toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида депутатлик одоб-ахлоқ қоидаларига ҳамда умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддатига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 11 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида»ги 3161-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 5, 354-модда) Қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 январь,
353-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2025 йил 21 январдаги 353-V-сонли қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Одоб-ахлоқ комиссиясининг
ТАРКИБИ

Ходжаева Мохира Мирзахмадовна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзоси, комиссия раиси

Курбонбоев Мақсудбек Комулович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари

Арипов Даврон Рахимович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси

Захидов Эркин Агзамович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг аъзоси

Зохидов Зокиржон Тухтасинович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг аъзоси

Литвинова Олга Ивановна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг аъзоси

Утемуратова Сапаргул Шашетовна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2025 йил 21 январдаги 353-V-сонли қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясининг (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) вазифаларини, ваколатларини, фаолиятининг асосий йўналишларини, шунингдек унинг ишини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси Регламенти деб юритилади) нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидаларига (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) риоя этилаётганлиги устидан назоратни таъминлаш ва уларга риоя этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади.
3. Комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, ушбу Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мажлисида салмоқли тажрибага ва Қонунчилик палатасининг депутатлари (бундан буён матнда депутат деб юритилади) ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган депутатлар орасидан Қонунчилик палатаси ваколатлари муддатига Қонунчилик палатасининг қарори билан тузилади ҳамда Комиссия раиси, унинг ўринбосари ва аъзоларини қўшганда етти нафардан иборат бўлади.
5. Комиссия аъзоларининг сони ва унинг таркиби Қонунчилик палатасининг қарорига асосан ўзгартирилиши мумкин.
6. Комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, холислик ва адолатлилик принципларига асосан олиб боради.
7. Комиссиянинг фаолияти Қонунчилик палатасининг қарори билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ҳамда ваколатлари
8. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Одоб-ахлоқ қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатаси тасдиғига киритиш, Одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан Қонунчилик палатасининг қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш;
депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш;
депутатлар ўртасида қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш бўйича депутатларга маслаҳат ва тавсиялар бериш;
депутат мақомини тартибга солувчи нормалар бузилганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;
депутатнинг Қонунчилик палатасининг, ўзи таркибига кирган сиёсий партия фракциясининг (бундан буён матнда фракция деб юритилади), шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссиянинг мажлисларида узрли сабабсиз ҳозир бўлмаслиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;
Қонунчилик палатаси топшириқларининг депутат томонидан бажарилмаётганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;
депутатларнинг, Қонунчилик палатаси Спикерининг ва Спикер ўринбосарларининг, фракциялар раҳбарларининг, комиссиялар, қўмиталар раисларининг депутатнинг умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларини, Одоб-ахлоқ қоидаларини бузадиган, депутат обрўсига ва Қонунчилик палатаси нуфузига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг айрим депутатларнинг хатти-ҳаракатларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
депутатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш;
депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда депутат фаолиятининг бошқа кафолатларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган депутатга нисбатан таъсир чораларини қўллаш, шунингдек Қонунчилик палатаси Регламенти қоидаларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида Қонунчилик палатасининг Кенгашига таклифлар киритиш;
Қонунчилик палатасининг ёки Қонунчилик палатаси Кенгашининг топшириғига биноан Одоб-ахлоқ қоидаларига депутатлар томонидан риоя этилиш ҳолатини ўрганиб чиқиб, унинг натижалари ҳақида Қонунчилик палатасини ёки Қонунчилик палатасининг Кенгашини хабардор қилиш;
депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тайёрлаш.
9. Комиссиянинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:
депутатларнинг Қонунчилик палатаси Регламентининг нормаларига ва Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, шу жумладан Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида доимий иштирок этиши юзасидан мониторинг олиб бориш;
Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномаси бўйича депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тайёрлаш;
депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги материалларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун тайёрлаш;
ўз ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси, фракциялар ва қўмиталарнинг мажлисларида Комиссия хулосасини бериш;
депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда, депутатдан ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслардан зарур ахборотни сўраб олиш;
ўзи кўриб чиқиши учун киритилган масалаларни ҳал этишда Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни таклиф қилиш.
Комиссия Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Комиссия фракциялар, қўмиталар, Қонунчилик палатаси Девонининг таркибий бўлинмалари, бошқа органлар, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилади.
11. Комиссия ўз ваколати доирасидаги масалаларни Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг топшириғига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан кўриб чиқади.
3-боб. Комиссия ишини ташкил этиш
12. Комиссия ўз ишини мажлис шаклида ташкил этади. Комиссия мажлислари заруриятга қараб ўтказилади.
Комиссия мажлислари очиқ тарзда ўтказилади. Зарур ҳолларда, Комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
13. Комиссия мажлисларида унга таклиф этилган манфаатдор шахслар иштирок этиши мумкин. Комиссия сайёр мажлислар ўтказишга ҳақли.
14. Комиссия мажлисини Комиссия раиси, у йўқлигида эса унинг топшириғига биноан унинг ўринбосари ёки Комиссия аъзоларидан бири олиб боради. Комиссия мажлисида баённома юритилади, уни раислик қилувчи имзолайди.
15. Комиссия мажлислари, агар уларда Комиссия аъзоларининг кўпчилиги иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
16. Комиссиянинг навбатдаги келгуси мажлиси тўғрисида унинг раиси Комиссия аъзоларига ёзма равишда, қоида тариқасида, камида икки кун олдин хабар беради, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчиларини олдиндан хабардор қилади.
17. Комиссия қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори, агар уни мажлисда ҳозир бўлган Комиссия аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қарорни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия мажлисига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссия қарори раислик қилувчи томонидан мажлиснинг ўзида имзоланади.
18. Комиссия раиси:
Комиссия ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради;
Комиссия аъзоларига топшириқлар беради;
Фракциялар, қўмиталар, Қонунчилик палатаси Девонининг таркибий бўлинмалари, бошқа органлар, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан муносабатларда Комиссия номидан иш кўради;
Комиссия томонидан тайёрланган қарорларни, хулосалар ва таклифларни Қонунчилик палатасига, Қонунчилик палатасининг Кенгашига тақдим этади;
Комиссия аъзоларини Комиссияга келиб тушаётган барча ҳужжатлар ва материаллардан хабардор қилади;
Комиссия мажлисларида иштирок этиш учун манфаатдор шахсларни таклиф этади;
Комиссия аъзоларини Комиссия қарорларининг бажарилиши ҳақида хабардор қилади.
19. Комиссия раисининг ўринбосари:
Комиссия иш юритувини таъминлайди;
Комиссия мажлислари учун материалларни тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этади;
Комиссия аъзоларини мажлислар вақти ва кун тартиби тўғрисида хабардор этиш бўйича ишларни ташкил қилади;
Комиссия раиси йўқлигида унинг вазифаларини бажариб туради.
20. Комиссия аъзоси Комиссия мажлисида ҳозир бўлиши ва ўз зиммасига юклатилган топшириқларни, мажбуриятларни бажариши шарт.
Комиссия аъзоси Комиссия мажлисида ҳозир бўлиш имкони бўлмаганда у Комиссия раисини олдиндан хабардор этиши керак.
21. Комиссия аъзоси:
Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган барча масалалар бўйича овоз беришга;
Комиссия кўриб чиқиши учун масалалар ва таклифлар киритишга;
қарорларни тайёрлашда, муҳокама қилишда, қабул қилишда, шунингдек уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш ҳамда бажарилишини назорат қилишда иштирок этишга;
кўриб чиқилаётган масалага доир ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа зарур ахборот билан танишишга;
Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда, ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.
Комиссия аъзоси ушбу Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Одоб-ахлоқ қоидалари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва Комиссия мажлисларини ўтказиш тартиби
22. Одоб-ахлоқ қоидаларининг депутат томонидан бузилиши билан боғлиқ ўрганишни дастлабки тарзда ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
юридик ва жисмоний шахслардан депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларнинг келиб тушганлиги;
оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган депутатнинг ножўя ҳаракатлари тўғрисидаги хабарлар;
депутат томонидан қонун ҳужжатлари, умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормалари ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқиш ҳақида Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг топшириғи ёки Қонунчилик палатаси Спикерининг, депутат таркибига киритилган фракция раҳбарининг, таркибига сайланган қўмита, комиссия раисининг таклифи;
депутат деган номга доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ҳақидаги корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслар томонидан берилган хабарлар;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий хабарлари.
23. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишлар Комиссия томонидан бундай ахборот келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ўрганиб чиқилади.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган айрим ҳолларда, юқоридаги муддат Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан кўпи билан яна ўн беш кунга узайтирилиши мумкин.
24. Депутат ўзининг ҳуқуқига, шаънига, қадр-қимматга ва ишчанлик обрўсига дахл қиладиган мурожаат бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзини ҳимоя қилишга ҳақли.
25. Ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва холисона қарор қабул қилиш мақсадида, Комиссия мажлисига ўзига нисбатан масала кўриб чиқилаётган депутат, зарур бўлган ҳолларда эса мурожаат қилувчи ва бошқа шахслар таклиф этилади. Комиссия мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг келмаганлиги мурожаатни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
26. Комиссия мажлисида:
кун тартибидаги масала ўқиб эшиттирилади;
Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг топшириғи, Қонунчилик палатаси Спикерининг, депутат ўзи таркибига киритилган фракция раҳбарининг, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия раисининг таклифи ёки депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаат ўқиб эшиттирилади;
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги тўғрисида ўзига нисбатан мурожаат келиб тушган депутат, зарур бўлган ҳолларда эса мурожаат қилувчи эшитилади.
27. Ўзига нисбатан ўрганиш ўтказилаётган депутат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрганиш тайинланганлиги ва унга асос бўлган ҳужжатнинг мазмуни билан танишиб чиқиш;
ўрганиш ўтказиш бўйича Комиссия аъзолари хусусида эътирози мавжуд бўлган тақдирда, Қонунчилик палатасининг Спикерига асослантирилган раддия бериш;
ҳужжатлар, маълумотномаларни ва бошқа далилларни тақдим этиш;
ўрганиш натижасидан норози бўлган тақдирда Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда шикоят қилиш.
28. Депутатнинг зиммасига кўрилаётган иш юзасидан айбсизлигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбуриятини унинг зиммасига юклатиш мумкин эмас.
29. Депутат ўрганиш юзасидан сўралган зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотни Комиссияга тақдим этиши шарт. Бунда ўрганишни ўтказишга тўсқинлик қилишга, Комиссия аъзоларига ўз вазифаларини амалга оширишига халақит беришга ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
30. Мурожаат материаллари, Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг топшириғи ёхуд Қонунчилик палатаси Спикерининг, депутат ўзи таркибига киритилган фракция раҳбарининг, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия раисининг таклифи билан танишиб чиқиш якунлари бўйича Комиссия депутатнинг ҳаракатларида Одоб-ахлоқ қоидалари бузилиши фактининг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди.
31. Одоб-ахлоқ қоидаларининг депутат томонидан бузилганлиги факти аниқланган тақдирда, Комиссия:
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган ҳолда депутатга огоҳлантириш беришга;
депутатдан тегишинча Қонунчилик палатаси, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узр сўрашни талаб қилишга;
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига депутат томонидан йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттиришга;
Қонунчилик палатасининг Кенгашига депутатнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш бўйича таклиф киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга;
Қонунчилик палатасига депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш бўйича таклиф киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
32. Депутатларнинг хатти-ҳаракатига доир қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
комиссияда олдин кўриб чиқилган мурожаат ва айнан шу мазмундаги такрорий мурожаатлар;
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларга тегишли ваколат берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
33. Комиссия қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат қилувчига, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилган депутатга ва Қонунчилик палатасининг Кенгашига ёзма равишда маълум қилади.
Қонунчилик палатаси қарорининг лойиҳаси Комиссия томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилганда унга қисқа тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.
34. Комиссия қарори устидан Қонунчилик палатасига шикоят қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси Комиссия қарорини бекор қилишга ва ўз ваколатлари доирасида бошқа қарор қабул қилишга ҳақли.
35. Депутат томонидан Қонунчилик палатасининг мажлиси жараёнида Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ чоралар кўради, шунингдек Комиссияга депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари талабларининг бузилганлиги масаласини кўриб чиқишни таклиф этишга ҳақли.
36. Мурожаат Комиссия қарори қабул қилингунига қадар унинг ташаббускори томонидан қайтариб олиниши мумкин.
37. Тарафларнинг ярашуви муносабати билан, шунингдек депутат ўз хоҳиши билан ошкора узр сўраган ҳолларда, депутат таъсир чоралари қўлланилишидан озод этилиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
38. Комиссия фаолиятига моддий-техника, ахборотга оид ва бошқа хизматлар кўрсатиш Қонунчилик палатасининг Девони томонидан таъминланади.
39. Мазкур Низом талабларини бузиш тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2025 йил 21 январдаги 353-V-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидалари
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати (бундан буён матнда депутат деб юритилади) учун унинг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириши чоғида мажбурий бўлган хулқ-атворнинг маънавий-ахлоқий принциплари ва қоидалари белгиланади.
2. Одоб-ахлоқ қоидалари депутатнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
3. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига, шунингдек Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилади.
4. Депутат ўз фаолиятида умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқларини, шаънини, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек депутат номига доғ туширадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши керак.
5. Депутат ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўзи таркибига кирган сиёсий партия, сиёсий партия фракциясининг (бундан буён матнда фракция деб юритилади), шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмитанинг, комиссиянинг иш режаларида, қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаши, ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, назарий билимларини ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак.
6. Депутат ўз ваколатлари даврида илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Депутатнинг илмий, ижодий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши унинг асосий касбий вазифаларини бажаришига зарар етказмаслиги керак.
7. Депутат ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши керак:
инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш;
сайловчиларнинг, ўзини депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш;
депутатлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, ўз фаолияти тўғрисида сайловчиларни доимий равишда хабардор қилиб бориш.
2-боб. Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши, фракция, қўмита ва комиссия мажлисларида депутатнинг ўзини тутиши қоидалари
8. Депутат Қонунчилик палатасининг, фракциянинг, ўзи таркибига сайланган қўмита ва комиссиянинг мажлисларида иштирок этиши шарт.
Мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, депутат бу ҳақда тегишинча Қонунчилик палатаси Спикерига, фракция раҳбарига, қўмита, комиссия раисига камида бир кун олдин (мажлисда иштирок этиш имкониятига тўсқинлик қилувчи тўсатдан юзага келган вазият бўйича мажлис бошланишидан олдин) хабар қилиши шарт.
Депутат Қонунчилик палатаси, фракция, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат учун депутатнинг бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолинади. Бунда депутатнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, хизмат сафарида, меҳнат таътилида ёки ижтимоий таътилда бўлганлиги, шунингдек Қонунчилик палатаси Спикерига, фракция раҳбарига, қўмита, комиссия раисига олдиндан хабар берилган, мазкур мажлисларда иштирок этмасликнинг бошқа сабаблари Қонунчилик палатаси, фракция, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида иштирок этмаслиги учун узрли сабаблар ҳисобланади.
9. Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг, фракциянинг, қўмита ва комиссиянинг мажлисларида депутат:
ўз нутқида депутатларнинг ёки бошқа шахсларнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни, имо-ишораларни қўлламаслиги;
мажлисларни ўтказишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги: сўзга чиққанларнинг сўзини бўлмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 81 ва 82-моддаларида назарда тутилган тартибга зид равишда ўз фикрини баён қилишга уринмаслиги;
ўтирган жойидан бақирмаслиги, муҳокама этилаётган масала юзасидан сўзга чиққанларнинг ўз нуқтаи назарини эркин баён этишига тўсиқлар юзага келтирмаслиги;
турли узрсиз сабабларга кўра мажлислар залидан намойишкорона чиқиб кетмаслиги;
кун тартибидаги муҳокама қилинаётган масаладан имкон қадар четга чиқиб сўзламаслиги, бирор шахснинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи асоссиз айбловга йўл қўймаслиги;
сўзга чиқишлар, депутатлик фаолиятининг бошқа шаклларини амалга ошириш чоғида била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг ва Одоб-ахлоқ қоидаларининг талабларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги керак.
10. Депутат Одоб-ахлоқ қоидаларининг 9-бандида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда, мажлисда раислик қилувчи:
бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида депутатни огоҳлантиришга;
депутатни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга;
депутатдан мажлислар залини тарк этишни талаб қилишга;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясидан (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тегишли депутатнинг хатти-ҳаракатига баҳо беришни сўрашга ҳақли.
11. Депутат мажлисда шахсан овоз бериши ҳамда овоз бериш карточкасининг лозим даражада сақланишини таъминлаши шарт.
Овоз беришни бошқа депутатга ёки ўзга шахсга берган депутатнинг хатти-ҳаракатлари бўйича Комиссия ёки унинг таклифи билан палата томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларида ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
3-боб. Депутатнинг бошқа депутатлар, сайловчилар, сиёсий партия ва фракция, Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари билан ўзаро муносабати
12. Депутатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлилик, бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиш асосида йўлга қўйилади.
13. Депутатлар танқидга сабр-тоқат билан ёндашиши, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикрларга қўполлик билан муносабат билдирмаслиги керак.
14. Депутатлар ўз ишида ҳар қандай масалани эркин жамоавий муҳокама қилиши, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиши, низоларга йўл қўймаслиги, келишмовчиликларни очиқ фикр алмашиш орқали бартараф этиш йўлларини биргаликда излаши керак.
15. Депутат ўз округидаги сайловчилар билан доимий равишда алоқада бўлиб туради. Депутатнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатлари ўзаро ҳурмат, сайловчилар томонидан кўтариладиган муаммолар ва масалаларга депутатнинг эътибор билан муносабатда бўлишига асосланади.
16. Депутат:
ўз сайловчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чораларини кўриши;
сайловчилардан тушган таклифларни, аризаларни, шикоятларни кўриб чиқиши, уларда кўрсатилган масалаларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини олдиндан белгиланган жадвал асосида шахсан қабул қилиши керак.
17. Депутат сайловчилар билан ишлашга виждонан ва ҳалол ёндашиши, улар билан бўладиган учрашувларда шахсан иштирок этиши, бу жараёнда расмиятчиликка йўл қўймаслиги ҳамда сохта ҳисоботлар тақдим этмаслиги шарт.
18. Депутат ўз иши ҳақида сайловчиларни белгиланган тартибда вақти-вақти билан, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилади.
Депутат томонидан сайловчиларга тақдим этиладиган ахборот тўлиқ, тўғри ва холисона бўлиши керак.
19. Депутат уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва фракция билан алоқа боғлаб туради ҳамда уларнинг уставида (низомида) белгиланган одоб-ахлоқ ва интизом қоидаларига амал қилади.
Депутат Қонунчилик палатасида уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия манфаатларини ифода этади.
20. Депутатнинг Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари билан ўзаро муносабати ҳурмат, профессионаллик асосида амалга оширилади.
Депутат Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчилари учун ўрнак бўлиши, уларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши, уларни жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар бўйича камситмаслиги керак.
Депутат Қонунчилик палатаси Девони ходимлари ҳамда ёрдамчиларидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслиги ёки уларнинг зиммасига хизмат мажбуриятлари жумласига кирмайдиган вазифаларни юклатмаслиги керак.
Депутат яқин қариндошлари (ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзанди, эри (хотини), шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари) унинг ёрдамчиси бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя этиши шарт.
4-боб. Депутат томонидан жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганишда депутатлик одоби
21. Депутат жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар чоғида ва соҳаларни ўрганиш жараёнида олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, ўрганилаётган масаланинг туб моҳиятига етиши, учрашувларда шахсан иштирок этиши шарт.
22. Жойларга чиққанда расмиятчиликка ва кўзбўямачиликка йўл қўймаслиги ҳамда холис ва ҳаққоний ҳисоботлар тақдим этиши керак.
23. Жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганишда депутатнинг давлат органларига, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тазйиқ ўтказишига, улар фаолиятига аралашишига ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишига, ўз фаолиятини қонунчиликка зид равишда амалга оширишга ундашига, бундай ҳаракатни бажармаганлик учун дўқ-пўписа қилишига ва босим ўтказишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Оммавий чиқишлар чоғидаги депутатлик одоби
24. Депутат оммавий ахборот воситаларидаги, матбуот конференцияларидаги, бошқа жамоат тадбирларидаги ва омма олдидаги баёнотларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида очилган шахсий саҳифаларида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида (блог, пост, изоҳ қолдиришда):
Қонунчилик палатасининг, уни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва фракциянинг нуфузини туширишга олиб келиши ёки ўз ваколатларини виждонан амалга оширишига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати, ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслиги ҳамда асосли ва конструктив танқидни тўғри қабул қилиши;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар фаолиятига ҳамда фуқароларга нисбатан эътирозлари мавжуд бўлса, уларни асосланган, аниқ муаммога қаратилган ҳолда баён этиши, текширилмаган, исботланмаган маълумотлар ва далиллардан фойдаланмаслиги;
юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига, жисмоний шахсларнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган асоссиз, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тарқатмаслиги;
фуқаролар билан мулоқотда уларнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз иборалар ва сўзларни қўлламаслиги ҳамда асоссиз айбловларга йўл қўймаслиги, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга даъват этмаслиги ҳамда била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги керак.
Депутат оммавий чиқишлари чоғида суд тизими ва судьялар ҳақида танқидий фикр билдиришда уларнинг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги, танқидий фикрлар далиллар билан асосланган ва аниқ бўлиши ҳамда судга ҳурматсизликни ифода этмаслиги керак. Депутат судлар сиёсатдан холи эканлигини ва танқидларга жавоб бериши унинг холислигини шубҳа остига қўйиши мумкинлигини инобатга олиши зарур.
25. Агар депутатнинг омма олдидаги баёнотларида фуқароларнинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига, юридик шахснинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларига янглишлигини ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқародан ва (ёки) юридик шахсдан узр сўраши керак.
26. Депутат бошқа депутатларнинг касбий ва шахсий сифатларини ошкора шубҳа остига қўймаслиги лозим.
27. Депутат ўзига расман ваколат берилган ҳоллардагина Қонунчилик палатаси номидан сўзлаши мумкин.
6-боб. Депутатнинг мақомидан ғайриқонуний равишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги
28. Депутат ўз мақомидан фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланиши мумкин эмас.
Депутатнинг ўз мақомидан, шу жумладан назорат ваколатларидан:
ўзи, қариндошлари ва ўзига яқин бошқа шахслар учун манфаат, хизматлар, тижоратга оид наф ёки бошқа наф олиш;
суд ҳокимияти органлари фаолиятига аралашиш, шахсий масалалар бўйича давлат органларига ва ташкилотларига, давлат хизматчиларига ва бошқа шахсларга таъсир ўтказиш;
ижро этувчи ҳокимият органларининг кадрлар сиёсатига аралашишга, муайян шахсларни ишга қабул қилишга, лавозимини кўтаришга ёки моддий ёхуд маънавий рағбатлантиришга ундаш;
қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлар олиш мақсадида ёхуд қонунчиликка зид бўлган бошқа мақсадларда фойдаланишига йўл қўйилмайди.
29. Депутат моддий манфаатдорлик эвазига Қонунчилик палатаси, фракция, қўмита, комиссия мажлисида бирор масалани олиб чиқиши ёки уни қўллаб-қувватлаб овоз бериши мумкин эмас.
30. Депутат депутатлик бланкаларидан фақат депутатлик ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий хатлари, сўровларни ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиши шарт.
Депутат давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши ҳамда ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши зарур.
7-боб. Депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан депутат томонидан олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги
31. Депутат депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар:
Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг, фракциянинг, қўмита ва комиссиянинг ёпиқ мажлисларида кўриб чиқилган масалаларга тааллуқли бўлса;
давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса;
депутатнинг дахлсизлигини чеклаш ёки депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилганлиги билан боғлиқ бўлса;
сайловчининг ёки бошқа шахснинг шахсий ҳаётига оид сири бўлса ва депутатга уларни ошкор этмаслик шарти билан ишониб маълум қилинган бўлса, ошкор этмаслиги шарт.
32. Депутат давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ўзига тақдим этилган хизматга оид расмий маълумотдан шахсий наф кўриш учун фойдаланишга ҳақли эмас.
8-боб. Хорижга хизмат сафари даврида, чет эл фуқаролари билан учрашувларда депутатлик одоб-ахлоқ қоидалари
33. Депутат расмий делегациялар таркибида ва чет эл фуқаролари билан учрашувларда олий давлат вакиллик органининг вакили эканлигини намойиш эта билиши зарур.
34. Депутат расмий делегациялар таркибида чет давлатларда бўлган пайтида хизмат сафарининг мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишга, Қонунчилик палатаси нуфузини ва, умуман, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши, ўзи борган мамлакатнинг қонунчилиги талабларига ҳамда расмий ва норасмий тадбирларни ўтказиш чоғида умум қабул қилинган одоб-аҳлоқ нормаларига риоя этиши керак.
9-боб. Хизматдан ташқари вақтда ўзини тутиш, шунингдек кийиниш одоби қоидалари
35. Депутат хизматдан ташқари вақтда депутатнинг юксак номига доғ туширадиган, ўзининг шаънига, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига, Қонунчилик палатаси нуфузига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, шу жумладан:
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслиги;
дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги ҳамда бошқаларни ғайриқонуний ҳаракатларга даъват қилмаслиги;
шахсий муносабатларда камтар, ҳалол, хушмуомала бўлиши ва ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги шарт.
36. Кундалик турмушда одоб нормаларига риоя этиш Одоб-ахлоқ қоидаларининг ажралмас қисмидир. Депутат кийиниш услубининг сиполиги ва камтароналиги билан ажралиб туришга ҳаракат қилиши керак.
Депутат, айниқса, депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида ўта дабдабали кийим-бош киймаслиги, ортиқча безаклар ва бошқа аксессуарлар тақмаслиги керак.
Сиёсий партияга аъзолиги тўхтатилган Қонунчилик палатаси раҳбарияти палата, фракция ва қўмиталар мажлисларида иштирок этганда кийим-бошида бирор-бир сиёсий партиянинг шиори ёки рамзи бўлмаслиги лозим.
10-боб. Манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши чоралар
37. Депутат ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши керак. Башарти Қонунчилик палатасининг, унинг Кенгашининг, фракциянинг, қўмитанинг, комиссиянинг мажлисида бевосита ёхуд яқин қариндошлар орқали шахсий манфаатдорликка эга бўлган масала кўриб чиқилаётган бўлса, депутат бу ҳақда раислик қилувчини хабардор қилиши шарт.
Раислик қилувчи манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида шахсий манфаатдорлиги бўлган депутатнинг муҳокамаларда сўз олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин.
38. Депутатнинг ўз ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совға олиши тақиқланади.
Депутат алоҳида хизматлари учун Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг қарори асосида олинган совғалар, шунингдек мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида ёхуд хизмат сафарлари, чет эл делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
Хизмат сафарлари, чет эл делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олинган совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан ошмаслиги лозим, ушбу миқдордан ошадиган совғалар Қонунчилик палатаси музейига топширилади.
39. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт.
Агар депутат коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан Қонунчилик палатасини ёки унинг органлари раҳбарларини ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органини дарҳол хабар қилиши ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак.
11-боб. Якунловчи қоидалар
40. Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Комиссия томонидан кўриб чиқилиши ҳамда Комиссия таклифига биноан Қонунчилик палатасига ёки унинг Кенгашига кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган депутатга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:
депутатга Одоб-ахлоқ қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслигини кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;
депутатдан Комиссия ёки Қонунчилик палатаси, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш;
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига депутат томонидан йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш;
депутатнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш;
депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш.
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда, Комиссия ёки Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши қарорига асосан депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала кўриб чиқилади ҳамда унга нисбатан ушбу банднинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилади. Ушбу банднинг олтинчи хатбошисида назарда тутилган таъсир чораси Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорига асосан қўлланилади, ушбу банднинг еттинчи хатбошисида назарда тутилган таъсир чораси эса Қонунчилик палатасининг қарорига асосан қўлланилади.
41. Депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда, алоҳида ҳолларда, Қонунчилик палатаси депутатни «адолатли депутат», «халқпарвар депутат» ёки «меҳнаткаш депутат» мақомидан маҳрум қилиши мумкин.
42. Депутат томонидан умум қабул қилинган одоб нормаларини, депутатлик одобини қўпол тарзда бузадиган, депутатнинг юксак номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда, у қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши ёхуд Қонунчилик палатаси қарори билан унинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши мумкин.