toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида божхона йиғимлари ставкаларини ушбу ташкилот қоида ва талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Божхона йиғимлари ставкалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
товарларнинг божхона расмийлаштируви учун йиғимлар миқдорини божхона органлари томонидан ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг тахминий қийматидан келиб чиқиб белгилаш;
товарларни «экспорт» ва «импорт» божхона режимларига расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғимлари ставкаларини ўзаро мувофиқлаштириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 31 январь,
55-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига
1-ИЛОВА
Божхона йиғимлари ставкалари
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Божхона йиғими тури

Йиғим ставкалари

1.

Қуйидагиларнинг божхона расмийлаштируви учун*:

а) божхона юк декларацияси (БЮД)ни тақдим этиш орқали эквиваленти қуйидаги божхона қийматидаги товарларни тегишли божхона режимларида («вақтинча сақлаш», «давлат фойдасига воз кечиш», «йўқ қилиш» ва мазкур банднинг «б», «в», «г» ҳамда «д» кичик бандларида кўрсатилган товарлардан ташқари):

10 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг** 1 баравари

10 000 дан 20 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 1,5 баравари

20 000 дан 40 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 2,5 баравари

40 000 дан 60 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 4 баравари

60 000 дан 100 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 7 баравари

100 000 дан 200 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 10 баравари

200 000 дан 500 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 15 баравари

500 000 дан 1 000 000 АҚШ долларигача

БҲМнинг 20 баравари

1 000 000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ

БҲМнинг 25 баравари

б) товарларни «транзит», «божхона ҳудудида қайта ишлаш», «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимларида (бир дона декларация учун)

БҲМнинг 25 фоизи

в) юридик шахслар томонидан олиб келинаётган нақд чет эл валютасининг (бир дона декларация учун)

БҲМнинг 2,5 баравари

г) умумий шаклдаги божхона кирим ордерини қўллаш орқали (бир дона божхона кирим ордери учун)

БҲМнинг 25 фоизи

д) халқаро курьерлик ташкилотининг мурожаатига асосан халқаро курьерлик жўнатмалари (1 кг брутто учун)

БҲМнинг 2 фоизи

2.

Декларант ёки декларацияловчи шахснинг БЮДга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича мурожаатига асосан БЮДни ўзгартириш ва (ёки) унга қўшимча киритиш учун (қоғоз шаклдаги БЮДда бир дона БЮД, электрон шаклдаги БЮДда бир дона БЮДни тузатиш шакли учун)

БҲМнинг 25 фоизи

3.

Божхона расмийлаштируви учун белгиланган жойлардан*** ташқари ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтдаги божхона расмийлаштируви учун (божхона ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тартибда расмийлаштирувдан ўтказилган БЮДлар бундан мустасно):

а) божхона органлари иш вақтидан ташқари вақтлар****, дам олиш ва байрам кунлари (ҳар бир БЮД учун)

БҲМнинг 25 фоизи

б) божхона органи ходими томонидан (унинг иштирокида) исталган божхона назорати давомида божхона кўригини, божхона назорати остидаги товарларни декларант томонидан кўздан кечирувни, юк операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларни бажарганлиги (бир соатлик иш учун)*****:

божхона органлари иш вақтида;

БҲМнинг 25 фоизи

божхона органлари иш вақтидан ташқари вақтлар, дам олиш ва байрам кунлари.

БҲМнинг 2 баравари

4.

Эгаси божхона органи бўлган божхона омборида товарларни сақлаганлик учун (ҳар бир сутка учун)******:

дастлабки ўн сутка мобайнида (тўлиқ, тўлиқ бўлмаган) 1 тонна (брутто) учун

БҲМнинг 3 фоизи

ҳар бир кейинги суткалар учун (тўлиқ, тўлиқ бўлмаган) 1 тонна (брутто) учун

БҲМнинг

4 фоизи

5.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида битта автотранспорт воситасини қуйидаги масофаларга божхона ҳамроҳлигида кузатиб борганлик учун:

200 км масофагача

БҲМнинг 2 баравари

200 км дан ортиқ масофагача

БҲМнинг 5 баравари

6.

Божхона органлари томонидан товар бўйича дастлабки қарорни қабул қилганлик учун*******

БҲМнинг 75 фоизи

7.

Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган, белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларини чегара божхона постлари томонидан вақтинча сақлаганлик учун ҳар 100 кг.гача оғирликка (брутто) тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь кун учун:

дастлабки беш кунда

БҲМнинг 5 фоизи

кейинги ўн кунда

БҲМнинг 7 фоизи

қолган кунларда

БҲМнинг 10 фоизи

тез бузиладиган товарларни вақтинча сақлаганлик учун

БҲМнинг 15 фоизи

8.

Декларантнинг мурожаатига асосан божхона органи томонидан транзит декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун (ахборот тизимида декларацияловчи шахс томонидан ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш бундан мустасно)

БҲМнинг 10 фоизи

9.

Бир интеллектуал мулк объектини божхона реестрига киритиш учун

БҲМнинг 1 баравари

* Товарларни «вақтинча сақлаш», «давлат фойдасига воз кечиш» ва «йўқ қилиш» божхона режимларига расмийлаштирганлик учун божхона йиғимлари ундирилмайди.
Дастлабки, вақтинчалик, тўлиқ бўлмаган ва даврий декларациялаш орқали товарлар расмийлаштирилганда, божхона расмийлаштируви учун йиғим фақатгина дастлабки декларациялашда бир марта ундирилади.
Товарлар бўйича дастлабки декларациялаш амалга оширилганда божхона йиғимининг 20% миқдорида чегирма тақдим этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Битта юк қабул қилувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати ва битта темир йўл таркибидаги товарларга бир нечта транзит декларациялари расмийлаштирилганлиги учун бир йиғим ставкасида божхона йиғими ундирилади.
(изоҳ қисми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
** БҲМ — базавий ҳисоблаш миқдори.
*** Божхона расмийлаштирувини амалга ошираётган ходим хизмат олиб борадиган божхона пости ва унга бириктирилган божхона омбори, эркин омбор ҳамда бож олинмайдиган савдо дўкони, шунингдек, уларга бевосита туташ бўлган доимий божхона назорати зоналари божхона расмийлаштируви жойлари ҳисобланади.
**** Божхона органларининг бошлиқлари томонидан тасдиқланган кун тартибига мувофиқ иш вақтидан ташқари вақтда БЮД расмийлаштирганлиги БЮДнинг «D» графасига божхона органи томонидан белги қўйилган вақт орқали аниқланади. Бунда тадбиркорлик субъектининг божхона расмийлаштирувини иш вақтидан ташқари вақтда расмийлаштириш учун розилиги олиниши лозим.
***** Божхона органи томонидан бир соатдан кам бўлган вақт сарф қилинган тақдирда, божхона йиғими бир ходимнинг тўлиқ бир соат иш вақти учун ундирилади.
****** Суд қарорига асосан давлат фойдасига ўтказилган ёки йўқ қилинадиган товарларни сақлаганлик учун йиғим ундирилмайди.
******* Дастлабки қарор бекор қилинганда, ўзгартирилганда ёки қайтиб олинганда уни қабул қилганлик учун тўлов қайтарилмайди.
Изоҳ: мазкур илованинг 1-позиция «а» кичик банди ҳамда 3-позиция 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 ноябрдаги 700-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.11.2025 й., 09/25/700/1022-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 8 февраль)
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 декабрдаги 737-сон қарори қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилсин:
«31. Белгилаб қўйилсинки:
ҳаво транспорти учун божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;
автотранспорт воситасида божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;
темир йўл транспортида божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида, 2028 йил 1 январдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;
автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида тўқсон календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганда, уни олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида йиғимлар ундирилади.
Бунда автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида тўқсон календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганлик учун умумий ҳисобланган йиғимлар, транспорт воситасини «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштиргандаги тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан ошмаслиги шарт.
Мазкур бандда назарда тутилган йиғимлар божхона органларининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади».
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон қарори *.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2020 йил 20 декабрдаги 800-сон қарорига 3-илованинг 6-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона назорати остидаги товарларга нисбатан юк операцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 августдаги 531-сон қарорига 2-илованинг 3-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон Фармони ҳамда «Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5073-сон қарори)» 2022 йил 9 июндаги 323-сон қарорига 1-илованинг 16-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона соҳасидаги тартиб-таомиллар такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 5 сентябрдаги 487-сон қарорига илованинг 6-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 декабрдаги 737-сон қарорининг 4-банди ҳамда қарорга 2-илова.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 24 октябрдаги 560-сон қарорига илованинг 12-банди.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 6 майдаги 266-сон қарорига илованинг 453-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 4 октябрдаги 630-сон қарорига 1-илованинг 6-банди.
* Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон қарори билан тасдиқланган Божхона йиғимлари ставкаларининг 1-позиция «а» ва «б» кичик бандлари ҳамда 3-позиция 2026 йил 1 январгача амал қилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.02.2025 й., 09/25/55/0102-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 07.11.2025 й., 09/25/700/1022-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)