toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 3 декабрдаги КҚ-9-V-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2024 йил 19 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Сенатнинг ҳаракатлар дастури 18-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддаси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига:
бир ой муддатда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётини ўз сессияларида кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳалари ушбу Услубиётда белгиланган қоидалар асосида ишлаб чиқилиши ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари лойиҳалари туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказларида ушбу Услубиётга асосан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб борилишини таъминласин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятларининг олий юридик маълумотга эга масъул ходимларига давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ўз вақтида бериб борилишини таъминласин;
халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари юристконсультларини тизимли равишда малакасини ошириб бориш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази (Қ. Муқумов) ушбу Қарор ижросини таъминлашда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари котибиятларига амалий ёрдам кўрсатсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (А. Туйчиев) зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 28 январь,
КҚ-55-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 28 январдаги КҚ-55-V-сонли қарорига
ИЛОВА
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш
УСЛУБИЁТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти (бундан буён матнда Услубиёт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
2. Услубиётда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарори — халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) сессияларида қабул қилинадиган, нормаларни (ҳуқуқий нормаларни) белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат;
ҳуқуқий экспертиза — қарор лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлигини, шу жумладан қарор лойиҳасида ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш;
қонунчилик техникаси — ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини ташкил қилиш ва амалга ошириш учун фойдаланиладиган қоидалар, методлар, воситалар ва усуллар (инструментлар) мажмуи;
«E-kengash» электрон тизими — халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан қабул қилинадиган қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни таъминловчи электрон тизим.
3. Маҳаллий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ёки норматив-ҳуқуқий бўлмаган қарорлар қабул қилади.
4. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш, келишиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш «E-kengash» электрон тизими орқали амалга оширилади.
«E-kengash» электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий Кенгаш қарорлари қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
5. Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг маҳаллий Кенгаш котибияти юрисконсультига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишини таъминлайди.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши раиси, котибият мудири халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши қарори лойиҳасини туман ва шаҳар адлия бўлимлари ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказларига (бундан буён матнда Юридик хизмат кўрсатиш маркази деб юритилади) ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишини таъминлайди.
6. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси юзасидан ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича хулосанинг мавжудлиги маҳаллий Кенгаш томонидан қарорларни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
7. Ҳуқуқий нормаларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлмаган ҳужжатларга (хатлар, телефонограммалар, хусусий масалалар бўйича тушунтиришлар, якка тартибдаги хусусиятга эга ҳужжатлар ва бошқалар) киритилишига йўл қўйилмайди.
8. Маҳаллий Кенгашларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклидаги барча қарорлари лойиҳалари маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгандан сўнг белгиланган тартибда адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
Маҳаллий Кенгашларнинг қуйидаги ҳужжатлари ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди:
шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш ва бошқа шу кабилар);
тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);
муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;
сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;
ҳисоботларни эшитиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжатлар;
тавсия хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар;
умуммажбурий хусусиятга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.
Ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган ҳужжатларда умуммажбурий ҳуқуқий нормалар бўлмаслиги лозим.
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида ҳатто битта умуммажбурий хусусиятга эга ҳуқуқий норма ўрнатилган бўлса ҳам ушбу лойиҳа ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.
2-боб. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини «E-kengash» электрон тизими орқали ишлаб чиқиш
1-§. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини «E-kengash» электрон тизими орқали ишлаб чиқишни ташкил этиш
9. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси маҳаллий Кенгаш доимий ёки муваққат комиссияси, партия гуруҳлари, депутатлар, маҳаллий Кенгаш котибияти ёки манфаатдор давлат органи томонидан (бундан буён матнда ишлаб чиқувчи деб юритилади) «E-kengash» электрон тизими орқали ишлаб чиқилади.
10. Ишлаб чиқувчи томонидан маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш учун зарур ҳолларда ишчи гуруҳ (комиссия) ташкил этилиши мумкин.
11. Ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар ва бошқа ташкилотларнинг тегишли билим ва тажрибага эга бўлган вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин.
Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари ва фуқаролар ўз розилиги билан ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига киритилади.
12. Ишлаб чиқувчи маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда:
қонунчиликнинг ҳолатини, қарор лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганади;
ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган бўшлиқлар ва зиддиятларни, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонунчиликнинг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлайди;
ижтимоий муносабатларнинг тегишли соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаш нуқтаи назаридан қонунчиликни хатловдан ўтказади;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек айрим фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ҳамда улардан фойдаланади;
халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олади, шунингдек бошқа давлатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги тажрибани ўрганади;
қарор лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предметига тааллуқли илмий тадқиқотлар натижаларини, оммавий ахборот воситаларидаги, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги мақолаларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганади;
қарорни амалга ошириш учун зарур бўладиган молиявий-иқтисодий харажатларга бўлган эҳтиёжни, уларнинг ўрнини қоплаш миқдорлари ва манбаларини белгилайди.
2-§. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг матнига ва тузилишига доир талаблар
13. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши керак. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг матни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишга олиб келмаслиги керак. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг жумлалари расмий тил услубидан ва юридик атамалардан фойдаланилган ҳолда, умумқабул қилинган грамматика, имло ва пунктуация қоидаларига мувофиқ тузилади.
14. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг матни қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:
жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги;
таърифнинг аниқлиги;
баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги.
15. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида, шунингдек унга илова қилинадиган ҳужжатларда қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:
оғзаки нутқ шакллари;
давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар мавжуд бўлган тақдирда, чет тиллари атамалари;
эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар;
аббревиатура ва қисқартмалар (бундан умумқабул қилинган аббревиатура ва қисқартмалар, шунингдек қонуности ҳужжатларининг иловаларидаги ташкилотларнинг қисқартирилган номлари мустасно).
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган;
жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситиш имконини яратадиган;
жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарликни, қўшимча тўлов ва йиғимларни, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни белгилайдиган, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келадиган, шунингдек рухсат бериш хусусиятига эга бўлган нормалар киритилиши тақиқланади.
16. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида қонунчиликда мавжуд бўлмаган тушунча ва атамалар, шунингдек техникавий ва бошқа махсус тушунчалардан фойдаланилганда уларнинг таърифлари берилади. Қонунчилик амалиётига мувофиқ умум қўлланиладиган тушунчаларга таъриф бериш талаб этилмайди.
17. Тушунчанинг ёки атаманинг таърифи унинг мазмунини тўлиқ очиб бериши керак. Тушунчани ёки атамани айнан шу тушунчанинг ўзи ва атама орқали, шунингдек ўзи таърифланиши лозим бўлган бошқа тушунча ва атамалар орқали таърифлашга йўл қўйилмайди.
18. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида кўп маротаба қўлланилган уч ва ундан ортиқ тушунчага таъриф бериш зарурати бўлганда улар алоҳида бандда кўрсатилади ва маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси матнининг бошида келтирилади.
19. Сўз бирикмалари бир неча марта қўлланилган тақдирда, улар биринчи бор қайси таркибий бирликда (бандда, кичик бандда, хатбошида) қўлланилган бўлса, ўша таркибий бирликда тўлиқ таҳрирда баён қилинади ва мазкур тушунчанинг қарор лойиҳасининг кейинги қоидаларида қўлланиладиган қисқартирилган таърифи қавс ичида бош келишикда кўрсатилади.
20. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган ҳуқуқий нормалар қайта такрорланмайди.
Зарур бўлганда қарор лойиҳасида юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим қоидалари мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилинган ҳолда акс эттирилади.
21. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳоллардагина ёки такрорлашларга йўл қўймаслик учунгина лойиҳа матнига киритилишига йўл қўйилади. Ҳаволалар аниқ бўлиши ва муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак.
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида давлат органларининг баённомаларига, топшириқларига ва хатларига ҳавола қилишга йўл қўйилмайди.
22. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси бандининг матнини шу лойиҳанинг бошқа бандларида такрор баён қилишга йўл қўйилмайди.
23. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг тузилиши тартибга солиш предметининг мантиқан ривожланиб бориши ва ёритилишини таъминлаши керак.
24. Ҳажмига кўра маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси пасайиб борувчи қуйидаги таркибий бирликларга бўлинади: бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, бандлар, кичик бандлар ва хатбошилар.
25. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг бўлимлари рим рақамлари, кичик бўлимлари ва боблари эса араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади. Параграфлар «§» белгиси билан белгиланади, араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади.
Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларнинг белгиси ва номи бош ҳарф билан, «ярим қора» шрифтда, матн марказига тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз, битта қаторда рақами кўрсатилиб, кетидан нуқта қўйилган ҳолда ёзилади.
26. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида қуйидаги таркибий бирликнинг киритилишига йўл қўйилмайди, агар:
боблар бўлмаса, «бўлим» бирлигининг;
бўлимлар бўлмаса, «кичик бўлим» бирлигининг;
бандлар бўлмаса, «кичик банд» ва «хатбоши» бирликларининг.
27. Ҳар бир ишлаб чиқиладиган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси номга эга бўлиши керак. Ном қисқа, тушунарли ифодаланиши ва унинг асосий ҳуқуқий тартибга солиш предметини акс эттириши зарур.
28. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси уни қабул қилиш сабаблари ва мақсадларини тушунтиришдан иборат бўлган, маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг бошланишида жойлаштириладиган муқаддимага эга бўлиши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг муқаддимаси унинг мазмунини мантиқий ривожлантирувчи бир нечта хатбошида баён этилиши мумкин.
Муқаддима:
мустақил норматив кўрсатмаларни ўз ичига олмаслиги;
қарор қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топилиши, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим бўлган бошқа ҳужжатларга доир ҳаволаларга эга бўлмаслиги;
қарорда қўлланиладиган асосий тушунчаларнинг аҳамиятини ўз ичига олмаслиги;
рақамланмаслиги керак.
29. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг муқаддимасида унинг қабул қилиниши учун асос бўлган ёки ижроси таъминланаётган қонунчилик ҳужжатлари кўрсатилиши мумкин.
30. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида унинг (ёки унинг таркибий бирликларининг) расман эълон қилингандан сўнг ёхуд бошқа кечроқ муддатда кучга кириши тўғрисида банд киритилиши лозим.
Бунда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомили мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.
31. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида ҳуқуқий нормалар араб рақамларида нуқта қўйилган ҳолда кетма-кет рақамланиб, бандлар тарзида баён қилинади, шунингдек сарлавҳаларга эга бўлмайди.
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида нормаларни иккиланган (қўшалоқ) тарзда рақамлашга ҳамда бир вақтнинг ўзида кичик бандларни ва мустақил (кичик бандлар билан боғланмаган) хатбошиларни баён этишга йўл қўйилмайди.
32. Ҳар бир банд, қоида тариқасида, битта нормани ўз ичига олиши ҳамда тўлиқ ва тугалланган мазмунга эга бўлиши керак.
Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қарор қисмига энг муҳим бўлган ҳуқуқий нормалар киритилади.
33. Бандлар кичик бандлар ёки хатбошиларга бўлиниши мумкин.
34. Кичик бандлар доирасимон қавс билан ёпиладиган кичик ҳарфлар билан белгиланади. Ҳарфлар алифбо бўйича кетма-кетликда баён қилиниши керак.
35. Кичик бандлар фақат хатбошиларга бўлиниши мумкин. Хатбошилар бошланишида дефис ёки бошқа белгиларни ишлатишга йўл қўйилмайди.
36. Маҳаллий Кенгаш қарори билан ушбу ҳужжатларнинг таркибий қисми бўлган низомлар, қоидалар, йўриқномалар тасдиқланиши мумкин.
37. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасига талаблар, рўйхатлар, жадваллар, графиклар, тарифлар, хариталар, схемалар, тузилмалар, ҳужжатларнинг, бланкаларнинг намуналари, шунингдек тавсия хусусиятига эга ҳужжатлар (намунавий низомлар, уставлар, услубий тавсиялар ва бошқалар) илова қилиниши мумкин.
38. Агар маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қарор қисмидаги бандлари (кичик бандлари, хатбошилари) билан ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилган бўлса, ҳужжатнинг тегишли таркибий бирлиги ва у томонидан тасдиқланадиган ҳужжатнинг номи бир-бирига мос равишда баён этилиши керак.
39. Бўлимлардан иборат бўлган иловалар изчил кетма-кетликда рақамланган бандларга эга бўлади. Бўлим номга эга бўлади.
3-§. Қарор лойиҳасини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш тартиби
40. Қарор лойиҳасининг матни А4 форматидаги варақнинг бир томонида унинг масштаби кичрайтирилмаган ҳолда жойлаштирилиши керак.
41. Агар маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси икки ёки ундан ортиқ саҳифада баён этилган бўлса, унинг ҳар бир саҳифаси ва иловалари алоҳида рақамланиши керак. Саҳифанинг тартиб рақами саҳифанинг юқорисида ўртада 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Биринчи саҳифада 1 рақами қўйилмайди.
42. Қарор лойиҳаси, қоида тариқасида, Microsoft Word редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:
саҳифанинг чап ҳошияси 3 см, ўнг ҳошияси 2 см, паст ва юқори ҳошиялари 2 см;
14 ўлчамли шрифт;
биринчи қаторнинг сатр бошиси 1,27 см;
қаторлар ўртасидаги интервал (множитель) 1.
43. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг биринчи саҳифаси юқори қисмининг ўнг бурчагида «Лойиҳа» сўзи қўйилади, унинг ўлчами матн шрифти ўлчами билан айнан бир хил бўлиши лозим.
44. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси турининг матни бош ҳарфлар билан, матнини марказга тўғриланган ҳолда, «ярим қора» шрифтда, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз расмийлаштирилади. Қарор лойиҳасининг тури икки қаторда ифодаланади.
45. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг номи кичик ҳарфларда, «ярим қора» шрифтда, матн марказга тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлараро бирлик интервалда ва сатр бошисиз ёзилади.
46. Матннинг ҳар бир қаторида сўзлар кўчирилмасдан тугалланган бўлиши лозим. Ҳар бир қатор охирида боғловчилар, «№» белгиси, сонлар қисми, аббревиатуралар ва бошқа шу кабилар, қоида тариқасида, қолдирилмайди.
47. Илова белгиси 12 ўлчамли шрифтда саҳифанинг юқори ўнг бурчагида, илованинг рақами (агар иловалар бир нечта бўлса), илова қилинаётган ҳужжат тури кўрсатилган ҳамда ҳужжат рақами ва санаси учун жой қолдирилган ҳолда жойлаштирилади.
48. Илованинг номи кичик ҳарфларда, «ярим қора» шрифтда, матн марказга тўғриланган ҳолда, қўштирноқларсиз, қаторлар ўртасидаги бирлик интервалда ва сатр бошисиз ёзилади.
4-§. Маҳаллий Кенгаш қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги лойиҳаларни тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари
49. Маҳаллий Кенгаш қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси, қоида тариқасида, қуйидаги ҳолларда тайёрланади:
маҳаллий Кенгаш қарорларини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига мувофиқлаштиришга доир талабларини бажариш;
агар ишлаб чиқилаётган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини бошқа қарорларга ўзгартириш ёки унга қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш заруратини келтириб чиқарса;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини тайёрлаш жараёнида худди шундай муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжудлиги маълум бўлиб қолганда ҳамда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилмасдан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш имконияти аниқланганда;
айни бир масала бўйича бир талай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлишини ва ҳуқуқий нормаларда аниқланган зиддиятларни бартараф этиш учун.
50. Қуйидагилар қарорларга ўзгартиришлар киритиш деб эътироф этилади:
рақамлар, сўзлар, жумлалар, графалар, блоклар ва позицияларни алмаштириш;
хатбошилар, кичик бандлар, бандлар, параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, иловаларни ўз кучини йўқотган деб топиш ёки рақамлар, сўзлар, жумлалар, графалар, блоклар, позициялар ва хатбошиларни чиқариб ташлаш;
хатбошилар, кичик бандлар, бандлар, параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, иловаларни, шунингдек параграфлар, боблар, кичик бўлимлар, бўлимлар, иловаларнинг номларини янги таҳрирда баён қилиш.
Графа — икки вертикал чизиқ билан чегараланган жадвал шаклида ифодаланган матннинг, ҳужжатнинг бўлими ёки банди.
Блок — турли шаклларда (тўртбурчак, тўғри бурчак, цилиндр, овал ва ҳ.к.) функционал жиҳатдан бирлаштирилган жадвалларнинг бир қисми.
Позиция — икки горизонтал чизиқ билан чегараланган жадвал шаклида графада ифодаланган матннинг, ҳужжатнинг бўлими, кичик бўлими, боби, банди, кичик банди.
51. Қуйидагилар қарорларга қўшимчалар киритиш деб эътироф этилади:
қарорнинг таркибий бирлигини янги сўзлар, рақамлар ёки жумлалар билан тўлдириш;
қарорларни таркибий бирликлар (бўлим, кичик бўлим, боб, параграф, илова, графа, блок, позиция, банд, кичик банд ва хатбоши) билан тўлдириш.
52. Қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи матн қуйидагиларга бўлинади:
арабча рақамлар билан нуқта қўйиб рақамланадиган бандлар;
кичик ҳарфларда қавс билан рақамланадиган кичик бандлар;
хатбошилар.
53. Агар банд билан тегишли қарорга фақат битта ўзгартириш ёки қўшимча киритиш назарда тутилган бўлса, кичик бандлар қўлланилмайди.
54. Қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда унинг бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфлари, бандлари рақамлар билан рақамланиши ҳамда кичик бандларининг рақамлар билан рақамланиши ёки ҳарфлар билан рақамланиши ўзгармайди.
55. Агар қарорлар янги таркибий бирликлар билан тўлдирилаётган бўлса, уларни асосий рақам ёки ҳарф белгилари тепасига қўйиладиган қўшимча рақамлар билан белгилаш зарур.
56. Асосий рақам ёки ҳарф белгилари тепасига қўйиладиган рақамларни қўшишга фақат кейинги ўзгартиришлар ва қўшимчаларни киритишда йўл қўйилади. Таркибий бирликларнинг барча рақамланиши ўзгаришининг олдини олиш учун бундай белгилардан фақат кейинги қўшимчаларда фойдаланилади.
57. Агар тегишли қўшимчалар қарорларнинг таркибий бирлиги (бўлим, кичик бўлим, боб, параграф, банд, кичик банд ва хатбоши) охирига киритилаётган бўлса, мавжуд рақамланиш давом этади.
58. Банд ёки кичик банд янги хатбоши билан тўлдирилганда мазкур банднинг ёки кичик банднинг кейинги хатбошилари рақамланиши тегишли тартибда ўзгаради.
59. Агар маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси бир вақтнинг ўзида бир нечта қарорга ёки уларнинг таркибий бирликларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутаётган бўлса, мазкур ҳужжатлар (уларнинг юридик кучи ва қабул қилинган санаси бўйича) хронологик тартибда жойлаштирилади. Айнан битта санада қабул қилинган ҳужжатлар уларнинг рақамларига мувофиқ ортиб бориш тартибида жойлаштирилади.
60. Агар қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида ушбу нормалар икки ёки ундан ортиқ бандни ташкил этса ва ҳажми катта бўлса, улар лойиҳага илова (иловалар) тарзида тайёрланади.
61. Қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда мазкур ҳужжатнинг тури, қабул қилиш санаси, рақами ва номи кўрсатилади.
62. Агар тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қарорнинг иловасига киритилаётган бўлса, маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида тегишли ҳужжатнинг номи келтирилмайди, балки у билан тасдиқланган илованинг номи кўрсатилади.
63. Ўзгартирилаётган, тўлдирилаётган ва чиқариб ташланаётган сўзлар ҳамда рақамлар қўштирноқ ичига олинади.
64. Агар илованинг, бўлимнинг, кичик бўлимнинг, бобнинг, параграфнинг, банднинг, кичик банднинг, хатбошининг ва жумланинг матнини сезиларли ўзгартириш талаб этилса, уларни янги таҳрирда баён этиш зарур.
65. Агар қарорнинг банди ёки кичик банди кириш хатбошисининг давоми бўлган хатбошилардан иборат бўлса, хатбошиларни ҳисоблаш кириш хатбошисидан бошланади.
66. Қарорларни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи қарор лойиҳасининг иловаси фақат бандлардан иборат бўлади. Бу ҳолда бандлардан иборат ўз кучини йўқотган деб топилаётган қарорларнинг рўйхати келтирилади.
67. Бутун қарорни ёки унинг кичик бандига қадар бўлган, шу жумладан кичик бандни ҳам қўшган ҳолда, таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган ҳолларда, ушбу ҳужжат умуман ёки унинг кичик бандига қадар бўлган, шу жумладан кичик бандни ҳам қўшган ҳолда, таркибий бирлиги ўз кучини йўқотган деб топилади.
Қарорнинг хатбоши тарзидаги таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган ҳолларда, мазкур хатбоши чиқариб ташланади.
68. Қарорнинг тегишли таркибий бирликлари ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, кейинги таркибий бирликларнинг рақамланиши ўзгармайди.
Хатбоши чиқариб ташланганда кейинги хатбошиларнинг кетма-кетлиги қайта кўриб чиқилади.
69. Агар қарорда фақат битта амалдаги таркибий бирлик мавжуд бўлиб, қолганлари эса ўз кучини йўқотган бўлса, ушбу таркибий бирликни ўз кучини йўқотган деб топиш зарур бўлган тақдирда, бутун ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилиши шарт.
70. Ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган қарорларнинг рўйхатларига амал қилиш муддати тугаган вақтинчалик тусдаги ҳужжатлар ёки нормалар киритилмайди.
71. Амал қилиш муддати тугаган қарор алоҳида нормасининг ёки бутун ҳужжатнинг амал қилиш муддати узайтирилмайди. Бу ҳолда янги норма киритилишини назарда тутувчи лойиҳа тайёрланади.
72. Агар ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган бандда, кичик бандда ёки хатбошида тегишли равишда ўз кучини йўқотиши керак бўлган иловага кўрсатма мавжуд бўлса, мазкур таркибий бирлик ва унда назарда тутилган илова ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.
Агар илова тўлиқ ўз кучини йўқотган деб топилиши мумкин бўлмаса, унинг фақат тегишли таркибий бирликлари ўз кучини йўқотган деб топилиши (чиқариб ташланиши) лозим.
73. Қарор тўлиқ ёки қисман ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, ўз кучини тўлиқ ёки қисман йўқотган деб топилаётган қарорга қайси қарорнинг қоидаларига кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса, ўша қарорнинг тегишли қоидалари ҳам ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.
Илгари қабул қилинган қарорни ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи қарор ўз кучини йўқотган деб топилган тақдирда, илгари қабул қилинган қарорнинг амал қилиши тикланмайди. Мазкур қоида қарорнинг таркибий бирлигини ўз кучини йўқотган деб топишга (чиқариб ташлашга) нисбатан ҳам татбиқ этилади.
3-боб. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини маҳаллий Кенгаш котибияти юрисконсульти, Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш
74. Маҳаллий Кенгашнинг қарорлари лойиҳалари маҳаллий Кенгашнинг сессияси ўтказилишидан камида беш кун олдин тегишинча маҳаллий Кенгаш котибияти юрисконсультига, Юридик хизмат кўрсатиш марказига «E-kengash» электрон тизими орқали ишлаб чиқувчи томонидан тақдим этилади.
75. Маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳалари уч иш куни ичида маҳаллий Кенгаш котибияти юрисконсульти, Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
76. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси маҳаллий Кенгаш котибияти юрисконсульти, Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилаётганда:
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг талабларига мувофиқлиги аниқланади;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг матни Услубиётнинг 2-бобида белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқилганлиги ўрганилади;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида коррупция ёки бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда ўзга чекловларни жорий этувчи, тадбиркорлик субъектларининг асоссиз харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлили амалга оширилади;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган нормалар мавжудлиги ўрганилади;
тартибга солиш предмети (муайян соҳадаги муносабат) ва механизмининг ишлаб чиқилиш даражаси аниқланади, бунда тегишли муносабатларнинг тартибга солинганлик ҳолати ва даражасига баҳо бериш мақсадида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилади.
77. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси нормаларидаги муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солишга салбий таъсир кўрсатадиган бўшлиқлар ва номувофиқликлар ҳамда ички зиддиятлар мавжуд эмаслигига эътибор берилади ва қарор лойиҳасининг қабул қилиниш зарурати, қарор лойиҳасининг номи унинг мазмунига мувофиқлиги, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги ўрганилади.
Бунда маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси Услубиётда кўрсатилган талабларга мос равишда тайёрлангани ва расмийлаштирилганига, шунингдек ҳавола қилинаётган ҳужжатларнинг расмий манбалари тўғри кўрсатилганига аҳамият берилади.
78. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасида ишлатилган юридик, техник ва бошқа атамаларга баҳо беришда қуйидагилар ўрганилади:
атамаларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно этган ҳолда баён қилинганлиги;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасидаги атама ва тушунчаларнинг тўлиқ очиб берилганлиги;
ишлатилган қисқартмаларга тушунча берилганлиги.
79. Агар тақдим этилган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатлари ва қонунчилик техникаси қоидалари талабларига жавоб берса, лойиҳанинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида Услубиётнинг 1-иловасидаги намунага мувофиқ хулоса тузилади.
Агар тақдим этилган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлса, бироқ қонунчилик техникаси қоидалари талабларига жавоб бермаса ва ушбу камчиликлар ҳужжатни қабул қилиш жараёнида бартараф этилиши мумкин бўлганда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар кўрсатилган ҳолда Услубиётнинг 2-иловасидаги намунага мувофиқ хулоса тузилади.
80. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
хулоса рақами ва санаси;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг реквизитлари;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатлари ва қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги ҳақидаги маълумотлар;
маҳаллий Кенгаш қарорини қабул қилиш жараёнида бартараф этилиши мумкин бўлган қарор лойиҳасида йўл қўйилган қонунчилик техникаси қоидалари талабларига жавоб бермайдиган камчиликлар (агар мавжуд бўлса);
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказган юрисконсультнинг, Юридик хизмат кўрсатиш маркази масъул ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми.
81. Агар тақдим этилган маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатлари ва қонунчилик техникаси қоидалари талабларига жавоб бермаса, маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатларига номувофиқлиги тўғрисида Услубиётнинг 3-иловасидаги намунага мувофиқ хулоса тузилади.
82. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатларига номувофиқлиги тўғрисидаги хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
хулоса рақами ва санаси;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг реквизитлари;
маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатлари ва қонунчилик техникаси қоидаларига номувофиқлиги ҳақидаги маълумотлар;
ҳуқуқий экспертизадан ўтказган маҳаллий Кенгаш юрисконсультининг, Юридик хизмат кўрсатиш маркази масъул ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми.
83. Маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси якунлари бўйича маҳаллий Кенгаш юрисконсульти, Юридик хизмат кўрсатиш маркази масъул ходими лойиҳага «E-kengash» электрон тизими орқали хулоса беради.
4-боб. Якунловчи қоидалар
84. Ишлаб чиқувчилар Услубиёт талабларига риоя қилиниши учун шахсан масъулдирлар.
85. Услубиётда белгиланган талаблар бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.
86. Услубиётга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қарори асосида амалга оширилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига
1-ИЛОВА

НАМУНА

20___ йил

-сон

_____________ шаҳри

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг

«____________________(қарор лойиҳасининг номи)____________________»ги қарори лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш якунлари юзасидан

ХУЛОСА

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига мувофиқ халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «____________________(қарор лойиҳасининг номи)____________________»ги қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда қуйидагилар

АНИҚЛАНДИ:

Тақдим этилган қарор лойиҳаси ____________________(қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш асоси кўрсатилади)____________________ мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳаси ___ банддан иборат бўлиб, унда қуйидаги масалалар акс эттирилган.

Жумладан, қарор лойиҳасида ____________________(қарор лойиҳасининг қисқача мазмуни очиб берилади)____________________________________________________________.

Юқоридагиларга кўра тақдим этилган қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича

ХУЛОСА ҚИЛАМАН:

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «____________________(қарор лойиҳасининг номи)____________________»ги қарори лойиҳаси ва унинг матни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти талабларига зид эмаслиги, қонунчилик техникаси қоидаларига, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги, шунингдек уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларнинг, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ бўлмаган қоидаларнинг мавжуд эмаслиги қайд этилсин.

____________________________

_____________________

(лойиҳани кўриб чиққан шахснинг лавозими)

(исми ва фамилияси)

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига
2-ИЛОВА

НАМУНА

20___ йил

-сон

_____________ шаҳри

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг

«______________(қарор лойиҳасининг номи)______________»ги қарори лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш якунлари юзасидан

ХУЛОСА

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига мувофиқ халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «__________________(қарор лойиҳасининг номи)__________________»ги қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда қуйидагилар

АНИҚЛАНДИ:

Тақдим этилган қарор лойиҳаси __________________(қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш асоси кўрсатилади)__________________ мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳаси ___ банддан иборат бўлиб, унда қуйидаги масалалар акс эттирилган.

Жумладан, лойиҳада _____________________________(қарор лойиҳасининг қисқача мазмуни очиб берилади)______________________________________________________.

Шу билан бирга, қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида қарор лойиҳаси матни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлса-да, ундаги айрим нормалар қонунчилик техникаси қоидалари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти талабларига зид эканлиги аниқланди.

Хусусан, қарор лойиҳасининг __________________(қарор лойиҳасининг эътироз билдирилаётган қисми, шу жумладан муқаддима, банд, хатбоши ёки бошқа қисми мазмуни ҳамда у қонунчилик техникаси қоидалари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти талабларига зидлиги кўрсатилади)__________________.

Юқоридагиларга кўра тақдим этилган қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича

ХУЛОСА ҚИЛАМАН:

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «________________(қарор лойиҳасининг номи)________________»ги қарори лойиҳаси ва унинг матни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига зид эмаслиги қайд этилсин.

Шу билан бирга, халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «______________(қарор лойиҳасининг номи)______________»ги қарори лойиҳасининг ____-банди(лари) Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилсин.

____________________________

_____________________

(лойиҳани кўриб чиққан шахснинг лавозими)

(исми ва фамилияси)

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига
3-ИЛОВА

НАМУНА

20___ йил

-сон

_____________ шаҳри

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг

«_______________(қарор лойиҳасининг номи)____________»ги қарори лойиҳасини ҳуқуқий

экспертизадан ўтказиш якунлари юзасидан

ХУЛОСА

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиётига мувофиқ халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «___________________(қарор лойиҳасининг номи)_________________»ги қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда қуйидагилар

АНИҚЛАНДИ:

Тақдим этилган қарор лойиҳаси ____________________(қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш асоси кўрсатилади)__________________ мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳаси ___ банддан иборат бўлиб, унда қуйидаги масалалар акс эттирилган.

Жумладан, лойиҳада _________________________(қарор лойиҳасининг қисқача мазмуни очиб берилади)_______________________________________________________________.

Шу билан бирга, қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида қуйидаги камчиликлар аниқланди.

Хусусан, қарор лойиҳасининг _____________________(қарор лойиҳасининг эътироз билдирилаётган қисми, шу жумладан муқаддима, банд, хатбоши ёки бошқа қисми мазмуни ҳамда у қайси қонунчилик ҳужжати нормасига зидлиги кўрсатилади)___________________________________.

Шунга кўра тақдим этилган қарор лойиҳасининг __-банди _____________________(норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи ва моддаси, банди кўрсатилади)___________________ зид ҳисобланади.

Юқоридагиларга кўра тақдим этилган қарор лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича

ХУЛОСА ҚИЛАМАН:

Халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «__________________(қарор лойиҳасининг номи)_______________»ги қарори лойиҳасининг _____-банди(лари) _______________(норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи)___________________ зидлиги ва улар қонунчиликка мувофиқлаштирилиши ёки қарор лойиҳасидан чиқариб ташланиши зарурлиги ҳамда халқ депутатлари __________________ вилоят (Тошкент шаҳар, туман, шаҳар) Кенгашининг «_________________(қарор лойиҳасининг номи)____________________»ги қарори лойиҳасини тақдим қилинган таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этилсин.

____________________________

_____________________

(лойиҳани кўриб чиққан шахснинг лавозими)

(исми ва фамилияси)