Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ижросини таъминлаш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этиш ва оила аъзоларига меҳнат қилишига шароит яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қарамоғида қолишини таъминлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида:
[ОКОЗ:
1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.05.00 Давлат-хусусий шериклик]
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати (кейинги ўринларда — кундузги парвариш хизмати) йўлга қўйилади.
Бунда ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида ҳамда Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланган тартибда берилган хулосага мувофиқ қабул қилинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февралдаги 126-сон қарори билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом.
[ОКОЗ:
1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси]
2. 2025 йил 1 мартдан бошлаб кундузги парвариш хизматига оид фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.10.00 Ижтимоий жамғармалар;
2.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.07.00.00 Нафақалар. Компенсация тўловлари / 06.07.02.00 Компенсация ва бошқа ижтимоий тўловлар / 06.07.02.01 Ногиронларга компенсация тўловлари]
а) Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кун учун 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир болага базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида ва 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир болага — 27 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бунда вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 кўпайтирувчи коэффициентни қўллаш орқали аниқланади;
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун мазкур кичик банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўлаб берилади;
(2-банднинг «а» кичик банди учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-258-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2025 й., 06/25/258/1223-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 февраль)
кундузги парвариш хизмати ташкил этилган жойдан 3 километр радиусдан ортиқ масофада яшайдиган болаларнинг келиб-кетишлари учун хусусий шерик томонидан транспорт хизмати йўлга қўйилганда, унга тарбияланувчининг ҳақиқатда қатнаган кунлари сонидан келиб чиққан ҳолда бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизигача миқдорда компенсация тўланади;
б) 2027 йил 1 июлга қадар кундузги парвариш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташкил қилиш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида мебель ва жиҳозлар харид қилиш мақсадида имтиёзли кредит ажратилади.
(2-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-255-сонли Фармони таҳририда)
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.10.00 Ижтимоий жамғармалар;
2.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси;
3.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.04.00.00 Ахборотлаштириш. Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари / 12.04.02.00 Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари]
3. Белгилаб қўйилсинки, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида:
а) 2025 йил 1 мартга қадар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида, жумладан, қуйидаги имкониятларга эга «Кундузги парвариш хизматини бошқариш» ахборот модули ҳамда унинг мобиль иловаси яратилади:
мобиль илова ёрдамида тарбияланувчиларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали юритиш;
Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар миқдорини тарбияланувчиларнинг давомати асосида автоматик равишда ҳисоблаб чиқиш;
б) 2025 йил 1 сентябрга қадар болаларнинг ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий-тиббий ёрдам билан қамраб олиш, уларда ногиронликнинг олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларда муваффақиятли ижтимоийлашувни таъминлашга кўмаклашувчи, жумладан, қуйидаги имкониятларга эга «Болалар саломатлиги» ахборот тизими жорий этилади:
комплекс ижтимоий-тиббий ёрдам билан қамраб олиш учун ҳар бир бола кесимида қўйилган ташхисларни таҳлил қилиш;
рўйхатга олинган болалар учун тиббий, реабилитация, таълим, ижтимоий хизматлар ва тўловларни ўз ичига олган яхлит маълумотлар асосида кенг қамровли хизматларни ташкил этиш;
в) мазкур бандда назарда тутилган ахборот тизимларини ишга тушириш ва уларни кейинчалик сақлаб туриш харажатлари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
[ОКОЗ:
1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.04.00.00 Ахборотлаштириш. Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари / 12.04.02.00 Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари]
4. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган ахборот тизимларининг ўз вақтида ишга туширилишини ҳамда ишга тушгандан сўнг бир ой муддатда уларнинг «Тиббий-ижтимоий экспертиза» ва «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.14.00.00 Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти / 01.14.03.00 Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби;
2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.04.00 Агентликлар, инспекциялар ва бошқа идоралар;
3.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.09.00.00 Солиқ қонунчилиги / 07.09.05.00 Солиқлар ва йиғимлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар;
4.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.05.00 Давлат-хусусий шериклик]
5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:
а) уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини 2030 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод қилиш;
ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг кундузги парвариш хизматларидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш;
б) 2025 йил 1 октябрга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича таклифларни киритсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 февраль,
ПҚ-41-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 07/25/41/0106-сон; 27.12.2025 й., 06/25/258/1223-сон)