toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиши ва давлат харидлари жараёнида ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат харидларида кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича яхлит ва шаффоф тизимни яратиш, унга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш ҳамда импорт ўрнини босадиган кенг турдаги маҳсулот турларининг ўзлаштирилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонига мувофиқ:
янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш орқали кафолатланган тарзда харид қилишнинг замонавий тизимини жорий қилиш;
давлат харидларини амалга оширишда товарнинг ўзлаштириш даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
корпоратив буюртмачилар томонидан импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш ва эълон қилиш;
кооперация алоқаларини ўрнатиш учун тадбиркорлик субъектлари таклифларини қабул қилиш тартиби ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаш;
тадбиркорлик субъекти билан кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битим тузиш;
кооперация алоқаларини ўрнатган тадбиркорларнинг маҳсулотларини давлат буюртмачиларига сотиш имкониятларини яратиш.
3. Белгилансинки, «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖ кичик тадбиркорлик субъектларига кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзбекэкспертиза» АЖ билан биргаликда уч ой муддатда кооперация алоқаларини ўрнатиш учун давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очилган алоҳида саҳифага зарур бўлган маълумотлар интеграция қилинишини таъминласин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида (корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларидан ташқари) ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини баҳолашда «балл усули»дан фойдаланганда уларга қўшимча балл бериш тизими жорий этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга маҳаллий корхоналар томонидан бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун сертификатларни бериш бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 март,
159-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 159-сон қарорига
1-ИЛОВА
Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ихтиёрийлик асосида кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича алоҳида саҳифа (кейинги ўринларда — алоҳида саҳифа) — корпоратив буюртмачилар томонидан импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар) (кейинги ўринларда — маҳсулотлар) рўйхатини эълон қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан талабгор сифатида қатнашиш сўровини юбориш ҳамда кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни рўйхатдан ўтказиш, тегишли шартномаларни тузиш имконини берадиган давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очилган махсус саҳифа;
кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битим (кейинги ўринларда — битим) — корпоратив буюртмачининг кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш учун қабул қилинган қарорига мувофиқ корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти ўртасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни кафолатли харид қилиш юзасидан ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида тузиладиган ҳужжат;
кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) — корпоратив буюртмачи томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида шакллантириладиган, кооперация алоқаларини ўрнатиш учун талабгор(лар)нинг таклифларини кўриб чиқиш ва унинг натижаларига кўра кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнларини мониторинг қилиш ҳуқуқи берилган ишчи орган;
маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот (товар) тўғрисидаги сертификат — Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланган тартибда берилган маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарувчисини тасдиқловчи ҳужжат, шу жумладан, электрон шаклдаги ҳужжат;
кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) — республиканинг импорт таркиби ва номенклатурасини таҳлил қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, корпоратив буюртмачиларга манзилли таклифлар тақдим этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларни кооперацияга жалб қилиш ҳамда битим тузган тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида» 2019 йил 24 августдаги ПҚ-4426-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ;
мониторинг — битим доирасида тадбиркорлик субъекти томонидан маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишини ўрганиб бориш бўйича комиссия томонидан ўтказиладиган комплекс тадбирлар;
талабгор — кооперация алоқаларини ўрнатиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.
3. Кооперация алоқаларини ўрнатиш қуйидаги тамойилга асосланади:
асосланганлик;
кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш учун ажратилган маблағлардан оқилона ва тежамкор фойдаланиш;
кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг тижорат сирига оид ахборотларни ошкор этмаслик;
ҳалол рақобат;
масъулиятлилик;
коррупцияга йўл қўймаслик;
талабгорларни аниқлаш жараёнида тенг имкониятлар яратиш.
2-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия ва кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ
4. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун корпоратив буюртмачининг бошқарув органлари қарорига мувофиқ бошқарув ходимлари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда комиссия тузилади.
Корпоратив буюртмачи комиссияга экспертларни, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ўзининг юқори турувчи ташкилоти вакилларини жалб этиши мумкин.
Комиссиянинг тезкор фаолиятини ташкиллаштириш комиссияда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиб томонидан амалга оширилади.
5. Комиссия ишига раис раҳбарлик қилади, у комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва комиссия томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади, шунингдек, комиссия мажлисларининг электрон баённомаларини электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда имзолайди.
Комиссия раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.
6. Корпоратив буюртмачи комиссиянинг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига ўз вазифаларини амалга ошириш учун алоҳида саҳифада шахсий кабинет очади.
7. Комиссиянинг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқиш учун комиссиянинг аъзолари ва масъул котибининг мулоқот қилиши давлат харидлари бўйича алоҳида саҳифада ёпиқ чат орқали амалга оширилади.
8. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсий кабинети орқали овоз беришда ёқлаб овоз бериши ёки қарши овоз бериши шарт.
9. Комиссия мажлисида аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши лозим, ҳар бир мажлисда қабул қилинган қарор бўйича баённомалар алоҳида саҳифада шакллантирилади.
10. Ишчи гуруҳ:
кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирилган маълумотларни ҳамда республиканинг импорт таркиби ва номенклатурасини таҳлил қилиб, ўз ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди ҳамда корпоратив буюртмачиларга манзилли таклифлар тақдим этади;
тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларни кооперация алоқаларини ўрнатишга жалб қилади, улар учун семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;
тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишда муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда ёрдам бериш ва ишлаб чиқариш жараёнидаги муаммоларни мунтазам равишда ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
тузилган битимларни амалга оширишга кўмаклашади;
кооперация алоқаларини ўрнатиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади;
тадбиркорлик субъектларини қонунчиликда белгиланган имкониятлар ҳақида хабардор қилиб боради.
Бунда тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш жараёнида мавжуд муаммоларни ва таклифларни кўрсатган ҳолда Ишчи гуруҳга мурожаат қилишлари мумкин.
11. Ишчи гуруҳ корпоратив буюртмачиларнинг кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирган маълумотларини ва республиканинг импорт таркиби ва номенклатураси юзасидан таҳлилий маълумотларни алоҳида саҳифада очилган шахсий кабинет орқали ҳар чоракда эълон қилиб боради.
Бунда Ишчи гуруҳга шахсий кабинет орқали ўз ҳудудида жойлашган корпоратив буюртмачиларга маҳсулотлар кесимида манзилли таклифларни тақдим этиш имконияти яратилади.
12. Ишчи гуруҳдан алоҳида саҳифа орқали таклифлар келиб тушганда, корпоратив буюртмачи таклифларни ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
Бунда қабул қилинган қарор алоҳида саҳифа орқали Ишчи гуруҳга тақдим этилади.
3-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатиш
13. Корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
14. Корпоратив буюртмачилар кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини алоҳида саҳифада шакллантиради ва ҳар чоракда янгилаб боради.
15. Корпоратив буюртмачилар алоҳида саҳифага импорт асосида харид қилиниши режалаштирилган маҳсулотларнинг рўйхатини ҳар бир маҳсулот кесимида қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда жойлаштиради:
корпоратив буюртмачининг номи ва манзили;
маҳсулот етказиб бериладиган ҳудуд;
маҳсулотни йиллик харид қилиш ҳажми;
маҳсулотни етказиб бериш муддати;
маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги учун максимал харид нархи;
маҳсулот хусусияти ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар;
маҳсулотнинг стандарт талаби, зарур ҳолларда лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат талаб қилиниши тўғрисидаги маълумотлар.
Бунда корпоратив буюртмачилар зарур бўлганда маҳсулотнинг ўзига хос хоссаларидан ёки хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, иштирокчиларга қўшимча талаблар белгилаши мумкин.
16. Корпоратив буюртмачилар алоҳида саҳифада жойлаштирган маълумотларни ўзларининг шахсий кабинети орқали ҳар чорак якунидан сўнг кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар янгилаб боради.
17. Тадбиркорлик субъекти кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида талабгор сифатида қатнашиш учун алоҳида саҳифада жойлаштирилган маълумотларга мувофиқ ўз таклифини тақдим этади.
Бунда тадбиркорлик субъекти томонидан аввал ўзида ишлаб чиқарилмаган янги турдаги маҳсулот бўйича таклифига ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда бизнес лойиҳа тақдим этилиши талаб қилинади.
18. Талабгор корпоратив буюртмачилар томонидан алоҳида саҳифа орқали импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотни танлаган ҳолда, кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган маълумотларга асосан ўз таклифларини электрон шаклда тақдим этади.
Бунда талабгор ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклда маълумотларни тўлдириши ҳамда қуйидаги ҳужжатларни илова қилиши талаб этилади:
конструкторлик ҳужжатлари, фотосуратлар ва/ёки чизмалар (агар мавжуд бўлса);
битимни амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариш режалаштирилган маҳсулот бир бирлиги нархи ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси прогнози бўйича дастлабки ҳисоб-китоблари (бир бирлик маҳсулот нархи бўйича ишлаб чиқариш харажатлари, шу жумладан, хомашё сотиб олиш, ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва бошқа харажатлар ёйилмаси кўрсатилиши лозим);
режалаштирилган ва/ёки ҳақиқий ҳисоб-китоблар (харажатларнинг батафсил ҳисоб-китоблари);
ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали (битимни амалга оширишда янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали, шу жумладан, иш босқичлари, ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган бошланиш санаси, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати).
19. Алоҳида саҳифада талабгор таклифида электрон майдонларнинг тўлдирилганлиги ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлиги автомат тарзда текширилади.
20. Талабгор кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича таклиф беришдан олдин алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ тушунтиришлар бериши тўғрисида корпоратив буюртмачига сўров юборишга ҳақли. Корпоратив буюртмачи беш иш куни ичида лойиҳага алоқадор бўлган барча сўровларига аниқ ва тўлиқ жавоб бериши шарт.
21. Талабгор битта маҳсулотга фақат битта таклиф беришга ҳақли.
22. Алоҳида саҳифада талабгор томонидан танланган маҳсулот бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш учун бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз таклифларини бериш имкониятини яратиш мақсадида ўн иш кунига ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотлар асосида автомат тарзда эълон шакллантирилади.
23. Талабгор тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлади.
24. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифларни қабул қилиш алоҳида саҳифада берилган эълонда кўрсатилган муддатда якунланади.
25. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун талабгор(лар)ни баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китобнинг мавжудлиги;
кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарли молиявий ресурсларнинг (шу жумладан, кредит) мавжудлиги;
маҳсулотнинг бир бирлик нархи;
ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги ёки шакллантириш имконияти асосланганлиги;
ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати;
маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози.
26. Комиссия тадбиркорлик субъект(лар)и томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади, кўриб чиқиш натижаларига кўра камчиликлар аниқланмаган тақдирда, электрон тизим ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланган мезонлар асосида таклифларнинг баҳолаш жараёнини автомат тарзда амалга оширади.
Камчиликлар аниқланган мезонлар бўйича электрон тизим баҳолашни амалга оширмайди. Бунда талабгорни баҳолаш натижаларига кўра у билан битим тузилган тақдирда, баҳолаш мезонлари бўйича талабгорнинг таклифлари битим шартларида акс эттирилади.
27. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгор(лар)нинг таклиф(лар)ини кўриб чиқиш таклифлар бериш тугаган муддатдан эътиборан ўн иш кунидан ошиши мумкин эмас.
28. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун битта таклиф олинган бўлса ҳам, комиссия томонидан кўриб чиқилиши ва корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъекти билан белгиланган тартибда битим тузиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 9-боби («Битимлар»).
29. Таклиф(лар)ни баҳолаш натижаларига кўра комиссия энг юқори балл тўплаган талабгор(лар) билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгор(лар) таклиф(лар)ини рад этишнинг аниқ сабаблари ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган баённомада кўрсатилади.
30. Расмийлаштирилган баённома талабгор(лар)нинг шахсий кабинетига автомат тарзда юборилади.
31. Корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъект(лар)и билан баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида битим шартларини ўзаро келишган ҳолда, алоҳида саҳифада электрон шаклда уни имзолайди.
Битимга маҳсулотни ўзлаштириш босқичлари кўрсатилган режа-график илова қилиниб, тасдиқланади.
32. Битим шартларида қуйидагилар назарда тутилади:
ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали, битимни амалга ошириш доирасида маҳсулотни ишлаб чиқариш босқичлари (иш босқичлари, ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган бошланиш санаси ва тайёр маҳсулот ҳажми аниқ кўрсатилади);
маҳсулот нархи ва йиллар кесимида ишлаб чиқариш ҳамда кафолатли харид қилиш ҳажми;
инфляция даражаси ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгариши муносабати билан битим доирасида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот нархини тарафлар келишувига кўра, нарх ўзгартирилиши шартлари (ажратилган маблағлар доирасида);
комиссия томонидан битим шартларини бажариш жараёни устидан ҳар ойда мониторинг ўтказиш ва маҳсулот ишлаб чиқиш жараёнининг ҳолатини баҳолаш;
қонунчиликка ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг ўтказиш доирасида аниқланган камчиликлар тадбиркорлик субъекти томонидан бартараф этилишини талаб қилиш;
тарафлар келишувига мувофиқ корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъектига кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда ташкилий, техник ва бошқа зарур кўмакни кўрсатиш (кўмак турлари ва шартлари тарафларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади);
битим шартлари битим тарафлари томонидан бузилган тақдирда, битимни белгиланган тартибда бекор қилиш.
Битим тарафлари қонунчиликда ва битимда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
33. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қўшимча битим корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъект(лар)ининг ўзаро келишуви асосида алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда тузилади.
34. Битимнинг қуйидаги шартларини қайта кўриб чиқишга йўл қўйилади:
маҳсулотни етказиб бериш ҳажмини 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорга оширишга;
битим бўйича етказиб бериладиган ҳар қандай маҳсулотни тегишли функционал хусусиятлари ва сифати нисбатан яхшиланган маҳсулотга алмаштиришга (битимда белгиланган маҳсулотнинг асосий техник хусусиятлари ҳақидаги минимал талаблардан кам бўлмаган ҳолда).
Бунда битимни бажаришдан бир тарафлама бош тортишга ёки битимнинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки битимда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
35. Битим имзолангандан сўнг тадбиркорлик субъекти:
комиссия томонидан ўтказиладиган мониторинг доирасида сўралган ҳужжатларни тақдим этиши ва ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш учун зарур шарт-шароит яратиши;
комиссиянинг мониторинг натижалари бўйича ёзма эътирозлари бўйича тегишли тушунтиришлар бериши;
ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналари билан корпоратив буюртмачини таништириши шарт.
36. Тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқариш режалаштирилган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражасини шартномага мувофиқлигини таъминлайди ва охирги импорт шартнома нархидан юқори бўлмаган нархларда етказиб бериш учун зарур чораларни кўради.
37. Корпоратив буюртмачи ва кооперация алоқаларини ўрнатган тадбиркорлик субъекти ўртасидаги битим шартлари асосида улар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича кафолатли харид қилиш шартномаси алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда тузилади ва ушбу шартнома белгиланган тартибда шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.
Бунда, маҳсулотни етказиб бериш бўйича кафолатли харид қилиш шартномасини тузиш учун қуйидагилар талаб этилади:
маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлиши;
кафолатли харид қилиш шартномаси ва унга қўшимча келишув лойиҳаларининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг) бараваридан ошганда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда экспертизадан ўтказилиши.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу талаблар бажарилган вақтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан корпоратив буюртмачи ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти ўртасида электрон шаклда кафолатли харид қилиш шартномаси тузилади.
38. Корпоратив буюртмачилар кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимда белгиланган ҳажмларда ва шартларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот бўйича 5 йил муддатга (фармацевтика маҳсулотлари бўйича 10 йил муддатга) кафолатли харид қилиш шартномасини (офтейк шартномани) тузади.
Бунда кафолатли харид қилиш шартномасини бажаришдан бир тарафлама бош тортишга ёки кафолатли харид қилиш шартномасининг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
39. Кафолатли харид қилиш шартномаси тарафлари қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорларнинг маҳсулотларини давлат буюртмачиларига сотиш имкониятлари
40. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 ноябрдаги ПҚ-366-сон қарорига мувофиқ давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорлик субъектлари алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 январга қадар маҳаллийлаштирган маҳсулотини давлат буюртмачилари билан бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномаларни электрон шаклда тузади ҳамда ушбу шартномалар шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.
Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорлик субъектларининг реестри ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат буюртмачилари билан бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тузилган шартномалар реестри ва ҳисоби алоҳида саҳифада юритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
41. Бюджет буюртмачилари томонидан алоҳида саҳифада тузиладиган шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ДМБАТ) етарли маблағлар мавжуд бўлганда шартнома суммасига банд қўйилади.
42. Алоҳида саҳифада шартнома намунавий шакл асосида электрон шакллантирилади ва томонларнинг шахсий кабинетларига электрон шаклда имзолаш учун юборилади.
43. Алоҳида саҳифада бюджет буюртмачилари томонидан тузилган шартнома бўйича маълумотлар автомат тарзда ДМБАТга юборилади.
44. Шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот ДМБАТда қабул қилинганидан сўнг автомат тарзда рўйхатдан ўтказилади ёки ҳисобга олинади.
45. Алоҳида саҳифада корпоратив буюртмачи ва кичик тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган электрон шартнома бўйича тўлов ундирилмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
46. Бюджет буюртмачилари ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари кооперация алоқаларини ўрнатиш учун мазкур Низом қоидаларидан фойдаланиши мумкин.
47. Ишлаб чиқариб билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда бошқа ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш юзасидан эълон жойлаштириш ва иҳтиёрий муддатга кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш имконияти яратилади.
48. Ушбу Низом талабларига риоя этилишининг давлат назорати қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
49. Битим тарафлари ўртасида келиб чиққан низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади. Келишувга эришилмаган ҳолларда низолар суд тартибида ҳал қилинади.
50. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1758-моддаси.
Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Корпоратив буюртмачи

1. Тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда комиссия тузади.

2. Комиссиянинг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига давлат харидларининг электрон тизимида шахсий кабинет очади.

Заруратга кўра

2-босқич

Корпоратив буюртмачи

Импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради ва янгилаб боради.

Ҳар чоракда

3-босқич

Ишчи гуруҳ

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирган маълумотлари ва республиканинг импорт таркиби ва номенклатураси юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлайди, корпоратив буюртмачиларга маҳсулотлар кесимида манзилли таклифларни тақдим этади.

Ҳар чоракда

4-босқич

Корпоратив буюртмачи

Манзилли таклифларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Ўн иш куни ичида

5-босқич

Тадбиркорлик субъекти

Тегишли маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган тушунтиришлар сўрайди.

Заруратга кўра

6-босқич

Корпоратив буюртмачи

Тадбиркорлик субъектидан сўров келиб тушганда, сўровга тушунтиришлар беради.

Сўров келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида

7-босқич

Тадбиркорлик субъекти

Кооперация алоқаларни ўрнатиш мақсадида талабгор сифатида қатнашиш учун ўз таклифини тақдим этади.

Ўз хоҳишига кўра

8-босқич

Алоҳида саҳифа

Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун эълонни автомат тарзда шакллантиради.

Таклиф тақдим этилганидан эътиборан ўн иш кунига

9-босқич

Комиссия

1. Талабгор(лар) томонидан берилган таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ва таққослайди.

2. Кооперация алоқаларини ўрнатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Таклифлар бериш тугаган муддатдан эътиборан ўн иш куни ичида

10-босқич

Алоҳида саҳифа

Комиссия қарор қабул қилинган кунда баҳолаш натижаларини автомат тарзда электрон баённомада қайд этади.

Автомат тарзда

11-босқич

Корпоратив буюртмачи

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича энг юқори балл тўплаган талабгор(лар) билан электрон шаклда битим тузади.

Баённома тузилган кундан эътиборан ўн иш кунида

12-босқич

Комиссия

1. Битим шартларини бажариш жараёнини мониторинг қилиб боради.

2. Камчиликлар аниқланганда тадбиркорлик субъектига ушбу камчиликларни бартараф этишни талаб қилади.

Ҳар ойда

13-босқич

Тадбиркорлик субъекти

Мониторинг натижаларига мувофиқ тушунтиришлар беради ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил қилади.

Доимий

14-босқич

Корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти

Зарурат туғилганда битим шартлари қайта кўриб чиқилади

Тегишли ҳолатларда

15-босқич

Тадбиркорлик субъекти

1. Маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

2. Маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғрисидаги сертификатни белгиланган тартибда олади.

Битимда белгиланган муддат ичида

16-босқич

Корпоратив буюртмачи

Битим доирасида кафолатли харид қилиш шартномаси ва унга қўшимча келишув лойиҳаларининг суммаси БҲМнинг йигирма беш минг бараваридан (бюджет буюртмачилари учун БҲМнинг олти минг) ошганда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказади.

Заруратга кўра

17-босқич

Корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти

Белгиланган талаблар бажарилганда корпоратив буюртмачи ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти ўртасида кафолатланган харид қилиш шартномаси тузилади.

Уч иш кунидан кечиктирмасдан

Кейинги таҳрирга қаранг.
Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгорнинг таклифлари

1. Талабгор ҳақида маълумот

Талабгорнинг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва СТИР

Талабгорнинг иқтисодий фаолият тури

Талабгорнинг давлат рўйхатидан ўтказилган санаси

Талабгорнинг ижро этувчи органи раҳбари

Талабгор ёки унинг вакиллари билан боғланиш учун маълумотлар

(иш телефонлари рақамлари, мобил телефон рақамлари, электрон почта манзиллари)

Охирги 3 йил давомида тўланган солиқлар миқдори

(агар мавжуд бўлса)

Талабгорнинг мавжуд иш тажрибаси ҳақида маълумот

Қўшимча маълумотлар

(мавжуд бўлган ҳолларда тўлдирилади)

2. Битим бўйича ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот ҳақида маълумот

Соҳа

Маҳсулот номи ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН)

Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори коди

Маҳсулотнинг техник хусусиятлари

Ишлаб чиқариш қуввати ҳажми

1-йил — _______;

2-йил — _______;

Ариза берилган санадаги маҳсулотларнинг бозор нархлари

(Олинган маълумот манбалари кўрсатилади)

Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш санаси

(битим имзолангандан кейин)

3. Талабгор томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш орқали ишлаб чиқарилиши режалаштирган маҳсулот ва бошқа баҳоланадиган мезонлар ҳақида маълумот

Техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб

1. Намунавий маҳсулот ишлаб чиқарилган.

2. Конструкторлик ҳужжатлари, чизмалар, спецификациялар мавжуд.

3. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари мавжуд.

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарлича молиявий ресурсларнинг мавжудлиги

1. Ўз маблағлари.

2. Жалб қилинган маблағлар (кредит ва бошқалар).

3. Қўшимча маблағлар талаб этилади.

Маҳсулотнинг бир бирлик нархи

1. _____________.

(Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нархдан паст)

2. _____________.

(Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нарх билан тенг)

3. _____________.

(Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нархдан юқори)

Ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги

1. Ўз ишлаб чиқариш базаси.

2. Ўз ишлаб чиқариш базаси ва ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси.

3. Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси.

4. Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси ва ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади.

5. Ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати

1. 4 йилдан юқори.

2. 3 йилдан 4 йилгача.

3. 2 йилдан 3 йилгача.

4. 1 йилдан 2 йилгача.

5. 1 йилгача.

Маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози

1. 91 — 100 фоиз.

2. 81 — 90 фоиз.

3. 71 — 80 фоиз.

4. 61 — 70 фоиз.

5. 51 — 60 фоиз.

6. 41 —50 фоиз.

7. 40 фоиздан паст.

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгорларни баҳолаш

Мезонлар

20 балл

10 балл

1 балл

Техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб

Намунавий маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги

Конструкторлик ҳужжатлари, чизмалар, спецификациялар мавжудлиги

Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларининг мавжудлиги

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарлича молиявий ресурсларнинг мавжудлиги

Ўз маблағлари

Жалб қилинган маблағлар
(кредит ва бошқалар)

Қўшимча маблағлар талаб этилади

Маҳсулотнинг нархи

Буюртмачи томонидан белгиланган нархдан паст

Буюртмачи томонидан белгиланган нарх билан тенг

Буюртмачи томонидан белгиланган нархдан юқори

Мезонлар

10 балл

8 балл

6 балл

4 балл

0 балл

Ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги

Ўз ишлаб чиқариш базаси

Ўз ишлаб чиқариш базаси ва ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси

Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси

Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси ва ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади

Ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати

4 йилдан юқори

3 йилдан
4 йилгача

2 йилдан
3 йилгача

1 йилдан
2 йилгача

1 йилгача

Мезонлар

20 балл

18 балл

16 балл

14 балл

12 балл

10 балл

балл

Маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози

91 — 100 фоиз

81 — 90 фоиз

71 — 80 фоиз

61 — 70 фоиз

51 — 60 фоиз

41 — 50 фоиз

40 фоиздан паст бўлса

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 159-сон қарорига
2-ИЛОВА
Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Қуйидаги мазмундаги 951-банд билан тўлдирилсин:
«951. Танлаш таклифларини балл усулидан фойдаланган ҳолда баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган таклифларга маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади.
Бунда қўшимча баллар ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган балларнинг 15 фоизидан ҳисоб-китоб қилинади.
Маҳаллийлаштириш даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.
Давлат харидлари электрон тизими ишлаб чиқарувчига бериладиган қўшимча балларни автоматик равишда ҳисоблайди ва электрон баённомада қайд этади.
Агар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган нарх таклифи бошқа иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархнинг 15 фоизидан юқори бўлса, қўшимча баллар берилмайди.
Қўшимча баллар қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
ҚБ = ТБ * 15 % * МД,
бу ерда:
ҚБ — қўшимча баллар;
ТБ — ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган баллар;
МД — маҳаллийлаштириш даражаси (фоизда)».
2. 105 ва 167-бандларида «жалб этишни» сўзларидан кейин «ва халқаро рейтингларни олишни» сўзлари билан тўлдирилсин.
3. Қуйидаги мазмундаги 1551-банд билан тўлдирилсин:
«1551. Тендер таклифларини балл усулидан фойдаланган ҳолда баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган таклифларга маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади.
Бунда қўшимча баллар ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган балларнинг 15 фоизидан ҳисоб-китоб қилинади.
Маҳаллийлаштириш даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.
Давлат харидлари электрон тизими ишлаб чиқарувчига бериладиган қўшимча балларни автоматик равишда ҳисоблайди ва электрон баённомада қайд этади.
Агар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган нарх таклифи бошқа иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархнинг 15 фоизидан юқори бўлса, қўшимча баллар берилмайди.
Қўшимча баллар қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
ҚБ = ТБ * 15 % * МД,
бу ерда:
ҚБ — қўшимча баллар;
ТБ — ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган баллар;
МД — маҳаллийлаштириш даражаси (фоизда)».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2025 й., 09/25/159/0250-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)