқликларнинг бартараф этилгани ихтисослашган ташкилот томонидан текширилиши;
техник муҳандис — лифт синови натижаси бўйича хулоса қабул қилиш ваколати берилган шахс;
техник инспектор — техник кўрик ўтказувчи мутахассис;
хавфсизлик бўйича стандарт — одамларни ва (ёки) юкларни кўтариш ёки туширишда фойдаланилаётган лифтларнинг хавфсизлигини таъминлаш қоидаларини белгиловчи стандарт.
3. Лифтларни техник кўрикдан ўтказишни ташкил қилувчи, ўтказувчи ва бевосита жараёнда иштирок этувчилар ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни талаблари ва бошқа ўрнатилган меҳнат хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ ташкил этилишига жавобгардир.
4. Ихтисослашган ташкилотларнинг фаолияти ушбу Низомга мувофиқ ваколатли орган томонидан назорат қилиб борилади. Ваколатли орган зарур ҳолларда назорат жараёнига бошқа идораларнинг вакилларини жалб этиши мумкин.
5. Мулкдор ўзига тегишли бўлган бинода ва (ёки) иншоотда ўрнатилган лифтнинг ҳар ўн икки ойда камида бир марта техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаши шарт.
6. Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш схемасига асосан амалга оширилади.
2-боб. Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби
7. Бино ва иншоотларда ўрнатилган, доимий равишда фойдаланишда бўлган лифтлар ўн икки ойдан ошмаган ҳолда камида бир марта ихтисослашган ташкилот томонидан ушбу Низомда назарда тутилган тартибда мажбурий даврий техник кўрикдан ўтказилади.
8. Масъул орган лифтларни техник кўрикдан ўтказиш учун ихтисослашган ташкилотлардан бирини жалб қилади.
9. Масъул орган йиллик режа-дастур тузишдан аввал ушбу Низомда назарда тутилган ихтисослашган ташкилотнинг лифтларни техник кўрикдан ўтказиш бўйича белгиланган талабларга мувофиқ фаолият олиб бориш имкониятини баҳолаб олиши мумкин.
10. Масъул орган ихтисослашган ташкилотнинг лифтларни техник кўрикдан ўтказиш бўйича белгиланган талабларга мувофиқ фаолият олиб бориш имкониятини баҳолашда унинг аккредитация соҳаси, техник кўрик ўтказиш фаолияти натижасида юзага келувчи молиявий жавобгарликни суғурталашнинг кўлами, зарур ходимлар ва ресурслар мавжудлигини инобатга олиши шарт.
11. Баҳолаш натижаларига кўра масъул орган томонидан танлаб олинган ва келишув тузилган ихтисослашган ташкилот тўғрисидаги маълумот жамоатчиликка ва лифт мулкдорига эълон қилинади.
12. Масъул орган ушбу Низом қоидаларига мувофиқ ихтисослашган ташкилот билан томонларнинг ваколатлари ва мажбуриятларини белгилайдиган келишув имзолайди. Агар томонларнинг бири ушбу муддат ичида келишувни бекор қилса, иккинчи томонни бекор қилиш санасидан камида ўн беш иш куни аввал ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
13. Агар масъул орган келишув муддати тугаши муносабати билан бошқа ихтисослашган ташкилот билан келишув имзолаган тақдирда, ушбу келишув тузилишидан аввал ўтказилган техник кўрик натижалари бўйича назорат кўригини ўтказиш талаб қилинса, келишув муддати тугалланишига қарамасдан бундай назорат кўригини ўтказишни келишув муддати тугаган ихтисослашган ташкилот зиммасида қолдириши шарт.
14. Агар ваколатли орган ихтисослашган ташкилотнинг тегишли рухсатномасини белгиланган тартибда бекор қилса, масъул орган билан келишув тузган бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан назорат кўриги ўтказилишини таъминлайди.
15. Назорат кўриги учун алоҳида тўлов олиш шартлари, тўлов миқдорига оид талаблар масъул орган билан ихтисослашган ташкилот ўртасидаги келишувда белгиланади.
Бунда мулкдор ва (ёки) ўрнатувчи ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси ўз мажбуриятларини бажармагани оқибатида иккинчи ва ундан кейинги назорат кўригини ўтказиши учун ихтисослашган ташкилотга қўшимча тўлов шартлари, тўлов миқдори ва бошқа масалалар масъул орган билан ихтисослашган ташкилот ўртасидаги келишувда аниқ белгиланиши лозим.
16. Агар масъул орган муайян ҳудудда ихтисослашган ташкилот билан лифтларни даврий техник кўрикдан ўтказиш юзасидан келишувга эришмаса ёхуд бундай келишув тузмаган бўлса, ваколатли орган масъул органга нисбатан тегишли чораларни кўриши шарт.
Бунда ваколатли орган мазкур ҳудудга энг яқин жойда техник кўрикдан ўтказиш хизматини кўрсатувчи ҳамда иш кўлами учун етарли асбоб-ускуна ва малакали ходимларга эга ихтисослашган ташкилотнинг жалб қилинишини ва у билан келишув тузилишини таъминлайди.
17. Ихтисослашган ташкилотнинг рухсатномаси тўхтатиб турилган бўлса, масъул орган техник кўрик ўтказиш масаласида бошқа ихтисослашган ташкилот билан вақтинча келишув тузиши лозим.
Бундай ҳолда масъул органнинг бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузадиган вақтинча келишувининг амал қилиш муддати асосий ихтисослашган ташкилотнинг рухсатномасини тўхтатиб туриш муддатидан кам бўлмаслиги лозим.
18. Агар масъул орган вақтинча келишувга эришмаса ёхуд бундай келишув тузмаган бўлса, ваколатли орган ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган тартибда иш кўриши лозим.
19. Ушбу Низомда белгиланган тартибга мувофиқ ихтисослашган ташкилот лифтларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
20. Ихтисослашган ташкилот ушбу Низомда ва бошқа тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.
21. Ихтисослашган ташкилот Миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинганлик мақомининг узлуксизлигини таъминлаши, бутун рўйхатга олинган давр мобайнида молиявий жавобгарликлари кафолатланган (суғурталанган ва бошқа усуллар) бўлиши, лифтларни техник кўрикдан ўтказиш учун малакали мутахассисларга ва зарурий асбоб-ускуналарга эга бўлиши шарт.
22. Ихтисослашган ташкилот ўзининг фаолиятида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаши, уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш чораларини кўриши шарт.
23. Агар рухсатнома олган ихтисослашган ташкилот Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент (кейинги ўринларда — Техник регламент) доирасида мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан ҳам шуғулланса, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун мувофиқликни баҳолаш жараёнида иштирок этган ходимнинг айни лифтни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида иштирок этишига йўл қўймаслиги лозим.
24. Ихтисослашган ташкилот қонунчилик ҳужжатлари талабларига, техник кўрикдан ўтказиш турига ва аккредитация соҳасида белгиланган стандартларга асосан иш фаолиятини ташкил этиши шарт.
25. Ихтисослашган ташкилот масъул орган ваколатлари доирасига кирувчи лифтларни техник кўрикдан ўтказишда у билан келишилган йиллик режа-дастур доирасида фаолият олиб бориши лозим.
26. Ихтисослашган ташкилот меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун ўз фаолияти доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисга эга бўлиши шарт.
27. Ихтисослашган ташкилотлар вакиллари лифтларни техник кўрикдан ўтказиш амалиётининг яхлит тизимини таъминлаш, юзага келган муаммоларни баҳолаш ва зарур ҳамкорликни ўрнатиш мақсадида, ваколатли орган томонидан ўтказиладиган мувофиқлаштириш йиғилишларида қатнашиши лозим.
28. Ихтисослашган ташкилот ҳар бир техник инспекторини техник кўрикдан ўтказиш жараёнида фойдаланиши учун калибрлашдан ўтган камида қуйидаги ўлчаш воситалари ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши лозим:
люксметр;
тахометр;
мультиметр (электр токи параметрларини ўлчайдиган қурилма);
узунликни ўлчаш воситаси (рулетка);
динамометр (кучни ўлчаш учун қурилма);
штангенциркуль;
паст кучланишли детектор (ac/dc detector) ва фонарь (тизимда ток бор йўқлигини аниқлайдиган қурилма);
махсус электрон ахборот тизими билан боғланиш ва маълумот узатиш имкониятига эга бўлган планшет ёки ушбу функцияларга эга ўхшаш мобиль электрон воситаси.
3-боб. Ихтисослашган ташкилотнинг ходимларига қўйиладиган талаблар
29. Ихтисослашган ташкилот лифтларни техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши учун лифтларни синовдан ўтказиш бўйича билим ва малакага эга техник муҳандис, техник инспектор ҳамда зарурий асбоб-ускуна, техник воситаларга эга бўлиши шарт.
30. Ихтисослашган ташкилотда камида бир нафар техник муҳандис ва икки нафар техник инспектор ваколатли орган томонидан рухсатнома олинган муддат давомида фаолият олиб бориши лозим.
31. Ихтисослашган ташкилот томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходим ўрнига янги ходим қабул қилинмагунга қадар унинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Янги ходим ишга қабул қилинган тақдирда, аккредитация органини ва ваколатли органни уч кун ичида хабардор қилиши, бунда янги ишга қабул қилинган ходимнинг билим ва малакаси ҳамда ушбу Низом билан ходимга қўйиладиган талаблар бажарилганига оид тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
32. Ихтисослашган ташкилот бир нафар техник инспектор билан тўлиқ иш куни давомида қуйидагилардан бирини:
энг кўпи билан иккита лифтда дастлабки техник кўрикни;
энг кўпи билан бешта лифтда даврий техник кўрикни;
энг кўпи билан ўнта лифтда назорат кўригини ўтказиши мумкин.
33. Техник муҳандис машинасозлик, механика, электр, электроника соҳаларидан бирида камида уч йиллик соҳага доир ва (ёки) инспекция ўтказиш бўйича касбий малакага эга, техник кўрикни белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилишини таъминлашда умумий жавобгарликни олган, ихтисослашган ташкилотнинг штат бирлигидаги ходим бўлиши шарт.
34. Техник инспектор машинасозлик, механика, электр, электроника соҳаларидан бирида соҳага доир ва инспекция ўтказиш бўйича касбий малакага эга ихтисослашган ташкилотнинг штат бирлигидаги ходим бўлиши шарт.
Техник инспектор мустақил ҳолда лифтларни техник кўрикдан ўтказиши учун камида 50 та лифтнинг техник кўригида шогирд сифатида иштирок этган бўлиши керак. Бу каби иштироклар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ёзувлар ихтисослашган ташкилот томонидан алоҳида журналда ва электрон шаклда қайд қилиб борилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35. Ихтисослашган ташкилот раҳбарияти, маъмурий бошқарув вазифасини бажарувчи ходимлари техник муҳандис ва (ёки) техник инспектор сифатида тайинланиши ва (ёки) уларга бундай вазифанинг юкланишига йўл қўйилмайди.
36. Ихтисослашган ташкилотнинг техник муҳандиси ёки техник инспектори сифатида ишга қабул қилинган ходим бир вақтнинг ўзида бошқа ихтисослашган ташкилотда айни шу касбда меҳнат фаолиятини олиб боришига рухсат этилмайди.
37. Лифтларни техник кўрик ўтказиш жараёнига бевосита ихтисослашган ташкилотнинг жалб қилинадиган ходимлари лифтларни синовдан ўтказиш бўйича касбий малака сертификатига эга бўлиши шарт. Ходимларнинг қайта малака сертификатлашдан ўтишлари ҳар уч йилда амалга оширилиши лозим.
38. Ушбу Низомда белгиланган меъёрга асосан техник кўрикдан ўтказиладиган лифтларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда, ихтисослашган ташкилот ресурслар билан таъминланган бўлиши, шу жумладан, техник муҳандислар ва техник инспекторларни техник кўрикдан ўтказиш ишларига тайинлашлари шарт.
39. Ихтисослашган ташкилот томонидан лифтларни техник кўрикдан ўтказишда иштирок этувчи ходимларини аниқлаш ва тегишли ишларни бажариш жараёнларида тизимли мониторингни таъминлаш мақсадида, ушбу ходимлар учун хос идентификациялаш (шахсни тасдиқлаш) тизимини яратиши ва уларга тегишли ҳужжат (гувоҳнома) расмийлаштириши шарт.
40. Ихтисослашган ташкилот ўз ходими томонидан унга расмийлаштирилган идентификациялаш ҳужжатидан фақат лифтларни техник кўрикдан ўтказиш даврида белгиланган мақсаддагина фойдаланишни таъминлаши шарт.
4-боб. Лифтларни дастлабки техник кўрикдан ўтказиш тартиби
41. Техник регламент талаблари доирасида фойдаланишга топширилган ва янги ўрнатилган ҳар қандай лифт махсус электрон ахборот тизимида рўйхатга олинишидан аввал лифт пудратчиси томонидан дастлабки техник кўрикдан ўтказилиши таъминланиши шарт.
42. Дастлабки техник кўрик лифт пудратчисининг мурожаатига биноан 10 иш кунидан кечиктирмай ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.
43. Техник регламент талаблари доирасида лифтни фойдаланишга топширган лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) дастлабки техник кўрикдан ўтказишни назорат қилади.
44. Дастлабки техник кўрикдан ўтказиш учун лифт пудратчисидан қуйидаги маълумот ва ҳужжатларнинг нусхаси ихтисослашган ташкилотга тақдим қилиниши талаб этилади:
Техник регламент талабларига мувофиқликни тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи (ўрнатувчи) томонидан расмийлаштирилган декларация;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўрнатилган лифт учун Техник регламент доирасида тайинланган орган томонидан расмийлаштирилган мувофиқлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
лифтнинг тасдиқланган ва (ёки) бирламчи лойиҳаси;
Кадастр агентлиги томонидан юритиладиган Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги лифт ўрнатилган бино (иншоот)ларнинг рақами.
45. Янги ўрнатилган лифтни дастлабки техник кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш лифт пудратчисининг зиммасига юклатилади.
46. Лифтларнинг дастлабки техник кўриги тегишли тасдиқланган стандартда назарда тутилган синаш ва инспекция ўтказиш учун белгиланган тезликда ва юкламада ўтказилади.
47. Дастлабки техник кўрикдан ўтказиш учун фойдаланиладиган юк лифт ўрнатувчиси томонидан тақдим қилинади ва у қуйидагиларга эга бўлиши шарт:
амалдаги калибрлаш сертификати;
тури ва модели тўғрисидаги маълумот, шу жумладан, серия рақами ўчиб кетмайдиган ёрлиқ;
физикавий хусусиятларини йўқотмайдиган, массасини ўзгартирмайдиган материалдан ишлаб чиқарилган ва ташиш учун қулай қилиб ишланган бўлиши.
48. Агар лифтнинг мувофиқлиги Техник регламент талаблари доирасида бир дона лифтнинг мувофиқлигини баҳолаш натижасида тасдиқланган бўлса, айни лифтнинг дастлабки техник кўриги паст тезликда ва юксиз ўтказилишига рухсат берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Дастлабки техник кўрик ўтказилган санадан бошлаб унинг натижасига кўра кейинги даврий техник кўрик ўтказиш муддати ихтисослашган ташкилот томонидан режа-жадвал орқали белгиланади.
50. Дастлабки техник кўрикдан ўтказиш босқичида ихтисослашган ташкилот ҳар бир лифт учун идентификация рақамини беради ва махсус электрон ахборот тизимига киритилишини таъминлайди. Лифтнинг мазкур рақами дастлабки ва кейинги даврий техник кўрик ҳисоботларида қайд этилиши шарт.
Дастлабки техник кўрикнинг ижобий натижасига кўра рўйхатга олинган лифтнинг идентификация рақами ушбу Низомга 2-иловада келтирилган Лифт идентификация рақами шаклига мувофиқ лифт кабинасининг бошқарув панели жойлашган қисмида кўриш одамлар учун қулай равишда ва 1 600 mm баландликда алюминий асос ёки ўзи ёпишувчи ва лифтдан фойдаланиш даври давомида ўчиб кетмайдиган мустаҳкам ёрлиқ билан тамғаланади.
51. Ихтисослашган ташкилот лифтнинг идентификация рақамини беришда лифтга ишлаб чиқарувчи томонидан берилган серия рақами ҳамда Кадастр агентлиги томонидан юритиладиган Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги бино (иншоот)лар рақамига асосланади.
Агар бинода бир нечта лифт мавжуд бўлса, бинодаги лифтларнинг умумий сонига мувофиқ ҳар бир лифтга берилган бино (иншоот) рақамига навбатдаги тартиб рақами қўшилади.
Ёрлиқ ўлчамлари 85х50 mm, лифтнинг идентификация рақамини ташкил этувчи рақамлар «arial» шрифтда, ўлчами 28 белгидан иборат, кулранг ёки оқ фонда қора рангда белгиланади.
52. Дастлабки техник кўрик натижалари бўйича лифтнинг назоратдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ 160х80 mm ўлчамдаги яшил, мовий, сариқ ёки қизил рангдаги Лифт техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот ёрлиғи намунаси шаклида ўзи ёпишувчи ва лифтдан фойдаланиш даври давомида ўчиб кетмайдиган мустаҳкам ёрлиқ кўринишида лифт кабинасининг бошқарув панели жойлашган қисмида одамлар кўриши учун қулай жойда ва 1 700 mm баландликда ёпиштирилади.
53. Агар дастлабки кўрик жараёнида айни лифтга нисбатан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили нотўғри қўллангани ихтисослашган ташкилот томонидан аниқланса, ушбу лифтга тегишли тайинланган орган томонидан расмийлаштирилган мувофиқликни тасдиқловчи расмий ҳужжатни, ишлаб чиқарувчи (ўрнатувчи) томонидан расмийлаштирилган декларацияни ва ишлаб чиқарувчи (ўрнатувчи) ҳақидаги маълумотларни ўн иш куни давомида ваколатли органга тақдим қилиши шарт.
5-боб. Даврий техник кўрикдан ўтказиш тартиби
54. Лифтда белгиланган даврийликда техник кўрикдан ўтказишнинг таъминланишини назорат қилиш мажбурияти кўп квартирали уй-жойларда масъул орган, кўп квартирали уй-жойлардан ташқари биноларда ваколатли орган зиммасига юклатилади.
Лифтларнинг белгиланган даврийликда техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаш бино ва иншоотларга жавобгар томонидан амалга оширилади.
55. Муайян ҳудудда лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) томонидан лифтларга ойлик хизмат кўрсатилгани тўғрисидаги маълумот махсус электрон ахборот тизимига киритиб борилиши таъминланиши ҳамда ушбу маълумотлар ихтисослашган ташкилот томонидан танишиш ва фойдаланиш имконияти яратилиши лозим.
56. Ихтисослашган ташкилот режалаштирилган техник кўрик ўтказиш санаси ҳақида мулкдорни (бино учун масъул шахсни), лифт ўрнатувчисини (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) камида уч кун аввал хабардор қилиши шарт.
57. Ихтисослашган ташкилот техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилган чек-листлар (белгиланган мезонлар) асосида лифтларни техник кўрикдан ўтказади.
Ихтисослашган ташкилот чек-листлардан фойдаланиш, уларни тўғри ва аниқ тўлдириш юзасидан йўриқномаларни ишлаб чиқиши, ходимларини тегишли йўриқномалар билан таништириши лозим.
Ихтисослашган ташкилот ходимлари томонидан чек-листлар, ушбу Низомда назарда тутилган бошқа ёзувларнинг тўғри ва аниқ тўлдирилиши ҳамда юритилишини назорат қилиши шарт.
58. Агар дастлабки техник кўрик ушбу Низомнинг 48-бандида назарда тутилган тарзда ўтказилган бўлса, кейинги даврий техник кўрик ёки назорат кўриги ушбу Низомнинг 46-бандида белгиланган тезлик ва юкламада амалга оширилиши шарт.
Бунда даврий техник кўрик нуқтаи назаридан ўтказилган синов ва техник кўрикларни техник инспектор баҳолаганда, айни лифтнинг хавфсизлик қурилмалари, ҳаракатлантириш тизими, шкивлари, лифт кабинаси, занжири ва улаш элементларида шикастланиш ҳолатларини аниқлаши ва зарур маълумотларни техник кўрик ўтказиш ҳисоботида қайд этиши шарт.
59. Агар лифтларнинг номинал юкламаси (нагрузка) ва ёки номинал тезлиги ва (ёки) ҳаракатланиш масофасида ўзгариш бўлса, ихтисослашган ташкилот даврий техник кўрик жараёнида бундай лифтни тегишли хавфсизлик бўйича стандарт талабларига мослигини аниқлаши лозим.
60. Даврий техник кўрик жараёнида ихтисослашган ташкилот томонидан ўтказиладиган синовларнинг такрорланиши лифтни эскиришга олиб келмайдиган ва унинг хавфсизлик хусусиятини камайтирмайдиган тарзда амалга оширилиши лозим.
Ихтисослашган ташкилот техник кўрик жараёнида лифтнинг хавфсизлик қурилмалари ва буферларида синовларни тасдиқланган тегишли стандартларга мувофиқ паст тезликда ва лифт кабинаси бўш ҳолатда ўтказиши лозим.
61. Даврий техник кўрик лифтга техник хизмат кўрсатишни амалга оширувчи лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) назорати остида амалга оширилади. Лифт ўрнатувчисининг (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчисининг) техник хизмат кўрсатиш ходим(лар)и техник кўрикни ўтказишни назорат қилиши ҳамда бу жараёнда ихтисослашган ташкилот билан ҳамкорлик қилиши шарт.
62. Агар мулкдор билан лифтга хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) техник кўрикда иштирок этмаса, хизмат кўрсатиш шартномаси ўз кучини йўқотган бўлса ёки бекор қилинган бўлса, ихтисослашган ташкилот техник кўрик ўтказмаслиги лозим.
63. Техник кўрикни назорат қилувчи лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли техник хизмат кўрсатувчиси) қонунчиликда белгиланган мезонларга мос келмаган ёхуд лифтга хизмат кўрсатиш тўғрисида мулкдор билан лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли техник хизмат кўрсатувчиси) ўртасида шартнома тузилмаган (бекор қилинган, ўз кучини йўқотган) тақдирда, ихтисослашган ташкилот бу ҳақида масъул органни (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли органни) хабардор қилиши шарт.
64. Техник кўрикдан ўтказиш натижасида лифтга шикаст етказилган тақдирда, юзага келган зарар ихтисослашган ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан ёки молиявий жавобгарлигини суғурталаш тартиблари асосида қопланиши шарт.
65. Лифтдан фойдаланишда бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда, мулкдор (бино ва иншоотлар учун масъул шахсга) бундай ҳодиса юзага келган кундан бошлаб қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органни хабардор қилади ва бахтсиз ҳодиса текшируви якунланмагунга қадар лифтдан фойдаланишни тақиқлайди.
Ваколатли орган томонидан бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари аниқланади ва келиб чиқишига сабабчи бўлган бино ва иншоотларга жавобгар, сервис хизмат кўрсатувчи ёки ихтисослашган ташкилотларнинг масъулларига қонунчиликда белгиланган чораларни кўради.
Бахтсиз ҳодиса текшируви якунлангандан сўнг лифт мулкдори томонидан уч кун ичида лифтнинг қайта техник кўрикдан ўтказилиши таъминлаши шарт. Бунда ихтисослашган ташкилот томонидан қайта техник кўрик ҳақ олмасдан ўтказилади.
Ихтисослашган ташкилот лифтда даврий техник кўрик ўтказиши учун мулкдор (бино ва иншоотлар учун масъул шахс) тарафидан зарурий шароит яратилмаган (рухсат берилмаган) тақдирда, бу ҳақида масъул органни (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли органни) хабардор қилиши шарт.
Масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) лифтда даврий техник кўрик ўтказиши учун мулкдор (бино ва иншоотлар учун масъул шахс) тарафидан зарур шароит яратилиши чораларини кўриши лозим. Бундай шароит ихтисослашган ташкилотдан тегишли хабарнома олинган кундан бошлаб ўттиз кунлик муддатда яратилмаган тақдирда, лифт масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) томонидан электр таъминоти тизимидан узилади ва уни муҳрлаш орқали тизим ишлашини тақиқлайди.
6-боб. Техник кўрик натижаларини баҳолаш ва расмийлаштириш
66. Ихтисослашган ташкилот томонидан техник кўрик ўтказишда лифтнинг хавфсизлик даражасини аниқлаш ва тоифалашда хавфсизлик бўйича тегишли стандартда белгиланган мезон асос қилиб олинади.
Бунда ихтисослашган ташкилот мос равишда ушбу Низомнинг 57-бандида назарда тутилган чек-листлардан фойдаланади.
67. Ўтказилган дастлабки, даврий техник кўрик натижаларининг ҳисоботи ушбу Низомга 4-иловада келтирилган Лифтни техник кўрикдан ўтказиш ҳисоботи шаклида, техник кўрик ўтказилган санада махсус электрон тизимига онлайн шаклда техник кўрикни ўтказган техник инспектор томонидан киритилади.
Расмийлаштирилган ҳисобот масъул техник муҳандис томонидан техник кўрик ўтказилган санадан бошлаб уч кун ичида тасдиқланиши шарт.
68. Агар техник кўрик натижасида лифт фойдаланиш учун хавфли ёки носоз деб баҳоланса, техник кўрик бўйича ҳисобот тасдиқланган санадан бир иш кунидан кечиктирмай ихтисослашган ташкилот томонидан ваколатли органга, масъул органга, лифт ўрнатувчисига (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) ва мулкдорга тақдим қилиниши шарт.
69. Агар техник кўрик натижасида лифт фойдаланиш учун яроқли ёки қисман носоз деб баҳоланса, техник кўрик бўйича ҳисобот тасдиқланган санадан уч кундан кечиктирмай ихтисослашган ташкилот томонидан лифт ўрнатувчисига (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчисига) ва мулкдорга (бино учун масъул шахсга) тақдим қилиниши шарт.
70. Бино ва иншоот учун масъул шахс тайинланмаган ёки тайинланиши мумкин бўлмаган ҳолларда ихтисослашган ташкилот ҳисоботни мулкдорга ва мавжуд ҳолларда хонадон эгаларининг камида 30 фоизига электрон ёки ёзма шаклда тақдим қилиши лозим.
71. Ихтисослашган ташкилот ушбу Низомнинг 69 ва 70-бандларида назарда тутилган манфаатдор томонларга техник кўрик натижаси бўйича ҳисоботни электрон почта орқали жўнатиши, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтига киритиши орқали етказиши мумкин. Бундай ҳолда тегишли ҳисоботлар ва далилий маълумотларни камида уч йил сақлаши шарт.
72. Лифтларнинг техник кўрик натижалари тўрт тоифада — «яроқли», «қисман носоз», «носоз» ёки «фойдаланиш учун хавфли» тарзда баҳоланади.
Бунда техник кўрик натижаларининг тоифасига қараб қуйидаги рангларда маълумот ёрлиғи лифтга ёпиштирилади (жойлаштирилади):
фойдаланишга яроқли лифтга «яшил»;
қисман носоз лифтга «мовий»;
носоз лифтга «сариқ»;
фойдаланиш учун хавфли лифтга «қизил».
73. Техник кўрик натижалари бўйича тегишли маълумот ёрлиқлари ушбу Низомнинг 52-бандида келтирилган тартибда ёпиштирилиши (ўрнатилиши) шарт.
74. Маълумот ёрлиқларини учинчи тараф тайёрлашининг ёки сохталаштирилган маълумот ёрлиқлари лифтларда ёпиштирилмаслигининг олдини олиш мақсадида, ихтисослашган ташкилот томонидан махсус QR-код билан тасдиқланувчи маълумот ёрлиғи яратилиши шарт.
Агар ихтисослашган ташкилот сохта маълумот ёрлиғини ясаган ва лифтларга бундай ёрлиқларни ёпиштирган шахс(лар)дан хабар топса, сохта ёрлиқ(лар)ни далил сифатида кўрсатган ҳолда ваколатли органни хабардор қилиши лозим.
75. Техник кўрик натижасида фойдаланиш учун хавфли ва қизил рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланишни мулкдор (бино ва иншоот учун масъул шахс) тақиқлаши лозим. Бундай ҳолда мулкдор олтмиш кун ичида мазкур лифтнинг хавфсиз ҳолга келтирилишини таъминлаши шарт.
Белгиланган муддат ўтганидан сўнг ихтисослашган ташкилот томонидан ҳақ олмасдан назорат кўриги ўтказилиши лозим. Агар ўтказилган назорат кўриги натижасида айни лифт фойдаланиш учун хавфли деб баҳоланса, бундай лифт масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) томонидан электр таъминоти тизимидан узилади ва уни муҳрлаш орқали тизим ишлашини тақиқлайди.
76. Ушбу Низомнинг 75-бандида келтирилган ҳолат юзасидан масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) мазкур Низомга 5-иловада белгиланган Хавфли лифтни электр таъминоти тизимидан узиш ва муҳрлаш далолатномаси шаклига мувофиқ далолатномани уч нусхада расмийлаштириб, бир нусхадан мулкдорга ва ихтисослашган ташкилотга тақдим қилади.
77. Мулкдор (бино ва иншоот учун масъул шахс) ушбу Низомнинг 75-бандида белгиланган муддат ичида лифтнинг хавфсизлигини таъминламаслиги оқибатида ундан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган мулкка ёки саломатликка етказилган ҳар қандай зарар учун жавобгар бўлади.
78. Мулкдор (бино учун масъул шахс) техник кўрик натижасида носоз деб баҳоланган сариқ ёрлиқли лифтдаги номувофиқликларни ўттиз кун ичида бартараф қилинишини таъминлаши шарт.
Белгиланган муддат ўтганидан сўнг ихтисослашган ташкилот томонидан назорат кўриги ўтказилиши лозим. Агар назорат кўриги натижасида лифт хавфли деб топилса, масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) ушбу Низомнинг 75-бандида белгиланган тарзда иш (чоралар) кўриши шарт.
79. Мулкдор (бино учун масъул шахс) муҳрланган ва электр таъминоти тизимидан узиб қўйилган лифтдаги номувофиқликларни бартараф қилиш жараёнини бошлашга рухсат олиш учун масъул органга (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли органга), номувофиқликларни бартараф қилиш жараёнини якунланганидан сўнг эса назорат кўригини ўтказиш юзасидан ихтисослашган ташкилотга ёзма мурожаат қилиши шарт.
80. Масъул орган (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли орган) белгиланган муддат ичида лифтдан фойдаланмасликни таъминлаш тўғрисида мулкдордан ёзма мажбурият олганидан сўнг номувофиқликларни бартараф қилиш жараёнини бошлашга рухсат беради ва ушбу Низомга 6-иловада белгиланган Электр таъминоти тизимига улаш ва муҳрни ечиш далолатнома шаклига мувофиқ далолатнома тузади.
81. Ушбу Низомнинг 80-бандида назарда тутилган далолатнома фақат бир марта тузилиши, унда номувофиқликларни бартараф қилиш учун белгиланган муддат қирқ беш иш кунидан ортиқ бўлмаслиги шарт.
82. Далолатномада белгиланган муддат ичида лифтдаги номувофиқликларни бартараф қилиш шартлари мулкдор билан лифт ўрнатувчиси (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) ўртасидан тузилган шартномада акс эттирилиши шарт.
Лифтни хавфсиз ҳолатга келтириш мажбуриятини бажармаган томон, шартлашувчи тарафларнинг ўзаро молиявий мажбуриятларини истисно қилган ҳолда, жавобгар ҳисобланиб, унга нисбатан ваколатли орган томонидан суд тартибида қонунчиликда белгиланган тегишли чора қўлланади.
83. Мулкдор (бино ва иншоот учун масъул шахс) техник кўрик натижасида мовий рангда ёрлиқ ёпиштирилган лифтдаги носозликларнинг кейинги даврий техник кўриккача бартараф этилишини таъминлаши шарт.
7-боб. Назорат кўригини ўтказиш тартиби
84. Фойдаланиш учун хавфли деб баҳоланган қизил ёрлиқли лифтда назорат кўриги даврий кўрик натижасида расмийлаштирилган ҳисобот масъул органга (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли органга) лифт ўрнатувчисига (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчисига) ва мулкдорга тақдим қилинган санадан бошлаб олтмиш кун ўтганидан сўнг ихтисослашган ташкилот томонидан ўтказилади.
85. Носоз деб баҳоланган сариқ ёрлиқли лифтда назорат кўриги даврий техник кўрик натижасида расмийлаштирилган ҳисобот масъул органга (масъул орган ваколатлари доирасига кирмайдиган лифтлар бўйича эса ваколатли органга), лифт ўрнатувчисига (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчисига) ва мулкдорга тақдим қилинган санадан бошлаб ўттиз кун ўтганидан сўнг ихтисослашган ташкилот томонидан ўтказилади.
86. Қизил ёки сариқ ёрлиқли лифтда назорат кўригини ўтказишда мулкдорнинг (бино учун масъул шахснинг) назорат кўригини ўтказиш юзасидан келиб тушган мурожаати устувор ҳисобланади.
87. Қизил ёки сариқ ёрлиқ бириктирилган лифтда назорат кўриги ўтказилган тақдирда, айни лифтда охирги даврий техник кўрикни ўтказган техник инспектор томонидан ушбу назорат кўриги амалга оширилиши лозим.
88. Техник кўрик натижасида расмийлаштирилган номувофиқликлар бартараф қилинганини текшириш мақсадидаги назорат кўриги лифтга техник хизмат кўрсатишни таъминловчи субъект иштирокида ўтказилиши шарт.
89. Ихтисослашган ташкилот даврий техник кўрик натижаси бўйича ҳисоботни манфаатдор томонларга тақдим этган сана асосида назорат кўригини ўтказиш санасини белгилайди.
90. Назорат кўриги натижалари бўйича ҳисобот ушбу Низомнинг 67-банди талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.
8-боб. Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш натижаларини юритиш тартиби
91. Ихтисослашган ташкилот даврий техник кўрик натижаларини ваколатли органнинг махсус электрон ахборот тизимига киритиб бориши шарт.
92. Ихтисослашган ташкилот ўзи томонидан техник кўрикдан ўтказилган ҳар бир лифтга тегишли барча маълумотларни, техник кўрик натижаси бўйича ҳисобот тасдиқланган санада махсус электрон ахборот тизимига киритилишини таъминлаши лозим.
93. Ихтисослашган ташкилотнинг ушбу Низомнинг 92-бандида назарда тутилган маълумотлар базаси ваколатли органнинг махсус электрон ахборот тизими билан узлуксиз маълумот алмашинувини таъминлаши, узатилган маълумотларга ўзгартиришлар киритилишига йўл қўймаслиги керак.
94. Ихтисослашган ташкилот лифтда даврий техник кўрик ўтказиши учун мулкдор (бино учун масъул шахс) тарафидан зарур шароит яратилмаган (рухсат берилмаган), ўрнатувчи (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчиси) томонидан техник кўрик жараёни назорат қилинмаган ёки ушбу Низомнинг 64-бандида назарда тутилган ҳолат кузатилган тақдирда, мазкур Низомга 7-иловага мувофиқ Лифтларни техник кўрикдан ўтказишга шароит яратиб бермагани тўғрисида хабарнома шакли бўйича тегишли маълумотларни ваколатли органнинг махсус электрон ахборот тизимига киритиши шарт.
95. Ихтисослашган ташкилот амалга оширган техник кўриклари юзасидан ҳар чорак якуни бўйича йиғма ахборотни, кейинги ҳисобот даври биринчи ойининг 5-санасигача электрон шаклда ушбу Низомга 8-иловада келтирилган Лифтни даврий техник кўрикдан ўтказиш натижалари ҳисоботи шаклида ваколатли органга тақдим қилиши лозим.
9-боб. Якунловчи қоидалар
96. Ваколатли орган масъул орган билан ҳамкорликда ихтисослашган ташкилот ушбу Низомда ўрнатилган талабларга мувофиқ фаолият кўрсатиши устидан назорат тадбирларини ўтказишга ҳақли.
97. Техник кўрик ўтказиш жараёнини бевосита кузатиш, техник кўрик ўтказилган лифтни кўздан кечириш орқали ваколатли орган ушбу Низом талабларига риоя қилиш ҳолатларини баҳолаши шарт.
98. Низом талабларининг бузилиш ҳолатлари кузатилганда ваколатли орган ихтисослашган ташкилотга, мулкдорга, лифт ўрнатувчисига (ёки унинг ваколатли хизмат кўрсатувчисига) нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чораларини қўллаши мумкин.
99. Агар ваколатли орган томонидан ихтисослашган ташкилот фаолиятида аккредитация талаблари ва шартлари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, тегишли маълумотларни уч кун ичида аккредитация органига тақдим қилиши шарт.
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Ижро муддати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

(Масъул орган)

 

Кўп квартирали уй-жойларда ўрнатилган лифтлар назоратини амалга оширади.

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси

(Ваколатли орган)

 

Кўп квартирали уй-жойлардан ташқари бўлган биноларда ўрнатилган лифтлар назоратини амалга оширади.

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Масъул орган

 

Ихтисослашган ташкилотнинг (лифтларни техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланувчи сифатида ISO/IEC 17020 стандартига мувофиқ «А» турдаги инспекция идораси мақомида Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган юридик шахс) лифтларни техник кўрикдан ўтказиш бўйича белгиланган талабларга (стандартларга) мувофиқ фаолият олиб бориш имкониятини баҳолаш режа-дастурини ишлаб чиқади.

 

Ҳар йили

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Масъул орган

 

Ихтисослашган ташкилотни танлаб олади, келишув имзолайди ва жамоатчиликка эълон қилади.

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Лифт жойлашган бино эгаси

(Мулкдор)

 

Лифтни техник кўрикдан ўтказиш учун Ихтисослашган ташкилотга мурожаат қилади.

 

Ҳар 12 ойда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Ихтисослашган ташкилот

 

Лифтни техник кўрикдан ўтказади.

 

Мурожаатга асосан

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

Ихтисослашган ташкилот

 

Техник кўрик натижалари бўйича лифтни тўрт тоифада баҳолайди:

 

 

 

 

«яроқли» лифт учун — яшил ёрлиқ ёпиштиради ва ишлатишга рухсат беради;

 

Доимий

 

 

«қисман носоз» лифт учун — мовий ёрлиқ ёпиштиради, кейинги техник кўриккача бартараф этиш шарти билан ишлатишга рухсат беради;

 

Доимий

 

 

«носоз» лифт учун — сариқ ёрлиқ ёпиштиради, бартараф қилиш шарти билан ишлатишга рухсат беради;

 

30 кунга

 

 

«фойдаланиш учун хавфли» лифт учун — қизил ёрлиқ ёпиштиради, ишлатилишини тақиқлайди ва электр таъминотидан узади.

 

60 кунга

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Мулкдор

 

Лифт техник кўригида аниқланган камчиликларни бартараф қилади.

 

Белгиланган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич

 

Ихтисослашган ташкилот

 

Камчиликлар бартараф этилгани бўйича назорат кўригини ўтказади.

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

10-босқич

 

Ихтисослашган ташкилот

 

Амалга оширган техник кўриклари юзасидан йиғма ахборот ва ҳисоботларни ваколатли органга тақдим қилиб боради.

 

Ҳар чорак якуни бўйича

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

11-босқич

 

Ваколатли орган,

Масъул орган

 

Ихтисослашган ташкилотларнинг белгиланган талабларга мувофиқ фаолият кўрсатиши устидан назорат тадбирларини ўтказади.

 

Доимий

 

 

 

Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Лифт идентификация рақами шакли
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Лифт техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот ёрлиғи намунаси

Фойдаланишга яроқли лифт учун «яшил» ёрлиқ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТ НОМИ ВА МАНЗИЛИ

ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ТОМОНИДАН БЕРИЛГАН РЎЙХАТ РАҚАМИ

ЛИФТ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ:

ЛИФТ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛГАН САНА:

ЛИФТ ФОЙДАЛАНИШГА ЯРОҚЛИ

КЕЙИНГИ ТЕХНИК КЎРИК ЎТКАЗИШ САНАСИ:

ОГОҲЛАНТИРИШ!

ҲАР ОЙЛИК НАЗОРАТ ВА КЕЙИНГИ ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИК БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРДА ЎТКАЗИЛИШИ ШАРТ.

Қисман носоз лифт учун «мовий» ёрлиқ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТ НОМИ ВА МАНЗИЛИ

ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ТОМОНИДАН БЕРИЛГАН РЎЙХАТ РАҚАМИ

ЛИФТ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ:

ЛИФТ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛГАН САНА:

ЛИФТДАН ФОЙДАЛАНИШДА ДИҚҚАТЛИ БЎЛИШ ЛОЗИМ (ҚИСМАН НОСОЗ)

ТУЗАТИШ МУДДАТИ: 12 ОЙ

КЕЙИНГИ ТЕХНИК КЎРИК ЎТКАЗИШ САНАСИ:

ОГОҲЛАНТИРИШ!

ЛИФТДА АНИҚЛАНГАН НОМУВОФИҚЛИКЛАР КЕЙИНГИ ДАВРИЙ ТЕКШИРУВГА ҚАДАР БАРТАРАФ ҚИЛИНИШИ ШАРТ.

Носоз лифт учун «сариқ» ёрлиқ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТ НОМИ ВА МАНЗИЛИ

ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ТОМОНИДАН БЕРИЛГАН РЎЙХАТ РАҚАМИ

ЛИФТ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ:

ЛИФТ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛГАН САНА:

ЛИФТДАН ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФ МАВЖУД (НОСОЗ)

ТУЗАТИШ МУДДАТИ: 30 КУН

КЕЙИНГИ ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИК ЎТКАЗИШ САНАСИ:

ОГОҲЛАНТИРИШ!

ЛИФТДА АНИҚЛАНГАН НОМУВОФИҚЛИКЛАР 30 КУН ИЧИДА БАРТАРАФ ҚИЛИНИШИ КЕРАК.

УШБУ ДАВРДА НОМУВОФИҚЛИК ТУЗАТИЛМАГАН ТАҚДИРДА ЛИФТДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНАДИ.

Фойдаланиш учун хавфли лифт учун «қизил» ёрлиқ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТ НОМИ ВА МАНЗИЛИ

ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ТОМОНИДАН БЕРИЛГАН РЎЙХАТ РАҚАМИ

ЛИФТ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ:

ЛИФТ ТЕХНИКДАН КЎРИК ЎТКАЗИЛГАН САНА:

ЛИФТ ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ХАВФЛИ

ТУЗАТИШ МУДДАТИ: 60 КУН

КЕЙИНГИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ САНАСИ:

ОГОҲЛАНТИРИШ!

ЛИФТДА АНИҚЛАНГАН НОМУВОФИҚЛИКЛАР 60 КУН ИЧИДА БАРТАРАФ ҚИЛИНИШИ КЕРАК.

УШБУ ДАВРДА НОМУВОФИҚЛИК ТУЗАТИЛМАГАН ТАҚДИРДА ЛИФТДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНАДИ.

Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
Лифтни техник кўрикдан ўтказиш ҳисоботи шакли

ЛИФТНИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ҲИСОБОТИ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТНИНГ НОМИ, МАНЗИЛИ ВА РУХСАТНОМА РАҚАМИ

МАСЪУЛ ОРГАН НОМИ

ЛИФТ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ

ҲИСОБОТ № / ТАКРОРИЙ ҲИСОБОТ №

ТЕХНИК КЎРИК САНАСИ

ЛИФТ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

РЎЙХАТ РАҚАМИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАН САНАСИ

МИЛЛИЙ МУВОФИҚЛИК БЕЛГИСИ

СТАНДАРТ/СТАНДАРТЛАР

ЛИФТ ТУРИ

ЭЛЕКТР

ГИДРАВЛИК

ЛИФТНИНГ СЕРИЯ РАҚАМИ

БЕЛГИЛАНГАН КЎТАРИШ ҚОБИЛИЯТИ (kg)

ҚАВАТЛАР СОНИ

БЕЛГИЛАНГАН ҲАРАКАТЛАНИШ ТЕЗЛИГИ (m/s)

МАНЗИЛИ

БИНО (ИНШООТ) ЭГАСИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Ф.И.О.

МАНЗИЛИ

ТЕЛЕФОН РАҚАМИ

ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ ТАШКИЛОТ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

ТАШКИЛОТ НОМИ

МАНЗИЛИ

ТЕЛЕФОН РАҚАМИ

ТАШКИЛОТ ХОДИМЛАРИ

БАЖАРАДИГАН ВАЗИФАСИ

ТАЪМИНОТ КОРХОНАСИ ВА ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲУЖЖАТЛАР

ДЕКЛАРАЦИЯ

ШАРТНОМАНИНГ САНАСИ ВА МУДДАТИ

МУВОФИҚЛИК БЕЛГИСИ РАҚАМИ

ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИК НАТИЖАСИ

ДАВРИЙ КЎРИК БАҲОСИ

БАЖАРИШ САНАСИ

ФОЙДАЛАНИШГА ЯРОҚЛИ

ЙЎҚ

ҚИСМАН НОСОЗ

12 ОЙ

НОСОЗ

30 КУН

ХАВФЛИ

60 КУН

ЛИФТДА АНИҚЛАНГАН КАМЧИЛИКЛАР

1

7

2

8

3

9

4

10

5

11

6

12

ТАВСИФЛАР

ҲИСОБОТНИ ТАСДИҚЛАШ САНАСИ

ТЕХНИК КЎРИК ХОДИМЛАРИ

ТЕХНИК КЎРИК УЧУН МАСЪУЛ ШАХСНИНГ Ф.И.О. ВА ИМЗОСИ

ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗУВЧИ ХОДИМ(ЛАР) Ф.И.О. ВА ИМЗОСИ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТНИНГ АЛОҚА МАЪЛУМОТЛАРИ, ТЕЛЕФОН РАҚАМИ ВА ЭЛЕКТРОН ПОЧТА МАНЗИЛИ:

Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
5-ИЛОВА
Хавфли лифтни электр таъминотидан узиш ва муҳрлаш далолатномаси шакли

Лифт идентификация рақами

 

Вилоят номи

 

Туман номи

 

Лифт ўрнатилган бино манзили

 

Бино учун масъул шахс (мулкдор)

 

Далолатнома тузилган сана

 

Далолатнома тузилишига асос

 

 

 

 

 

 

Далолатномани тузувчилар

Ваколатли назорат органи масъул ходимининг исми, фамилияси, имзоси

 

Бино учун масъул шахснинг/мулкдорнинг

исми, фамилияси, имзоси

Ушбу муҳрлаш далолатномаси ____ йил ___ санада тузилди ва қуйидагилар таништирилди:
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
6-ИЛОВА
Электр таъминотига улаш ва муҳрни ечиш далолатномаси шакли

Лифт идентификация рақами

Вилоят номи

Туман номи

Лифт ўрнатилган бино манзили

Бино учун масъул шахс (мулкдор)

Далолатнома тузилган сана

Далолатнома тузилишига асос

Далолатномани тузувчилар

Ваколатли назорат органи масъул ходимининг исми, фамилияси, имзоси

Бино учун масъул шахснинг/мулкдорнинг

исми, фамилияси, имзоси

Ушбу муҳрни ечиш далолатномаси ____ йил ___ санада тузилди ва қуйидагилар таништирилди:
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
7-ИЛОВА
Лифтларни техник кўрикдан ўтказишга шароит яратиб бермагани тўғрисида хабарнома шакли

ХАБАРНОМА

 

Ихтисослашган ташкилот номи ва манзили

 

Вилоят номи

 

Туман номи

 

Манзили

 

Лифт идентификация рақами

 

Бино номи

 

Хабарнома санаси

 

Хабарнома сабаблари

 

 

 

 

 

 

Имзо

Техник инспектор

 

 

Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
8-ИЛОВА
Лифтни даврий техник кўрикдан ўтказиш натижалари ҳисоботи шакли

ЛИФТНИ ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ НАТИЖАЛАРИ

БУЮРТМА РАҚАМИ

ИХТИСОСЛАШГАН ТАШКИЛОТНИНГ НОМИ

МАСЪУЛ ОРГАН БИЛАН ТУЗИЛГАН ШАРТНОМА ТАФСИЛОТЛАРИ

ХОДИМЛАР СОНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН САНАГА КЎРА ЛИФТЛАР СОНИ (ДОНА)

ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИК НАТИЖАСИГА КЎРА ЛИФТ ЁРЛИҒИ (ДОНА)

ТАШКИЛОТ НОМИ

ШАРТНОМАНИНГ ДАВОМИЙЛИГИ

ДАВРИЙ ТЕХНИК КЎРИК ТЎЛОВИ

ИНСПЕКЦИЯ ХОДИМЛАРИ

ТЕХНИК МЕНЕЖЕР

ЭЛЕКТР ЛИФТ

ГИДРАВЛИК ЛИФТ

БИНО (КВАРТИРА)

ЖАМОАТ БИНОСИ

ТУРАР ЖОЙ (МУСТАҚИЛ)

МАЪМУРИЙ БИНО

БОШҚАЛАР

ЯШИЛ ЁРЛИҚ

МОВИЙ ЁРЛИҚ

САРИҚ ЁРЛИҚ

ҚИЗИЛ ЁРЛИҚ

ЖАМИ

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/431/0602-сон; 22.06.2026 й., 09/26/316/0615-сон)