toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 4 мартдаги ПҚ-109-сон қарорига мувофиқ суғориладиган ерларда тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини сифатли шакллантириш ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳудудий ва манзилли дастурларни шакллантириш, кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш тартиби;
дастурларга киритилган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш тартиби;
тугалланган объектларда ишларни қабул қилиб олиш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 июнь,
401-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 401-сон қарорига
1-ИЛОВА
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш дастурларини шакллантириш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
дренаж (очиқ ва ёпиқ) — дренаж сувларини тўплаш ва суғориладиган ер участкалари, аҳоли пунктлари, гидротехника иншоотларидан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти;
дайвер қурилма — мелиоратив объектлардаги сизот сувлар сатҳини онлайн ўлчаш имконини берувчи қурилма;
ёпиқ-ётиқ дренаж — дренаж сувларини тўплашга ва суғориладиган ер участкалари, аҳоли пунктлари, гидротехника иншоотларидан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти;
коллектор (очиқ ва ёпиқ) — асосан дренаж ва ташлама сувларни қабул қилиш ва узатишга, шунингдек, суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти (иншоотлар билан бирга);
кузатув қудуғи — суғориладиган ерларда сизот сувлар сатҳини ўлчаш ва уларнинг сифатини ўрганиш мақсадида намуна олиш учун барпо этиладиган сув хўжалиги объекти;
мелиоратив объектлар — коллектор-дренаж ва юза ташлама сувларни тўплаш ҳамда суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган, коллектор ва дренаж тармоқларни (иншоотлар билан бирга), тик дренаж қудуқларини, ёпиқ-ётиқ дренажларни, мелиоратив насос станцияларини ҳамда кузатув қудуқларини ва уларга ўрнатилган замонавий қурилмаларни ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;
мелиоратив насос станцияси (агрегат) — дренаж-ташлама сувларни олиш ва чиқариб ташлаш, жойига кўтариш йўли билан коллекторнинг лойиҳадаги сув ўтказиш қобилиятини таъминлашга хизмат қиладиган сув хўжалиги объекти;
тик дренаж қудуғи — ерости босимли ва сизот сувларни чиқаришга хизмат қиладиган (иншоотлар билан бирга) сув хўжалиги объекти.
3. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади.
4. Мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш (мелиоратив объектларнинг лойиҳавий параметрларини таъминлаш, шунингдек, ҳар хил чўкиндилар, ўсимлик ва буталардан тозалаш, ён қияликлардаги емирилишларни тиклаш, ювиш, иншоотларни ва ўрнатилган қурилмаларни таъмирлашга мўлжалланган ишлар) лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йиғилиш баёни билан тасдиқланадиган манзилли дастур (кейинги ўринларда — манзилли дастур) асосида амалга оширилади.
Манзилли дастурга ҳудудлардаги мелиоратив объектларнинг (шу жумладан, кластер, фермер хўжаликлари ҳамда туман марказлари ва шаҳарлар ҳудудидан ўтган коллектор-дренаж тармоқлари) техник ҳолатини яхшилашни назарда тутувчи тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари киритилади.
5. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларининг прогноз параметрлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий дастурлари (кейинги ўринларда — ҳудудий дастур) асосида шакллантирилади.
6. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурлари ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади ва амалга оширилади.
7. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида мелиоратив объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ҳамда таъмирлаш-тиклашга доир харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан ва вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Ҳудудий дастурларни шакллантириш
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан келгуси йил ҳудудий дастурларини шакллантириш учун ҳар йили 15 январга қадар ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари тузилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — вилоят қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиқлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари (ишчи гуруҳ раҳбари);
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиқлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги Мелиоратив экспедициялар бошқармалари (кейинги ўринларда — Мелиоратив экспедициялар) бошлиқлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари (кейинги ўринларда — насос станциялари ва энергетика бошқармалари) бошлиқлари;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаментининг (кейинги ўринларда — Департамент) ҳудудий «Сувқурилишинвест» давлат муассасалари (кейинги ўринларда — «Сувқурилишинвест» ДМ) директорлари;
лойиҳалаштириш ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг масъул ходимлари (лойиҳа бош муҳандиси);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Фермерлари кенгаши раислари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари киритилади.
Туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари таркибига:
туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиқлари (ишчи гуруҳ раҳбари);
туман (Қувасой шаҳар) «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари директорлари;
мелиоратив экспедициянинг туман бўлимлари масъул ходимлари;
насос станциялари ва энергетика бошқармасининг туман бўлимлари масъул ходимлари;
лойиҳалаштириш ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг масъул ходимлари;
туман (Қувасой шаҳар) Фермерлар кенгаши ва бошқа манфаатдор туман (Қувасой шаҳар) ташкилотлари вакиллари киритилади.
Мелиоратив экспедициялар ишчи гуруҳларнинг ишчи органи ҳисобланади.
9. Мелиоратив экспедицияларнинг туман бўлимлари томонидан ҳар йили 15 февралга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган материаллар тайёрланади ва туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун тақдим этилади:
мелиорация кадастри асосида мелиоратив объектлар ва уларнинг техник параметрлари кўрсатилган схематик хариталар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мелиоратив объектларнинг хизмат кўрсатиш майдони (туман марказлари, шаҳар ва аҳоли яшаш пунктлари, фермер хўжаликлари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар ҳудудларига хизмат кўрсатадиган майдон) ва унинг таркибига кирувчи алоҳида гидротехника иншоотлари;
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
лойиҳа ҳудудидаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги бошқа маълумотлар;
мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;
ҳар бир лойиҳа учун аннотация, нуқсон далолатномаси, харита ва паспорт (асосий кўрсаткичлар);
мелиоратив объектларнинг техник ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклифлар.
10. Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи тақдим этилган материаллар асосида агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари билан биргаликда объектларнинг ҳолати, ерларнинг шўрлангани, сизот сувлари сатҳи ва минераллашувини ўрганади, лойиҳаларни муҳокама қилади ҳамда ҳар йили 1 мартга қадар белгиланган тартибда халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари йиғилишларининг муҳокамасига киритади.
11. Халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқулланган (тасдиқланган) манзилли рўйхатлар туман ишчи гуруҳи томонидан ҳар йили 10 мартга қадар ҳудудий ишчи гуруҳга тақдим этилади.
12. Ҳудудий ишчи гуруҳ халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқуллаган манзилли рўйхат асосида келгуси йил учун янги объектларнинг ҳудудий дастурини ишлаб чиқади ва ҳар йили 1 апрелга қадар белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари йиғилиши муҳокамасига киритади.
3-боб. Ҳудудий дастурларни кўриб чиқиш
13. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳар йили 5 апрелга қадар ҳудудий дастурлар ва қуйидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) тақдим этади:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳудудий дастурларни тасдиқлаш тўғрисидаги йиғилиш баённомалари;
ҳудуддаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома, ҳар бир лойиҳанинг устуворлигини асослаш, лойиҳаларнинг дастлабки техник кўрсаткичлари ҳамда амалга оширишдан кутилаётган натижалар тўғрисидаги маълумотлар.
14. Агентлик тақдим этилган ҳудудий дастурлар асосида лойиҳалар рўйхатини таҳлил қилади ва ҳар йили 15 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳалар рўйхатини вазирликнинг сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгашида кўриб чиқиб, тасдиқланган ҳолда 1 майга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.
16. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида кўриб чиқилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича манзилли дастур лойиҳасини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.
4-боб. Дастурларга киритилган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш
18. «Сувқурилишинвест» ДМ мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича буюртмачи ҳисобланади.
19. «Сувқурилишинвест» ДМ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда Мелиоратив экспедициялар билан келишган ҳолда лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқларни тайёрлайди.
Бунда:
мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишлаб чиқилган техник топшириқлар Агентлик ва Департамент билан келишилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлаб чиқилган техник топшириқлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (бўлмаганда бошқа ўринбосари) томонидан тасдиқланади.
20. «Сувқурилишинвест» ДМ лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчи ташкилотни белгиланган тартибда танлов ўтказиш орқали аниқлайди.
21. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишчи лойиҳа (лойиҳа-смета) ҳужжатлари лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади ва «Сувқурилишинвест» ДМга тақдим этилади.
22. «Сувқурилишинвест» ДМ лойиҳа-смета ҳужжатларининг Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг техник кенгашларида кўриб чиқилишини ҳамда келишилишини ташкил қилади.
23. Лойиҳа ҳужжатлари (техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, лойиҳа-смета ҳужжатлари, ишчи лойиҳалар ва иш ҳужжатлар) «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази» ДМ ҳамда «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК (ёки тегишли экспертиза органлари) томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.
Лойиҳа ҳужжатлари заруратга кўра ихтисослаштирилган мустақил компаниялар (ёки экспертлар) томонидан қўшимча экспертизадан ўтказилиши мумкин.
5-боб. Тугалланган объектларда ишларни қабул қилиб олиш
24. Мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳалар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ишчи ҳамда Давлат қабул қилиш ҳайъати томонидан фойдаланишга қабул қилинади.
Бунда тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилган объектларда ўрнатилган янги конструкциялар ва асбоб-ускуналар қиймати «Сувқурилишинвест» ДМ томонидан авизо орқали объектдан фойдаланувчи ташкилотга топширилади.
25. Мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш ишчи ҳайъати таркиби «Сувқурилишинвест» ДМ томонидан тасдиқланади.
26. Давлат қабул қилиш ҳайъати таркиби:
мелиоратив объектларни қуриш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг буйруғи билан;
мелиоратив объектларни реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиқларининг буйруғи билан тасдиқланади.
6-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Ижрочилар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари

 

Келгуси йил ҳудудий дастурларини шакллантириш учун ҳудудий ва туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳларини тузади.

 

Ҳар йили 15 январга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Мелиоратив экспедициялар

 

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш лойиҳа таклифларини ишлаб чиқади ва ҳужжатлар тўпламини туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига тақдим этади.

 

Ҳар йили 15 февралга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳлари

 

Тайёрланган таклифларни муҳокама қилади ҳамда белгиланган тартибда халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашларига киритади.

 

Ҳар йили 1 мартга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳлари

 

Халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқулланган (тасдиқланган) манзилли рўйхатларни ҳудудий ишчи гуруҳга киритади.

 

Ҳар йили 10 мартга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Ҳудудий ишчи гуруҳлар

 

Манзилли рўйхатлар асосида келгуси йил учун янги объектларнинг ҳудудий дастурини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига киритади.

 

Ҳар йили 1 апрелга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан маъқулланган лойиҳаларни Агентликка тақдим этади.

 

Ҳар йили 5 апрелга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

Агентлик

 

Ҳудудий дастурлар асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилади.

 

Ҳар йили 15 апрелга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги

 

Сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгашида кўриб чиқади ҳамда тасдиқланган лойиҳалар рўйхатини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.

 

Ҳар йили 1 майга қадар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич

 

Департамент

 

Қуриш ва реконструкция, тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариш ҳамда уларни фойдаланишга топшириш ишларини ташкил этади.

 

Белгиланган муддатларда

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 401-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 28 ноябрдаги 261-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сон Қонуни)» 2011 йил 18 февралдаги 40-сон қарорига илованинг 8-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 29 октябрдаги ПФ-3932-сон Фармонига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида» 2013 йил 19 апрелдаги ПФ-4533-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 19 апрелдаги ПҚ-1958-сон қарори)» 2013 йил 28 июндаги 185-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонасининг уставини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 5 декабрдаги 969-сон қарорига 2-илова.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сон Фармони)» 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сон қарорига илованинг 11-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3671-сон қарори, «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3672-сон қарори)» 2018 йил 7 декабрдаги 995-сон қарорига 1-илованинг 55-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 200-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 09/25/401/0560-сон; 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)