toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоларида нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Биржа савдоларида бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, реал нархни шакллантиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, товар-хом ашё биржалари ҳамда биржа иштирокчилари фаолиятида қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг (кейинги ўринларда — Республика биржаси) биржа савдоларида тузиладиган битимлар бўйича сотувчи ва харидор ўртасида ўзаро мослашувчан нарх таклиф қилиш тамойилига асосланган «икки томонлама қарама-қарши аукцион» янги савдо воситасининг тест режимида ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
биржа савдоларида сотиладиган товарларни биржа савдоларига қўйишга рухсат бериш тартиби;
товарларни икки томонлама қарама-қарши аукцион савдоларида сотиш тартиби;
биржа савдолари давомида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва низоларни ҳал қилиш тартиби.
3. Республика биржаси 2025 йил 1 июнга қадар икки томонлама қарама-қарши аукцион савдолари тизимини йўлга қўйиш, биржа савдолари иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратишга ҳамда уларни масъулиятини оширишга қаратилган қуйидаги механизмларни амалиётга жорий қилсин:
икки томонлама қарама-қарши аукцион савдоларида сотилган маҳсулотларни ягона юклаш манзили принципи асосида фаолият кўрсатувчи «биржа омбори» хизматларини республиканинг ҳар бир ҳудудида йўлга қўйиш ва уларни Республика биржасида рўйхатдан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш;
биржа аъзолари ва биржа савдоларида иштирок этувчиларнинг «ишончлилик» рейтингини юритиш;
биржа аъзоларини янги савдо воситалари бўйича ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда якуни бўйича уларга тегишли малака сертификатларини бериш;
биржа соҳаси иштирокчиларини «юқори савдо айланмаси — юқори даромад» тамойили асосида рағбатлантириш.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2025 йил 15 июлдан бошлаб монопол корхоналар ва (ёки) устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан ишлаб чиқарилган хлорид ва нитрат кислоталари, натрий цианид, гипохлорит натрий, суюқ азот, суюқ хлор, рух белиласи, ферромолибден, базальт, фосфорит ва доломит уни маҳсулотларини барча харидорларга ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиш чораларини кўрсин.
5. Республика биржаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан маҳсулотларнинг биржа савдоларга қўйилиши, сотилиши, шартномалар тузилиши ва харидорга юкланиши, шу жумладан, харидор ва сотувчи томонидан бекор қилинган битимларнинг сабабларини ўрганиш, ноҳалол рақобатчиларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 апрель,
220-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 апрелдаги 220-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари бошқа товар-хом ашё биржалари учун тавсиявий тусга эга.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аванс — сотувчи ва харидор томонидан киритиладиган, биржа воситачилик йиғимини ва томонларнинг закалатини ўз ичига оладиган сумма;
биржа аъзолари — биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда дилерлар, маркет-мейкерлар ва брокерлар сифатида биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар;
буюртмалар стакани — биржа битимлари жорий вақтда тузилиши мумкин бўлган, берилган буюртмалар ҳақида маълумотни акс эттирувчи, савдоларда иштирок этаётган барча биржа аъзоларига жадвал шаклида фойдаланиши мумкин бўлган ва биржа савдолари электрон тизимида акс этган маълумот;
икки томонлама қарама-қарши аукцион (ИТҚҚА) — биржа савдоларида амалга ошириладиган ва бир вақтнинг ўзида товарларни сотиш бўйича ўз таклифларини таклиф қилувчи сотувчилар ҳамда сотиб олиш учун ўз таклифларини таклиф қиладиган харидорлар иштирок этадиган аукцион;
Листинг комиссияси — товарларни биржанинг котировкалаш варағига киритиш (листинг), аввал киритилган товарларни биржанинг котировкалаш варағидан чиқариш (делистинг) жараёнларини амалга оширувчи биржанинг доимий фаолият кўрсатувчи органи;
лот — биржа савдоси пайтида тузилган ва биржа савдосини сотиш (сотиб олиш) учун аризада кўрсатилган турдаги биржа товарининг миқдори.
3. Икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби ушбу Низомга иловага мувофиқ схемага асосан белгиланади.
2-боб. Товарларни биржанинг ИТҚҚА савдоларига қўйишга рухсат бериш тартиби
4. ИТҚҚА савдоларига товарларни қўйишга уларни биржа котировкалаш варағига киритиш орқали биржаларнинг Листинг комиссияси томонидан рухсат берилади.
5. Биржа котировкалаш варағига киритиладиган товарлар қуйидаги талабларга жавоб беришлари лозим:
биржа савдоларига улгуржи партияларда қўйилиши;
юқори ликвидли, ўзгармас сифат кўрсаткичларига эга бўлиши;
товар савдога мунтазам равишда (мурожаатлар доимийлиги) қўйиб борилиши ва сотилиши;
товарни савдога қўйиш вақтида уларнинг олдиндан кўздан кечириш талаб қилинмаслиги;
мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг бўлиши.
6. Листинг комиссияси томонидан маҳсулот маркаси, лот ҳажми, тўлов ва етказиб бериш шартлари, махсус ва бошқа шартлар кўрсатилган намунавий биржа контракти шартлари асосида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
7. ИТКҚА савдоларига қўйилган товарлар ва уларнинг шартлари бўйича маълумотлар биржанинг расмий веб-сайтида очиқланади.
3-боб. Биржанинг ИТҚҚА савдоларини ўтказиш тартиби
8. ИТҚҚА орқали биржа савдолари фақатгина биржа савдоларининг электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.
9. Савдолар биржалар томонидан тасдиқланган жадвалларга асосан секцияларга бўлинган ҳолда ўтказилади.
10. ИТҚҚА қуйидагиларни ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади:
савдо давомида биржа савдолари иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар махфийлиги;
биржа битими тузиладиган товарлар нархини шакллантиришда харидорлар ва сотувчилар томонидан рақобатдош таклифларни бериш жараёнида, унинг харидор учун энг яхши нарх (сотувчилардан минимал нарх) ёки сотувчи учун энг яхши нарх (харидорлардан максимал нарх) сифатида аниқланиши;
аванс тўловини киритиш.
11. Биржа аъзолари томонидан тақдим этилган биржа товарини сотиш (сотиб олиш) тўғрисидаги буюртма биржа савдоси иштирокчисининг биржа битимини тузишга розилиги ҳисобланади.
12. Биржа аъзолари томонидан ИТҚҚА орқали ўтказиладиган биржа савдоларида товарларни сотиш (сотиб) олиш учун бериладиган буюртмада қуйидагилар кўрсатилади:
стандарт биржа контракти (товар) коди;
буюртма йўналиши: товарларни сотиб олиш ёки сотиш;
сотилаётган (сотиб олинаётган) товар миқдори;
товарнинг сотиш (сотиб олиш) нархи.
13. ИТҚҚА орқали ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этадиган биржа аъзолари бир ёки бир нечта мижознинг вакили бўлиши мумкин.
14. Ҳар бир тақдим этилган буюртма қарама-қарши буюртмалардаги товарларнинг миқдори ва нархига мувофиқлиги юзасидан биржа савдо тизими томонидан доимий равишда автоматик таққослаш тартибида текширилади.
15. Агар тақдим этилган буюртманинг параметрлари қарама-қарши буюртмалар параметрларига тўғри келса, биржа битими тузилади.
16. Буюртмалар стакани биржа савдолари электрон тизими томонидан қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда автоматик режимда шакллантирилади:
тақдим этиш вақтидан қатъи назар, буюртмалар стаканида биринчи навбатда, энг яхши нархларга эга бўлган буюртмалар (сотиб олиш буюртмалари навбатида — харидордан максимал нархлар билан (камайиш тартибида), сотиш учун буюртмалар навбатида — сотувчидан минимал нархлар (ўсиш тартибида) жойлаштирилади;
қарама-қарши буюртмалар навбатдаги ўрни ва нархига қараб қаноатлантирилади — аввалига биринчи навбатда аниқланган аризалар қаноатлантирилади;
буюртмалар нархи тенг бўлса, олдинроқ тақдим этилган буюртма қолганларига қараганда устувор сифатида қаноатлантирилади;
агар битим тузилганда буюртма қисман қаноатлантирилса, унинг қолган (бажарилмаган) қисми ушбу Низомда белгиланган умумий тартибда қаноатлантирилиши керак бўлган алоҳида буюртма сифатида қаралади;
биржа битимини тузиш қаноатлантирилган буюртмаларни берган иштирокчиларнинг қўшимча розилигини талаб қилмайди.
17. ИТҚҚА савдо сессияси якунлангач, товарларни сотиб олиш (сотиш) учун барча қаноатлантирилмаган буюртмалар биржа савдо тизими томонидан бекор қилинади.
18. Битим қуйидагиларни инобатга олган ҳолда тузилади:
ҳар бир тақдим этилган буюртма тизимга тақдим этилган қарама-қарши буюртмаларга мос келиши текширилади;
тақдим этилган буюртма параметрлари қарама-қарши буюртмалар параметрлари билан кесишганда, битимлар тузилади;
агар нархлар тенг бўлса, илгари тақдим этилган буюртма кейинчалик тақдим этилган буюртмадан аввалроқ қаноатлантирилади;
битим ҳар доим буюртмалар навбатида энг яхши қарама-қарши буюртма нархида тузилади.
19. Битимлар доимий равишда тузилади ва иштирокчилар томонидан қўшимча ҳаракатларни талаб қилмайди.
20. Биржа бозор конъюнктурасидан ва/ёки монополияга қарши органнинг таклифидан (кўрсатмасидан) келиб чиқиб, нарх ўзгаришининг (нарх оралиғи) чегаравий миқдорларини белгилайди.
4-боб. Тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китоблар
21. Тузилган биржа битимлари бўйича ҳисоб-китоблар қонунчилик ва биржанинг ички ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
22. Биржа битими ижросини кафолати сифатида талаб этиладиган закалат миқдори биржа контракти шартларида кўрсатилади.
23. Биржа хизматлари учун олинадиган воситачилик йигими миқдори биржанинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади ва бунда Вазирлар Маҳкамасининг «Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2004 йил 31 майдаги 251-сон қарорининг 8-банди тўртинчи — еттинчи хатбошиларининг талаблари татбиқ этилмайди.
5-боб. Низоларни ҳал этиш тартиби
24. ИТҚҚА биржа савдоларини ўтказиш, тузилган битимлар ижроси жараёнида юзага келадиган барча низолар ва келишмовчиликлар биржанинг Арбитраж комиссиясида ёки судда эътироз тартибида кўриб чиқиш йўли билан ҳал этилади.
6-боб. Якунловчи қоида
25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1794-моддаси.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ташаббускорлар:

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (кейинги ўринларда — Республика биржаси)нинг биржа савдоларини ташкил этиш бўлинмаси (маклериат)

Товар бозорларидаги талаб ва таклифни ўрганган ҳолда, биржа шартномаларини очиш бўйича Листинг комиссиясига ариза берилади.

Доимий

2-босқич

Республика биржасининг Листинг комиссияси

Аризани ўрганиб, шартнома шартлари ўрнатилган талабларга мос келган тақдирда, товарни котировкалаш варағига киритади.

Ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида

3-босқич

Сотувчилар, харидорлар

10 фоизгача миқдордаги аванс тўловини ўтказади.

Биржа савдоларидан олдин

4-босқич

Биржа аъзолари

а) тегишли шартларга эга бўлган контрактларни танлаб олади;

б) харидорларнинг топшириғи бўйича сотиш/сотиб олиш учун буюртманома беради.

Ҳар куни савдо сессиясидан олдин

5-босқич

Биржа савдо электрон тизими (БСЭТ)

Битимларни шакллантиради.

Савдо сессиясидан кейин

6-босқич

Сотувчилар, харидорлар

Тўловлар тўлайди ва етказиб беради.

Олди-сотди шартномасида назарда тутилган муддатларда

7-босқич

Республика биржаси

Ўртача ҳисобланган биржа котировкаларини (нархларини) ҳисоблайди ва ўз веб-сайтига жойлаштиради.

Ҳар ҳафта

8-босқич

Монополияга қарши орган

1. Биржа нархлари мониторингини амалга оширади.

2. Нархларнинг кескин ошишини ва савдога чиқариш жадвалларининг ижросини ўрганади.

3. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради.

Доимий равишда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 апрелдаги 220-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 январдаги 33-сон қарори билан тасдиқланган Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларининг 31-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда биржа савдоларига қўйилган ва сотилмасдан қолган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулот ҳажмларини савдоларга қайта қўйишда дастлаб белгиланган закалат суммасининг 50 фоизи ўтказилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Биржа савдоларида йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозларга асосан:
савдоларга қўйиладиган ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмлари кейинги биржа савдосига такроран қўйилиши;
биржа савдолари якуни бўйича битим тузилиб, кейинчалик харидор томонидан бекор қилинган, танланмаган ёки сотувчи томонидан етказиб берилмагани учун бекор қилинган битимлар ҳажмлари битим бекор бўлган кундан бошлаб бир иш куни ичида сотувчи томонидан биржа савдоларига такроран қўйилади.
Бунда мазкур ҳажмлар бўйича сотувчи маҳсулотнинг (халқаро биржалардаги нархларга боғланган маҳсулотлар бундан мустасно) бошланғич нархини қайта кўриб чиқиши, бошланғич нархдан паст нарх бериш бўйича буюртмаларни қабул қилиши ҳамда савдоларни икки томонлама аукцион тартиби орқали ўтказилиши бўйича товар-хом ашё биржаларига мурожаат қилиши мумкин»;
б) 321-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«321. Биржа савдоларидан четлатилган ҳажмларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича биржа котировкалари (нарх)дан қимматроқ сотиш, шу жумладан, экспортга сотиш ҳолатлари аниқланганда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилган ҳажмни сотиш нархи билан биржа савдоларида бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ўртасидаги фарққа кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағлар олиб қўйилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.04.2025 й., 09/25/220/0334-сон)