toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида» 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда архив органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
касбий компетентлик гувоҳномаларининг давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон шаклда расмийлаштирилиши;
касбий компетентлик гувоҳномаларини олиш учун аттестациянинг талабгор иштирок этиш жойига қараб масофавий ёки анъанавий тарзда ўтказилиши;
касбий компетентлик гувоҳномаларини олиш учун аттестацияни ўтказишда талабгорни баҳолаш тартиби.
2. Белгилаб қўйилсинки, ташкилотларнинг архив ҳужжатлари касбий компетентлик гувоҳномасига эга шахс томонидан тартибга келтирилади.
3. Мазкур қарор кучга киргандан бошлаб:
амалдаги гувоҳномага эга архив мутахассисларининг касбий компетентлик гувоҳномалари муддати тугагунига қадар ҳақиқий деб ҳисобланади;
касбий компетентлик гувоҳномаларига эга шахслар архив ҳужжатларини фақат ўзи фаолият юритадиган ташкилотларда тартибга келтиради ёки унинг номидан бошқа ташкилотларга хизмат кўрсатади.
4. Адлия вазирлиги:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
Регламент бўйича давлат хизмати ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизмати кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;
б) икки ой муддатда амалдаги касбий компетентлик гувоҳномалари ҳақидаги маълумотлар архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказилган талабгорлар реестрига киритилишини таъминласин;
в) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мазкур қарорга мувофиқ давлат хизмати кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатсин;
г) Регламентга мувофиқ давлат хизматини кўрсатиш тартибларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини қўлласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддаси.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 апрель,
208-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 208-сон қарорига
1-ИЛОВА
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтиришга масъул шахснинг компетентлиги юзасидан уни аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аттестация — талабгорнинг ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги даражасини ваколатли орган томонидан аниқлаш тартиб-таомили;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги;
касбий компетентлик гувоҳномаси (гувоҳнома) — талабгорнинг аттестациядан ўтказилганлигини тасдиқловчи ваколатли орган томонидан бериладиган расмий ҳужжат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
талабгор — ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтиш учун ариза берувчи жисмоний шахс;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
3. Давлат хизмати ваколатли орган томонидан Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ) ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилади.
4. Аттестация ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтиришга қўйиладиган малака талабларига талабгорнинг мувофиқлигини аниқлаш ва касбий малака даражасини холисона баҳолаш мақсадида ўтказилади.
5. Аттестация архивларни ташкил этишга ва архив ходимлари билан меҳнат шартномасини тузишга, улар томонидан архив иши соҳасида бошқа хизматларни кўрсатишга, шунингдек, талабгорнинг эгаллаб турган лавозимига тўсиқ бўла олмайди, ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтириш ёки ходимнинг компетентлиги эгаллаб турган лавозимининг асосий мезони ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно.
6. Гувоҳнома эгаси архив ҳужжатларини фақат ўзи фаолият юритадиган ташкилотда тартибга келтиради ёки унинг номидан бошқа ташкилотларга хизмат кўрсатади.
7. Давлат хизмати мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
8. Талабгор ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими талабгор номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса, Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сўровномага сўнгги уч йилда архив иши бўйича малака оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
9. Сўровномага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Давлат хизматини кўрсатиш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида белгиланган йиғимдан 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан учинчи — бешинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
11. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказ орқали мурожаат этилганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);
қолган маблағлар — «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);
қолган маблағлар — «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.
12. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ўн дақиқада ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
13. Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб 1 иш кунида талабгорнинг аттестацияга қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон хабарнома юборади.
Марказ хабарнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ариза берувчини бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
14. Қуйидагилар давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
амал қилиш муддати уч ой ва ундан ортиқ бўлган гувоҳноманинг мавжудлиги;
сўнгги уч йилда архив иши бўйича малака оширилмагани;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.
Талабгор унинг сўровномаси рад этилгани тўғрисидаги хабарномани олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида ҳужжатлардаги камчиликларни тўғрилаб, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўламаган ҳолда, Марказга ёки ЯИДХТТ орқали такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда сўровнома рад этилгани тўғрисидаги хабарномада келтирилган камчиликлар бартараф қилиниб, ўттиз кун ичида такроран мурожаат қилинмаган тақдирда, ариза кўриб чиқилиши тугатилади ва тўланган йиғим талабгорга қайтарилмайди.
15. Ҳужжатлар ваколатли орган томонидан бир иш куни давомида такроран кўриб чиқилади.
Бунда ваколатли орган томонидан аввал рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
16. Аттестацияни ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот ваколатли органнинг расмий веб-сайтида имтиҳон санасидан 10 иш куни олдин жойлаштирилади.
17. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
18. Ваколатли орган томонидан аттестациядан ўтказиладиганлар рўйхати аттестация ўтказиш кунидан аввал 5 иш кунигача келиб тушган аризалар бўйича шакллантирилади.
19. Аттестация икки ойда камида бир марта ўтказилади.
3-боб. Талабгорни аттестациядан ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари
20. Аттестация талабгорнинг хоҳишига кўра масофавий ёки анъанавий тарзда ўтказилади.
Бунда масофавий аттестация ваколатли органнинг тегишли архив иши ҳудудий бошқармаси биносида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ваколатли орган томонидан, анъанавий аттестация эса, ваколатли орган биносида ташкил этилади.
21. Талабгорнинг билим даражасини баҳолаш учун бериладиган саволлар архив иши ва иш юритиш соҳаси, архив ҳужжатларини тартибга келтириш, шу жумладан, ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш мавзуси доирасида бўлиши лозим.
22. Аттестация қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
1-босқич — талабгорнинг танловига кўра ўзбек, қорақалпоқ ёки рус тилида тест саволларига жавоб бериш;
2-босқич — суҳбат ўтказиш.
25 тадан иборат тест саволларига жавоб бериш учун 45 дақиқа вақт берилади, ҳар бир тўғри жавоб 2 баллдан автоматик баҳоланади. Тест натижасига кўра 36-50 балл тўплаганлар кейинги босқичга ўтиши мумкин.
Тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавоблари ваколатли орган томонидан ишлаб чиқилади. Тест саволлари қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида янгиланиб, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида мунтазам равишда жойлаштириб борилади.
Суҳбат босқичида талабгорлар танланган билет бўйича 5 та саволга ҳамда қўшимча саволларга берилган жавоблар учун 50 баллгача комиссия аъзолари томонидан алоҳида баҳоланиб борилади ҳамда ўрта арифметик нисбатда умумлаштирилади.
Аттестациянинг умумий давомийлиги 3 иш кунидан ошиб кетишига йўл қўйилмайди.
23. Талабгор аттестацияга шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида киритилади.
Аттестациядан ўтиш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
аттестация ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.
Ушбу талабларни бузган талабгорлар аттестация ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсларга аттестацияда иштирок этишга рухсат берилмайди.
24. Аттестация жараёни узлуксиз равишда овозли видеотасвирга туширилади ва бир йил мобайнида сақланади.
Аттестацияни ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун ваколатли орган аттестацияни ўтказиш учун алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видео камера, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
25. Аттестация умумий натижаларига кўра жами 70 — 100 балл тўплаганлар аттестациядан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
26. Ўтказилган аттестация натижаси бўйича ваколатли орган 2 иш куни ичида:
ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича тегишли компетентга эга деб топилган талабгорга мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани;
ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича тегишли компетентга эга эмас деб топилган талабгорга унинг сабабларини кўрсатган ҳолда, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган билдиришномани расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
Марказ гувоҳнома ёки билдиришнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Марказ талабгор ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, талабгорнинг сўровига кўра унга гувоҳномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этади.
27. Ваколатли орган томонидан гувоҳномага эга шахсларнинг электрон реестри (кейинги ўринларда — Реестр) юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
гувоҳномага эга шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи (паспорти ёки идентификация ID-картаси) маълумотлари;
гувоҳнома рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати;
гувоҳнома бекор қилинган бўлса, унга асос ва бекор қилинган санаси;
гувоҳномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги маълумотлар.
28. Гувоҳнома 3 йил муддатга берилади.
4-боб. Аттестация комиссияси
29. Аттестация ўтказиш учун ваколатли орган раҳбари ёки унинг ўринбосари раислик қилувчи аттестация комиссияси ташкил этилади.
30. Аттестация комиссияси ваколатли органнинг буйруғига асосан архив иши ва иш юритиш соҳасидаги тажрибали 5 нафар мутахассисдан иборат таркибда тузилади. Бу таркибда комиссия котиби аъзо ҳисобланмайди.
31. Аттестация комиссияси аттестация натижаларига кўра ташкилотлар ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича тегишли компетентга эга ёки эга эмаслиги тўғрисида қарорлар чиқаради.
32. Комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
33. Аттестация комиссияси қарори иштирок этган аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Аттестация комиссиясининг баённомалари ваколатли органда камида 3 йил муддатда сақланади.
34. Аттестация комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
5-боб. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
35. Гувоҳнома эгасининг паспортида (идентификацияловчи ID-картасида) кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилганда, бир ой давомида ваколатли органга гувоҳномани қайта расмийлаштириш тўғрисида Марказ ёки ЯИДХП орқали ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани топшириши шарт.
(35-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
36. Гувоҳнома гувоҳнома эгаси томонидан сўровнома берилган пайтдан бошлаб икки иш куни мобайнида қайта расмийлаштирилади, бунда Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Гувоҳномани қайта расмийлаштириш учун гувоҳнома эгасини аттестациядан ўтказиш талаб этилмайди.
Гувоҳномани қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Реестрда гувоҳнома эгасининг амалдаги гувоҳномаси мавжуд эмаслиги сўровномани рад этиш учун асос ҳисобланади.
(36-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
37. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
гувоҳнома эгасининг аризасига кўра гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига қадар бўлган муддатгача;
гувоҳнома эгаси ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганда;
ҳужжатларни нотўғри йўқ қилишга ажратиш ҳамда нотўғри ва сифатсиз тартибга келтириш ҳолатлари аниқланганда;
ваколатли органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмаси бажарилмаганда.
38. Гувоҳноманинг амал қилиши ваколатли орган томонидан 1 ой муддатга тўхтатиб турилади, мазкур Регламентнинг 37-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолат бундан мустасно.
39. Ваколатли органнинг гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича 2 иш куни ичида гувоҳнома эгаси хабардор қилинади ва гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ҳақида Реестрга тегишли ёзув киритилади.
40. Ваколатли орган гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг гувоҳнома эгаси томонидан бартараф этилиши учун 1 ой муддат беради.
41. Камчиликлар бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида ваколатли орган маълумотларни ўрганиши лозим.
Ўрганишлар натижасида гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар гувоҳнома эгаси томонидан бартараф этилганлиги аниқланган тақдирда, ваколатли орган 2 иш куни ичида камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида гувоҳнома эгасини хабардор қилади ҳамда гувоҳноманинг амал қилиши тикланади.
42. Гувоҳнома қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан бекор қилинади:
гувоҳнома эгаси гувоҳноманинг амал қилишини бекор қилиш бўйича мурожаат қилганда;
гувоҳномани бериш тартиби бекор қилинганда;
гувоҳнома эгасининг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 31-боби.
гувоҳнома эгаси вафот этганда;
гувоҳноманинг амал қилиши гувоҳнома эгасининг мурожаатига асосан тўхтатиб турилганда ҳамда тегишли муддат давомида гувоҳноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли органга мурожаат қилинмаган тақдирда.
43. Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда гувоҳноманинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
гувоҳнома эгаси гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли орган белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
ваколатли органнинг гувоҳномани бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
гувоҳнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани ёки мазкур Регламентнинг 6-бандида белгиланган талаблар бузилиши аниқланганда.
44. Ваколатли органнинг гувоҳномани тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори ёхуд мазкур Регламентнинг 43-бандида назарда тутилган асосларда ваколатли орган томонидан гувоҳномани бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, гувоҳнома эгаси иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
45. Ваколатли органнинг гувоҳноманинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида 2 иш куни ичида гувоҳнома эгаси хабардор қилинади ва бу ҳақида Реестрга тегишли ёзув киритилади.
Гувоҳнома бекор қилинганда, гувоҳнома эгаси гувоҳномани олиш бўйича ушбу Регламентга асосан умумий тартибда мурожаат қилиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
46. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди.
47. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари Регламент талаблари бажарилиши бўйича ваколатли органининг фаолияти устидан давлат хизматларини кўрсатиш давомида, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторингни амалга оширади.
48. Талабгорлар ва гувоҳнома эгалари ваколатли органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
49. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2154, 2155-моддалари.
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Талабгор

Аттестациядан ўтиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон шаклда мурожаат қилади.

Хоҳишига кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

1. Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли органга юборади.

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

2. ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборади.

2. Автоматик тарзда

3-босқич

Ваколатли орган

Талабгорнинг аттестацияга қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақида Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда хабарнома юборади.

1 иш кунида

4-босқич

Ваколатли орган

Келиб тушган аризалар бўйича аттестация ўтказилишини ташкил этади.

2 ойда камида бир марта

5-босқич

Ваколатли орган

Ўтказилган аттестация натижаси бўйича шу куннинг ўзида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳнома ёки билдиришномани расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

2 иш кунида

6-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Гувоҳнома ёки билдиришнома келиб тушгандан сўнг уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

1. 10 дақиқада

2. Ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда гувоҳномани электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этади.

2. Талабгорнинг сўровига кўра

Олдинги таҳрирга қаранг.
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун
СЎРОВНОМА

Гувоҳномани олиш учун

1. Ф.И.О:*

2. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами):

3. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):

4. Телефон рақами:

5. Аттестацияда иштирок этиш шакли:

Масофавий

Анъанавий

6. Сўровномага сўнгги уч йилда архив иши бўйича малакасини оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Гувоҳномани қайта расмийлаштириш учун

1. Ф.И.О*:

2. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами):

* «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

«Ўзархив» агентлиги

________________________________________________________________________________________

(архив иши соҳасида ваколатли органнинг номи)

Касбий компетентлик тўғрисида -сон гувоҳнома

____________

(ЖШШИР)

Ушбу гувоҳнома ________________________________________________________________________га

(фамилияси, исми, отасининг исми)

архив ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича компетентга эга эканлиги тўғрисида берилди.

Амал қилиш муддати: ___.___._____ йилга қадар.

Асос: Аттестация комиссиясининг ___.___._____ йилдаги ____-сон қарори.

Ваколатли орган раҳбарининг Ф.И.О. ____________________________________________ QR-код

Гувоҳнома эгаси архив ҳужжатларини фақат ўзи фаолият юритадиган ташкилотда тартибга келтиради ёки унинг номидан бошқа ташкилотларга хизмат кўрсатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 208-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарорида:
олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
б) 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 15 февралдаги 68-сон қарорига 1-илованинг 3-банди «д» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.04.2025 й., 09/25/208/0326-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)