toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида
«Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларида, давлат идораларида ва ижтимоий соҳа объектларида ҳамда аҳоли хонадонларида энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Ҳудудларда истеъмолчиларни муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишга ўтказиш ҳамда энергия тежовчи технологияларни ўрнатиш орқали 2,5 миллиард кВт соат электр энергиясини ва 1,1 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилишга эришиш, шу жумладан:
(а) истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиш ҳамда қўшимча 74 мингдан ортиқ объектда жами қуввати 785 МВт бўлган қуёш панелларини ва 9 мингдан ортиқ 1,2 млн литрли қуёш коллекторларини ўрнатиш ҳисобига 1,6 миллиард кВт соат электр энергиясини тежаш;
(б) аҳолиси ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган 300 та маҳаллада қуввати 100 МВтдан ортиқ кичик қувватли фотоэлектр станцияларини барпо этиш ҳисобига 45 миллион метр куб табиий газни тежаш;
(в) қуввати 65 МВтдан ортиқ бўлган 1 мингдан зиёд микро ва кичик гидроэлектрстанцияларни барпо этиш ҳисобига 172 миллион кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятини яратиш;
(г) бюджет ташкилотларида энергия тежамкор ускуналардан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 39 миллион метр куб табиий газни тежаш;
(д) республика ҳудудларида энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 730 миллион кВт соат электр энергияси ва 980 миллион метр куб табиий газни иқтисод қилиш.
II. Манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари) 1-иловага мувофиқ намунавий таркибда тузилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
3. Қуйидагилар:
(а) Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабига (кейинги ўринларда — Республика штаби) юкланадиган қўшимча вазифалар 2-иловага мувофиқ;
(б) Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штабларнинг (кейинги ўринларда — ҳудудий штаблар) устувор вазифалари 3-иловага мувофиқ;
(в) туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳларининг устувор вазифалари 4-иловага мувофиқ;
(г) ҳудудий штаблар ҳамда туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари фаолиятининг асосий йўналишлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
4. Адлия вазирлиги (Ташкулов) Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Норқулов) билан биргаликда бир ой муддатда туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари вакилларини рағбатлантириш ва интизомий таъсир чораларини қўллаш тартибини (KPI) назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Қуйидагиларга:
(а) вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари биринчи раҳбарлари ва ўринбосарларига — мазкур давлат органлари, шу жумладан, уларнинг тузилмаларидаги ташкилотлар биноларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланишни жорий этиш ҳамда энергия самарадор қурилмаларни ўрнатиш ишларини ҳар ойлик манзилли режа асосида амалга ошириб, мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини қатъий таъминлаш бўйича;
(б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимларига — ҳудудларида электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш бўйича ҳар ойлик мақсадли режа кўрсаткичларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини ҳамда энергия ресурсларини етказиб беришдаги йўқотишларни камайтиришни қатъий таъминлашга мажбурлиги ва шахсан жавобгарлиги ҳақида;
(в) «Ўзэнергоинспекция» раҳбарига — корхоналар энергоаудитдан ўтказилишини назорат қилиш, уларнинг энергия ресурсларини иқтисод қилишини ташкил этиш бўйича;
(г) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбарига — уланган қуввати 50 кВА дан юқори истеъмолчилар электр ускуналарини тежамкор ускуналарга алмаштириш, конденсатор ускуналари ўрнатиш, электр тармоқларини ва трансформаторларни мукаммал ва жорий таъмирлаш тадбирларини амалга ошириш орқали электр энергиясини иқтисод қилишга эришиш бўйича;
(д) «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбарига — газ тақсимлаш пунктларини демонтаж қилиб икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказиш, газ қувурлари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш ва профилактика қилиш, ностандарт газ қурилмаларини тежамкорига алмаштириш, ерости газ қувурлари ва қудуқларни кўрикдан ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш тадбирларини бажариш орқали табиий газни иқтисод қилишга эришиш бўйича;
(е) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосарларига — биноларни барпо этишда энергияни тежайдиган материал ва технологиялардан кенг фойдаланиш, айниқса, янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг иссиқликни сақловчи материаллар билан қопланишини таъминлаш ҳамда бу борада қатъий назоратни олиб бориш бўйича;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(ж) энергетика вазирига — иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли хонадонларини ёқилғи-энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича;
(5-банднинг «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(з) олий таълим, фан ва инновациялар вазирига — энергия самарадорлигини ошириш йўналишида олий таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда, илмий-техник ўрганишларни ташкил этиш ва натижаларини амалиётга жорий этиш юзасидан илмий асосланган таклифлар киритиш бўйича;
(и) Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директорига — энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳар йили тасдиқланадиган мақсадли кўрсаткичлар бажарилиши юзасидан мониторинг ўрнатиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумотлар киритиб бориш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилсин ҳамда бу борада қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан «з» ва «и» кичик бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) ҳар ой якунида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўз ҳудудлари ҳамда соҳаларда электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар бажарилиши ҳолатини шахсан ўрганиб боради ҳамда бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга чоралар кўради;
(б) масъул раҳбарлар ҳар чоракда ҳудуддаги муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Халқ депутатлар кенгашларига ҳисобот бериб боради.
7. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, сиёсий партияларга ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш борасида қуйидагилар тавсия этилсин:
(а) қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқнинг қўлланиш самарадорлигини ўрганган ҳолда бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
(б) масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш.
III. Ташкилий ва рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар
8. Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов) бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) «Яшил иқтисодиёт»га ўтишни жадаллаштириш доирасида 2025 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш, энергия тежамкор ва самарадор технологияларни жорий қилиш дастурини тасдиқлаш;
(б) мазкур Дастурни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини белгилаш;
(в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг энергия тежамкорлик ва энергия самарадорликнинг мақсадли кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш бўйича туман (шаҳар)лар кесимида ҳар ойлик манзилли режасини тасдиқлаш;
(г) қурилиш соҳасида энергия самарадорлигини ошириш мақсадида кўп қаватли уйлар ва жамоат биноларини лойиҳалаштиришда ва янгидан қуришда электр ва муқобил энергия манбалари, шунингдек, энергияни тежайдиган технологиялардан кенг фойдаланиш;
(д) табиий газдан фойдаланишни оптималлаштириш орқали унга бўлган юкламаларни камайтириш.
9. Соҳада рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
(а) Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов) Рақамли технологиялар вазирлиги (Шерматов) ва Марказий банк (Ишметов) билан биргаликда 2025 йил 1 майга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг «Яшил имтиёз» ахборот тизимини ҳамкор тижорат банкларининг тегишли ахборот дастурлари билан интеграция қилсин;
(б) Бош прокуратура (Аминов) ва Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов) Рақамли технологиялар вазирлиги (Шерматов), Ўзэнергоинспекция (Ниматуллаев), Божхона қўмитаси (Мавлонов), Солиқ қўмитаси (Кудбиев) билан биргаликда икки ой муддатда ушбу соҳада назорат ва мониторингни амалга ошириш имконини берувчи мавжуд электрон платформаларни мазкур қарор билан белгиланаётган янги талаблардан келиб чиқиб такомиллаштирсин;
(в) Давлат хавфсизлик хизмати «Киберхавфсизлик маркази» ДУК (Мирзаев) ушбу платформаларни уларнинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг 2024 йил 15 октябрдаги 113-сон буйруғи билан тасдиқланган Киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3573, 14.11.2024 й.).
(г) вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари энергия тежамкорлик кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни доимий равишда ушбу платформаларда акс эттириб бориш ва маълумотларнинг ҳаққонийлигига масъул ва шахсий жавобгар этиб белгилансин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш ва таъминлаш
10. Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Джурабаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов) Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов), Бош прокуратура (Йўлдошев) ва Адлия вазирлиги (Ташкулов) билан биргаликда мунтазам равишда энергетика тизимидаги ўзгаришлар, энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда тежамкор ускуналарнинг афзалликларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борсин.
12. Мазкур қарор ижросининг қуйидаги тартиби белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(а) қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ҳамда Бош прокурор ўринбосари С.И. Самадов белгилансин;
(2-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
(д) қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш ва фаолият самарадорлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари Д.Б. Кадиров ва А.С. Султанов зиммасига юклансин;
(е) Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳар чоракда қарор ижроси натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 апрель
ПҚ-133-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳларининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
(1-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) прокурори, туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари, туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) ички ишлар органи жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи

Лавозими бўйича

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман (шаҳар) бўлими тезкор вакили

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) адлия бўлими ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими

Лавозими бўйича

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими ходими

Лавозими бўйича

Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармасининг туман (шаҳар)ларга бириктирилган ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) солиқ инспекцияси ходими

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) газ таъминоти корхонаси бош муҳандиси

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) иссиқлик таъминоти корхонаси бўлим бошлиғининг ўринбосари

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) сув таъминоти корхонаси бўлим бошлиғининг ўринбосари

Лавозими бўйича

туман (шаҳар) прокурорининг ёрдамчиси — штаб котиби

Изоҳлар:
туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари энергия баланси кўрсаткичлари ҳамда энергия ресурсларини тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари сўзсиз ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий штабларнинг ишчи органлари ҳисобланади;
туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабига юкланадиган
ҚЎШИМЧА ВАЗИФАЛАР
1. Ҳудудларнинг энергия баланси ишлаб чиқилганини, уларнинг кўрсаткичлари бажарилишига риоя этилишини, энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланилишини, технологик ва тижорий йўқотишларни камайтириш чоралари кўрилганини, муқобил энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланиш жорий этилганини, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари энергия ресурслари билан барқарор таъминланишини мувофиқлаштириб бориш.
2. Доимий равишда энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
3. Ҳар чорак якунида тегишли вазирлик ва идораларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг энергия ресурсларини тежаш бўйича тасдиқланган режалари ва мақсадли кўрсаткичлари ижросини, ҳудудий штаблар ва туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари фаолияти натижадорлигини танқидий равишда муҳокама қилиб бориш.
4. Муҳокамаларнинг якуни бўйича ҳудуд ва тармоқлар кесимида энергия ресурсларини иқтисод қилиш режаларини бажаришдаги тизимли муаммоларни «маҳалла — туман — вилоят — республика» тамойили асосида ўрганиб бориш ва уларни бартараф этиш борасида таклифлар киритиш.
5. Энергия баланси кўрсаткичлари ҳамда энергия ресурсларини тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари бажарилишида эришилган натижалардан келиб чиқиб, туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари вакилларини рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штабларнинг
УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ
1. Ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш ҳамда тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш бўйича мақсадли режа кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш.
2. Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш, уларга барҳам бериш масалаларини ўрганиш.
3. Ёқилғи-энергетика соҳасида назорат ва мониторингни амалга ошириш имконини берувчи электрон платформани ҳудудлар кесимида такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш.
4. Йирик истеъмолчилар учун ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш.
5. Мунтазам равишда амалга оширилган ишларни танқидий муҳокама қилиб бориш ва белгиланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш.
6. Вазирлик ва идоралар тизимида энергия самарадорлигига эришиш бўйича 2025 йилда электр энергияси ва табиий газни тежашга қаратилган тасдиқланган ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси ижросини назорат қилиш.
7. Ёқилғи-энергетика соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг, дастурлар ҳамда лойиҳаларда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини мунтазам назорат қилиш.
8. Коррупциявий омилларни мунтазам равишда таҳлил қилиш асосида ушбу соҳани коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
9. Туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ҳар 15 кунда алоҳида график асосида жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сон қарорига
4-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳларининг
УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ
(4-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
3. Электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш.
4. Йирик саноат корхоналарида энергия ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этиш.
5. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали ҳамда тежамкор фойдаланилишини, шунингдек, электрлаштириш ва бу борада давлат томонидан берилган имтиёзларни маҳаллалар кесимида тарғиб қилиб бориш ишларини ташкил этиш.
6. Қуёш панели ва қуёш коллектори ўрнатиш имконияти мавжуд тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонларини аниқлаш ва уларга ушбу тежамкор ускуналарни ўрнатишда кўмаклашиш.
7. Қуёш панели ва қуёш коллекторини, биринчи навбатда, давлат идоралари ходимлари ҳамда аҳоли хонадонларига ва тадбиркорлик субъектларига ўрнатиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан алоҳида манзилли дастур ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш.
8. Ташқи реклама объектлари ва иллюминация чироқларининг электр таъминоти ҳолатини, улар ягона электр тизимига уланган тақдирда, алоҳида ҳисоблагич билан таъминланганини ўрганиш ёки ушбу объектларда электр таъминотини қуёш панеллари орқали қоплаш чораларини кўриш.
9. Ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа бино-иншоотлар девор ва том қисмлари герметик иссиқлигини сақлаш ҳолати ва энергия самарадорлигини ўрганиб, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижросини таъминлаш.
10. Электр ва табиий газ йўқотишларини камайтириш мақсадида ҳар бир нимстанция, фидер ва трансформатор пунктлари ҳамда ҳудудларга бириктирилган масъуллар фаолияти устидан мониторинг олиб бориш.
11. Энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва беҳуда сарфлаш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишга қаратилган назорат тадбирлари самарали ташкил этилишини таъминлаш.
Бунда катта миқдордаги энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш ва мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.
12. Тижорат мақсадлари мавжуд жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ёрдамчи хўжаликларни (иссиқхона, оҳак цехлари ва шу кабилар) газ тармоғига ноқонуний улаш, қонунга хилоф равишда майнинг фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларини аниқлаш устидан мониторинг олиб бориш.
13. Энергия ресурслари билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил жисмоний ва юридик шахслар рўйхатларини шакллантириб бориш.
14. Юқори ва паст кучланишли подстанциялар, трансформатор пунктлари ва электр узатиш тармоқлари техник ҳолатини хатловдан ўтказиш ҳамда хатлов натижаларига кўра аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш, бартараф этишга вақт талаб этиладиган камчиликлар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш.
15. Қуввати 50 кВтдан юқори бўлган истеъмолчилар электр қурилмаларида реактив энергияни компенсация қилиш қурилмасини ўрнатиш бўйича тегишли чоралар кўриш.
16. Катта қувватли электр двигателларни ишга туширишда ростлагич қурилмаларни ўрнатиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш.
17. Иситиш мавсумида фойдаланиш учун захира ёқилғи хўжалиги ташкил этилгани ва бугунги кундаги захира қолдиғи миқдори ҳамда унинг сақланиш ҳолатини ўрганиш.
18. Иситиш қозонлари сони ва уларнинг техник ҳолати, бинонинг иситиладиган майдони қозон қувватига мослигини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида назорат олиб бориш.
19. Мавжуд табиий газ қувурлари ҳамда газ тақсимлаш пунктларининг техник ҳолатини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ва ижроси таъминланишини назорат қилиш.
20. Қуёш панеллари, қуёш коллекторлари ҳамда мини ГЭСлар бўйича 2025 йил режа кўрсаткичлари ижросининг «Яшил энергия» ҳамда «Қуёшли хонадон» ахборот тизимлари ёрдамида назорати ва мониторингини амалга ошириб бориш.
21. «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларининг тармоқларини модернизация қилиш, жорий ва капитал таъмирлашга доир дастурлар ижросини назорат қилиб бориш.
22. АСКУЭ ва АСКУГ дастурлари узлуксиз ишлашини мониторинг қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штаблар ҳамда республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида энергия балансини ишлаб чиқиш, уларнинг кўрсаткичларини бажариш, энергияни тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари фаолиятининг
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Аҳоли истеъмолчилари бўйича:
1. Энергия ресурсларини истеъмол қилиш маданиятини ошириш.
2. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш.
3. Энергия тежамкор ускуналар, шу жумладан, гелиоколлектор ва қуёш панелларидан фойдаланиш афзалликларини тушунтириш ва уларни ўрнатишда кўмаклашиш.
4. Энергия тежамкорлик талабларига мос бўлмаган, сертификатланмаган ностандарт қурилма ва жиҳозларни алмаштириш чораларини кўриш.
Ижтимоий соҳа муассасалари бўйича:
1. Энергия ресурсларини истеъмол қилиш маданиятини ўргатиш.
2. Энергия тежамкор ускуналар, шу жумладан, гелиоколлектор ва қуёш панелларидан фойдаланиш афзалликларини тушунтириш ва уларни ўрнатишда кўмаклашиш.
3. Тармоққа уланган бошқа турдаги истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш (субистеъмолчилар).
4. Биноларнинг девор ва том қисмлари герметик иссиқлигини сақлаш чораларини кўриш.
5. Иситиш қозонлари сони ва уларнинг техник ҳолати, бинонинг иситиш майдони қозон қувватига мослигини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида назорат олиб бориш.
6. Иситиш мавсумида фойдаланиш учун захира ёқилғи хўжалиги ташкил этилгани ва бугунги кундаги захира қолдиғи миқдори ҳамда унинг сақланиш ҳолатини ўрганиш.
Енгил саноат (текстиль) корхоналари бўйича:
1. Умумий истеъмол қувватининг камида 40 фоизини қоплаш учун қуёш панеллари ва сув иситкичларни (гелиоколлектор) ўрнатиш.
2. Реактив энергияни компенсация қилиш қурилмасини ўрнатиш.
3. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш.
4. Электр ва газ ҳисоблагич кўрсаткичи, техник ҳолати, тамғалар бутлиги, шунингдек, электр ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини ўрганиш ҳамда аниқланган қоидабузарликлар бўйича тегишли чоралар кўриб бориш.
Йирик саноат корхоналари бўйича:
1. Энергия ресурсларини иқтисод қилишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
2. Ҳар бир ускуна учун алоҳида энергия ресурсларидан фойдаланишда иқтисод қилиш манбаларини аниқлаш.
3. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш.
4. Катта қувватли электр двигателларни ишга туширишда частота ростлагич қурилмаларни ўрнатиш.
5. Электр ва газ ҳисоблагич кўрсаткичи, техник ҳолати, тамғалар бутлиги, шунингдек, электр ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини ўрганиш ҳамда аниқланган қоидабузарликлар бўйича тегишли чоралар кўриб бориш.
Давлат идоралари, корхона ва ташкилотлар бўйича:
1. Қуёш панели, ҳаракат датчиклари ўрнатилишини мониторинг қилиб бориш.
2. Ҳар бир ходим, давлат хизматчиси иш жойида ва уйида энергия истеъмоли маданиятига амал қилишни тарғиб қилишга масъуллигини белгилаб қўйиш.
3. Биноларнинг девор ва том қисмлари герметик иссиқлигини сақлаш.
4. Иситиш қозонлари сони ва уларнинг техник ҳолати, бинонинг иситиладиган майдони қозон қувватига мослигини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида назорат олиб бориш.
5. Электр ва газ ҳисоблагич кўрсаткичи, техник ҳолати, тамғалар бутлиги, шунингдек, электр ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини ўрганиш ҳамда аниқланган қоидабузарликлар бўйича тегишли чоралар кўриб бориш.
Сув хўжалиги объектлари (насос станциялари) бўйича:
1. Сув насосларининг ортиқча юклама билан ишламаслиги учун зарур чораларни кўриш.
2. Насос станцияларида энергия самарадорлик даражаси паст бўлган насосларнинг двигателларини энергия тежамкорларига алмаштириш чораларини кўриш.
3. Катта қувватли электр двигателларни ишга туширишда частота ростлагич қурилмаларни ўрнатиш.
4. Энергиянинг тежамкорлик талабларига мос бўлмаган қўлбола тайёрланган, сертификатланмаган, маънан эскирган, электр сарфи юқори бўлган, ностандарт тайёрланган жиҳозларни алмаштириш.
5. Қуёш панели, ҳаракат датчиклари ўрнатилишини мониторинг қилиб бориш.
Кичик ва ўрта бизнес корхоналари ва бошқа истеъмолчилар бўйича:
1. Қуввати 50 кВтдан юқори бўлган электр қурилмаларида реактив энергияни компенсация қилиш қурилмасини ўрнатиш.
2. Энергия ресурслари истеъмол маданиятини тарғибот қилиш.
3. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш.
4. Энергия тежамкор ускуналар, шу жумладан, гелиоколлектор ва қуёш панелларидан фойдаланиш афзалликларини тушунтириш ва уларни ўрнатишда кўмаклашиш.
5. Энергия тежамкор бўлмаган, сертификатланмаган, ностандарт, қурилма ва жиҳозлардан фойдаланишга чек қўйиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.04.2025 й., 07/25/133/0297-сон; 30.04.2026 й., 06/26/70/0430-сон)